Россия Беларусни айланиб ўтадиган парвозларни тақиқлади Rossiya Belarus Lukashenko

Сурат манбаси, Getty Images
Москвага етиб олиши учун Беларусь ҳаво ҳудудини айланиб ўтишни режалаган Европанинг икки авиа компаниясига Россия янги парвоз йўналиши бўйича учиб келишини тақиқлаган.
Air France ва Австрия Ҳаво йўллари парвоз режалари Россия томонидан рад қилингани ортидан рейсларини бекор қилган.
Европа Иттифоқи раҳбарлари Европадаги авиа компаниялардан Беларусь ҳаво ҳудудини айланиб ўтишни сўраган, бунга 23 май куни Беларусь ўзининг осмонидан учиб ўтаётган Ryanair ширкати йўловчи самолётининг йўналишини ўзгартириб Минскка қўнишга мажбур этгани сабаб бўлди.
Ушбу учоқ йўловчиси бўлган беларуслик мухолифат журналисти Роман Протасевич билан Россия фуқароси бўлган қизи ҳибсга олинган эди.
БМТнинг фуқаро авиацияси бўйича агентлиги Беларуснинг ушбу амали устидан тергов бошлашини ва халқаро авиация қонунчилиги бузилгани-бузилмагани текширилишини маълум қилган.
Россия Беларуснинг мустаҳкам иттифоқчиси ҳисобланади ва 28 май куни Президент Владимир Путин Сочида Беларуснинг 26 йиллик Президенти Александр Лукашенко билан юзага келган можарони муҳокама этиш учун учрашиши хабар қилинди.
Ўз ҳаво ҳудудига айрим рейсларни киритмаслик қарори ушбу дипломатик инқироз борасида Кремлнинг ташлаган илк қадамдир.
Германиянинг Lufthansa ва Польшанинг Lot авиа компаниянинг самолётлари рейслари ўз вақтида Москвага етиб борган. Нега бундай қарорга келгани борасида Россия тарафининг изоҳини ҳамма кутаяпти.
Европа Иттифоқи ва Буюк Британия ўз ҳаво ҳудудидан Беларусь авиа компаниялари парвозларини тақиқлади ва Беларусь раҳбариятига қарши янада кўпроқ санкциялар жорий этилишини маълум қилди. Бу санкциялар ичида Президент Александр Лукашенко ва мамлакатнинг бошқа расмий амалдорларига шахсан қаратилган жазо чоралари ҳам кўзда тутилиши айтилди. Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат идораси раҳбари Жозеф Боррел сўзларига кўра, Беларуснинг муҳим иқтисодий соҳаларини нишонга олган жазо чоралари "стол устида" турибди.
Reuters ахборот агентлиги хабар қилишича, Беларуснинг Belavia авиа компаниясининг 12 йўналишдаги Европа ҳаво ҳудудига амалга ошириладиган парвозлари 30 октябргача бекор қилинган. Булар Амстердам, Барселона, Берлин, Брюссел, Франкфурт, Ганновер, Калининград, Милан, Мюнхен, Рим, Вена ва Варшававлардир..
Европа авиа ширкатлари осмонини айланиб учгани учун Беларусь бир йилнинг ўзида миллионлаб доллар йўқотади.
Россиянинг Лукашенкони қўллаб-қувватлаш қарори эса Париж билан Москва ўртасидаги Air Franceнинг камида тўрт рейси бекор қилинишига олиб келган. Айрим йўловчилар Россиянинг "Аэрофлот" самолёти билан Москвага етиб олишган.
Австриянинг икки учоғи парвози қолдирилган. Бири Вена-Москва йўналишидаги йўловчи рейс, иккинчиси Венадан Хитойнинг Нанжинг шаҳрига мўлжалланган транспорт самолёти парвози бўлган.
Австрия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Россия амаллари "мутлақо тушунарсиз". Франция Траснпорт фазирлигининг "Франс Пресс" ахборот агентлигига айтишича, "ўзаро боғлиқлик тамойили... ҳурмат қилиниши керак".
Ҳаво парвозларини кузатиб борадиган Flightradar24 веб-сайти кузатилса, Беларусь осмонида самолётлар парвози кескин камайгани кўринади. Фақат Беларусь ва Россия авиа ширкатлари учоқлари парвоз қилаяпти.

Сурат манбаси, FlightRadar24
Чоршанба куни Беларуснинг Belavia ширкатига тегишли Минск-Барселона рейси бўйича парвозини бошлаган учоғи Польша Беларусь самолётларини тақиқлагани учун чегарада айлана-айлана яна Минск аэропортига қайтишга мажбур бўлган.
Якшанба, 23 май куни Ryanair авиа компаниясининг 4978-рейсдаги Афина-Вилнюс самолёти Минск аэропортига қўнишга мажбур қилинди. Йўловчи самолёт изига ҳарбий қирувчи самолёт тушган ва парвоз йўналиши ўзгартиришга мажбурлаган.
Самолёт бортида Литвада муҳожирликда яшайдиган беларуслик 26 яшар диссидент журналист Роман Протасевич ва унинг севгилиси 23 яшар халқаро ҳуқуқ талабаси София Сапега бор эдилар. Йўловчилар учоқдан туширилган вақтида иккиси ҳибс қилинган.
Протасевич Беларуснинг террочилар рўйхатига киритилган ва унга нисбатан жуда жиддий айбловлар илгари сурилиши мумкин.
Орадан тўрт кун ўтганидан кейин 27 май куни илк бор адвокатининг Протасевич билан кўришишига изн берилган.
"У яхши, бардам, позитив, қувноқ. Хавотирланадиган ҳеч нарса йўқ", дея адвокати Инеса Аленскаядан иқтибос келтирган Белорусские Новости веб-сайти. Бошқа ҳеч қандай ахборот беролмаслигини қўшимча қилган адвокат.
Россия Ташқи ишлар вазирлигига кўра, София Сапегага 2020 йил августи ва сентябрида Беларусь қонунларини бузиш айблови илгари сурилган. Лекин қиз қандай жиноятда айбланаётгани ҳозирча маълум эмас.
Улар иккиси жиноят содир этганларини бўйниларига олиб гапирган видео тарқатилди, бу гапларни улар босимсиз, ўз ихтиёрлари билан гапирган-гапирмагани номаълум.
Самолётни қўнишга мажбурлаш ва ундан кейинги ҳибс халқаро ҳамжамиятни жуда ғазаблантирди.
"Бу фуқаро авиациясини бошқарадиган қонунларга жуда жиддий ҳужумдир... Ушбу амал сўз эркинлигига ҳам жиддий ҳужум ҳамдир", дейилади йирик 7 лик номидан эълон қилинган баёнотда. Дунёнинг йирик еттилиги таркибига АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция, Япония киради.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост

















