Ўзбекистондаги бозор Толибоннинг мусиқа қўймаслик ва аёлларни четлаш сўровига рози бўлдими?

- Author, Баxтиёр Турсунов
- Role, Журналист, Сурхондарё
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Толибон ҳукумати тарафидан Термиз халқаро савдо марказида мусиқа қўйилмаслиги лозимлиги, бу ерда концерт ва кўнгилочар дастурлар ўтказмаслик сўралгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.
Алоқадор мавзулар:
Айни хабарларда акс ҳолда Толибон Афғонистон фуқароларини бозорга қўймаслиги ҳақидаги огоҳлантиришни айтгани ҳам урғуланади. Мазкур маълумот асосан Atlaspress нашрининг ўз манбаларига таяниб тарқатган хабари асосида тарқалган.
Термиз халқаро савдо маркази маъмурияти расмий ходимининг менга айтишича, ростдан ҳам Толибон расмийлари ўзбек тарафига "жаҳон бозори" ҳудудида мусиқа қўймаслик борасида илтимоснома йўллаган.

Бироқ айни ходимга кўра, бошқа жиҳатлар ижтимоий тармоқда бўрттириб берилган. Аслида бозорда аввал ҳам мусиқа янграмаган, дейди у.
Бунгача эса Термиздаги маҳаллий доираларда афғон жорий ҳукуматининг бозор ҳудудидаги корхона ва дўконларда аёлларнинг ишлашига қаршилик билдираётгани ҳақида гап-сўзлар урчиганди.
Бу борадаги саволимизга ушбу расмий ходим мазкур маълумот ҳақиқатга мос келмаслиги, бундай мазмундаги сўров келиб тушмаганини айтди.
Термиз халқаро савдо марказида "Хилтон" меҳмонхонаси, "Рамиз" турк ресторани, "Фонон" заргарлик корхонаси, "Акфамедлайн" тиббий клиникаси, "Акфалайт" ва "Имзо" ишлаб чиқариш корхоналари фаолият кўрсатади.

Шу кунларда интернетда маҳаллий фуқароларни мазкур бозорга ишга чорлов маъносидаги эълонлар ҳам берилган. Жумладан, тиббий клиника шифокорларни, турк ресторани эса ошпаз ва официантларни ишга таклиф қилмоқда.
Ресторан масъули уларнинг муассасасида мусиқадан шу вақтга довур чекинилганини қайд этаркан, бу борадаги бошқа саволларга жавоб беришни жоиз деб билмади.
Дўконларга кассир ва сотувчилик ўринларига эълон берган бўлим ходими эса айни лавозимларга аёллар ишга олинмаслигини қатъий таъкидлади.
Буни ҳозирги ишлар велосипед сотиладиган дўконларда эканини айтиб, бу иш хотин-қизларга тўғри келмаслиги, балки ўғил болаларга мўлжаллангани билан изоҳлади.
Маълум вақт муқаддам жаҳон бозорига келган афғон фуқаролари билан суҳбатлашганимда уларнинг баъзилари ўзларининг айрим эътирозларини билдиришганди.
Жумладан, Мозори Шарифдаги университет талабаси бозорда савдога қўйилган маҳсулотларда "ҳалол" ёрлиғи йўқлиги, шунингдек, намоз вақтидан огоҳ этувчи азон овозини эшитмаётганинидан ранжиётганини аён этган.

Кўплаб ўз эркак шериклари ҳамроҳлигида афғонистонлик аёл ва болаларнинг бозорга келгани гувоҳи бўлгандик. Бу муҳит ўзгармасдан давом этмоқда.
Ҳозирда ишга туширилган Хайратон кўпригига ярим чақиримлик масофада, Термиз халқаро савдо маркази ҳудудидан бир бекат пастда юк ташишга мўлжалланган "Карго" ва "Кемпинг" марказлари фаолият олиб борган.
Бу марказлар ҳудудида бугун ҳам муҳташам отель ва ресторанлар ишлайди. "Караван" ресторани Толибондан аввалги ҳукумат даврида афғонларга гавжум бўлган.
Бу ерда таниқли ўзбек санъаткорлари томошалар уюштириб, кўнгилочар тадбирлар уюштиришган, маҳаллий ва афғонистонликлар унда аралаш дам олганлар.
Кузатувчиларга кўра, айни вақтда мазкур маскан аввалги жозибасини йўқотиб, мижозлари саёз, сокин жой тусини олган.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













