Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари келишди, нима бу? - Isroil, dunyo va siyosat

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Франк Гарднер
- Role, Би-би-сининг хавфсизлик бўйича мухбири
Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари келишди, нима бу? - "Тарихий", "мислсиз", "бурилиш нуқтаси", "хиёнат" - бугун бу келишувга берилаётган баҳолар бир хил эмас.
Бу келишув ҳақида яқинда шахсан АҚШ президенти Доналд Трампнинг ўзи маълум қилди.
Мисрнинг 1979 йилги Исроил билан битимидан сўнг, 1994 йили Иордания, мана энди БАА араб давлатлари орасида учинчи бўлиб Исроил билан муносабатини нормаллаштирмоқда.
Кўрфаздаги олти араб давлати орасида БАА биринчиси бўлди. Уммон, Баҳрайн ва эҳтимол Марокаш унга эргашиши кутилмоқда.
БААнинг Исроил билан алоқалари йилларча узуқ-юлуқ бўлиб келган. Аммо тузилган битимнинг тафсилотлари ва бу нормаллашувнинг муддатлари охирги дақиқагача сир сақланди.
БААнинг Абу Дабидаги Ташқи ишлар вазирлиги ва қўшни давлатлар ўртасида маслаҳатлашувлар бўлмаган.
Ҳамма учун бу кутилмаган битим бўлди, айниқса, ҳали ўз давлатига эга бўлмаган ёки Исроил истилосини тугатмаган фаластинликлар бу битимни "орқадан пичоқ санчиш", деб атамоқда.
"Фаластинликлар учун бунинг ҳеч қандай ижобий томони йўқ," дейди Лондонда жойлашган Стратегик тадқиқотлар бўйича халқаро институтдан Эмил Хокайем.
БААнинг амалдаги раҳбари валиаҳд шаҳзода Шайх Муҳаммад Бин Зайд (МБЗ номи билан машҳур) учун бу битим бир қимор, эҳтимоллар унинг фойдасига кўпроқ.
Бу битим БААнинг Араб давлатлари орасидаги обрўсига путур етказиши мумкин, ижтимоий тармоқларда битимни "сотқинлик", деб атамоқдалар.
Бош вазир Бенямин Нетаняҳу Ғарбий қирғоқнинг айрим қисмлари аннексиясини тўхтатиб туриш ваъдасини бажармаганда, бу ҳолат БАА учун шармандали тус олиши ва, эҳтимол, битимнинг муваффақиятсиз чиқишига сабаб бўларди.
Аммо бу каби қадамлар Оқ уй томонидан салбий қаршиланар, қолаверса, Кўрфаз давлатларида кўча намойишларига одатда тоқат қилинмайди.
"Қисқа муддатда БАА учун хавф катта эмас, - дейди Хокайем, - Бу битим БААдаги тузум барқарорлигига таҳдид солмайди. У минтақанинг ўзгараётган геосиёсатини акс эттиради, Ямандаги можароларга аралашиб, обрўси тирналган БАА учун АҚШнинг қўлловига йўл очади."
Хўш, бу битимнинг ортида нима турибди? 1971 йилда суверен давлатга айланган, Британиянинг собиқ протекторати, кўрфаздаги нисбатан ёш давлат учун нималар кўзда тутилган унда?
Қисқаси, икки нарса - стратегик афзаллик ва технология.
БАА Баҳрайн ва Саудия Арабистони билан бирга сувнинг нариги бетидаги катта, жиддий қуролланган қўшнилари - Эронга чуқур ишончсизлик, ҳатто қўрқув билан қарайдилар.

Сурат манбаси, EPA
Кўрфаз араб давлатлари лидерлари харитага қарар экан, Ироқда Саддам Ҳусайн режими ағдарилгач, белни синдирадиган санкцияларга қарамай, бутун Яқин Шарқда ўзининг стратегик таъсирини орттириб келаётган Эронни кўрадилар.
Қачондир Эрон асосан ўзининг чегаралари доирасида биқиниб қолган эди. Бугун эса уни Ироқ, Сурия, Ливан ва Яманда қўлловчи жангари гуруҳлар бор. Исроилда ҳам, айниқса, Эроннинг махфий ядро дастурига келганда, хавотир кучли.
Қолаверса, "Мусулмон биродарлари" тимсолида гавдаланадиган трансмиллий тушунча - "сиёсий Ислом ва "исломизм" ҳам бордирки, Кўрфазнинг айрим араб лидерлари уни ўзларининг қироллик сулолаларига ҳаётий таҳдид деб биладилар.
Ҳеч ким "Мусулмон биродарлари"ни БАА валиаҳд шаҳзодасичалик ёмон кўрмайди. Ва бу БААнинг Ливиягача бўлган ҳудудда "Биродарлар"га қарши гуруҳларни молиялашига сабаб бўлмоқда. Айни чоғда, унинг манфаатлари Туркиянинг исломий ҳукумати билан тўқнашяпти.
Буларнинг бари Яқин Шарқдаги консерватив ҳукуматларнинг норасмий ҳамкорлигини амалда вужудга келтирди. Бу клубга Исроил ўзининг қудратли жосуслик хизмати билан ёрдамчи аъзо сифатида қўшилмоқда
Биотехнология, соғлиқни сақлаш, мудофаа ва кибер кузатув каби соҳалардаги технологиялар ҳам бор. БАА ўз фуқароларини кузатиш учун аллақачон Исроилнинг жосуслик компьютер дастурий маҳсулотларини сотиб олган. БАА бой давлат - катта нефт заҳирасига эга, киши бошига Ялпи Ички Маҳсулоти $40 000 долларни ташкил этади. Шунингдек, глобал амбициялари ҳам бор - Марсга миссия йўллаган биринчи араб давлати бўлмоқчи.
Исроил ўзининг юксак ихтиролари билан ҳозирча Яқин Шарқдаги технологик жиҳатдан энг ривожланган давлат саналади. Агар, бу битим амалда ишласа, БААни фаровонликнинг янги босқичига кўтариши, фуқаролари учун эса келгусида янги иш ўринлари ҳозирлаши мумкин.
Исроилнинг Кўрфаздаги ўйинлари илдизи анча аввалга боради. 1995 йили - Исроил Бош вазири Исҳоқ Рабинга қарши яҳудий эктремисти суиқасд қилишидан бироз аввал, у Ташқи ишлар вазири Шимон Пересни Уммон ва Қатарга расмий ташриф билан юборади.
Сўнг ҳар икки давлат пойтахтида Исроилнинг мўъжазгина савдо ваколатхонаси очилади. Маскатдаги ваколатхонадан изоҳ олиш учун қўнғироқ қилганим ёдимда. Исроил вакили қўнғироққа жавоб бериб, беихтиёр яҳудийчасига "Шалом" деб юборганди, сўнг арабчага ўзгартириб, "Ассалому алайкум", деганди.
Нетаняҳу Бош вазир бўлгач, бу ташаббуслар сўнди, Исроил Ливанга бостириб кирди, иккинчи Фаластин интифадаси бошланди. Эрон экспанциясидан қўрқув ҳамманинг хаёлини ўғирлаганда, Исроил ва Кўрфаз давлатлари ўртасида дипломатик муносабатлар жонланиб қолди.
Агар бу ой тинч ўтса, Баҳрайн, Уммон ва Қатар БААга эргашиши мумкин.

Сурат манбаси, Anadolu Agency
Саудия Арабистони билан битим эса анча узоқ вақт олиши мумкин. 2002 йилда Валиаҳд шаҳзода тинчлик режаси Байрутдаги араб саммитида эълон қилинган, Исроилга 1967 йилгача бўлган чегараларига қайтиши шарти билан уни мустақил давлат ўлароқ тан олиш таклиф қилинган эди.
Келишув Исроилнинг ўша вақтдаги Бош вазири Ариел Шаронга ҳамманинг диққатини қаратганди. Аммо бир неча кун ўтиб, Ҳамас бомбалашни бошлаган, музокаралар ҳам узилганди. Бугун Яқин Шарқ мутлақо бошқа жой, ўша вақтда хаёл қилиб бўлмаган нарсалар ҳозир рўй беряпти.
"Битим эълон қилингач, БААда энг кўп онлайн қидирилган сўз нималигини тахмин қилиб кўринг, - дейди амирликлар расмийси. - У "Исроил меҳмонхоналари". Жуда кўп одамнинг сабри чидамаяпти."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















