Сиз билган ва билмаган Саудия Арабистони - Saudiya Arabistoni (2-qism)
- Author, Мустақил журналист
- Role, Саудия Арабистони
Макка

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Макка шаҳрида узоқ яшамаганман, лекин йилига бир неча бор зиёратга борамиз; Тоиф ва Жиддага жуда яқин бўлса-да (асли, Тоиф ҳам, Жидда ҳам Макка вилояти ҳудудидаги шаҳарлар), Макка жуда иссиқ, мамлакатнинг энг иссиқ шаҳри ҳисобланади, қишда ҳам иссиқ, лекин бу ерда ҳам кеч куз ва қишда ора-сира оз-оздан ёмғир ёғиб ўтади.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Мадина вилоятининг пойтахти бўлмиш Мадина шаҳрида атиги бир йил яшаганман, бу шаҳар ёзда ниҳоятда иссиқ, қишда салқин, баъзан жуда салқин - қиш фасли тунлар болалар ётоқхонасини иситган пайтларимиз бўларди. Мадина шаҳри Макка шаҳридан анча узоқ, шимолий-ғарбий минтақада жойлашган, бу ерда жуда оз ёмғир ёғади, кеч куз ва баҳорнинг ўрталарида номигагина томчилаб ўтиши мумкин. Мадина вилояти нафақат хурмолари, балки хилма-хил сабзавотлари билан ҳам машхур.
Вилоятда (Набавий Масжид, Уҳуд тоғи, ва Ислом тарихи билан бўғлиқ ерлардан ташқари) маҳаллий ва ҳорижлик сайёҳлар энг серқатнов шаҳар Янбу денгиз бўйида жойлашган, бир томони тоғ билан ўралган, бир қисми хурмозор, табиий чашмалари билан ҳам машхур. Табиати чиройли, соҳили хушманзара, сокин шаҳар. Яхши курортлари ва жуда яхши ғаввослик маркази бор, сув спортлари ва ғаввослик шайдолари учун энг яхши маконлардан бири. Шаҳарнинг бир қисми эски бинолари билан машҳур (эски шаҳар дейилади).

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Мадина шаҳридан бир неча юз километр шимолдаги тарихий Ал- Ула шаҳри - қадим тамаддунлар пойтахти. Бу шаҳарда ЮНЕСКО рўйхатга киритилган машхур Мадаъин Салиҳ жойлашган. Мадаъин Салиҳ бир неча ўн минг йиллар аввал барпо этилгани таҳмин қилинади. Саудияга келган ҳорижлик сайёҳлар бу шаҳарни зиёрат этмай қайтишмайди, лекин маҳаллий аҳоли бу ерлардан нари юради.
Яна бир тарихий макон - Хайбар водийси Мадинадан икки юз километр шимолда жойлашган. У ерда қадимий Хайбар қалъаси қолдиқлари ҳанузгача жуда яхши сақланиб қолган. Водий лава тоғлари билан ўралган, кўпчилик қалъани шу лава тоғларидан туриб томоша қилиш билан чекланишади, чунки водийга тушиш қийин, лекин мен тушиб кўрганман. (ҳамроҳларим билан, албатта).
Саудиянинг шарқий минтақасига фақат бир марта борганман - соҳил бўйида жойлашган шаҳарлар - минтақа пойтахти Даммам, Хубар, Жубайл шаҳарлари, ва Ал Аҳса воҳасида бўлганман, холос. Бу шаҳарлар курортлари билан машхур, сув спортлари ва ғаввослик марказлари жуда яхши, хушманзара парклари, истироҳат боғлари, томошабоп савдо марказлари, кўришга арзигулик музейлари ҳам анчагина. Қишги та'тил вақтида борган эдик - шарқий минтақага ёз вақтида яқинлашиб бўлмайди, жуда иссиқ, лекин кеч куздан эрта баҳоргача ҳаво жуда салқин бўлади. Бу шаҳарларнинг яна бир афзал томони ғарбий соҳилбўйи шаҳарлари каби тирбанд эмаслигида. Мамлакатда кўрганим энг озода ва сокин шаҳарлар ҳам шулар бўлди. Хуллас, оилавий дам олиш учун ғарбий соҳилбўйи шаҳарларидан кўра қулайроқ.
Бу минтақада ҳам тарихий ва археологик жиҳатдан диққатга сазовор ерлар кўп. Масалан, Даммам яқинидаги қўҳна Тарут ороли тепалигида жойлашган қадимий Тарут қалъаси, беш аср аввал Португалия истилоси даврида ё ундан анча аввал қурилган дейилади, бир неча минг йиллар аввал қалъа ўрнида қадим тамаддунлар ибодатхонаси бўлган экан. Лекин энг диққатга сазовор ерлар Юнеско рўйхатига киритилган Ал Аҳса воҳасида. Асосий қисми хурмозордан иборат бу улкан воҳа Даммамдан жанубга томон 200 км.га яқин узоқликда (машинада 2 соатлик йўл), соҳилдан 50 км.га яқин узоқликда бўлса керак, аниғини айтолмайман. Воҳада табиий чашмалар жуда кўп, улар шифобахш ҳам ҳисобланади, энг машхури Сариқ Кўл номли улкан чашма. Воҳа мамлакатдаги энг яшил, энг хушманзара ерлардан бири десам адашмайман, энг кўп хурмо етиштириладиган минтақалардан саналади. Воҳани дунёнинг етти мўъжизасидан бири дейишар экан, ҳатто. Бутун воҳа Неолит даврига оид археологик жойларга тўла - у жойларни ҳам сўз билан тасвирлаб бўлмайди, кўриш керак фақат. Айниқса, ён-атрофдаги беҳисоб тепаликлардан бирига чиқиб қаралса, кўринадиган манзара тасаввурни лол қолдиради - бир томонда гўзал чашма, яшиллик, хурмозор, бир томонда Неолит даври… Саробга ўхшайди, кўзига ишонгиси келмайди одам.
Воҳада Усмонийлар давридан қолган қаср ва қалъалар ҳам бор, биз булардан фақат бирини, воҳанинг асосий шаҳри Ҳофуфда жойлашган Иброҳим қалъасини бориб кўролганмиз - улкан қалъа, чиндан ҳам кўришга арзигулик, бир қисми музей қилинган, ажойиб музей. Саҳуд қалъасини эса фақат ташқарисидан кўрганмиз, қолганларига вақт етмаган. Шаҳар яқинига Исломнинг илк йилларида қурилган масжид бор (номини эслолмаяпман), уни ҳам зиёрат этишга улгурмаганмиз. Шаҳар миллий музейига ҳам, қадимий бозорига ҳам бора олмаганмиз.
Лайли ва Мажнун
Воҳада сайёҳлар энг кўп зиёрат қиладиган ер Ҳофуф яқинидаги Ал Қара тоғлари, аниқроғи шу тоғларда жойлашган улкан ғорлар - Али Баба ғорлари ҳам дейилади, жуда ўзгача шаклга эга, чиндан ҳам худди эртак кинолардаги сеҳрли ғорларга ўхшайди. Ёзса салқин, қишда илиқ бўлар экан, қадим тамаддунлар даврида бу ғорларда подишоҳлар яшаган дейилади. Ҳофуф шаҳрининг ўзи эса афсонавий Лайли ва Мажнун яшаб ўтган ер саналади.
Шарқий минтақага сафаримиздан энг эсимда қолгани Ҳофуфдан узоқ бўлмаган соҳилда жойлашган қадимий Ал Уқайр қал'а- бандаргоҳи бўлди. Қалъанинг бир қисми Исломдан кейинг даврда қурилган, лекин бандаргоҳнинг асосий қисми ва ён-атрофидаги археологик ерлар қадим тамаддунлардан ёдгор. У ерларда милоддан аввал қайсидир бир машхур қадимий шаҳар бўлган деб таҳмин қилинар экан, европалик археологлар қазилма ишлари олиб боришган экан. Бандаргоҳ Гладиаторлар давридаги Римни эслатади, у ерлада юриб кўрган одам бир ғалати бўлиб кетади.
Саудиянинг ҳамма ери соҳил, тоғ, яшил водий-воҳалар бўлса, чўлу саҳро қаерда дерсиз? Шарқий минтақанинг жанубий ярми, йа'ни мамлакатнинг жанубий-шарқий бурчаги, бу дегани Саудиянинг чорак қисми саҳродан иборат, у ернинг номи ҳам Бўш Чорак, Кимсасиз бурчак. Лекин асли у қадар бўш ва кимсасиз эмас - салқин, ёмғирли мавсумларда (кеч куздан эрта баҳоргача) у ерларда ҳам ўт-ўланлар ўсади, кўчманчи бадавийлар чорваларини ҳайдаб чиқишади, ўша атрофдаги шаҳар-қишлоқлар аҳолиси дам олгани боришади - ҳавоси тоза, тинч, осойишта. Салқин мавсумларда саҳро спортлари шайдолари бўлмиш маҳаллий ва ҳорижлик сайёҳлар ҳам кўп бўлар экан. Араблар ўзи саҳрони яхши кўришади, бу уларнинг қонида бор, буни тушунаман. Ажабланарлиси ҳорижлик сайёҳларнинг ҳам шу саҳро минтақасини жуда яхши кўришлари. Ҳозир у ерда ҳам мавсумий фестиваллар ўтказиладиган бўлган.
Саудиянинг бошқа минтақаларининг ҳам у ер-бу ерларида кичик саҳролар бор, масалан Ал Уланинг бир қисми саҳро. Лекин булар ҳақиқий саҳро ҳисобланмайди, шунчаки саҳрочалар.
Қор ёғадиган минтақалар
Шимолий минтақалар қишда жуда совуқ бўлади, тез-тез қор ёғиб турадиган шаҳарлар ҳам бор - Табук,Турайф, Рафҳа, ва Ар'ар - бу шаҳарларнинг бирортасини зиёрат қилиш насиб этмаган, лекин бориб кўрган ва яшаб кўрганлар айтишади, ба'зан ҳаммаёқни қор қоплар экан, болалар чана учиб, қорбўрон ўйнашар экан. Риёдда яшаган кезларимиз у ерларга яқинроқ эдик, бориб кўриш осонроқ бўларди, ҳозир мамлакатнинг бошқа чеккасида яшаймиз, энди у ерларга боришимиз жуда қийин. Қосим ва Ҳа'ил минтақаларига Риёдда яшаган охирги йилимиз қишги та'тил вақтида боргандик, бирйўла Ҳа'илга қўшни Жоф ва Табук вилоятларини кўриб келмаганимизга ачинаман, бу кўп вақт олмасди ҳам. Иорданияга чегарадош Жоф вилоятида энг кўргим келгани қадимий тамаддунлардан ёдгор Думат Ал Жандал шаҳри эди. У шаҳарга турмуш ўртоғим ўсмирлик пайтлари борган эканлар, у пайтлар амакиларидан бири ўша минтақада яшаган экан. Шаҳар милоддан аввалги даврга тегишли археологик жойларга тўла экан, турмуш ўртоғимнинг милоддан аввалги даврда қурилган қалъа ичида тушган суратлари бор, қалъа нисбатан жуда яхши сақланган.
Лекин ҳаммасидан ҳам Табук вилоятини кўролмай қолганимга ачинаман, айниқса Ҳақл шаҳрини, бу шаҳар мамлакатдаги энг гўзал табиатли шаҳар ҳисобланади - бир томони денгиз, бир томони тоғ. Соҳилдаги қум ҳам, денгиз сувининг ранги ҳам, атрофидаги тоғлар ҳам, иқлими ҳам, табиати ҳам ўзгача дейишади. Ҳақл соҳилидан туриб Миср ва Исроил қирғоқларини кўриш мумкин экан, ҳатто Синай тўглар ҳам элас-элас кўзга ташланар экан. Ҳақл шаҳри соҳилда жойлашгани билан Жидда каби порт шаҳри эмас, саноат ҳам йўқ, шу сабабли соҳиллари гавжум эмас, жуда сокин, осуда экан. Турмуш ўртоғим талабалик йиллари у ерда ҳам бўлган эканлар, соҳилда тушган суратлари бор - соҳилга яқин ерда ғарқ бўлган кема фонида, ғаввослар айни ўша соҳилни афзал кўришар экан, ҳорижлик ғаввослар у кемани '' Саудия Титаники'' дейишар экан, ҳатто. Кейинчалик бир европалик дугонамнинг сув ости камераси билан шўнғиб кема ичида олган видеотасвирларини кўрдим. Кеманинг ичидан кўра ҳам сув ости маржон қоялари таъсирлантирганди мени - Қизил денгиз шу маржон қоялари билан ўзига хос.
Ҳа'илдан қайтаётганимизда турмуш ўртоғим Табукка ўтиб, кейин Мадина орқали Риёдга қайтишни таклиф қилган эдилар, лекин болаларнинг таътили тугашига 3-4 кун қолганди, Табукни шоша-пиша саёҳат қилишни истамагандим. ''Келаси йил қишги таътилда бамайлихотир борармиз'' дегандим. Тақдир-да. Келаси йили мамлакатнинг бошқа четига кўчиб ўтишимизни билганимда шундай дермидим. Бошқа томондан эса, Табукка борадиган одам камида бир ҳафтага бориши керак - кўрмаса бўлмайдиган жойлар жуда кўп. Масалан, ''Саудия Арабистони Малдив ороллари'' деб ном олган Ум луж шаҳри ҳам Табукда. Шаҳар бежиз бундай ном олмаган - Малдив ороллари кабу бу шаҳар ҳам ўнлаб оролчалардан иборат (юздан ошиқ дейишади), қуми ва сувининг ранги ҳам худди Малдив оролларидагидек дейишади. Яқинда бориб келган танишим Ум Луж Малдивдан ҳам қизиқарлироқ дейди, айниқса, ғаввослик учун. Кимлардир у оролларда сайёҳлар учун хизмат яхши ташкиллаштирилмаганидан нолийди, ''кимсасиз ороллар'' дейишади. Оролларнинг кўпи чиндан ҳам мутлақо кимсасиз, йа'ни, ҳеч ким яшамайди. Лекин кўпчилик сайёҳлар, айниқса, ҳорижликлар учун айни шуниси айни муддао - ёввойи, яъни экологик жиҳатдан тоза, осуда табиат шайдолари учун. ''Кимсасиз оролда бир ўзинг сайр қилсанг, қумга чодир тикиб ухласанг, ёмонми? Денгизда чўмилсанг, сувга шўнғисанг, қайиқда сайр қилсанг, атрофда ҳеч ким бўлмаса, ёмонми?'' дейишади улар. ''Малдивда фақат денгиз, қум, ва бироз яшиллик. Ва Малдив жуда тирбанд. Ум Жужда одам жуда сийрак, кўпчилик соҳиллар, ороллар бўм-бўш, яшиллик кўпроқ, сув ости дунёси ҳам жуда бой, Ум Лужнинг бир томони тоғ, тоғнинг ўзида кўришга арзигулик ерлар қанча, бошқа қизиқарли ерлар ҳам шаҳардан узоқ эмас'', деганди Ум Лужга серқатнов қариндошлардан бири. ''Бошқа қизиқарли ерлар'' деганда нималарни назарда тутганини айтай - Ум Луж ён- атрофи, умуман, Табук минтақасининг ўзи Саудиядаги энг ажойиботларга бой минтақа. Табиат ажойиботларининг ўзи бир ён - қорли тоғлар, ғаройиб водийлар, ғалати қоя тизмалари, даралар, ажабтовур шаклдаги улкан харсанглар, кенгликлар, соҳиллар… Табук Саудиядаги энг қадим минтақа, яъни, милоддан аввалги энг қадим шаҳарлар жойлашган минтақа, шу боис ҳар қадамда тарихий ва археологик жиҳатдан муҳим нимадир бор - қадим тамаддунлардан қолган қоя ёзувлари, милоддан аввалги энг қадим тамаддунлардан ёдгор археологик жойлар, қалъа-қасрлар, сув иншоотлари, қудуқлар, мақбаралар… Қадимий Христиан ибодатхоналарининг ҳаробалари ҳам бор экан. Қуръони Каримда зикр этилган, Шуайб Алайҳиссалом қавми бўлмиш Мадян қавми яшаган, Мусо алайҳиссалом Миср фиръавндан қочиб паноҳ топган Мадян шаҳри ҳам Табукда бўлган экан, у ерда қоя ичига йўниб ишланган мақбаралар бор.














