Нега одамлар Толибондан қочиб, кўчада яшашни афзал билишмоқда? Афғонистон Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Нотинч минтақалардан қочиб, Кобулга келган одамлар том маънода кўчада қолишмоқда.
Оилалар болалари билан бирга қўлбола чодирлар тикиб, кўча четлари ва паркларда яшай бошлашган.
Айниқса, ҳукумат идораларида ишлаган ва хорижликлар билан ҳамкорлик қилган ёхуд демократик ўзгаришлар учун фаолият юритган инсонлар ўзларини хавф остида ҳис қилишмоқда.
Улар Толибон зарар етказиши ва ёки қасос олиши эҳтимолидан қўрқувда.
Минглаб одамлар контрабандачиларга 500-1000 доллар атрофида пул бериб, Эрон орқали Туркияга қочишмоқда.
Туркияга ярим пиёда қочаётган афғон ўзбеклари:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Афғонистонда воқеалар шиддат билан ривожланмоқда.
Деярли ҳар куни янги бир туман ё шаҳар Толибон қўлига ўтаяпти.
Хорижий кучлар чиқиб кета бошлаши биланоқ Толибон ҳужумлари ҳам кучайганди.
Толиблар сўнгги ойларда дадил ҳаракат қилишмоқда ва кўп ҳолатларда Афғонистон ҳукумат кучларидан устун келишяпти.
Толибон Афғонистоннинг қайси ҳудудларини босиб олди?

Сурат манбаси, BBC
Совет босқини пайтида миллионлаб афғонлар Покистон ва Эронга қочишганди.
Бироқ ҳозир Эрон ҳам, Покистон ҳам афғонистонлик қочқинларни қабул қилмоқчи эмас. Аксинча, улар охирги йиллари қочқинларни Афғонистонга қайтаришга интилиб келдилар.
Ўзбекистон ва Туркманистон каби қўшнилар афғон қочқинларини қабул қилаётгани йўқ.
Тожикистон бир неча минг қочқинни қабул қилиши мумкинлигини айтган, аммо бу денгиздан томчи ҳам бўлмаслиги мумкин.
Шу боис ҳам четга кетолмаган ва аксар Толибонга қарши бўлган одамлар пойтахт Кобулга қочишмоқда.


Тожикистонга яқин Қундуз шаҳрида яшаган Асадулла мева-сабзавот сотиб рўзғор тебратган.
Бугун қизлари ва рафиқаси билан Кобул кўчаларида яшамоқда.
Оила эртанги куни нима бўлишини билмайди.
Бир неча ой ичида Кобул ҳам Толибон назоратига ўтиши мумкин, деган хавотирлар янграмоқда.


Халқаро ташкилотлар юз минглаб одамлар уй-жойларини ташлаб чиқиб, ички қочқинларга айланиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда.
Инсонпарварлик ташкилотларига кўра, кўчаларда яшаётган аёллар, қизлар ва ёш болалар ҳимоясиз қолиши мумкин.
Айни дамда, Толибон аёллар ва қизлар учун янги тақиқларни киритиши мумкин, деган хавотирлар кўп.
1990-йиллари қудратга келган пайтида Толибон ҳаракати хотин-қизларнинг ўқиш ва ишлашини тақиқлаган.
Аёлларни бурқага киришга мажбурлаган ва ҳатто пошнали пойабзал кийиш ёхуд бўянишни ҳам маън этганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














