Саудия Арабистони ҳам овоз кучайтиргичлар билан шуғулланмоқда. Азон баланд овозда айтилаяптими? Saudiya Arabistoni Islom olami yangiliklar

Саудия Арабистони

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Саудия Арабистонидаги масжидларда азон энди баланд овозда айтилмайди

Саудия Арабистони масжидлардаги овоз кучайтиргичлар овозини пасайтирмоқда. Овоз кучайтиргичлар подшоҳликда кимга ҳалақит бермоқда?

Мамлакатнинг Исломий масалалар бўйича вазирлиги бу ҳақдаги қарорини ўтган ҳафта эълон қилган.

Барча овоз кучайтиргичларнинг оҳанги ўртачадан баланд бўлмаслиги шарт эканини айтган.

Агар, вазир Абдуллатиф аш-Шайхнинг изоҳига таянилса, бунга одамлар ўзларининг шикоятлари сабаб бўлган.

Аммо Саудия Арабистонидек анъанадор мусулмон бир жамиятда масъулларнинг бу каби қарори таажжуб ва норозиликларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Қарор, айниқса, ижтимоий тармоқларни том маънода ларзага келтирган.

Ресторан ва кафеларда баланд овоздаги мусиқани тақиқлашга ундовчи хэштеглар трендга чиқа бошлаган.

Аммо масъуллар барибир ўз мавқеъларини ҳимоя қилиб чиқишган.

Маккаю Мукаррама

Сурат манбаси, Reuters

Исломий масалалар бўйича вазир аш-Шайхнинг айтишича, овоз кучайтиргичлар устидан, айниқса, ота-оналар кўп шикоят қилишган.

Уларнинг овози баланд экани боис, болалари ухлай олмаётганидан нолишган.

Вазир бу масалада телевизиор орқали ҳам чиқиш қилган, намоз ўқимоқчи бўлганлар муаззиннинг азонини кутиб ўтиришлари шарт эмаслигини айтган.

Абдуллатиф аш-Шайх ижтимоий тармоқларда ўз қарорларини танқид тиғига тутаётганларни "подшоҳлик душманлари", деб атаган.

"Улар одамларни йўлдан уришни хоҳлашаётганликлари"ни даъво қилган.

Янги чекловлар валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Саудия Арабистонини бир қадар либераллаштириш ва диннинг ижтимоий ҳаётдаги ролини пасайтириш ҳаракатида экандек бир пайтга тўғри келган.

Сўнгги йилларда подшоҳликда айрим ижтимоий чекловлар бекор қилинган, хотин-қизларнинг машина ҳайдашларига ҳам изн берилган.

Аммо, шунинг баробарида, у сўз эркинлигини буғган, мухолиф фикрларни бостирган.

Танқидий қарашдаги минглаб одам қўлга олинган ва қамоққа ташланган.

Саудия Арабистони Ислом оламининг маркази сифатида эътироф этилади.

Каъбатуллоҳ, Ислом оламидаги энг муқаддас икки масжид ҳам Саудия Арабистонида жойлашган.

Ҳар йили миллионлаб мусулмонлар айнан Саудия Арабистонида Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этиб келишади.

Аҳолиси 34 миллиондан ошувчи бу мамлакатдаги масжидлар сони минглаб экани айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek