Афғонистон яна бир хавф остида, афғон байроғи қайта кўтарилди ва Толибон янги Бош банкирини тайинлади - янгиликлар Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Миллионлаб афғон очарчиликка юз тутиши мумкин. Толиблар қудратда экан, Токиода Афғонистон давлат байроғи кўтарилди. Толибон муҳим лавозимларга ўз кадрларини тайинлашга киришди - Афғонистонга оид сўнгги янгиликлар.
Очарчилик хавфи
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат дастури идораси жиддий хавотирда.
Уларнинг огоҳлантиришича, миллионлаб афғонлар тез орада очарчиликка ҳам юз тутиши мумкин.
Халқаро ташкилотнинг бу огоҳлиги Афғонистонда қудратни Толибон куч билан эгаллаган бир пайтга тўғри келган.
Ҳаракат ҳозирча ўзининг янги ҳукуматини эълон қилмаган, аммо бу масала устида "жиддий" иш олиб бораётганлигини билдирган.
Толибон ва афғон ҳукумати ўртасида қудрат учун кечган бир неча ойлик жанглар Афғонистонда ўн минглаб одамни дарбадар қилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат дастури идораси афғонларни очарчиликдан асраб қолиш учун дунё давлатларини тезроқ чора кўришга ундаган.
Идора ижроий директори Дэвид Бизлининг Рейтерга айтишича, "ростмана тўфон пишиб етилмоқда".
"Ҳозирга келиб, Афғонистонда очарчиликка юз тутиши мумкин бўлганлар сони 14 миллион кишига яқинлашган".
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЮНИСЕФ Болалар жамғармаси Афғонистонни олдинда яна кучли қурғоқчилик ва сув тақчиллиги ҳам кутаётганлиги билан огоҳлантирган.
Худди шу манзарада Жаҳон Банки ҳам Афғонистонга кўмагини тўхтатишини эълон қилган.
Аммо, хавотирларга кўра, ковид, озиқ-овқат, тоза ичимлик суви тақчиллиги ва доимий бошпанасизлик Афғонистонда жиддий инсоний инқирозга сабаб бўлиши мумкин.
Халқаро миқёсда янграётган бу каби устма-уст хавотирларга қудратда бўлган Толибон ҳаракатининг муносабати ҳозирча маълум эмас.
Ҳозир дунё матбуотининг нигоҳи эса, асосан Кобул халқаро аэропортидаги аҳволга қаратилган.
Минглаб афғон шу кунларда ҳам қандай қилиб бўлмасин Афғонистонни тарк этиш ҳаракатида.
Янги тайинловлар

Сурат манбаси, Getty Images
Хабарларга кўра, Толибон ҳали ўзининг янги ҳукуматини расман эълон қилмай туриб, мамлакатдаги муҳим лавозимларга ўз кадрларини тайинлашга киришган.
Афғонистон Марказий Банки - Da Afghanistan Bank (DAB) раҳбарини янгилаган.
Янгилик Афғонистон Молия вазирлиги банк тез орада қайта очилишини эълон қилишидан қисқа вақт ўтмай бўй кўрсатган.
Толибон қудратга келиши ортидан, Афғонистон Марказий банкининг ҳисоблари музлатилган, ўзи эса, ёпилганди.
Янги тайинловлари ҳақида ҳаракат воизи Забиуллоҳ Мужоҳид Покистонда жойлашган Afghan Islamic Press (AIP) ахборот агентлигига маълум қилган.
Унга кўра, Афғонистон Марказий банкининг янги раҳбари этиб асли шимолий жаузжонлик Ҳожи Муҳаммад Идрис тайинланган.
Юқори мартабали Толибон мулозимининг Рейтерга маълум қилишича, Ҳожи Муҳаммад Идриснинг молия соҳасида катта тажрибаси бор.
У 2016 йили америкаликларнинг дрон ҳужумида ўлдирилган собиқ лидерлари Мулла Ахтар Мансур пайтида ҳаракатнинг молиявий масалалари билан шуғулланган.
Ҳожи Муҳаммад Идрисни четда ҳеч ким билмайди, молия соҳасида дипломи йўқ, бирор ерда расман малакасини оширгани ҳам маълум эмас.
Аммо юқори мартабали Толибон мулозимининг айтишича, у ҳаракатнинг молиявий ишларини қанчалик қойиллатиб бажаргани билан ҳурматларини аллақачон қозониб бўлган.
Худди шу манзарада Толибон Афғонистон Ички ишлар ва Мудофаа вазири лавозимларига ҳам икки энг қудратли қўмондонини қўйганига оид хабарлар олинган.
Айрим тасдиқланмаган хабарларга кўра, ҳаракат мамлакат Миллий Хавфсизлик Бошқармаси бошлиқлигига ҳам ўзининг одамини кўзлаган.
Толибон янги ҳукумати инклюзив бўлишини айтган, аммо ҳалича унинг таркибини очиқламаган.
Аммо орада бу масалада Афғонистондаги "жиҳодий лидерлар ва сиёсатчилар" билан музокаралар олиб бораётгани ҳам айтилган.
Халқаро Валюта жамғармаси ўтган ҳафта Афғонистонга пул беришни тўхтатишини айтган.
Президент Жо Байден маъмурияти эса, Афғонистон Марказий Банкининг АҚШдаги ҳисобларини музлатган.
Банкнинг қарийб 9 миллиард долларга баҳоланувчи молиявий захирасининг катта қисми айнан Америка Қўшма Штатларида сақланиши айтилади.
Афғонистон давлат байроғи

Сурат манбаси, Reuters
Толибон қудратга келган ўтган ўн кун ичида Афғонистоннинг сўнгги давлат байроғи яна кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Бу гал ҳалича расман бекор қилинмаган байроқ Токиодаги Паралимпия Ўйинларининг тантанали очилиш маросими чоғида олиб ўтилган.
Ўйинларда Афғонистонни бирор бир паралимпиячиси намоён этмаса-да, ташкилотчилар бирдамлик рамзи сифатида бу ишга қарор қилишган.
Очилиш маросими чоғида кўтариб чиқиши учун Афғонистон давлат байроғини маросим кўнгиллилардан бирига топширишган.
Бу йилги Токио Паралимпия Ўйинларида Афғонистонни икки спортчиси намоён этиши кутилган.
Аммо, хабарларга кўра, Афғонистонда ҳукумат қулаб, Толибон қудратга келиши ортидан, улар Ўйинлардан чиқиб кетишга мажбур бўлишган.
Толиблар ҳокимиятни эгаллаши ортидан, қора, қизил ва яшил рангли давлат байроғи Афғонистонда ўзига хос қаршилик рамзига айланган.
Айрим афғонларнинг Толибонга қарши норозилик сифатида кўча-куйда давлат байроғи билан кўриниш беришаётгани кузатилган.
Айниқса, ўтган ҳафта - Афғонистон Мустақиллиги кунида бу каби ҳолат янада кучайган.
Жангарилар томонидан Афғонистон давлат байроғини олиб ташланиши мамлакатнинг айрим шарқий вилоятларида ҳатто норозилик намойишларига ҳам сабаб бўлган.
Намойишчиларни тарқатиш учун уларнинг ўт очишгани, натижада уч кишининг қурбон бўлганига оид хабарлар ҳам олинган.
Толибон ҳаракати ҳалича ўзининг янги ҳукуматини эълон қилмаган, давлат байроғи масаласида ҳам якуний қарорини айтмаган.
Аммо уларнинг Афғонистоннинг қатор минтақаларида эскисининг ўрнига ўзларини байроқларини ўрнатиш ҳаракатида эканликлари кўрилган.
Токио Паралимпия Ўйинларининг очилиш маросими чоғидаги воқеъликка ҳаракатнинг муносабати ҳозирча имконли эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














