Россия 1918 йилдан буён илк бор қарзлари бўйича дефолтга учради - Rossiya Ukraina

Рублевая монет на фоне долларов

Сурат манбаси, Getty Images

Россия охирги 100 йилдан зиёд вақт давомида илк бор мамлакатнинг хорижий валютадаги суверен қарзи бўйича дефолтга йўл қўйди. Лекин бу рамзий маънога эга, мамлакат аҳолиси учун аҳамияти кам, дейилмоқда. Россия иқтисодиёти учун барча салбий таъсирларни Украина уруши кўрсатиб бўлди. Лекин мана шу рамзийликнинг ўзи ҳам анча нохуш, таъкидлашади таҳлилчилар.

Блумберг агентлиги ёзишича, Россиянинг қарийб 100 миллион долларлик қарзи фоизини тўлашнинг имтиёзли фурсати 26 июнь тунида тугади, бу суммани 27 майда тўлаш лозим эди.

Блумбергга кўра, бу ҳодиса "чет эллик кредиторларга тўлов йўлини тўсиб қўйган Ғарбнинг қаттиқ санкцияларининг кульминацияси" бўлди.

"Лекин иқтисод ва бозорларга шу вақтгача етказилган зарарларни инобатга олганда дефолт ҳозирча асосан рамзий характерга эга ва унинг россияликларга аҳамияти кам".

"Бу маблағи бор ҳукуматнинг бошқа ҳукуматлар босими остида дефолт эълон қилишининг жуда кам учрайдиган ҳолатидир. Бу тарихдаги энг йирик дефолт бўлади", - деди Блумберга агентлигига Loomis Sayles & Company LP компаниясининг етакчи таҳлилчиси Ҳасан Малик.

Россия раҳбарияти давлат дефолтга учраганини тан олмайди.

27 июнь куни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков, Кремль валютадаги қарз мажбуриятлари бўйича Россия дефолтга дуч келгани ҳақидаги баёнотларга қўшилмайди, деди.

"Ҳали май ойида валютада зарурий тўлов тўланган. Ушбу тўлолвлар ушлаб турилгани ва қабул қилиб олувчиларга етказилмагани - бизнинг муаммомиз эмас", деган Кремль сўзчиси.

"Россия Федерациясининг ташқи қарзини узиш йўлида сунъий тўсиқлар пайдо қилинаётгани "дефолт" деган ёрлиқни ёпиштириш учун қилинаяпти, дейишга тўла асос бор. Ушбу вазият майнавозчиликка ўхшайди", - деб айтган ўтган Россия Молия вазири Антон Силуанов.

Presentational grey line

Би-би-си Рус хизмати Бизнес муҳаррири Ольга Шамина:

Дефолт кутилган ҳодиса бўлди: Россия 27 май куни еврооблигацилар бўйича тўловнинг бир қисмини ўтказолмади. Ўшандан буён кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун бир ой фурсат бор эди, шу вақтгача ҳисоб-китоб қилинмади.

Блумберг агентлиги муаллифлари бу нарсани Ғарб томонидан қилинган қаттиқ коллектив санкциялар изоҳлайдилар. Бунга АҚШнинг май ойи охирида облигация эгаларига Россиядан долларда тўловни қабул қилишига оид лицензияни чўзмасликка қарор қилгани сабаб бўлди.

Россия амалдорлари унда Россия қарзини рублда тўлайди, деб эълон қилишди. Ўтган ҳафтада Россия расман рублда ҳисоб-китоб қилишга ўтди - бу ҳақда Россия президентининг фармони ва молия вазирлигининг тушунтириши эълон қилинди.

Бунда чет элликларга Россия банкларида очилган махсус ҳисоб рақамларида рублда тўлов амалга оширилади. Экспертлар эса кейин чет элликлар бу ҳисоб рақамларидаги пулларни чиқариб олишда муаммоларга дуч келишлари мумкинлигини айтишади.

Россия расмийлари бу ҳисоб рақамларидаги маблағлар тўла чиқариб олинмагунча рублнинг курси ўзгариши бўйича индексация қилиб боришга ваъда қилишди.

Лекин кўплаб рейтинг агентликлари давлат қарзини рублда тўлаш Россия техник дефолтини англатади, дейишди. Чунки қарзларини узиш учун давлат ихтиёрида маблағ бор, аммо ҳисоб-китоб қилолмайди. Санкциялар туфайли аксар Ғарб йирик агентликлари Россия рейтингини чиқариб ташлашди, шунинг учун ҳам улар мамлакатни дефолт деб эълон қилолмайдилар.

Блумберг ёзишича, энди ихтиёр Россия қимматли қоғозларига пул қўйган чет эллик инвесторларда - улар ўзининг қарзини хоҳласа, хориж валютасида, хоҳласа, Россия рублида қайтаришни талаб қилишлари мумкин. Блумберг агентлиги фикрини сўраган экспертларнинг айтишича, ҳозирча инвесторлар кутиб турган маъқул деган мавқеъда туришибди.

Дефолт қанчалар қўрқинчли?

Россия охирги марта 1998 йили дефолтга учраган эди. Ўшанда Россия қисқа муддатли давлат облигациялари бўйича ҳисоб-китоб қилишнинг уддасидан чиқолмаганди. Улар асосан рублдаги ички қарзлар бўлган.

2022 йилги дефолнинг 1998 йилдагидан фарқи шуки, бу гал Россия ўзининг ташқи инвесторлари олдидаги доллардаги мажбуриятларини бажаролмади. Блумберг маълумотларига кўра, ана шундай ҳодиса охирги марта 1918 йили юз берган - ўшанда большевиклар Чор Россиясининг қарзини тўламаган.

1998 йилги дефолт Россия иқтисодиётига катта зарба берган. Россия ўзини дефолт деб эълон қилгунича инқироз аломатлари кузатила бошлаган, бироқ эълон қилиниши билан тўла инқирозга юз тутган эди: рубль кескин қадрсизлана бошлади, дўконларда товарларнинг нархини кунига бир неча мароталаб алмаштиришга тўғри келди, банкларда муаммолар бошланди.

Иқтисодчилар айтишларича, 1998 йилги дефолт Россия амалдорларининг бундан кейинги иқтисодий сиёсатига таъсир кўрсатган ҳодиса бўлди: улар қарзлардан қутулишга интилдилар, бюджетнинг харажат қисмини кўпайтирмаслик йўлини тутдилар, умуман олганда, анча консерватив сиёсат юритдилар. Айрим иқтисодчилар эса бундай ёндашувни танқид қилдилар, бу иқтисодий ўсишга тўсиқ бўлаётганини айтдилар.

Россиядаги 2022 йилги дефолт оқибатларини ҳам шундай бўладими? Афтидан йўқ. Одатий ҳолатларда дефолт инвесторларнинг қочишини, рубль қадрсизланиши ва биржалар қулашини, иқтисодга ишонч барбод бўлиши ва алалоқибат, иқтисодий пасайишга сетаклайди. Лекин буларнинг ҳаммасини аллақачон Украина уруши қилиб бўлди.

Блумберг ёзишича, бугунги шароитда Россия дефолти - кўпроқ рамзий ҳодиса.

"Бу мамлакат иқтисодий, молиявий ва сиёсий яккамоховга айланиб бораётганининг нохуш гувоҳлигидир", - деб ёзади Блумберг муаллифлари.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek