Саудия Арабистони: Қизлар жинсий таҳқирланаяптими? Асоссиз мишмишлар учун қамоқ жазоси эслатилди. Подшоҳликда вақтихушлик ортмоқда Saudiya Arabistoni Islom olami yangiliklar

Томошабинлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "MDLBeastun"нинг ар-Риёд ташқарисидаги мусиқа фестивали бир миллионга яқин одамни ўзига жалб қилди
    • Author, Себастьян Ашер
    • Role, Би-би-сининг Араб масалалари бўйича муҳаррири

Саудия Арабистонида оммавий кўнгилочар тадбирлар кўпайган. Подшоҳликда дунёнинг манаман деган юлдузлари концерт бера бошлашган. Хотин-қизлар ортиб бораётган жинсий таҳқирлардан шикоятда.

Масъуллар эса, бу ҳақда ижтимоий тармоқларда "асоссиз" мишмиш тарқатганларни огоҳлантириб чиқишди.

Кимки шундай қилса, унинг беш йилгача қамоқ жазоси ва катта миқдордаги жаримага тортилишини яна эслатишди.

Бунга кучли шамол сабаб, Риёддаги бекор бўлган концертдан уйларига қайтаётган ёш қиз-жувонларнинг жинсий таҳқирланишганига оид интернетга чиқиб кетган навбатдаги гап-сўзлар сабаб бўлди.

Ташкилотчилар буларнинг барчасини кулгу остига олишди.

Аслида нималар юз бергани эса, ҳамон маълум эмас.

Алоқадор мавзулар:

Вақтихушлик ва шикоятлар

Саудия Арабистони яқинда Яқин Шарқдаги энг йирик мусиқа фестивалларидан бирига мезбонлик қилди.

Шу сабабли фестиваль ташкилотчиси пойтахт ар-Риёд чеккасидаги тадбир ўтказиладиган жойда жинсий ва бошқа зўравонликлар олдини олиш учун қўшимча чоралар кўришга ваъда берди.

Оммавий ўйин-кулгилар бир вақтлар қаттиққўл бўлган қироллик учун ортиқ янгилик бўлмай қолди.

Лекин маҳаллий ва хорижлик аёллар ўзларини таъқиб қилишаётгани ҳақида хабарлар бермоқда - уларнинг баъзилари видеотасвирда қайд этилган.

Саудия Арабистонида бу каби саҳналар ҳанузгача деярли сюрреал кўринади - бир неча йилгина аввал мусиқанинг оммавий ижроси ҳам баҳсга сабаб бўлган бу мамлакатда томошабинлар қулоқни қоматга келтирувчи зарбалар ритмидан титрарди.

"MDLBeast's Soundstorm" тадбири тўрт кун давом этди, унда юз минглаб томошабинлар дунёнинг энг йирик DJлари мусиқасига рақс тушди.

Томошабинлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Эркак ва аёлларнинг бирга томошабинлик қилиши подшоҳликда шу пайтгача кўрилмаган

Эркаклар ва аёллар ҳам аралашиб кетди, бир вақтлар буни тасаввур ҳам қилиб бўлмасди.

Дунёнинг турли бурчакларидан келган таниқли ижрочилар бу ерга келишга қарор қилишдан олдин қиролликдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволни ўйлаб кўришлари керак эди - фаолларнинг таъкидлашича, бу ишни қилганлар репрессив ҳукумат обрўсини кўтаришга ёрдам беришган.

Аммо улар келишдан олдин икки марта ўйлаб кўрган ягона одамлар эмас эди - ар-Риёд ва бошқа жойларда ўтказилаётган ва ҳозирда одатий ҳолга айланган мисли кўрилмаган қатор йирик кўнгилочар тадбирларда аёлларга нисбатан такрорий жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Сўнгги йилларда эркаклар аёлларни таъқиб қилаётгани тасвирланган бир қанча видеолар тарқалди.

"MDLBeast's Soundstorm" ўз тадбирларида аёлларни ҳимоя қилишни кучайтириш, уларга нисбатан зўравонликка мутлақо тоқат қилмаслик учун "Respect and Reset" деб номланган кампанияни бошлади. Ўтган ҳафта фестивалга қатнашганларнинг баъзилари уларнинг саъй-ҳаракатларини олқишладилар.

2018 йилдан бери Саудия Арабистони ҳукумати ҳам таъқиблар учун оғир жарималар ва беш йилгача қамоқ жазоси билан жиноий жавобгарликка тортишни бошлади.

Мусиқа фестивали

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "MDLBeast" Sandstorm ёки "Қум бўрони" минтақадаги энг йирик мусиқа фестивали бўлганини айтмоқда

Аммо бир қанча саудиялик аёллар Би-би-си билан боғланиб, етарлича ишлар қилинаётганига ишонмасликларини айтишди. Аёлларнинг ҳеч бири ўз шахсини очиқ айтишимизни истамади.

Улар ё ўзларини ёки бошқа бир аёлни оммавий кўнгилочар масканларда таъқиб қилишгани ҳақида гапиришди.

Улардан бирининг таъкидлашича, зўравонлик ҳақида интернетда эълон қилинган видеоларга ёзилган изоҳларда кўпинча аёлларнинг ўзлари айбланади ва жабрланган аёллар Саудия қонунларига кўра жиноятчилар каби жазоланиши мумкин.

Бошқа бирининг айтишича, расмийлар фақат чет эл фуқароси иштирок этганида жиддий қарайди. Унинг қўшимча қилишича, саудиялик аёл жабрланувчига унчалик эътибор берилмайди, бироқ у аёл хорижлик сайёҳ бўлса, кўп норозилик кўтарилади ва қаттиқ жазолар белгиланади.

Учинчи аёл маҳаллий аёлларга ҳақиқий ҳимоя берилмаганини айтди - уларни шунчаки жиноятга шерик деб ҳисоблашади. Унинг сўзларига кўра, ёш аёллар воқеалар ҳақида хабар берса, улар ўз оилалари ва қариндошларининг босимларига дучор бўлиши мумкин.

Унинг таъкидлашича, кўнгилочар жойларда мобил суратни тақиқлаш бўйича талаблардан таъқибларни ҳужжатлаштириш олдини олиш кўзланган.

"Юзаки ўзгаришлар"

Саудия Арабистонининг амалдаги ҳукмдори, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ва унга яқин кишиларнинг айтишича, бу воқеалар Исломнинг чуқур консерватив талқинига асосланган жамиятдан диннинг нисбатан кенгроқ талқинига ўтишдаги ўсиш оғриқларидир. Бир пайтлар ҳамма жойда ҳозир бўлган ахлоқ полицияси кўчалардан йўқотилмоқда.

Ўзгаришлар суръати шаҳзоданинг Саудия Арабистонини иқтисодиётни нефтга қарамликдан қутқариш ва жамиятни ёш фуқаролар истагига мослаштириш орқали ўзгартиришдек улкан режасига мувофиқ шаклда тезлаштирилмоқда.

Саудиялик аёл

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Саудиялик хотин-қизлар валиаҳд шаҳзоданинг ислоҳотлари "юзаки", деган фикрда

Шаҳзода тарафдорларининг айтишича, бу жараён ҳали бошланғич нуқтада ва бундай ўзгаришлар одатий ҳолга айлангунча сабр талаб этилади.

Аммо Би-би-си билан боғланган саудиялик аёллар бу режанинг кенг қамровли эканига шубҳа билдиришди ва аёлларнинг умидлари ва хавотирларига юзаки қаралаётганини урғулашди.

Уларнинг таъкидлашича, таъқиблар муаммоси бунга мисол бўла олади. Саудия Арабистонини сайёҳлар ва инфлюенсерларнинг янги дунёсига очишга қаратилган кенг кўламли тадбирлардан кўплаб саудиялик аёллар четда қолаётганини таъкидлашди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek