Сиз билган ва билмаган Саудия Арабистони - Saudia Arabistoni

Сурат манбаси, FRANCK FIFE/AFP via Getty Images
- Author, Мустақил журналист
- Role, Саудия Арабистони
Ўсмирлик пайтим мен ҳам Саудияни шундай тасаввур қилардим - тап-тақир жазирама саҳро. Албатта, нефт экспорти бўйича етакчи давлат бўлганидан кейин, бадавлат, ривожланган мамлакат, қадимдаги чўлу биёбонлар ўрнини кўчалари асфалтланган, иморатлари баланд-баланд шаҳарлар эгаллаган… лекин, барибир, саҳро - йил-ўн икки ой жазирама иссиқ, баъзи минтақаларда хурмо дарахтлари ўсишини айтмаса, бошқа ҳеч қандай дов-дарахт, ўт-ўлан йўқ, кўча-кўйларда фақат машиналар, одам зоти кўринмайди, чунки иссиқнинг дастидан кўчада юриб бўлмайди, одамлар кондиционерли уйлар ва кондиционерли машиналарда жон сақлашади… Ҳали Саудияга қадам қўймасимдан, бўлажак қариндошлардан эшитиб билдим-ки, бу ўлкада ҳам йил фасллари бор, совуқ тушадиган пайтлар бор, йил бўйи салқин, серёмғир, ям-яшил минтақалар, қуюқ ўрмонлар, қор ёғиб турадиган тоғли вилоятлар, туман қоплаган даралар, деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик гуркираган водийлар, ва ҳаттоки денгиз бор - Қизил денгиз, узоқ вақт яшаганим Жидда шаҳри ҳам шу денгиз бўйида жойлашган (Саудиянинг ғарби ва шарқини денгиз ўраб туради).
Баъзи минтақаларда қиш пайти уйлар иситилиши, яъни, шу даражада совуқ бўлишини эшитганимда роса таажжубга тушгандим. Кейин буни ҳам ўз кўзим билан кўрдим, масалан, Риёд шаҳрида яшаган кезларимиз қиш бўйи кечқурун ва эрталаблар уйни иситардик, қишлик кийимларда юрардик, айниқса, эрталаб шу қадар совуқ бўларди-ки, болаларни боғча-мактабларига пальто, этик, қулоқчинли қалпоқ, ҳатто қўлларига қўлқоп кийдириб, оғизларини шарф билан ўраб жўнатардим.
Пешинга бориб ҳаво анча исиб қоларди, болалар мактабдан қалин устки кийимларини портфелларига солиб қайтишарди.
Риёд - Саудиянинг қоқ ўртасида жойлашган Риёд вилоятининг пойтахти, ва айни вақтда Саудиянинг сиёсий пойтахти
Бу шаҳар баҳорнинг ўрталаридан кузнинг ўрталаригача жуда иссиқ, ёзда эса чидаб бўлмайдиган даражада иссиқ, лекин эрта баҳорда яхшигина ёмғир ёғади. Бошқа фаслларда ҳам онда-сонда ёмғир томчилаб ўтиши мумкин. Кеч куздан эрта баҳоргача совуқ шамол эсади. Вилоят шимолидаги Шақра шаҳрида эса қишда қор ҳам ёғиб турар экан.
Риёд қум бўронлари билан ҳам машхур, йилнинг исталган фасли тез-тез қум бўронлари кўтарилиб туради, баъзан шунчалар кучли бўрон бўлади-ки, ён-атрофни кўриб бўлмайди, кўчада машиналар ҳам, одамлар ҳам юролмай қолади. Бундай пайтлар, эшик-деразаларни қанчалик тўсманг, қум йўлини топиб, масалан, кондиционерлар орқали уйнинг ичигача кириб келаверади - хонада қум ҳидини туясиз, сочиқ ҳўллаб чангларни артсангиз, сочиқда шундоқ қизғиш-сариқ қумни кўрасиз.
Шунақа иш орттирадиган қум бўронлари учун ҳам Риёдни ёмон кўраман. Лекин болалар ҳалигача Риёдни соғиниб эслашади, чунки у ерда жуда яхши ҳайвонот боғи бор, яхши истироҳат боғлари, томошабоп парклар кўп, савдо марказлари ҳам истироҳат боғларидан қолишмайди.

Сурат манбаси, FRANCK FIFE/AFP via Getty Images
Тарихий жойларга қизиқадиган хорижлик сайёҳлар учун Риёднинг ўзида иккитагина кўришга арзигулик макон бор деб ўйлайман - Қадимий Масмак қалъа-музейи ва Қирол Абдул Азиз Тарихий Маркази, айниқса, шу марказда жойлашган, мамлакатда энг катта ҳисобланган Миллий Музей.
Буларга Антик давр музейини ҳам қўшиш мумкиндир, балки. Томошабоп ерлар шайдолари учун рўйхат узун бўлади, шахсан ўзим эса асосан Дипломатлар Истиқоматгоҳи парклари, Намар Водийси парки, Қирол Абдуллаҳ парки, ва Риёд Галереяси номли савдо марказини тавсия этган бўлардим.
Энг кўришга арзигулик ерлар шаҳардан ташқарида. Масалан, ''Дунёнинг Чеккаси'' номи билан машхур Фиҳрайн тоғи - Риёднинг шимолида, ''Акациялар Водийси'' деб аталувчи водийда жойлашган, машинада ўртача тезликда икки соатли йўл. Асли тоғ эмас, баландлиги бир неча юз метр бўлган тик қоялар тизмаси, водий ўрнида миллион йиллар аввал океан бўлгани айтилади. Қоялар тепасидан кўринадиган манзарани сўз билан тасвирлаб бўлмайди, буни фақат кўриш керак - водий чексиздек туюлади, қояларнинг ҳам, водий тупроғининг ҳам ранги ўзгача, водийда қадимий дарёлар изини илғаш мумкин, ҳатто. Баъзан ён-атрофдан ҳамон океан иси келаётгандай туюлади. У ерга икки марта борганман, маҳаллий сайёҳлардан кўра хорижлик сайёҳлар кўп эди. Қадимий Дирия шаҳри (қадим ҳукмдорлар пойтахти) ҳам кўришга арзигулик, табиати ҳам чиройли; у ҳам Риёднинг шимолида, машинада ярим соатли йўл. Бу шаҳар Юнеско рўйхатига киритилган. Муҳими шулар.
Мамлакат маданий меъросига қизиқувчилар учун қадим Ушайқир қишлоғини қўшимча қилиш мумкин, у ҳам Риёднинг шимолида, Шақра шаҳри яқинида, машинада 2 соатли йўл. У ернинг ҳам табиати чиройли. Ушайқир яқинидаги қадим Рағба қишлоғи ҳам кўришга арзигулик. Табиат шайдолари учун Хурайм Боғи қўриқхонаси ҳам ёмон эмас, у ҳам Риёд шимолида, машинада бир-бир ярим соатли йўл.
Ҳотамтой юрти...
Тарихий ва маданий обидаларга қизиқувчилар учун Риёднинг шимолий қўшниси бўлмиш Қосим вилоятидаги Унайза ва Бурайда шаҳарларини ҳам бориб кўришни тавсия этган бўлардим - кетган вақтингизга ачинмайсиз, у ерларнинг ҳам табиати чиройли. Қосим асли қишлоқ ҳўжалиги ва боғдорчилик ривожланган, яшил, хурмозор минтақа. Турли-туман сабзавотлар, мевалар ва буғдой етиштирилади. Вилоятда йил бўйи ҳар-ҳил фестиваллар ўтказилади.
Қосимнинг шимолий қўшниси Ҳаъил тоғли вилоят, бу вилоят ЮНЕСКО рўйхатига киритилган қоя ёзувлари билан машхур. Вилоятда тарихий қалъа-саройлар, қадимий бинолар ҳам талайгина. Бу вилоятда ҳам боғдорчилик, қишлоқ ҳўжалиги ривожланган, хурмо, дон-дун, катта миқдорда буғдой етиштирилади. Ҳаъил сахийлиги билан ном чиқарган афсонавий, лекин реал тарихий шахс Ҳотим Ат-Тойининг ватани (Ўзбекларда Ҳотам Той дейилади негадир). Ҳаъил аҳолиси ҳануз сахийлиги билан машхур.
Жидда
Узоқ йиллар яшаганим Жидда шаҳри эса мамлакатнинг ғарбий соҳилида жойлашган. Бу шаҳар фақат уч ой ёзда жуда иссиқ ва кўпчилик денгизбўйи шаҳарлари каби ҳаво намлиги жуда юқори, қолган пайтлар унчалик иссиқ эмас, ноябрдан майга қадар эса салқин, ажойиб ҳаво, бемалол кондиционерсиз яшаса бўлади. Кеч куз ва қишда албатта ёмғир ёғади, бошқа фасллар ҳам унда-мунда ёмғир ёғиб туради, қишда ёмғирдан аввал кучли момақалдироқлар бўлади. Баъзан қум бўронлари ҳам бўлади, асосан ёзда.
Саудиянинг барча денгизбўйи шаҳарларида сув спортлари ва ғаввослик ривожланган, Жидда ва Жиддадан унча узоқ бўлмаган Ал Лис (Ал Литҳ) шаҳри (Жидданинг жануби, машинада икки соатли йўл) бу борада етакчилик қилишади. Мамлакатнинг энг яхши курортлари ҳам, табиийки, денгизбўйи шаҳарларида, ва Жидда бу ерда ҳам етакчи ўринда. Дунёда энг баланд фаввора (Қирол Фаҳд фаввораси) ва мамлакатнинг ягона аквариуми ҳам Жиддада.
Сув спорти ва ғаввослик марказларининг қай бири энг яхшиси эканини айтишим қийин, курортлар ҳам бири-биридан афзал, лекин шахсан ўзим Дуррат Арус курортини тавсия қилган бўлардим, айниқса, оилавий дам олиш учун.
Шаҳарда ўндан ортиқ музей мавжуд, энг кўришга арзигулиси Насиф уйи (Дар Ал-Насиф, Байт Ал-Насиф) номли қадимий бинода жойлашган музей ва маданият маркази. Музей экспонатлари бир ён, бинонинг ўзи бир ён. Бу бино шаҳарнинг Эски Жидда деб аталадиган қисмида, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Ал Балад тарихий маҳалласининг жанубида. (Эски Жиддада қадимий бинолар жуда кўп, бир неча юз йиллик уйлар ҳам бор. Ҳорижлик сайёҳлар шаҳарнинг айни шу қисмини жуда яхши кўришади.) Насиф уйи (қаср деса ҳам бўлади, беш қават ва юздан ошиқ хонадан иборат) Усмонийлар ҳукмронлиги даврида, Жидда ҳокими бўлмиш бадавлат савдогар тарафидан қурилган ва ўтган асрнинг охирига қадар оша ҳокимнинг оиласига тегишли бўлган. Ўтган аср бошида бу уй қирол саройи вазифасини ҳам ўтаган. Бинонинг ички ва ташқи архитектураси бетакрор. (Бино дарвозаси ёнида қадим дарахт бор, дарахт умри бино умрига тенг деб таҳмин қилинади, яъни, шаҳардаги энг қадимий дарахт дейилади.)
(Тарихий жойлар шайдолари учун Жидда яқинидаги Асфан қишлоғи тепалигида жойлашган Асфан қалъасини ҳам тавсия этган бўлардим, у ҳам Усмонийлар даврида қурилган дейилади.)
Жидда савдо марказлари Риёддаги каби эмас, сал тузукроғи Қизил Денгиз савдо маркази. Истироҳат боғлари ҳам унчалик эмас, дурустроғи Шаллал томошабоғи бўлса керак. Денгизбўйи Корнеж парки ҳам ёмон эмас.
Абҳа шаҳри Саудиянинг жанубий-ғарбий тоғли вилояти бўлмиш Асирнинг пойтахти
Икки йилча аввал кўчиб ўтганимиз Абҳа шаҳри Саудиянинг жанубий-ғарбий тоғли вилояти бўлмиш Асирнинг пойтахти. Бу шаҳарга илгари ҳам тез-тез бориб турардик. Абҳа йил бўйи салқин, қишда жуда салқин, қиш кечалари ва эрталаблар яхшигина совуқ бўлади. Қиш бўйи нафақат тунлар, кундузи ҳам уйлар иситилади. Абҳада йил бўйи ҳаво булутли, айниқса кеч баҳордан эрта кузгача, лекин ёмғир асосан қишнинг охири ва баҳорда ёғади, ёзнинг охири ҳам нисбатан ёмғирли. Асирда, жумладан Абҳада қиш ва эрта баҳорда баъзан бирровгина қор ёғиб ўтиши ҳам мумкин, лекин ҳар йили эмас.
Асирга нисбатан ''энг' сўзини энг кўп ишлатиш мумкин - Саудиянинг энг яшил, энг салқин, энг серёмғир, ва табиати энг гўзал вилояти, мамлакатнинг энг баланд тоғ тизмалари(Сарават тоғ тизмалари) ҳам, энг баланд чўққиси ҳам, энг катта ва энг хушманзара қўриқхонаси ҳам (4000 кв км.дан зиёд дейилади), энг чиройли тўғон кўли ҳам, энг яхши тоғ курорти ҳам шу вилоятда. Тоғ спортлари энг ривожланган вилоят. Хорижлик сайёҳлар томонидан энг кўп зиёрат этиладиган минтақа (Макка ва Мадинадан кейин, албатта). Маҳаллий аҳолининг энг севимли ёзги таътилгоҳи. Ва энг гўзал манзарали ва энг диққатга сазовор ерларнинг бари ё Абҳанинг ўзида, ё шаҳар яқинида. Масалан, қўриқхона шундоқ Абҳа ёнида, энг баланд чўққи (Совда чўққиси) эса шу қўриқхона ичида. Тўғон кўли асосан Абҳанинг ўзида, кўл атрофи бир неча ўн гектар боғ билан ўралган, курорт шу кўл этагида, энг яхши меҳмонхона, ресторан, истироҳат боғлари, машхур Яшил Тоғ тепалиги ҳам шу атрофда. Қадимий Ҳабала қишлоғи, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Рижал Ал-Маъа тош қишлоғи, Мифтаҳа музей- қишлоғи, Шада саройи, Милфа саройи ҳам Абҳа яқинида. (Асирнинг қадим архитектураси мамлакатнинг барча жанубий минтақаларига хос, иқлимига мос - қадим уйлар, ҳатто сарой-қал'алар ҳам тош ва лойдан барпо этилган.) Бу ерларга машинада бориш ҳам мумкин, кейбл вагонларида ҳам - шаҳарда (умуман вилоятда) йўллар яхши, кейбл вагонлари хизмати ҳам яхши йўлга қўйилган. Шахсан ўзим, кейбл вагонида борса бўладиган ерларга машинада бориб ўтирмайман, чунки туман оралаб кейбл вагонида сайр қилиш шайдосиман, айниқса, шаҳардан Совда чўққиси томон - вагондан туриб оппоқ туман қоплаган ям-яшил яйловлар, қуюқ игнабаргли ўрмонларини томоша қилиш жуда мароқли. Совда чўққисидан туриб қўриқхонани томоша қилиш ундан-да мароқли. Қўриқхонага ҳам кейбл вагонда борган афзал. (Қўриқхонада ўнлаб лагер-шаҳарчалар мавжуд.) Қўриқхонани ''Қушлар Жаннати'' ҳам дейишади, чунки унда юз ҳилдан ошиқ қушлар бор. У ерларнинг чиройини таърифлашга сўз ожиз.
(Саудияда, жумладан Асир вилоятида, катта кўл, дарёлар йўқ, лекин тўғон кўллари, анҳорлари, катта-кичик табиий чашмалар, кичик тоғ кўллари, шаршаралар, сойлар, жилғалар сероб. Катта чашмаларни ҳам кўл деб аташади.)
Абҳада кўришга арзигулик яна бир ер бор - Сешанба бозори номли қадимий миллий бозор (Пайшанба бозори ҳам бор, Абҳага қўшни шаҳарда, иккала бозор ҳам ҳар куни очиқ). Бу ерда миллий ҳунармандчилик намуналаридан тортиб маҳаллий озиқ-овқат махсулотларигача сотилади - асал, уйда тайёрланган пишлоқ, қатиқ, сузма, сарёғ, уй тухуми, дон-дун, мева-сабзавотлар. Шу ''органик'' маҳсулотлар учун ҳам бу бозорни яхши кўраман.
Асирда деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик жуда ривожланган, буғдой ва бошқа донли маҳсулотлар, хурмо, қаҳва, турли сабзавотлар ва полиз экинлари етиштирилади.
Шахсан ўзим учун Абҳада энг қадирлиси бу тоза ҳаво, мусаффо тоғ ҳавоси. Шаҳарда туғилиб ўсган ва бир умр шаҳарларда яшаган одамгина билса керак бундай ҳаволар қадрини.
Асир вилояти денгизга чегарадош (Жизан, Макка, Мадина,Табук вилоятлари ва Шарқий минтақанинг бир қисми каби), Абҳа эса вилоятнинг денгизга энг яқин шаҳри, лекин денгиз билан чегарадош эмас - шаҳар ва денгизни қўриқхона ажратиб туради, қўриқхона сонгидаги тоғ тизмаларидан кейин Тиҳама водийси ҳам бор. ''Абҳа соҳиллари'' деганда асли шу Тиҳама водийси соҳиллари назарда тутилади.
Бетакрор Тоиф
Маҳаллий аҳолининг севимли ёзги таътилгоҳларидан яна бири, кўп йиллар доимий равишда ёзги таътилни ўтказган еримиз Тоиф шаҳри шундоқ тоғ этагида, бу шаҳарда йил бўйи ёмғир ёғади, айниқса кеч куз ва баҳорда. Тоиф Абҳадан анча узоқ, мамлакатнинг ғарбий минтақасида жойлашган. Тоифда боғдорчилик жуда ривожланган - катта миқдорда узум, анор, апелсин, лимон, ўрик, шафтоли, анжир, зайтун, хурмо, бодом ва тарвуз етиштирилади. Деҳқончилик ва асаларичилик ҳам ривожланган. Умуман, Тоиф турли- туман дарахт, бута ва гулларга бурканган шаҳар, айниқса, хилма-хил атиргулларга. Асли, Тоиф кўпроқ шу атиргуллари билан машхур, шаҳарнинг анча қисмини атиргул парклари ва плантациялари эгаллаган. Тоифни ''атиргуллар шаҳри'' ҳам дейишади, ҳатто. Атиргуллардан Саудияда жуда севимли бўлган атиргул суви ва қимматбаҳо атиргул мойи тайёрланади.
Бу шаҳарга ҳам ҳорижлик сайёҳлар серқатнов, шаҳарда ва шаҳар атрофида яхши курортлар кўп, тоғ спортлари ривожланган, кейбл хизмати мавжуд.
Диққатга сазовор ерлар: шаҳар жанубидаги Рудаф истироҳат боғи, Шубра саройи музейи, Сайсад қўриқхонаси, шаҳар четидаги Усмонийлар давридан қолган Турк Қалъаси ҳаробалари ва унинг яқинидаги Қоя Ёзувлари - қадим замонлар ёдгорлиги (шаҳар шимоли, машинада ярим соатли йўл), Митна водийсидаги қадим масжид - Тоифликлар Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат берган жой. Тоғ тепасида жойлашган Аш-Шафа қишлоғи ҳам кўришга арзигулик- табиати жуда чиройли, асосий қисми мевали боғлардан иборат.
Тоифда ҳам, Абҳада ҳам тоғ йўллари четида бемалол юрган маймунларни кўриш мумкин.
(Давоми бор)















