Беларуснинг қилган иши 'бежавоб қолмайди'ми? - Belarus, Rossiya, Lukashenko, Putin, yangiliklar

Сурат манбаси, EPA/ARXIV
Бир халқаро йўловчи самолётини исталган давлат ўзида қўндиртира оладими? Халқаро қонунчилик бунга нима дейди? Беларуснинг ишини бугун, душанба куни Европа Иттифоқи кўриб чиқади. Нато ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жиддий хавотирда.
Якшанба куни сарлавҳаларга чиққан ҳодисани АҚШнинг Беларусдаги элчиси ҳам беэътибор қолдирмади, твит қилди.
Жули Фишер Лукашенконинг журналистни ҳибсга олиш учун бомба баҳонаси билан қирувчи учоқларни сафарбар қилишгача борганини "ўта ахлоқсиз бир иш", деб атади.
АҚШ Давлат котибининг сўзларига кўра, Президент Жо Байден маъмурияти ҳамкорлари билан бирга Беларусь ҳокимиятига нисбатан кейинги қадамларини мувофиқлаштирмоқда.
Европа Кенгаши раисининг расман билдиришича, Европа Иттифоқи лидерлари бугунги саммит чоғида "мисли кўрилмаган бу воқеа"ни муҳокама қилишади ва "бежавоб қолдиришмайди".
Нато Бош котиби бу "жиддий ва хавфли ҳодиса" эканини айтмоқда.
Литва ва Латвиянинг баён қилишича эса, Беларусь ҳаво ҳудуди хавфли, деб топилиши, барча халқаро рейслар учун ёпилиши лозим.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фуқаро авиацияси бўйича агентлиги ҳам хавотирда.
Ташкилотга кўра, "йўловчи самолётининг яққол мажбуран қўндирилиши" Чикаго Конвенциясига зид бўлиши мумкин.
Мазкур конвенция ҳаво ҳудуди ва самолётлар хавфсизлиги тўғрисидаги тартиб-қоидаларни кўзда тутади.
Польша Бош вазирининг айтишича эса, "йўловчи самолётини олиб қочиш мисли кўрилмаган давлат терроризмидир ва у жазосиз қолмайди".
Британия Ташқи ишлар вазирининг баён қилишича, Протасевич "ҳийла-найранг" билан қўлга олинган ва зудлик билан озод этилиши лозим.
Доминик Раабнинг айтишича, "Лукашенко ўзининг қинғир иши учун жавоб бериши керак".
Президент Александр Лукашенко ва унинг яна ўнлаб амалдорлари шундоқ ҳам Европа Иттифоқининг санкциялари остида.

Сурат манбаси, Reuters
Бунинг оқибатлари нима бўлади?
Жеймс Лэндейл
Би-би-сининг Дипломатик масалалар бўйича мухбири
"Айнан нималар юз бергани тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.
Аммо бунинг оқибатлари жиддий бўлиши мумкин.
Юз берган ҳодиса бир қатор саволларни ўртага чиқаради.
Ҳаво ҳудуди қанчалик эркин? Қолган самолётлар ҳам худди шу каби таҳдид остида қолиши мумкинми?
Баъзилар буни аллақачон "тажовуз ёки давлат терроризми, самолётни олиб қочиш амали", деб ҳам аташди.
Шундай экан, йўловчилар қанчалик хавф остида бўлишган?
Юз берган ҳодиса нимани англатади? Самолётлар энди Беларусь ҳаво ҳудудини четлаб ўтиши керакми?
Бу қанчалик ноқонуний ва оқибатлари қандай бўлиши керак? Айни ўринда халқаро қонунчилик билан боғлиқ саволлар бор.
Мазкур воқеа манзарасида сўз эркинлиги масаласи ҳам кун тартибига чиқади.
Яъни, авторитар режимлар танқидчилари энди қанчалик эҳтиёт бўлишлари лозим? Улар ҳам ўзлари учун қўрқишлари керакми?
Масаланинг халқаро дипломатия билан боғлиқ жиҳати ҳам эътиборга молик.
Европалик қатор сиёсатчилар аллақачон Европа Иттифоқи ва Натони жим қараб турмасликка чақириб чиқишди.
Беларусь ҳукуматига қарши янги санкциялар жорий этиш талаби ҳам кучаймоқда.
Ғарб ўтган йилги зиддиятли президент сайлови ортидан Беларусь ҳукуматнинг легитимлигини шундоқ ҳам савол остига олиб келади.
Президент Лукашенкони кўп Европанинг "сўнгги диктатори"га қиёс беришади.
Энди унинг унвон, мақомлари қаторига "қароқчи", дегани ҳам қўшиладими?..".
Айрим халқаро экспертларга кўра эса, "Беларусь ҳукумати ўзининг қилган иши билан халқаро қонунларни шубҳасиз бузган".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















