Дунё ва сиёсат: Саудия Арабистони Исроил билан муросага борадими? Бугуннинг саволи - dunyo, yangiliklar

Араб давлатларининг Исроил билан яқинлашувидан Фаластин норози

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Араб давлатларининг Исроил билан яқинлашувидан Фаластин норози
    • Author, Франк Гарднер
    • Role, Би-би-си нинг Хавфсизлик масалалари бўйича мухбири

Дунё ва сиёсат: Саудия Арабистони Исроил билан муросага борадими? Энди бу икки давлат ҳам яқинлашадими? Бу савол сизни ҳам қизиқтираётган бўлиши мумкин. Яқин Шарқдаги кўпчилик ҳам ҳозир шу ҳақда ўйламоқда.

Исроил ва унинг Фаластинга муносабатини доимий танқид қилиб келган Саудийлар ниҳоят араб медиаси "сионист ҳудуд" сифатида беписанд қарайдиган бу давлат билан алоқаларни нормаллаштириш истагини намоён қилмоқдами?

Саудия Арабистони Жосуслик хизматининг собиқ раҳбари ва Вашингтонда узоқ муддат элчи бўлган шаҳзода Бандар бин Султон ас-Сауднинг Ал-Арабия ТВга берган интервьюси ижтимоий тармоқларда турли тахмин, фаразларни урчитди. Унда шаҳзода Фаластин етакчиларини Исроил билан тинчлик битими имзолаган Кўрфаз давлатларини танқид қилгани учун қоралади.

"Бундай паст даражадаги чиқишларни ўзлари учун глобал қўллаб-қувватловни истаётган расмийлардан кутмаган эдик," деди шаҳзода Бандар уч қисмли интервьюсида.

"Уларнинг [Фаластин етакчилари] Кўрфаз давлатлари етакчиларини бундай номаъқул тарзда тилга олиши бутунлай номақбулдир."

Фаластин етакчилари БАА ва Баҳрайннинг Исроил билан муносабатларни илиқлаштиришини "xиёнат" ва "орқадан пичоқ уриш", деб атаган эди.

22 йил Саудиянинг Вашингтондаги элчиси ва АҚШ собиқ президенти Жорж Буш билан яқин алоқада бўлган ва шунинг учун Бандар бин Буш, деб лақаб олган шаҳзода Бандар Фаластин етакчиларининг "тарихий муваффақиятсизлиги" ҳақида гапирган. Уларни Саудия доим дастаклашига ишонганлар, деган у интервьюда.

Prince Bandar Bin Sultan Al-Saud (file photo)

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шаҳзода Бандарга кўра, фаластинликлар раҳбарга ёлчимаган

Гарчи у Фаластин мақсадини "адолатли", деб атаган бўлса-да, узоқ йиллар давомида тинчлик бўлмагани учун ҳар икки томонни - Исроил ва Фаластин етакчиларини айблаган.

Ғарбий қирғоқни бошқараётган Фаластин ҳукумати ва Ғазони қўлда тутиб турган Ҳамас исломий ҳаракати ўртасидаги бўлинишга ишора қилар экан, ўз етакчилари бир-бири билан келиша олмай турганда, қандай қилиб фаластинликлар адолатли битимга эриша олишлари мумкин, деган шаҳзода.

Ҳукмрон оилага яқин Саудия расмийларидан бирининг айтишича, бундай сўзлар қирол Салмон ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг аввалдан маъқуллашисиз Саудияга қарашли ТВда айтилмасди.

Шу сўзларни айтиш учун фахрий дипломат ва Саудия қироллик оиласининг узоқ турган устунларидан бири танлангани Саудия раҳбарларининг аҳолини Исроил билан пировардида тузилажак битимга тайёрлаётган бўлиши мумкинлигига далолат қилади.

Saudi woman driving a car (file photo)

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Саудия жамияти ўтган йиллар радикал ўзгаришларга юз тутди

Тарихий ишончсизлик

Афтидан, Саудия раҳбарлари шаҳзода Бандарнинг сўзлари, БАА ва Баҳрайннинг Исроил билан муносабатини илиқлаштирганини зимдан маъқуллаш орқали Исроил билан яқинлашишга мамлакат аҳолисидан ҳам кўра тезроқ кетаётган кўринади.

Йиллар давомида қиролликнинг, айниқса, қишлоқ ва чекка ҳудудларида саудийлар нафақат Исроилни, балки бутун яҳудийларни душман деб кўришга ўрганган.

Асир вилоятидаги бир қишлоқда бир саудий менга ўта жиддий оҳангда "яҳудийлар йилнинг бир кунида болалар қонини ичади", деб айтганини эслайман.

Saudi women using computers in Jeddah (file photo)

Сурат манбаси, Getty Images

Интернет ва сунъий йўлдошли ТВ шарофати билан бу каби фитна назариялари қиролликда камайган. Саудийлар кўп вақтини интернетда ўтказмоқда ва кўпинча дунёда бўлаётган ишлардан Ғарб кишиларидан кўра кўпроқ маълумот олади.

Шундай бўлса-да, Саудия аҳолиси онгига ўрнашган бегоналарга ишончсизлик ва ксенофобияни ҳисобга олсак, бу катта метафорик танкерни буриш учун вақт керак. Мана нима учун Саудия Арабистони Кўрфаз давлатлари кетидан югуриб, Исроил билан тарихий битимга боришга шошилмаяпти.

Саддам фалокати

Саудия Арабистони ва Кўрфаз давлатларининг фаластинликлар билан муносабатлари тарихи бир текис кечмаган.

Yasser Arafat (left) with Saddam Hussein (file photo)

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Фаластин раҳбари Ёсир Арофат ва Саддам Ҳусайн

Кўрфаз давлатлари Фаластинни сиёсий ва молиявий томондан ўн йилларча номига бўлса-да қўллаб келган.

Аммо Фаластин етакчиси Ёсир Арофат Ироқнинг 1990 йилда Қувайтни босиб олишида президент Саддам Ҳусайн томонда турганини Кўрфаз давлатлари ўзларига xиёнат, деб қабул қилган эди.

1991 йили АҚШ бошчилигидаги "Саҳродаги бўрон" операциясида Қувайт озод қилингач, бу давлат ўз ҳудудидаги барча фаластинликларни чиқариб юбориб, ўрнига мисрликларни қабул қилди.

Ўша йили Қyвайтга борганимда ташландиқ пицца ресторани ёнидаги арабча граффитига кўзим тушганди.

"Қуддус сионистларнинг абадий уйидир, мен қувайтликман."

Минтақанинг отахон етакчилари Арофатнинг "xиёнати"ни енгишларига узоқ вақт керак бўлди. Тақдир ҳазилини қарангки, араб дунёсидага қарама-қаршиликларни бартараф қилиш учун энг кўп ҳаракат қилган Қувайт амири Шайх Сабоҳ Аҳмад ас-Сабоҳ бўлди. У ўтган ой 91 ёшида вафот этди.

Саудия тинчлик режаси

Саудия Арабистони Исроилга тинчлик таклиф қилиб чиқиб бир тарих яратди.

2002 йил мартида Байрутда ўтаётган Араб саммитида эдим. Ориқ, мулойим, тепакал бир киши равон инглиз тилида Валиаҳд шаҳзода тинчлик режасини ҳаммага тушунтиришга уринарди.

Бу одам валиаҳд шаҳзоданинг Tашқи ишлар бўйича маслаҳатчиси Адел Жубайр эди. Ҳозир у Саудиянинг Tашқи ишлар вазиридир.

Тинчлик режаси ўша йили саммитнинг муҳим мавзуси бўлди ва Араб лигаси томонидан бир овоздан маъқулланган эди.

Режада ишғол қилинган барча ҳудудлар, жумладан, Ғарбий қирғоқ, Ғазо, Жўлон тепаликлари ва Ливандан чиқиб кетиш, Шарқий Қуддусни фаластинликларга уларнинг пойтахти сифатида қайтариш, 1948-49 йиллардаги Араб Исроил урушида уйларидан қувилган фаластинлик қочқинлар масаласига "адолатли ечим" топиш эвазига Исроил билан бутун араб дунёси ўртасидаги муносабатни яхшилаш таклиф қилинган эди.

UAE Foreign Minister Abdullah bin Zayed (left); Bahrain Foreign Minister Abdullatif Al Zayan (2nd left); Israeli Prime Minister Benjamin Netanyahu and US President Donald Trump at the White House (15/09/20)

Сурат манбаси, Reuters

Режа халқаро қўлловга эришди ва бир муддат Исроил Бош вазири Ариел Шаронни ҳамманинг диққат-марказига чиқарди. Ниҳоят Араб-Исроил зиддиятига барҳам бериш имконияти туғилган эди.

Аммо режа нашр қилинишдан сал аввал Ҳамас Нетанядаги Исроил меҳмонхонасини портлатди, 30 одам ўлди, 100дан ортиғи жароҳатланди. Тинчлик музокараси ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди.

Кейинги 18 йил мобайнида Яқин Шарқ кўп жиҳатдан ўзгарди. Фаластин ҳамон мустақил давлатга эришмади, Исроил манзилгоҳлари, гарчи халқаро ҳуқуқ томондан ноқонуний бўлса ҳам, Ғарбий қирғоқдаги Фаластин ерларига кириб боришни тўхтатмади.

БАА, Баҳрайн, Иордания ва Миср Исроил билан тинчлик битимини имзолади ва тўлиқ дипломатик муносабатларни йўлга қўйди.

Иордания ва Мисрнинг Исроил билан "совуқ тинчлиги"дан фарқли ўлароқ, Кўрфаз давлатлари Исроил билан алоқаларни жадал кенгайтирмоқда.

Баҳрайн Оқ уйда "Иброҳим келишуви"ни имзолагандан бир неча кун ўтиб, Исроилнинг жосуслик хизмати раҳбарлари Манамага бордилар ва муштарак душманлари бўлмиш Эронга қарши ҳамкорликни муҳокама қилдилар.

Қатиқни пуфлаб ичиш

Хўш, Исроил расмийлари келажакда Саудия Арабистони билан яқинлашиш ҳақида нима деб ўйлайди?

Улар шаҳзода Бандарнинг интервьюсини қизиқиш билан кўрганлари аниқ, аммо ҳозирча бу борада аниқ бир изоҳ берганлари йўқ.

Бунинг ўрнига, Исроилнинг Лондондаги элчихонаси сўзчиси шундай деди: "Умид қиламизки, Яқин Шарқдаги реалликни тан олиб, муроса йўлларида бизга қўшиладиган давлатлар кўпаяди".

Саудия Арабистони сиёсат масаласига келганда ҳаракат қилишдан олдин ҳар бир қадамини ўлчаб, кейин юради.

Ноанъанавий қарашдаги валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон саҳнада пайдо бўлиши буларнинг барини ўзгартириб юборди.

Ҳозир аёллар машина бошқариши мумкин, оммавий кўнгилочар дастурларга рухсат берилди, мамлакат аста-секин туризмга очилмоқда.

Саудия-Исроил тинчлик битими, муқаррар бўлмаса ҳам, имкониятга айланди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek