Коронавирус: Хитой текширилсин, деган талабга Россия ва Қозоғистон ҳам қўшилди- Koronavirus

Сурат манбаси, EPA
Коронавирус пандемиясининг келиб чиқишига доир халқаро текширув ўтказишга чақирган 100 дан ортиқ давлатга Россия ва Қозоғистон ҳам қўшилди.
Ўзбекистон йўқ.
Европа Иттифоқи томонидан тайёрланган қарор лойиҳаси Бутунжаҳон Соғлиқ Ассамблеясининг бугунги йиллик анжуманига тақдим этилиши кутилмоқда.
Бутунжаҳон Соғлиқ Ассамблеяси Жаҳон Соғлиқ Ташкилотининг энг юқори органи ҳисобланади.
Ғарблик таҳлилчиларга кўра, Австралиянинг чақириғи асос қилиб олинган лойиҳани Пекиннинг анъанавий иттифоқчиси бўлган Москва томонидан дастакланиши халқаро майдонда Хитойнинг яккаланишига олиб келиши мумкин.
Хитой ўзининг коронавирус манбаси ва пандемия тарқаганидан кейинги қадамлари борасида сўроққа тутилиши кераклигини айтган Австралияни "масъулиятсизлик"да айблаган.
Пекиннинг даъво қилишича, бу каби чақириқ "пандемияга қарши халқаро ҳамкорликка путур етказиши мумкин".
Мустақил халқаро текширув коронавирус қаердан келиб чиққани, Хитойнинг, айниқса, илк кунларда маълумотни бошқалар билан қанчалик бўлишгани каби масалаларга ойдинлик киритиши кутилади.

Сурат манбаси, AFP
Ухандаги рақамлар 10 кундан кўп ўзгаришсиз қолган
Хитой Ухандаги эпидемия ҳақида дунёни огоҳлантирмоқчи бўлган мутахассисларнинг овозини ўчиргани, эпидемия хавфини кичрайтириб кўрсатишга урингани айтилади.
Хитой ҳукуматининг соғлиқни сақлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси, доктор Йонг Наншан шанба куни CNN телеканалига берган интервьюсида Ухандаги маҳаллий расмийлар қўлларидаги маълумотларни бўлишишни унчалик ҳам истамаганликларини айтди.
"Уханда коронавирусга чалиниш ҳоллари 10 кундан кўпроқ вақт мобайнида 41 талигича қолаверди. Мен бу рақамга ишонмадим ва касалларнинг ҳақиқий сонини очиқлашни талаб қилдим. Аммо менга унчалик ҳам истамайдан жавоб беришди", деб айтган Йонг.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Таҳлилчиларга кўра, АҚШ ва Европа раҳбарларининг эпидемиядан кейинги хаосда Хитойни айблаши Пекиннинг халқаро майдондаги мавқейига зарар етказган.
Аммо Хитой Жаҳон Соғлиқ Ташкилотини ўтган йил декабрида огоҳ қилганини айтиб, айбловларни рад этади.
Европа Иттифоқи ишлаб чиққан қарор лойиҳасида Хитой ёки бошқа бир давлатга қаратилган айблов йўқ.

Хитой аввалроқ бу каби текширувни фақат Жаҳон Соғлиқ Ташкилоти етакчилигида олиб борилишига рухсат бериши мумкинлигини айтган эди.
Аммо АҚШ ва Германия жосуслик хизматлари Жаҳон Соғлиқ Ташкилоти Хитойнинг таъсири ва босими остида эканини айтмоқда.
ЖСТ бу иддаоларни рад этади.
'Маълумотларни йўқ қилган'
Инглиз тилида сўзлашувчи беш давлат жосуслик хизматлари тайёрлаган қўшма ҳисоботда айтилишича, Хитой янги коронавирус ҳақидаги муҳим маълумотларни яширган ва йўқ қилган.
Бу ҳақда аввалроқ ҳисобот нуҳасини қўлга киритганини айтган Австралияда чиқадиган Sunday Telegraph нашри хабар берган.
Бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ, аммо иддаолар Ғарб билан Хитой ўртасидаги ахборот уруши тобора кучайиб бораётганини кўрсатади.
Sunday Telegraph нинг ёзишича, АҚШ, Британия, Канада, Австралия ва Янги Зеландия жосуслик хизматларининг "Беш кўз" (Five Eye) деб номланган альянси ўзининг 15 бетлик ҳисоботида Хитой коронавирус ҳақидаги маълумотларни қасддан яшириш орқали бошқа давлатларни хавф остига қўйгани айтилади.
Нашрнинг ҳисоботдан иқтибос қилишича, Хитой ҳукумати дунёни хавфдан огоҳлантирмоқчи бўлган шифокорларнинг овозини ўчирган, лаборатория тажрибаларининг изини йўқотган ва янги коронавирусга қарши вакцина устида ишлаётган хорижий мутахассисларга намуналарни тақдим этишдан бош тортган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













