Украина: Путинни ҳеч ким тўхтата олмайдими? Video Ukraina Rossiya Putin

Сурат манбаси, Screenshot
Россия президенти ўзининг режа ва мақсадини расман очиқлади. Украина ҳали-вери тинчимайдими?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Кремль яқиндагина Украинадаги талафотлари жиддий эканини эътироф этди.
Аммо қўшинлари Украинада янги ҳужумларига ҳозирлик кўрмоқда, бор эътиборини энди мамлакат шарқига қаратмоқда.
Экспертларга кўра, бу жанглар Украина уруши тақдирини ҳал қилиши мумкин.
Фазо марказига сешанба кунги ташрифи чоғида Путин мақсади олийжаноб экани ва унга эришишларини айтди.
Бу эса, Украинада Россия ҳарбий амалиётларини давом этишини англатади.
"Мана шундай бўлади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Мақсадлар мутлақо аниқ, улар олийжаноб", - дея баён қилди Россия президенти.

Сурат манбаси, Screenshot
Россия ҳануз бунинг уруш эмаслигини даъво қилади.
Аммо талафотлари йўқлигини иддао қила олмайди.
Би-би-си мухбири Стив Розенберг шу кунларда Ставрополдаги қабристонда бўлган.
Унинг айтишича, у ерда сара рус аскарлари қабрларининг янги қатори пайдо бўлганини кўрган.
Бу аскарлар бу ерда Украинадаги "махсус ҳарбий амалиёт", деб аталувчи Россиянинг ишғолида ўлдирилган, дейди мухбиримиз.
Урушнинг бадали

Сурат манбаси, Screenshot
Десант кучларининг зобити бўлган Сергей Тисячний ҳам Украинада ўлдирилган.
Унинг беваси Лада эрининг ўлими ҳақида мухбиримиз билан гаплашишга рози бўлган.
"Бунга ҳеч ишонгим келмайди. Ҳалигача ўзимга кела олмайман. Ҳаётимдаги энг қадрли инсонимни йўқотдим. Ҳозир бутун дунё бизга қарши эканини биламан. Улар Россияни ҳамма нарсада айблашлари мумкин. Аммо мен эримни яхши биламан. У беозор одам эди", - дейди Лада.

Сурат манбаси, Screenshot
Дмитрий ҳам Россиянинг уруш жиноятларига оид хабарларни фейк - сохта, деб рад этади. У Сергейнинг қўл остида хизмат қилган.
"Украиналик сиёсатчилар Украинани бирлаштиришга ёрдам бергани учун Россияга тез-тез раҳмат айтишади. Мен эса, бизга санкция киритган барча давлатларга раҳмат, демоқчиман. Россияни Бош қўмондонимиз ва президенти Владимир Путин ортида бирлаштиришга кўмак қилганингиз учун ташаккур", - дейди у.

Сурат манбаси, Screenshot
Кўча-куйдаги таблоларга ўз эътиборини қаратаркан, "Бу ердаги ишора аниқ: Z ни қўллаб-қувватланг. Бу ҳарбий амалиёт рамзи. Кремль медиани тўлиқ назорат қилади. Шу йўл билан аксариятни бунга ва Россиянинг зўравонликларига оид хабарларни ёлғон, деб қабул қилишга ишонтирган", - дейди мухбиримиз.
Унинг айтишича, Россия Украинага ҳужум қилганидан бери жуда кўп руслар билан гаплашган.
"Улар телевизорда эшитганларини деярли сўзма-сўз такрорлашади. Телевизорда эса, Россия украинада нацистлар, нео-нацистлар ва ультра-нацистларга қарши курашаётгани, мамлакатни фашизмдан озод қилаётгани айтилади. Бир маънода ўз ҳақиқатларини тақдим қилишмоқда", - дея ўз сўзларида давом этади мухбиримиз.
Путинга кўра, Россияни ҳимоя қилиш учун Украинада ҳарбий амалиёт бошлашдан "бошқа чоралари бўлмаган".

Сурат манбаси, Screenshot
Минглаб рус аскарлари Украинага ўлимга жўнатиларкан, шарқда жанглар авж олгани сайин яна кўплари ҳалок бўлиши мумкин.
Кремль берган талафотларини аллақачон фожеа, деб атади.
Аммо президент Путиннинг сешанба кунги чиқишидан англашилишича, Кремль ҳали тинчликка тайёр эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














