Афғонистон: Толибон отамни тортиб олган ва йўқотган кун Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон яна Афғонистонда қудратга қайтган. Тез орада ўзининг янги ҳукуматини эълон қилмоқчи. Фрибанинг отаси Афғонистонда толибларнинг Исломий Амирлиги қудратда бўлган 1990-йилларда йўқолган, ҳануз топилмаган. Оиласи парокандаликка юз тутган. Фриба ҳозир яна ўша кунларнинг қайтишидан хавотирда.
Ҳозир Лондонда яшаётган Фриба отасини Ҳирот шаҳридаги уйларида охирги марта кўрганида 10 яшарлик қизча эди.
Унинг оиласи отасини Толибон ўғирлаб кетган, деб ишонади.
Бу унинг ҳикояси. Исмлар ҳикоя иштирокчиларини хавфга қўймаслик учун олиб ташланади.
"Толибон бошқарувида яшаш таҳқирловчи муносабатга кўникиб яшаш демакдир. Бошланишида у яхши. Улар кўп ваъдалар беришади, қадамларини ўйлаб босишади, ҳатто айрим ваъдаларини бажаришади ҳам.
Аммо ўзингизни хавфдан холи ҳис этишни бошлашингиз билан, улар ўз режаларини амалга оширишади.
Дунё Афғонистондан зерика бошлагач, ОАВлар ҳам бошқа мавзуларга ўтгач, улар тезда, аммо оз-оздан назоратни кундан-кун қаттиқлаштиради ва вахшийликнинг янги цикли бошланади.
Отам Ҳиротда туғилган, Кобул университетини тамомлаган.
Университетни битиргач, уйланган ва ўша вақтдаги афғон ҳукуматидаги бир кичик жамоада ишлай бошлаган.
Руслар кетиб, мужоҳидлар ҳокимиятга келгач, отам ноҳукумат ташкилотда ишлай бошлади.
Толибон Ҳиротни босиб олганида отамда қочиш учун имкон бор эди, аммо у қолди, у ўз ишини, ўз шаҳрини севарди."
"Онамнинг ўша ондаги юзи кўз олдимдан кетмайди"
"Толибон режимида ҳаёт оғир эди. Унинг таълимдан мосуво қилинган тўрт қизи ва хали жуда ёш ўғли бор эди.
Аммо иши яхши эди. Унинг ҳам ўзи, ҳам болалари учун орзу ниятлари бор эди. Ҳайвонлар билан ишлаш ҳаётни бироз бўлса да енгиллаштирарди.
1999 йил июни ўрталарида отам эндигина нонуштани тамомлаб, ишга кетишга тараддудланиб турганди.
У менга жилмайиб қараб, мотоциклига ўтирди да, ишига кетди.
Бир неча дақиқа ўтиб, қўшнилармиз унинг мотоциклида дарвозамиз олдида пайдо бўлди ва отамни толиблар олиб кетганини айтишди.
Онамнинг ўша ондаги юзи кўз олдимдан кетмайди. У карахт бўлиб, қотиб қолганди.
У беш яшарлик укамни қўлларидан ушлаб, отамни топиш илинжида эшикдан чиқиб кетди.
Оқшом маҳали онам елкаларида бир олам дарди билан уйга қайтди.
Отамдан дарак бўлмади. Қаерда у, тирикми ўзи - номаълум эди.
Амакиларим уни топиш учун беҳуда уринишди.

Сурат манбаси, AFP
Онам ҳар куни ҳар бир Толибон офисига борарди. Улар уни эшитишни ҳам исташмасди.
Ҳар бир кўчага кириб чиққач, амаким толиблар айрим маҳбусларни олиб кетганмиш деб эшитгач, Қандаҳорга жўнади. Аммо отамдан барибир дарак чиқмади.
Сўнг у Кобул ва Мозори Шарифга борди, отам ерларда ҳам йўқ эди.
Отамнинг қамоққа олинишига гувоҳ бўлган қўшниларимиз айни ўша толиблар бошқа қўшниларимизни ҳам ҳибсга олгани ва кейинроқ Ҳиротдаги қамоқдан уларни озод қилганига амин эди.
Онам кучли эди, у буни шундай қолдиришни истамасди.
Қариндошларнинг қарши бўлишига қарамай, у укамни олди да (Толибон бошқарувида аёл эркак ҳамроҳи билан юриши керак эди, ҳатто у гўдак бўлса ҳам), Қандаҳорга, Толибон раҳнамоси Мулла Умар идорасига кетди.
Толибон уни калтаклаб, таҳдид қилди. Улар онамга агар у яна кўзга кўринса, тошбўрон қилиб ўлдирилишини айтишди.
Онам тушкун ва мағлуб аҳволда ортга қайтди."
"Биз Толибонни кечира олмаймиз"

"Толибон назоратида ҳаёт жаҳаннамдан умидсизликнинг қора туйнугига айланиб борди.
Оиланинг бутун ташвиши онамнинг елкасига тушгач, у Афғонистондан кетишга қарор қилди ва бизни Эроннинг Машҳад шаҳрига олиб кетди.
2004 йили Афғонистондаги вазият яхшилангач, юртга қайтдик. Биз ўқиш ва ўзимиз учун нимадир қилишни истаётгандик.
Отамнинг биз учун талай орзулари бор эди, уларни амалга оширишни истардик.
Мен ҳамон унинг жилмайган чеҳрасини эслайман, у менга совға қилган ручка ҳамон ёнимда.
Биз унинг учун мотам тутолмаймиз, уни унутолмаймиз.
Толибон яна бир бор Афғонистонни эгаллаганини янгиликларда кўрганимизда, ўша тарих тағин такрорланишидан қўрқдим.
Мен турмушга чиққанман, Англияда яшайман. Аммо ҳозир ҳам Афғонистонда бўлган онам, сингилларим ва укам учун, биз каби азоб чекажак миллионлаб оилалардан хавотирдаман.
Уларнинг ягона айби Афғонистонда туғилганидир."
Розина Сини томонидан тайёрланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















