Сурия инқирози: Ливандаги қочқинлар сони миллиондан ошган

Сурат манбаси, AFP
БМТ маълум қилишича, Суриядан қочиб Ливанда рўйхатдан ўтган қочқинлар сони “даҳшатли кўрсаткич” – бир миллиондан ошган.
Ливан энди ўз аҳолисига нисбатан жаҳонда энг юқори сонли қочқинларга мезбондир.
“Ўзидаги ички муаммолар доғида қолган Ливан учун бунинг таъсири ўта йирикдир”, - дейилади БМТнинг Қочқинлар агентлиги баёнотида.
Сурияда уруш бошланганидан бери мамлакат аҳолисининг деярли ярми – 9,5 миллион суриялик ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Улардан 2,5 миллиони Сурияни тарк этиб, аксар қисми Туркия, Иордания, Ироқ, Миср ва бошқа мамлакатларда бошпана топганлар.
Бироқ, улар орасида Ливан энг катта қочқинлар оқимига юз тутган – у ердаги суриялик қочқинлар сони эндиликда Ливан аҳолисининг бир чорагига тенг.

Мазҳабий зиддиятлар
Байрутдаги Би-би-си мухбири Жим Мюирнинг айтишича, Суриянинг энг кичик ва энг ожиз қўшниси бўлган Ливан учун бу ўта катта босимдир.
Ўтган ой Ливан ташқи ишлар вазири бу можаро ўз юртининг “мавжудлигига таҳдид” солаётганини айтди.
“Ливан халқи беқиёс меҳмондўстлигини намойиш қилди, бироқ қочқинлар сони туфайли қийналаяпти”, - деди БМТ вакили.
БМТнинг Қочқинлар агентлиги Сурияни ташлаб қочаётганлар сони тез суратларда ўсиб бораётганини билдирди.
“Ҳар куни БМТ Қочқинлар агентлиги Ливанда 2500 нафар янги қочқинни қайд қилаяпти, бу ҳар дақиқада бир қочқин келаётганини англатади”, - дейилади агентлик баёнотида.

Сурат манбаси, AFP
Халқаро кўмак ташкилотлари қочқинлар оқимига жавобан чора кўришга тобора қийналишмоқда.
БМТ Қочқинлар агентлиги мазкур инсонпарварлик инқирозини бартараф этиш учун халқаро ҳамжамиятдан сўраган 6,5 миллиард долларнинг фақат 14 фоизини олишга муваффақ бўлган.
Ўтган ҳафта эри хаста ва тўрт боласини боқа олмай қолган суриялик қочқин аёл ўзига ўт қўйиши қочқинлар юз тутаётган қийин аҳволга яна бир бор эътиборни қаратди. Аёл оғир жароҳатланди.
Суриядаги суннийлар бошчилигидаги исёнчилар ва Башар ал-Ассад ўртасида кечаётган фуқаролар уруши йирик сунний ва шиа аҳолисига эга Ливандаги мазҳабий зиддиятларнинг ҳам авж олишига сабаб бўлган.
Президент Ассаднинг тарафдорлари ва унга қарши гуруҳлар орасида Байрутда юзага келган тўқнашув ва портлашларда юзлаб одамлар нобуд бўлишди.












