Коронавирус: Ўзбекистон кузатувчи, Қозоғистон вакцина ҳаракатида, Россия нима қилмоқчи? - O'zbekiston

Сурат манбаси, official
Коронавирус: Ўзбекистон кузатувчи, Қозоғистон вакцина ҳаракатида, Россия нима қилмоқчи? - карантин режими остидаги Ўзбекистонда парламент ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи бўйича якуний қарорини айтди - минтақа, Россия ва дунёда нима гап?
Ўзбекистон:
Ўзбекистонда коронавирусга оид кундалик маълумотлар кун ҳисобидан икки бор янгиланди - жаъми рақамлар 1939 тага етди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шу пайтга қадар коронавирусдан соғайганлар сони эса, қарийб минг кишига яқинлашди - 958 кишига чиқди.
Ўзаро нисбатда фарқ деярли бир-бирига тенглашди.
Сўнгги кунларда кундалик ҳолатлар фақат бир неча ўнни ташкил этаётгани кўрилади.
Бу нимани англатиши ҳозирча маълум эмас: Ўзбекистонда коронавирус ўзининг чўққисига чиқиб-чиқмагани ҳали-ҳануз ноаёнлигича қолмоқда.
Шу вақтгача мамлакатда чорак миллионга яқин киши коронавирусга текширилган.
Ҳали яна 80 мингдан ортиқ одам карантин остида қолмоқда.
Коронавирусдан ўлим ҳоллари эса, жаъми 8 тани ташкил этиб турибди.
Ўзбекистонликларни энг кўп нима ўлдиради?:

Сурат манбаси, official
Энг кўп қон айланиш тизими хасталиклари.
Бунга Давлат статистика қўмитасининг янг ҳисоботи далолат қилган.
Ҳисобот январь-март оралиғидаги муддатни қамраб олган.
Ўзбекистонликларнинг ярмидан кўпи худди шу касалликлардан вафот этиши маълум бўлган.
Ундан кейинги ўринда эса, ўсимталар келган.
Аммо саратон хасталигидан ўлаётганлар сони 9 фоиздан сал ортиқроқни ташкил этган.
Ўзбекистондан яна бир ғоя:

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон энди ўзининг коронавирусга тест-тизимини ишлаб чиқмоқчи.
Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби маълум қилган.
Аён бўлишича, вазирлик қошидаги Илғор технология маркази 50 мингта тест-тизими ишлаб чиқишга тайёр: Лаборатор ва клиник синовлар якунланган.
Бу экспресс эмас, балки лабораторияларда фойдаланиш мумкин бўлган тўлақонли тест бўлади.
Таҳлилларга эса, 5-6 соат вақт кетади.
Айтилишича, ўзбек олимлари томонидан ишлаб чиқилган тест-тизими алоҳида хусусиятга эга.
У ҳозиргиларидек бир эмас, вирус геноми уч участкасининг полимерли занжирли реакция усулидаги таҳлилига асосланган.
Минтақада нима гап?

Сурат манбаси, official
Қозоғистонда жаъми коронавирус ҳоллари қарийб уч мингтага яқинлашган - шу соатларда 2982 кишига етган.
Умумий ҳисобда коронавирусдан 754 бемор соғайган бўлса, 25 нафари ҳаётдан кўз юмган.
Коронавирусга чалинганлар ва ундан вафот этганларни сони бўйича Қозоғистон минтақада энг пешқадам мавқеъдалигича қолмоқда.
Худди шу манзарада Қозоғистон коронавирусга қарши курашда сунъий онгни ишга солиш режасида экани кўрилган.
Хабарларга кўра, Қозоғистон икки ҳафталик музокаралар ортидан бу хусусда АҚШ билан келишиб олган.
Қозоғистон яна ўзларида коронавирусга қарши вакцина ҳам ишлаб чиқариш ҳаракатида экани маълум бўлган.
Аммо бунинг учун уч йил лозим бўлиши айтилган.
Қозоғистон Президенти куни-кеча амалдаги фавқулодда вазиятни 11 майга қадар узайтирган.
Президент Тоқаев ҳалича коронавирус чўққисидан тўлиқ ўтиб олмаганликларини айтган.
Аммо бутун мамлакат бўйлаб карантин чораларини юмшатиш ҳаракатида эканликлари кўрилган.
1 майдан бошлаб пойтахт Нур-Султон ва Олма-ота ўртасида авиақатновларнинг қайта йўлга қўйилиши ҳам маълум бўлган.

Сурат манбаси, official
Тожикистон эса, коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун яна бир эҳтиёт чорасига қўл урган.
Барча футбол беллашувларини 10 майгача - икки ҳафтага тўхтатиб қўйган.
Тожикистон дунёнинг глобал пандемияси шароитида футбол ўйналаётган саноқли давлатларидан бири эди.
Тожикистонда коронавирус ҳалича расман қайд этилмаган.
Аммо худди шу манзарада Россиянинг махсус чартер рейслар ёрдамида Тожикистондан ҳам ўз фуқароларини олиб чиқиб кетиш ҳаракатида экани маълум бўлган.
Россия ниманинг ҳаракатида?

Сурат манбаси, official
Хабарларга кўра, Россия келаси бир неча куннинг ичида Тожикистон томонининг рухсати билан учта чартер рейсини амалга оширмоқчи.
Тожикистонда қолаётган фуқароларини ҳам ортга қайтармоқчи.
Аммо уларнинг аниқ қанча сонда экани маълум эмас.
Россия Тожикистонда ўзининг хориждаги энг йирик ҳарбий базасига эга.
Тожикистонда жойлашган 201-ўқчи бўлинмаси таркибида 7 мингга яқин ҳарбийси хизмат қилади.
Глобал коронавирус пандемияси боис, Россиянинг ўзида 27 мартдан бошлаб жузъий истиснолар билан халқаро парвозлар вақтинча тўхтатилган.
Россия жорий пайтда коронавирус билан боғлиқ энг ёмон аҳвол қайд этиб турилган собиқ Шўро давлати бўлади.
Бугунга келиб, Россияда коронавирусга чалинганларнинг жаъми сони 93 минг кишидан ортган.
Россия дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигидаи банд давлати бўлади.
Ўзбекистон орада махсус чартер рейслари ёрдамида юзлаб фуқароларини Россиядан ортга қайтаришга муваффақ бўлган.
Аммо ҳали-ҳануз катта сондагиси Россияда қолмоқда, улардан ўнлабининг коронавирусга чалингани расман тасдиқланган.
Ўзбекистон томонининг сўнгги кунларда кўплаб шикоятлар ортидан, Россияда карантин остида қолаётган фуқароларига моддий кўмак бериш ҳаракатида экани ҳам кўрилади.
Россиянинг янги режаси эса, Тожикистондан ташқари яна Исроил, Италия, Таиланд, Хитой каби дунёнинг бошқа қатор давлатларини ҳам қамраб олади.
Якуний қарор

Сурат манбаси, Getty Images
Глобал пандемия манзарасида эса, Ўзбекистоннинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқида "кузатувчи давлат" мақомида иштирок этиши маълум бўлди.
Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бугун, 28 апрель куни иттифоқ билан ҳамкорлик юзасидан якуний қарорга келди.
ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи аксарият минтақавий таҳлилчилар томонидан Кремлнинг геосиёсий мақсадларни кўзлаган йирик геоиқтисодий лойиҳаси сифатида кўрилади.
Иқтисодий бу иттифоқ бир давлатнинг сиёсий мустақиллигига таҳдид сифатида талқин, таҳлил этилади.
Аммо расмий Тошкент бу каби хавотирларни расман, ошкора ва изчил равишда рад этиб келган.

Сурат манбаси, TURKMENISTAN.GOV.TM
Туркманистон эса, куни-кеча Ахалтекин отлари кунини ўтказиб олган.
Сана баҳона, президенти яна саккизта отли бўлиб қолгани хабар берилган.
Маълум бўлишича, уларнинг барчаси Гурбангули Бердимуҳаммедовга совғага тушган.
Туркманистондаги Ахалтекин отларининг сони уч мингдан ортади ва бу отлар ўзининг зотдорлиги, гўзаллиги, қанчалар келишганлиги билан ажралиб туради.
Туркман раҳбари отнинг ашаддий ишқибози экани, бўш вақтларида отда юриб, ҳордик чиқаришни яхши кўриши айтилади.
Ахалтекин отлари Туркманистонда ўзига хос ифтихор рамзига айланган, давлат рамзининг марказидан ўрин олган ва қатор хорижий давлат раҳбарларига энг олий ҳадя сифатида тортиқ этилган.
2017 йилда Туркманистонга илк хорижий давлат ташрифини амалга ошираркан, Шавкат Мирзиёев ҳам ана шундай давлат раҳбарларидан бирига айланганди.
Дунёда нима гап?

Сурат манбаси, Reuters
Дунё бўйлаб коронавирусга чалинланлар сони 3 миллиондан ортди, вирус 210 мингдан кўпроқ инсоннинг ёстиғини қуритишга улгурди.
Вирус энг кўп тарқаган мамлакат Америка - у ерда коронавирусга чалинганлар сони бир миллион атрофида.
Россия эса коронавирусга чалинганлар сони бўйича Хитойни ортда қолдирган.
Дунё бўйлаб тўққизинчи ўринга чиқиб олган.
Мамлакатда 90 минг атрофида вирусга чалинганлар борлиги айтилган.
Душанба кунидан бошлаб АҚШнинг бир неча штатлари ва Европанинг айрим давлатларида чекловлар юмшатилган.
Мактаблар ва баъзи дўконлар очилган.
Коронавирусдан даволаниб чиққан Британия Бош вазири Борис Жонсон эса ҳукумат ҳали мамлакат бўйлаб жорий қилинган чекловларни юмшатиш режасида эмаслигини айтган.
У аҳолини сабр қилишга чақирган.

Сурат манбаси, AFP
Президент Трамп пандемияга доир матбуот анжуманида Хитойни вирусни жиловлай олмаганликда айблаган.
АҚШ, президентга кўра, Хитой ҳукуматининг амалларига доир қандайдир текширувни бошлаган.
Трамп шунингдек, Шимолий Корея раҳбарининг аҳволида хабардор эканини айтган, аммо бу ҳақда у ҳеч кимга ҳеч нарса демаслигини ҳам таъкидлаган.
"Сизларга аниқ ҳеч нарса айтолмайман. Ҳа, унинг вазиятидан жуда яхши хабардорман. Унга яхшилик тилайман. У билан алоқаларимиз жуда яхши. Мен президент бўлмаганимда сизлар уруш ҳолатида бўлардингиз. У ўзини қандай ҳис қилаётганини биламан. Кўрамиз. Сиз ҳам яқинда биласиз бу ҳақда", деб айтган Трамп.
Ички қочқинлар сони мисли кўрилмаган даражада ортди

Сурат манбаси, Getty Images
Дунё бўйлаб ўз уйини ташлаб чиққанлар ёки ички қочқинлар сони 50 миллионга етган.
Сурия, Конго Демократик республикаси, Яман ва Афғонистонда одамлар ўз уйларини урушлар туфайли тарк этмоқдалар.
Аксарият қочқинлар жамлоқларидан бошпана топишган ва пандемия даврида ўта хатарнок вазиятга тушиб қолишган.
Пентагон номаълум учувчи жисмни кўрсатдими?

Сурат манбаси, CBSNews
Америка мудофаа вазирлиги душанба куни ҳарбийлар томонидан видеога олинган "номаълум учувчи жисмлар"ни намойиш қилган.
Видеолар 2004 ва 2015 йиллар оралиғида олинган.
Биринчи ҳолатда америкалик ҳарбий учувчиларга Тинч океанидаги номаълум учувчи жисм текширилиши ҳақида топшириқ берилади.
Белгиланган нуқтада учувчилар узунлиги 15 метр бўлган номаълум жисмни сув сатҳидан 20 метр баландликда турганини кўришади.
Америка ҳарбий учоғи айни жисмга яқинлашганда у катта тезлик билан тепага кўтарилади ва кўздан йўқолади.
Кейинроқ ҳарбий учувчилардан бири умрида бунақа тез парвоз билан кўкка кўтарилган бирор бир нарсани кўрмаганини айтади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












