Коронавирус: Нега одамлар Covid-19 ҳақидаги афсоналарга ишонишади?

Woman and man wearing tinfoil hats

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Саломатлик билан боғлиқ сохта маълумотлар тез тарқайди
    • Author, Дэвид Робсон
    • Role, BBC Future

Ҳар қандай пандемия, афсуски, ўзининг ёлғон ахборот тўлқини билан келади.

Ўтган асрнинг 80, 90- йиллари ҳамда 2000-йилларда ҳам биз ОИТС ҳақидаги инсон ҳаёти учун хавф туғдирадиган ёлғонларнинг тарқаганига гувоҳ бўлган эдик.

Улар орасида ВИЧ вируси давлат лабораториясида яратилган, дегандан тортиб, ВИЧ тестлари ишончсиз сингари даъволар бор эди.

Ҳатто ОИТСни эчки сути билан даволаса бўлади, деган асоссиз назария ҳам бўлган.

Бу каби даъволар инқирозни янада чуқурлаштиради.

Зарарли ғоялар

Ҳозирда биз яна "фэйк ньюз" тўлқинининг қайтадан бош кўтараётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу сафар коронавирус пандемияси атрофида.

Фэйсбукдан Ватсапгача барча тармоқларда мунтазам тарқалаётган хабарлар коронавируснинг келиб чиқиши-ю, ундан қандай сақланиш мумкинлигига доир кўплаб ёлғон маълумотларни ўз ичига олади.

Aids rally in the US

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўтмишда ОИТС ҳақида кўплаб ёлғонлар тарқаши унга қарши курашни қийинлаштирган

Энг ёмони бу ғояларнинг ўзи зарар етказиши мумкин. Эроннинг бир вилоятида коронавирусдан сақлайди, деган сохта иддаога ишонган одамлар юқори концентрацияли спиртни истеъмол қилишган, натижада вируснинг ўзидан кўра кўпроқ одам ўлган.

Аммо бир қараганда зарарсиз кўринган ғоялар ҳам одамга сохта хавфсизлик туйғусини бериши ва ҳукумат тавсияларига қулоқ солмаслик, соғлиқ расмийлари ва ташкилотларига шубҳа билан қарашга ундаши ҳеч гапмас.

Одамлар бу каби ғояларга ишонаётганларининг далиллари кўп.

Иддаолар

Ўтган ой YouGov омма сўрови маркази ва Economist нашри ўтказган тадқиқот натижалари америкаликларнинг 13 фоизи коронавирусни тўқиб чиқарилган нарса, 49 фоизи эса инсон қўли билан яратилган эпидемия, деб ишонишини кўрсатган.

Сиз балки келажакда ақлни кўпроқ ишлатсак ёки таълимни яхшиласак, далилларни уйдирмадан ажратадиган бўлармиз, деб айтишингиз мумкин.

Аммо бу сохта маълумотларга ишонаётганлар орасида жуда кўп ўқиган, зиёли одамларни топиш қийин эмас.

Conspiracy theorist Kelly Brogan

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Массачусетс Технология институтини тамомлаган Келли Броган микроблар назариясининг асосларини ҳам рад этади

Covid-19 атрофидаги фитна назариялари муаллифларидан энг машҳури ёзувчи Келли Броган.

Унинг ўзи Массачусетс Технология институтини тамомлаган ҳамда Корнволл университетининг руҳшунослик дипломига ҳам эга.

Аммо шунга қарамасдан, у Хитой ва Италияда коронавирус хавфига доир далилларни кўрмасликка олди. Бугина эмас, ҳатто микроблар назариясининг асосларини ҳам савол остига олди ва сохта илмий назарияларни илгари сурди.

Ҳатто айрим давлат раҳбарлари ҳам пандемия ҳақида асоссиз маълумотларни ёйиш ва фойдасидан зарари кўп бўлган даво усулларини тарғиб қилиш билан коронавирусга қарши курашга зарар бераётганларини кўриш ачинарли.

Brazilian President Bolsonaro

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Фэйсбук Бразилия Президенти Болсонарунинг коронавирус давоси ҳақидаги постини олиб ташлаган

Шу боис Twitter ҳамда Facebook Венесуэла ва Бразилия президентлари Николас Мадуро ҳамда Жаир Болсонаруларнинг постларини олиб ташлашгача борди.

Аммо руҳшунослар ҳам қараб туришгани йўқ, бу кўринишни яқиндан ўрганишмоқда.

Уларнинг хулосалари бизни ёлғонлардан ҳимоялаш ва ёлғон тарқатиш ҳамда кулгиги аҳволга тушиб қолишдан сақланишимизга ёрдам берса, не тонг.

Ахборот юки

Муаммонинг бир қисми маълумотларнинг табиатида.

Биз ҳар куни ва кун бўйи турли-туман ахборотлар билан "бомбардимон" қилинамиз. Уларнинг қайсинисига ишониш, ишонмаслик масаласида эса ўзимизнинг савқи табиий-интуициямизга таянамиз.

Фэйк ньюз таъминотчилари ўзларининг ахборотларини ишонарли қилиб кўрсатадиган "трюк"ларни ишлатишади. Бу эса бизни танқидий ақлни ишлатишдан чекинтиради. Масалан, манбаларнинг ҳаққонийлигини текширишдан.

Муаллифлардан бири айтганидек, "фикрлар бир маромда оқиб турган пайт одамларга бош ирғаб, маъқуллаш қолади, холос".

Австралия Миллий Университетидан Эрин Ньюманнинг ёзишича, масалан, бир баёнотга оддий сурат илова қилинганда, баёнотнинг ҳаққонийлигига ишонч кучаяди. Ҳатто суратнинг баёнотдаги даъвога алоқаси юзаки бўлса ҳам.

Internet post about Covid-19

Сурат манбаси, Getty Images

Масалан, янги даво усули ҳақидаги маълумотга вируснинг умумий сурати илова қилиниши мумкин.

Бу сурат гарчи маълумотнинг тўғрилигини тасдиқламаса ҳам, тасавуримиздаги умумий сценарийни визуаллаштиришга ёрдам беради.

Бу ердаги "равонлик"ни биз маълумот-даъвонинг ҳаққонийлиги белгиси, деб қабул қиламиз.

Худди шу сабабдан коронавирус ҳақидаги ёлғон маълумотга тавсифловчи тил ёки ёрқин инсоний ҳикоялар илова қилинган бўлади.

Унда шунингдек, етарли даражада маълум бўлган фактлар ёки рақамлар ҳам берилади. Масалан, тан олинган биронта олим ёки соғлиқ ташкилотининг номи. Бу эса биздаги олдинги маълумотларга ишоратан, ишончимизни янада орттиради.

Ҳатто битта нарсани қайта-қайта такрорлаш ҳам унинг "ҳаққонийлиги"ни орттириши мумкин.

Бундай ҳолларда биз фактларнинг "танишлиги"ни уларнинг ҳаққонийлиги билан адаштириб юборамиз.

Teens texting

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Фактларнинг танишлигини уларнинг ҳаққонийлиги билан адаштириб юбориш осон

Шу тариқа, янгиликлар тасмасида нимани кўп кўрсак, ўша нарсани тўғри, деб ишонамиз. Ҳатто бошида ишонқирамай қараган бўлсак ҳам.

Ўйламасдан бўлишиш

Бу ҳийлалар пропагандачилар ва сохта маълумот тарқатувчиларга азалдан маълум бўлган. Фақат бугунги ижтимоий тармоқлар бизнинг ишонувчанлик тенденциямизни янада кучайтириб юборган.

Охирги далиллар шуни кўрсатмоқдаки, кўпгина одамлар маълумотларни тўғри-нотўғрилиги ҳақида ўйлаб ўтирмасдан, бўлишишга мойил.

Канаданинг Режайна Университетида дезинформация психологияси мавзусида илмий тадқиқот олиб борган Гордон Пенникук қизиқ сўров ўтказган.

У сўров қатнашчиларидан коронавирус ҳақидаги ҳақиқий ва сохта янгиликлар сарлавҳаларига назар ташлашни сўраган.

Қатнашувчиларнинг 25 фоизи фэйк маълумотни тўғри, деб айтишган.

Бу маълумотни бўлишасизми, деб сўралганида 35 фоиз одам ҳа, деб жавоб берган. Яъни бўлишувчилар яна 10 фоизга кўпроқ.

People using smartphones

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тадқиқотларнинг кўрсатишича, кўпчилик сохта хабарларни уларнинг сарлавҳасига қараб бўлишади

"Бу одамлар, ўйлаб кўрганлари тақдирда, сохталигини билиб оладиган маълумотларни ҳам бўлишишга тайёрликларини кўрсатади", дейди Пенникук.

Ҳойнаҳой, уларнинг ҳаёлларини маълумотнинг қанчалик тўғрилигидан кўра, қанча кўп лайк босилиши мумкинлиги ҳақидаги фикр кўпроқ банд қилган.

"Ижтимоий тармоқлар ҳақиқатни ташвиқ қилмайди. Улар мулоқотни ташвиқ қилади", дейди Пенникук.

Ёки улар шунчаки ҳукм чиқариш масъулиятини бошқаларга ҳавола қилиб юбораётган бўлишлари мумкин.

Кўпчилик фойдаланувчилар сохта маълумотларни "мен бунинг қанчалик тўғрилигини билмайман" қабилида масъулиятни ўзларидан соқит қилган ҳолда бўлишадилар.

Улар агар маълумотларда қандайдир ҳақиқат бўлса, дўстларга нафи тегиши мумкин, бўлмаса, зарари тегмайди, деб ўйлашади. Ваҳоланки, зарари ҳам тегади.

Бу сохта маълумотлар уй шароитидаги рецептни тавсия қиладими ёки ҳукуматлар томонидан нимадир яширилаётгани ҳақидаги назарияними, одамларни ўзларига оддий саволни беришдан чалғитиши тайин.

Ва бу, табиийки "бу ўзи ҳақиқатми?" деган саволдир.

Бир зум тўхтанг!

Руҳшунослик тадқиқотлари шуни кўрсатадики, баъзи одамлар ўзларининг рефлекс даражасидаги муносабатларига берилмасликда бошқалардан кўра яхшироқ.

Бу бизга нега баъзи одамлар фэйк ньюз таъсирига камроқ берилишларини тушунишда ёрдам беради.

Тадқиқотчилар бу тенденцияни ўлчаш учун "когнитив акс эттириш тести" (CRT) деган усулдан фойдаланишади.

Girls whispering

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Баъзилар сохта янгиликни бошқалардан тезроқ илғаб олишади

Бу усулнинг қандай ишлашини тушуниш учун қуйидаги мисолни кўриб чиқинг:

  • Гулнора (исм тасодифий ва ўзбекчалаштирилган-таҳр.)нинг отасининг уч қизи бор. Биринчи икки қизининг исми Апрель ва Май. Учинчи қизнинг исми нима?

"Июнь" деб жавоб бердингизми? Кўпчилик берадиган интутитив жавоб ана шу. Аммо албатта, тўғри жавоб, бу - Гулнора.

Тўғри жавобни топиш учун сиз бир зум тўхтаб, дастлабки жавобни отлаб ўтишингиз керак бўлади.

Ақл юритинг

Когнитив акс эттириш тести, бу фақат интеллектни текширмайди, балки бир шахснинг ўзидаги интуиция билан чекланмасдан, таҳлилий фикрлаш орқали ўз интеллектини қандай сафарбар қила олиш салоҳиятини текширадиган бир тестдир.

Бу салоҳиятни ишлатмайдиган одамлар, руҳшунослар тилида кўпинча, "когнитив хасислар" деб аталади.

Бунинг маъноси шуки, одам ўзида сезиларли ақлий заҳиралар бўлгани ҳолда, уларни ишлатмайди.

Когнитив хасислик бизни тарафкашлик ва олдиндан ҳукм чиқаришга мойил қилиб қўяди. Шунингек, ахборотни (ва сохта ахборотни) истеъмол қилиш йўсинимизни ҳам ўзгартиради.

Two Asian boys looking at each other's mobile phones

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Биз сарлавҳалар ва постларни ақлимизни қанчалик ишлатишимизга қараб турлича қабул қиламиз

Шимолий Каролинадаги Дюк Универститетидан Метью Стенли одамларнинг коронавирус ҳақидаги сохта назарияларга қанчалик ишонувчанлиги юзасидан тадқиқот олиб борган.

Америкаликларнинг 13 фоизи Covid-19 ҳақидаги ёлғонларга ишонар экан.

"Бу (вирус) нинг тез тарқалиши учун 13 фоиз етарли", дейди Стенли.

YouGov омма сўрови маркази ва Economist нашри ўтказган биринчи сўровдан кўп ўтмай, Стенли олиб борган тадқиқот когнитив акс эттириш тестида энг паст натижани олганлар нотўғри далилларга кўпроқ мойил эканини аниқлаган.

Худди шу одамлар вирус тарқалишини тўхтатадиган қўл ювиш ва ижтимоий масофа сақлаш сингари чораларга ҳам энг кам амал қиладиган одамлар экани ўртага чиққан.

Фэйкни тўхтатинг

Кўпчилик одамлар, ҳатто зиёлилар ҳам сохта ахборотни қабул қилишга мойиллигини билиш бизга фэйк янгиликларни тўхтатишда ёрдам беради.

Warning sign in English asking people to stay 2m apart

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сохта янгиликларга қарши курашда далилларни имкон қадар содда тилда тушунтириш муҳим

"Фикрлар равон шаклда баён қилинган вақт бош ирғаб маъқуллаш кифоя" эканини инобатга олган ҳолда, афсоналарга қарши курашда имкон қадар мураккаб тил қўлланмаслик керак.

BBC

Бунинг ўрнига далилларни содда тилда баён қилиш кўпроқ натижа беради. Сурат ва графикалардан фойдаланиш ғояларни тасаввур қилишни осонлаштиради.

Такрордан қочинг

Бу каби кампанияларда афсонанинг ўзига қайта ва қайта мурожаат қилишдан қочиш керак.

Такрор бу ғояни янада танишроқ нарсага айлантиради, бу эса ўз навбатида унинг яна ҳақиқатга ўхшаб кўриниш эҳтимолини кучайтиради.

People using megaphones

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Такрор нотўғри ахборотни янада кўпроқ ёйилишига хизмат қилади

Албатта, бунинг ҳар доим ҳам имкони бўлавермайди. Аммо сохта ахборотга қарши ташвиқотлар натижасида ҳаққоний далилларни оммалаштириш ва сохта маълумотлардан кўра кўпроқ ёдда қолиши, одамларнинг миясига кўпроқ ўрнашиб қолишига эришиш мумкин.

Худди шу сабаб ҳам биз ушбу мақолада сохта маълумотларни имкон қадар камроқ ёдга олдик.

Эслатма

Бизнинг ўзимиз у ёки бу маълумотни бўлишаётганда, унинг ҳиссий жиҳатини бир четга қўйиб, кўпроқ далилларга эътибор қаратишимиз муҳим.

Яъни бу шунчаки кимнингдир бировдан эшитган гапими ёки илмий далил? Унинг манбасини топиш мумкинми? Мавжуд маълумотларга қанчалик тўғри келади? Муаллиф одатий "мантиқий"сафсаталарга таянмаяптими?

Булар биз сўрашимиз керак бўлган саволлар. Бу одамларнинг қанча лайк босиши ёки дўстларга қанчалик "фойдали" бўлишидан муҳимроқ.

Woman checking her mobile

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бирон постни бўлишишдан олдин унинг қанчалик далилларга таянганини ўйлаб кўришимиз керак

Худди вируснинг ўзига қарши курашда бўлгани каби, хавфли ва инсон ҳаёти учун таҳликали ахборотларга қарши курашда ҳам кўп қиррали ёндашув муҳим.

Коронавирус инқирози тобора чуқурлашиб бораркан, сохта ахборотларнинг тарқалишини жиловлаш ҳаммамизнинг масъулиятимизга айланади.

BBC