Сурия-Европа: Ферас Файёд нега ҳали ҳам ўзини қийноққа солганлардан қўрқади Suriya, IShID, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Уруш ва инсон ҳуқуқлари топталишидан қочган кўплаб суриялик қочқинлар учун Европа хавфсиз бошпана бўлиши керак эди. Шундай қилиб, улар дўкон ёки кафеларда ўзларини қийноққа солганларга дуч кела бошлашганида, бу улар учун чинакам зарба бўлди. Дарҳақиқат, Сурия ҳукуматининг номи чиққан ҳибсхоналарига алоқадорларнинг кўпчилиги Европа шаҳарларида яширинган.
Алоқадор мавзулар
Соғинч
Ферас Файёд Суриядаги уйини жуда соғинган. У Германиядаги 800 000 дан ортиқ суриялик қочқинлардан бири, олти йилдан бери Берлинда яшайди. Аммо у ўзини асраб олган шаҳардаги "Кичик Сурия" номи билан машҳур бўлган, асосан, араблар яшайдиган маҳалла - Сонненаллига камдан-кам боради, ваҳоланки, бу маҳалла унинг уйини эслатувчи ресторанлар ва барларга тўла.
"Режимга мухолифлиги маълум бўлган одам учун бу ерда юриш бироз таҳликали, - дейди у ўша маҳаллага озиб ёзиб бир бориб қолган вақтда. - Шунинг учун мен бу ерга келмайман."
Ферас Башар ал-Ассад ҳукумати билан алоқадор бўлиши мумкин бўлган ва хорижда давлатнинг кўзи ва қулоғи вазифасини бажарувчи бошқа сурияликлардан қўрқади. Ўз ватанида Сурия ҳарбийлари тинч аҳолини мунтазам бомбалагани тасвирланган, мукофотга олган ҳужжатли фильм режиссёри Ферас давлат хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган ва қийноққа солинган.
Охир-оқибат, у қочишга муваффақ бўлди, лекин Европада ҳам у бошқа суриялик сургунлар орасида ўзини хавфсиз ҳис қилмайди.
"Хавфсизлик хизматларининг кимлигини аниқлаш қийин, - дейди у. - Улар дўкон очган ёки бу ерда бизнеси бор, аммо ҳамон ҳукуматга айғоқчилик қилади.
Сурияда сизни қийноққа солган ёки бирор зарар берган одамга бу ерда қачон дуч келишингизни билмайсиз", дейди у.
Ферас ваҳимачидек бўлиб туюлиши мумкин, аммо унинг қўрқуви асосли. Уруш бўлгасидан олинган расмий давлат ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда Сурия ҳукуматига қарши иш юритувчи нодавлат ташкилот бўлмиш Халқаро адолат ва жавобгарлик комиссиясини бошқарадиган Билл Уайли Европадаги суриялик диаспора айғоқчи ёллаш учун қулай манба эканига ишонади.
Унинг айтишича, баъзилар жосуслик учун маош олади, бошқалари эса Суриядаги оилалари хавфсизлиги эвазига буни қилади. "Одамларни ёллашнинг турли йўллари бор - биз биламизки, улар буни қилишади ва агар қилмасалар, мен ҳайрон бўлардим", дейди у.
Амстердам университетида Ҳолокост ва геноцид тадқиқотларига ихтисослашган профессор Угур Умит Унгўр юзлаб суриялик қочқинлар билан суҳбатлашган. У дастлаб Европага одамлар билан келган қўрқув борасида анча содда ўйлаганини тан олади.

Сурат манбаси, EPA
У Нидерландияда учрашган баъзи сурияликлар учун уйида кечки овқат уюштирганини эслайди, улар бир-бирлари билан танишишлари ва ўзларини уйдагидек ҳис қилишларини умид қилганди. Аммо мақсад ҳосил бўлмади. "Ҳамма бир бурчакда ичимлик билан бир-бирига тикилиб турарди. Ҳеч ким гапирмади", дейди у.
Охирги меҳмон курткасини кияётганида, у профессорга зиёфатга келганларнинг ҳаммаси ҳукумат жосуси эканига амин эканлигини айтди.
"Мен Сурия жамиятини бошқараётган қўрқув ва ишончсизлик даражасини етарлича баҳоламадим", дейди профессор Унгўр.

Сурат манбаси, Getty Images
У президентга садоқатсизликда гумон қилинган ҳар қандай одамни ҳибсга олиш ва калтаклаш билан машҳур бўлган, ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланган "Шабиҳа" қуролли гуруҳининг собиқ аъзоларини кузатиб борди. Унинг сўзларига кўра, уларнинг кўпчилиги ҳозир Европада истиқомат қилади ва уларни ижтимоий тармоқдаги профиллари орқали осонгина таниб олиш мумкин.
"Агар сиз уларнинг "Facebook"даги саҳифасини 2011 ёки 2012 йилгача кўздан кечирсангиз, Дамашқ кўчаларида АК47.С олиб юрганларининг [фотосуратларини] топасиз - улар бу постни ўчириб ташламаган", дейди у.
Уларни аниқлаш орқали профессор Унгўр 2015 йилда Суриядан қочгани ҳақида гапирган Шабиҳанинг собиқ аъзоларидан интервью олишга муваффақ бўлди, ўшанда президент Ассад урушда мағлуб бўладигандек кўринган эди.
Ферас Файёднинг дўсти бир неча ой олдин Берлиндаги чилимхонада собиқ Шабиҳа аъзосини кўрган. Бир неча йил аввал намойишда уни қаттиқ калтаклаган одам эди у. Ҳозир эса у рўпарасидаги столда ўтирарди.
Фераснинг айтишича, дўсти шунчалик қўрқиб кетганки, қочиб кетган ва "Кичик Сурия"га бошқа қадам босмаган. Кейинроқ Ферас ўз дўстини собиқ шабиҳачига қарши жиноят иши қўзғатаётган суриялик инсон ҳуқуқлари фаоли Анвар ал-Бунни билан таништирган.
"Европада шабиҳа жуда кўп", дейди Бунни.
"Агар улар намойишчиларни калтаклагани ёки одамларни хавфсизлик хизматига топширганини исботлай олсак, уларни жавобгарликка тортишимиз мумкин. Европа бу жиноятчилар учун хавфсиз жой бўлмаслиги керак".
Анвар Бунни суриялик уруш жиноятчиларига қарши иш юритаётган, сони ортиб бораётган ҳуқуқшунослардан бири. "Биз Европада 1000 га яқин жиноятчи борлигини тахмин қиляпмиз, уларнинг аксарияти режим вакиллари", дейди у.
Бунни бутун қитъада, жумладан, Германия, Швеция, Австрия, Бельгия ва Нидерландия прокурорлари билан ишлаган.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир Европада уруш жиноятларида гумон қилинган шахсларга қарши ишлар шу қадар кўпки, европалик прокурорлар уларни ҳаммасини ҳам кузатиб бора олмайди. "Улар бу ҳолатларнинг ҳаммасини ҳал қила олмайди, - дейди Бунни. - Дарҳақиқат, бу уларнинг имкониятларидан ташқарида."
У яқинда Германиянинг Кобленц шаҳридаги судда Суриянинг тўртта асосий разведка хизматидан бири бўлган Хавфсизлик Бош бошқармасининг полковниги Анвар Раслан иши бўйича кўрсатма берди. Европа ҳудудида таъқибга учраган суриялик юқори мартабали амалдор Раслан Дамашқ 251-бўлим қамоқхонасидаги терговларни бошқарганда инсониятга қарши жиноятлар содир этгани учун судланди.

Сурат манбаси, Getty Images
Шу ой бошида полковник 4000 дан ортиқ қийноқлар, 27 та қотиллик, жинсий таҳқирлаш ва зўрлаш ҳолатлари бошида турганликда айбдор деб топилди ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Унинг адвокати ҳукм устидан шикоят қилишларини айтади.
Бунни полковник Европада эканлигини ўзи яшаган Берлин қочқинлар лагерида у билан тўқнаш келганида билиб қолди.
Дарҳақиқат, диаспора аъзолари ҳарбий жиноятларда гумон қилинганларни аниқлаш ва бу ҳақда хабар беришда марказий роль ўйнаган. Шу ҳафта Франкфуртда ҳарбий жиноятчи деб гумон қилинган яна бир одам устидан суд жараёни бошланди. 36 ёшли суриялик шифокор Алаа Мусо қийноқ ва қотилликда айбланган.

Сурат манбаси, Getty Images
Хабар қилинишича, Мусо Сурия ҳукумати билан мустаҳкам алоқага эга ва Суриянинг Берлиндаги элчихонаси унга аввал Германиядан қочиш учун, кейин эса уни ҳимоя қилиш учун юридик гуруҳ тузишда ёрдам олган.
Муҳаммад Ваҳбий Мусонинг Ҳомсдаги ҳарбий госпиталдаги ҳамкасби эди. Айнан ўша ерда, 2012 йилда Муҳаммад Мусо ўсмирнинг жинсий аъзоларига спирт сепиб, уни ёқиб юборганини кўрган. Бемор ҳукуматга қарши намойиш чоғида ҳибсга олинган ва ўқ жароҳатини даволаш учун шифохонага олиб келинган бўлган. Ваҳбий эслайди: "У бақириб юборди, қичқириқлари юракни эзарди".
Ваҳбий Туркияга кўчиб келганидан кейин йиллар ўтиб, у Мусонинг "Facebook"даги постини кўрди. Докторнинг айтишича, у ҳозир Германияда яшайди. Ваҳбий суриштириб, касалхонада врачлик қилаётганини билди. Мусо беш йил давомида Ваҳбий уни фош қилгунига қадар Германияда шахсини яширмасдан хотиржам яшаган.
Мусога қарши ишда энг муҳим гувоҳлардан бири Аҳмад А. У ҳозир Европада яшайди, бироқ Сурияни тарк этишдан олдин шифокор томонидан қийноққа солинганини айтади. ОАВ хабарларига кўра, у Мусо қаршилик кўрсатган камерадошига ўлимга олиб борадиган укол қилганини кўрган.
Аҳмад А. ҳам журналистларга Мусо ўлаётган эркакка: "Жаннатдаги бокира қизларга салом айт" деганини эшитганини айтди.
Мусо ўзига қарши барча айбловларни рад этди.
Ушбу суд ишларида кўрсатма бериш учун гувоҳларни тўплашда ёрдам берган Бунни, унинг энг катта қийинчиликларидан бири қўрқиб қолган сурияликларни ишонтириш бўлганини айтади.
Ўтган ҳафта Мусога қарши кўрсатма бериши керак бўлган гувоҳнинг айтишича, тўрт нафар хавфсизлик ходими унинг Суриядаги уйига бостириб кирган, онаси ва синглисига агар у кўрсатмасидан қайтмаса, уларни ўлдиришларини айтган.

Сурат манбаси, Getty Images
Расланга қарши кўрсатма берганларнинг баъзиларига ҳам таҳдид қилинган: бир киши Германиянинг гувоҳларни ҳимоя қилиш давлат дастурига киришга мажбур бўлган.
Расланга қарши гувоҳлик берганлар орасида Ферас Файёд ҳам бор эди. Ҳужжатли фильм муаллифи 251-бўлим ҳибсхонасида сақланаётган эди, унинг сўзларига кўра, у шафқатсизларча қийноққа солинган ва ёғоч таёқ билан зўрланган. Унинг сўзларига кўра, кўрсатув давомида судланувчи унинг кўзларига тикилиб, кўз қисиб қўйган.
Кейинроқ Фераснинг айтишича, унинг оиласига Сурияда таҳдид қилинган ва Сурия хавфсизлик хизматлари уларни топиб олишидан қўрқиб, ҳар икки ойда кўчиб юришга мажбур бўлган. Президент Ассад Сурияда тизимли қийноқлар ёки қатллар мавжуд эмаслигини ва барча далиллар уйдирма эканлигини таъкидламоқда.
Ферас ҳар қанча қўрқитиш ва қўрқувга қарамай, бу суд шунга арзишини ва жинояти учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Расланни кўриш унинг ҳаётидаги энг муҳим лаҳзалардан бири бўлганини айтади.
Фераснинг янги уйи Шарқий Берлинда жойлашган бўлиб, у ерда бир неча ўн йиллар олдин коммунистик ҳукуматнинг махфий хизмати Штаси кўпчиликни даҳшатга солган. Норасмий чақувчиларнинг кенг тармоғи орқали Штаси шаҳар аҳолисининг учдан бир қисмига тегишли маълумотларни сақлаган.
Штази тактикаси ва Сурия давлатини таққослаш бежиз эмаслигини эслатади Ферас.
1970-80 йилларда Штази ва Сурия хавфсизлик хизматлари ўртасида яқин ҳамкорлик бўлган, иккинчиси немис ҳамкасбларидан махсус тайёргарликдан ўтказишни сўраган. Сурия ҳукумати юқори мартабали нацист билан ҳам ҳамкорлик қилган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Дамашқ ҳукумати 120 000 дан ортиқ яҳудийларнинг ўлими учун жавобгар бўлган Алоис Бруннерга бошпана берди.
Маълумотларга кўра, асирликдан қочган Бруннер пойтахтга жойлашиб, Сурия хавфсизлик аппаратини, жумладан, Раслан кейинчалик хизмат қилган 251-бўлимни қуришда ёрдам берган. Тахминларга кўра, Бруннер режим учун фойдали бўлишни тўхтатгандан сўнг, у ўзи яратишга ёрдам берган муассасада умрини ўтказган.
30 йил олдинги шарқий берлинликлар сингари, Ферас ҳам суриялик қўшниларининг ҳеч бирига ишонмаслигини ва бу маҳаллада ҳамон душмани яшаётганини ҳис қилишини айтади.
Бир неча ҳафта олдин ҳужжатли фильм режиссёри уйи олдида ҳужумга учради. Бир эркак шиша бутилка синиғини унинг оёғига санчган.
Ферас вақти-вақти билан ичкиликбознинг қурбони бўлган бўлиши мумкин, лекин у бугунги кунда шунчалик ваҳимадаки, у ҳамма нарсада Сурия давлатининг узун қўли бор деб билади. 2019 йилда таниқли суриялик фаол Ҳамбургдаги болта билан қилинган даҳшатли ҳужумда ҳалок бўлди, кўпчилик бунинг ортида сиёсий сабаблар бор деб ҳисоблайди.
Ферас яқинда урушда олган руҳий жароҳатдан даволаниш учун ёрдам сўраганида, у немис психологини танлади, ваҳоланки унга араб тилида гапириш қулайроқ.
"Сурияликка бор гапни айта олмайман", дейди у.
Германиядаги суд ишлари адолат сари қадамдир. Аммо Халқаро адолат ва жавобгарлик комиссиясидан Билл Уайли барча суриялик ҳарбий жиноятчиларни судга тортиш мумкинлигига шубҳа қилмоқда. "Уларнинг сони жуда кўп", дейди у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















