Украина. Янгиликлар: Путин энди ортга қайтмайдими? Video Putin Rossiya Ukraina Yangiliklar

Baxmut
Сурат тагсўзи, Бахмут ҳозир Путиннинг қўшинларини Донбассдан четда тутиб турган шаҳар бўлади
    • Author, Орла Герин
    • Role, BBC News, Бахмут
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Босқиндан етти ойдан кўпроқ вақт ўтиб, президент Путин яна ўша мақсадини такрорлади - бутун Донбасс устидан назоратни қўлга киритиш. Бахмут тўсиқ бўлмоқда. Ҳозир бу ердаги жанглар шиддати нақ "дуэл"га ўхшаши айтилмоқда.

Украина: Путин ортга қайтмайдими - Украина шарқида жанглар шиддатлашди

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Унинг танаси сентябрнинг заиф қуёш нури остида йиқилган жойида, ёлғиз, чалқанча ётарди.

У 24 сентябрь куни тушга яқин Украина шарқидаги Донбасс минтақасидаги Бахмут шаҳридаги кўп соатлик отишмалар чоғида ҳалок бўлди. Биз унга тасодифан дуч келдик, кейин унинг исми Андрей Яблонский эканлигини ва 52 ёшда эканлигини билиб олдик.

Қизил халат кийган аёл дарвоза ортида яширинганча, алам билан қичқирди. Бу Андрейнинг синглиси эди. "Акам учун нима қилишим керак?" у йиғлаб юборди. Бир соатдан кўпроқ вақт давомида улар жасадни ётган жойидан жилдиролмадилар, чунки отишма тўхтамаётганди.

Андрейнинг ҳаёти бошқаларни қутқариш билан ўтди. У "Тез ёрдам" машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган ва ўз депоси ёнида вафот этган - унинг танаси бомба парчалари билан илма тешик бўлиб кетганди.

Мана, унинг исми ҳам Бахмутдаги қурбонлар рўйхатига қўшилди. Маҳаллий ҳоким Павел Кириленкога кўра, сўнгги ойларда душманнинг ўққа тутиши натижасида 70 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган.

Биз Андрейни ўлдирган бомба товушини эшитган бўлишимиз керак.

Ўша куни тонгда рус қўшинлари отган снарядларининг қулоқни қоматга келтирадиган товушлари ва Украина снарядларининг оғир шовқини шаҳар марказида бир неча соат давомида эшитилиб турди. Атрофимизда артиллерия дуэли ўйнаётган эди - жараён шу қадар тез эдики, унга эргашиш қийин эди. "Бу бадминтонга ўхшайди", дейди украиналик ҳамкасбим.

Ўнлаб тинч аҳоли деворлар тагига суқулиб, бошларини эгиб, ҳар портлаш бўлганда сесканиб қалтираб кетарди. Керакли буюмлари уларнинг оёқлари остидаги саёҳат сумкаларига солинган эди. Улар бир кишилик эвакуация гуруҳи шаҳар ташқарисига олиб чиқишини кутишмоқда.

Irina va qizi
Сурат тагсўзи, Шиддатли отишмалар давом этар экан, одамлар деворлар орқасига беркиниб, жон сақлашаётир

Февраль ойида Россия босқинидан олдин Бахмут 70 000 га яқин аҳолига эга бўлган, туз конлари ва кўпикли винолари билан машҳур шаҳар эди. Энди у вайрон қилинган ва деярли жонсиз.

Ёрқин сариқ кўйлак кийган 48 ёшли Ирина 14 ёшли қизи Елизаветани асабий тарзда кузатади. Она ва қиз баъзан уруш шовқинидан бир вақтнинг ўзида қалтираб кетишади.

Иринанинг ўз шаҳридан кетишга мажбур бўлиши боласи учун эди.

"Бу жуда қийин, - дейди у менга, - жуда қийин. Мен бу ерни тарк этишни хоҳламасдим. Асосийси, қизимнинг ҳаётини сақлаб қолиш. Ҳаммамиз омон қолишимиз учун мушугимиз ва унинг болаларини ҳам олволдик».

Бу ерга у қайтармикан?

"Мен Бахмутга қайтмоқчиман, - деб жавоб беради у. - Қуролли кучларимиз ҳудудларни қайтариб олади ва ҳаммаси яхши бўлади". Бу баёнот Украинадаги кўпчилик учун ҳам дуо, ҳам эътиқоддир.

Irina
Сурат тагсўзи, Ирина ўсмир қизи билан бирга Бахмутдан кетишга қарор қилди

Босқиндан етти ойдан кўпроқ вақт ўтиб, президент Путин яна ўша мақсадини такрорлади - бутун Донбасс устидан назоратни қўлга киритиш. Бахмут тўсиқ бўлмоқда.

Россия кучлари Украина шимоли-шарқидаги сўнгги шармандали мағлубиятларидан сўнг бу ерда ғалаба қилишлари мумкин эди. Ҳозирча Украина қўшинлари уларни ушбу стратегик шаҳарнинг шарқий чеккасида ушлаб турибди.

Бахмут учун кураш қандай тугашидан қатъиназар, Ирина ва Елизаветанинг энг муҳим ташвиши - кун охиригача омон қолишдир. Улар шоша-пиша нарсаларини йиғиб, Сергей Иванов исмли кўнгилли бошқараётган фургоннинг орқасига ўтиришади.

Бошига дубулға кийиб, қуёшдан сақлайдиган кўзойнак таққан 39 ёшли Сергей рок гуруҳида барабанчи бўлган. Шу кунларда у "Ҳозироқ қутқар" номли тармоқ аъзоси. Унинг ўнг қўлидаги лотинча татуировкада "carpe diem" - "лаҳзани бой берма" деб ёзилган. Мана бир неча ойдирки, у худди шундай ҳаракат қилиб, фронтга яқин ҳудудларда тинч аҳолини хавфдан қутқариб келмоқда.

У ушбу кундалик миссияларда ўз ҳаётига хавф туғдиради. "Менимча, бу мен учун нормал ҳолат, - дейди у, - ҳар қандай украиналик учун ҳам нормалдир. Бу чеҳраларда табассумни кўриб хурсанд бўламан. Мен ҳаётни, Украинани ва одамларни севаман".

У нотекис йўлларда машинани шитоб ҳайдаб кетади. Ирина ва унинг қизи учун бу нисбатан хавфсиз пойтахт Киевга сафарларининг биринчи босқичидир.

Sergey Ivanov
Сурат тагсўзи, 39 ёшли Сергей рок гуруҳида барабанчи бўлган

Биз шаҳарнинг нариги чеккасида учратган 80 ёшли Лидия кабилар эса кексалиги ва шу жойлар билан боғланган хотираси сабабли бу шаҳарда қолишни маъқул кўради.

Урушнинг шафқатсизлиги унинг юзларида кўринади. Унинг камтарона уйи 15 сентябрь куни Россия ҳаво ҳужуми натижасида вайрон бўлган беш қаватли турар-жой биноси рўпарасида жойлашган. Фавқулодда хизматлар маълумотларига кўра, отишма натижасида беш нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Эртаси куни улар вайроналарда одамларни қутқараётганда бир жамоадошлари ҳалок бўлди.

Лидия уйи олдидаги ўриндиқда ҳассага суянганча, букчайиб ўтирибди. Гаплашишимиз билан унинг кўзлари ёшга тўлади.

У яқинда касалликдан вафот этган 60 йиллик турмуш ўртоғи Владимир ва йўқотилган тинчлик учун аза тутади.

Lidiya buvi
Сурат тагсўзи, Би-си-си Лидия буви билан ўқлар ёмғири остида суҳбатлашди

"70 йилдан бери уруш бўлмаган. Нега уни бошлашди? Нима учун курашяпти? Мен кечаю кундуз йиғлагим келади, - дейди у менга. - Эримдан мени олиб кетишини сўрайман. Болаларим эвакуация қилинди. Уларнинг ҳаёти ҳам барбод бўлди. Кичик болалар ҳам эвакуация қилинди. Улар бизни баримизга азоб бермоқда".

Лидия ҳар икки томонни қоралайди, унинг сўзлари отишма товушлари билан аралашиб кетади. "Қиш қандай бўлади, - деди у хўрсиниб. - Газсиз, совуқ уйда. Агар отишмалар тўхтаса, оч қолсам ҳам хурсанд бўлардим".

Бахмутдан кетаётганимизда бир неча кун аввал Россия ҳаво ҳужумида вайрон бўлган бошқа турар-жой биносидан ҳамон тутун кўтарилаётган эди. Харобаларда кул тутаб ётарди. Шаҳарни қўлга киритиш учун Россия уни буткул йўқ қилишга ҳам тайёр кўринади.

Бу биз Украинанинг бошқа шаҳарларида кўрган нарсадир. Тўпга тут, ўлдир ва такрорла - рус армиясининг йўли бу.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek