Украина: 25 миллион тонна дон маҳсулоти чириши мумкин, Ўзбекистонга қандай таъсир қилади? Dunyo, Yangiliklar

non
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Украина расмийларининг айтишича, йўллар очилмаса 25 миллион тонна дон маҳсулотлари чиришни бошлайди. Бу ер юзидаги 100 миллионлаб одамнинг ҳаётига таъсир қилиши мумкин. Бунинг Ўзбекистонга таъсири қандай бўлади?

Дунёда экспорт қилинадиган кунгабоқар ёғинининг қарийб ярми ва буғдойнинг 10 фоизи Украина ҳиссасига тўғри келади.

Уруш мамлакатнинг экспорт йўлларини ёпиб қўйди.

Украина жанубидаги ушбу далалар Россия босқини бошланганида уруш майдонида эди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Энди бу ердаги ҳосил ўришга тайёр. Бироқ дон омборлари ҳамон тўлиб турибди.

Надя 20 йил олдин 20 гектар ер олиб деҳқончиликни бошлаганди. Энди 4 минг гектар ерда дон маҳсулотлари етиштиради.

"Яна 3 ой бир амаллашимиз мумкин. Аммо йил охиригача бу ғалла экспорт қилиниши керак. Бу жуда оғриқли. Кўп режаларимдан воз кечдим. Ғалла ширкатим ўнлаб йил орқага кетганини кўриб турибман", дейди Надя Иванова.

Омборлардаги дон баҳорда экспорт қилиниши керак эди. Бироқ Украинада ҳозир 25 миллион тонна дон маҳсулотлари ойлаб қолиб кетмоқда.

Бу масала ҳал қилинмаса унинг таъсири дунёдаги юзлаб миллион одамга сезилиши мумкин.

Ғалла ва кунгабоқар ёғини импорт қилувчи Ўзбекистонга ушбу ҳолат қандай таъсир қилади?

"Ўзбекистондаги буғдой ва ўсимлик ёғи маҳсулотлари Қозоғистондан импорт қилинади. Шунинг учун уларнинг тақчиллиги борасида гап бўлиши мумкин эмас. Қозоғистондаги буғдой, ун, ўсимлик ёғи етарли даражада. Лекин уларнинг баҳоси сал юқорироқ бўлади. Украина ва Россиядаги буғдойнинг баҳоси арзонроқ, чунки улар гектарига 40-50 центнердан йиғади. Қозоғистон эса 15-20 центнер олади. Шунинг учун Қозоғистоннинг буғдойи қимматроқ, лекин сифати юқорироқ. Ўсимлик ёғи бўйича ҳам шундай. Баҳонинг ўсиши бутун жаҳон бўйлаб бўляпти. Шунинг учун Ўзбекистон Қозоғистон корхоналари билан биргаликда ишлаб, Қозоғистонда ер кўп. Шу ерларга кўпроқ буғдой ва ўсимлик ёғи етиштирадиган ўсимликларни кўпроқ экиб, бу масалани биргаликда ҳал қилиши керак, деб ўйлайман", дейди қозоғистонлик иқтисодчи Сапарбой Жубаев.

Укранадаги буғдой далаларидан унча узоқ бўлмаган Миколаевдаги ғалла терминалларидан бирини Россия икки ҳафта олдин бомбалади.

Ушбу терминалдан Украина донининг чорак қисми четга чиқарди.

Одесса портидан эса ҳар ой 5 миллион тонна дон маҳсулотлари экспорт қилинарди. Денгиз бир вақтлар кемалар билан тўлиб тошган, энди бўлса бирортаси ҳам кўринмайди.

Соҳил миналаб ташланган. Украина Россия денгиздан бостириб келишининг олдини олишни истайди. Россия бўлса ҳарбий кемалар ва миналар ёрдамида минтақани назорат қилишни хоҳлайди.

Натижада бу ерга ҳеч ким киролмайди ва чиқолмайди. Буғдой ва кунгабоқарини четга чиқаролмаётган Украинада доннинг нархи тушаркан, бутун дунёда унинг баҳоси кўтарилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek