Ўзбекистоннинг геосиёсий аҳамиятини оширадиган бозор қачон очилади?

Бозор биноси
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ҳам, Афғонистон ҳам айни жаҳон бозорига катта умид тикмоқда.
    • Author, Бахтиёр Турсунов
    • Role, Журналист, Сурхондарё
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Термиз халқаро савдо маркази ёки халқ тилида "жаҳон бозори" келгуси ой, яъни сентябрь ойида ишга тушиб, унинг очилиши ҳақида айтилмоқда.

Айни вақтда ижтимоий тармоқда маҳаллий аҳолига мурожаат этилиб, турли касбдаги иш ўринлари таклиф этилмоқда.

Бу иш жойлари боғбонлик, фаррошлик, ўт ўчирувчилар, ҳатто компьютер мутахассислари кабилардир.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги Ҳайратон кўпригидан 200-300 метр узоқликда жойлашган "жаҳон бозори" республикадаги таниқли тадбиркор маблағи эвазига барпо этилгани билдирилади, аммо унинг теварагидаги вазият, яъни қачондан бошлаб ишга тушиши аксарият кишиларда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Айнан бу тоифа тадбиркорлардан тортиб, оддий аҳолига мансуб қатламдир. Жўғрофий жиҳатдан ҳам мазкур иқтисодий лойиҳанинг ниҳоят амалиёт юзини кўришига орзиқаётганлар сони ҳам анча миқдорни ташкил этади.

Бироқ стратегик жиҳатдан муҳим ҳисобланадиган чегара ёқасида дунё миқёсидаги бозорнинг иш бошлаши мавҳум сабабларга кўра кечиктирилмоқда. Ҳозирда энг сўнгги янграётган муддат сифатида сентябрь ойи белгиланган.

Жонланаётган жараён

Карго маркази
Сурат тагсўзи, Термизда Жанубий ва Марказий Осиё ўртасида маҳсулот айланадиган карго маркази ҳам ишлайди.
Карго маркази
Сурат тагсўзи, Карго маркази орқали Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамлари юборилади.

Ҳозирда "жаҳон бозори"да айрим жузъий ишлар бажарилаётганини кузатиш мумкин.

Том маънода эса у фаолият кўрсатишга тайёр ҳолга келгани айтилмоқда.

Унинг майдонини айланар экансиз, у бир неча улкан мажмуавий қурилмали бино ва расталардан иборатлигини кўрасиз.

Ҳозирдан бозор ҳудудида бир неча ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушаётгани кўзга ташланади.

Шунингдек, турли завод ва фабрикалар қошидаги касбга ўргатувчи мономарказлар, халқаро бизнес мактаби ҳам бунёд этилган.

Турлича блокларга бўлинган ҳозирда кимсасиз, бўм-бўш узун йўлакли иншоотларда озиқ-овқат, маиший техника, кийим-кечак каби махсус бўлинмалар мавжуд.

Ундаги ёзувлар ўзбек ва инглиз тилидан ташқари араб алифбосида форс тилида ҳам битилган.

Айни бозор лойиҳаси кўриниш, шакли, вазифаси жиҳатдан Ўзбекистон, балки ҳатто МДҲ ҳудудида учрамайдиган ўзига хос лойиҳадир.

Унинг ҳудудида меҳмонхона, ресторан, тиббиёт клиникаси ҳам мавжуд. У келгусида Афғонистон ва Яқин Шарқ мамлакатлари масалан, Эрон, Покистон, Исроил ва бошқа давлатлар ўртасидаги савдо-сотиқни фавқулодда енгиллаштириб, халқаро бизнес алоқаларини кенгайтириши кутилади.

Айни жараён баъзи минтақа мамлакатлари учун ҳам узоқ кутилган имконият, деб таъкидланади.

Ҳозирдаги бозорда кечаётган жараён борасида оммага тақдим этиш мумкин маълумотларни қўлга киритиш мураккаблигича қолган. Ходимлар бирор расмий фикр билдиришдан ўзларини тортиб, кўп гапирмайдилар.

"Ҳозирги чиқишимиз билан ёмон гапларга қолишни истамаймиз"- деди бозорнинг масъул ходимларидан бири у жойга боришимиздан аввал.

"Сизларда Афғонистондаги ишбилармонларининг савдо марказига қизиқиши ҳақида маълумот борми?"- деб яна қизиқсинади айни ходим.

Иш имконияти?

"Бозорга ишчи танлашда ортиқча талаб, тергов йўқ. Айрим мутахассисликлар бўйича тажриба талаб қилинади, холос" - дейди бозорнинг кадрлар билан боғлиқ бошқа ходими.

Биз борган куни эллик чоғли - аксарияти аёл ва бир неча эркакдан иборат - гуруҳ эшик ортида уларни имтиҳонга чақиришларини кутишаётганди.

Уларнинг айтишича, бир ой мобайнида заргарлик корхонасида ишлаш учун мутахассисликка ўқитилганлар.

"Бир ойги таҳсил мобайнида бизга маош ҳам тўлашди. Бугун тестдан ўтадиганлар ишлашга олиб қолинади"- дейди 40 ёшлар чамасидаги аёл.

Унинг айтишича, яшаш ҳудудидан маҳалла қўмитаси орқали улар ушбу жойга йўлланган.

"Мен аслида газ печда ўт ёқувчи бўлиб ишга жойлашмоқчи эдим, лекин сизга бу иш тўғри келмайди, дея лампочка ишлаб чиқарадиган заводга йўллашди. Завод назоратчиси ҳозирда ходим олиш тўхтатилганини, сентябрда келиб хабар олишим лозимлигини айтди"- дейди 45 ёшли термизлик эркак. Аниқ режа ё таваккал?

Термиз бозори
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон бозорларида Афғонистон орқали келадиган маҳсулотлар кўпайган.

"Бу ерда ишга жойлашганимга саккиз ой бўляпти, яъни январда ишга келгандим. Шу вақт ичида бозор ўн беш-йигирма марталаб очилиб, ёпилди. Агар у тўлиқ ишга тушса, ҳозирги ободончи касбимни ўзгартириб, тузук ишга илинмоқчиман" - дейди бозор ҳудудини тозалаётган 41 ёшли эркак.

Ишчиларнинг айтишича, бозорнинг айни ҳолатида ҳам қандайдир оз бўлса-да фаолият мавжуд.

"Ресторан ва тиббий клиника ишлаяпти, лекин ресторандаги бир дона бир ярим литрлик "Кола" ичимлигини йигирма минг сўмга, ўта қимматга харид қиласиз" - дейишди ишчилар.

Биз чегара биқинидаги янги бизнес лойиҳасининг ишга туширилаётгани борасида термизлик фуқароларнинг мулоҳазаларини билишга қизиқдик.

"Мен мазкур ғояга доим хомхаёл, деб қараганман. Ҳозирдаги бозорнинг жойлашувини кўриб, буни ҳатто шошқалоқ қарор деб хулоса қилиш мумкин. Чунки келгусида қизғин савдо бўладиган, дунёнинг турли ўлкаларидан келадиган тужжорлар йиғиладиган майдон нақ чегаранинг бурнида ташкил этилган. Ахир чегарадан йироқроқ тап-тақир ерлар кўп-ку. Устига устак, ўта юксак аҳамиятли бозорнинг хусусий қўлларга берилгани ҳам чуқур ўйланмаган қарор, деб баҳоланадиган ҳол"- дейди ўзини иқтисодчи деб таништирган 43 ёшли Жаҳонгир.

"Давлатимиз бир ниманингдир ҳисобини олгандирки, шу бозорни ташкил этяпти. Тўғри, қайсидир жиҳатдан хатар ҳис этиш мумкин. Чунки биз муттасил назоратга ўрганганмиз. Ахлоқий тарафдан, ғоявий томондан ҳам қанақадир хавф ҳам бор. Чунки келаётган хорижликнинг чўнтагида нима борлигини билганимиз билан у миясига нимани солиб, чегара ҳатлашига кафиллик бера олмаймиз. Бошқа жиҳатдан эса таваккал қилмаслик ҳам тараққиётдан чекинтиради. Ишқилиб, барча заҳматлар яхшиликка бўлсин"- дейди жаҳон бозори бўйлаб йўловчи ташийдиган маршрут ҳайдовчиси. Ўзгаришлар умиди

"Шарқ давлатлари истеъмолида " бандарий" деган сўз мавжуд. У бандаргоҳлар, порт ёқасида яшайдиганлар маънони англатади. Бундай одамлар алоҳида турмуш тарзига эга ва бу четдан кузатганда, қандайдир қабул этилган ахлоқ, тартиб меъёрларига зид туюлади" - дейди журналист Аннақул Жабборов - "Термизда жаҳон бозори ишга тушиш арафасида, деган гап ўта ёқимли мужда, аммо бу тўлиқ юз берса, қандайдир кўникилмаган ўзгаришлар рўй беришига ўзимизни маънан тайёрламоғимиз зарур. Зотан бу ўша вазият ва шароитни оқлайдиган мезон ҳамдир.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Айни лойиҳа маҳаллий аҳоли турмушига ҳам таъсир этиб, уларнинг иқтисодий кўрсаткичларини тубдан ўзгартиради"- дейди суҳбатдошимиз.

Унинг сўзларига кўра, афтидан, Толибон ҳукумати айнан ахлоқий мезонларга кўра йўлни очиш қарорида иккиланаётган бўлиши мумкин.

Яъни Амударё ёқасида давлатлараро савдо-сотиқнинг бўлиши тарихан кузатиб келинган ҳодисадир, аммо сўнгги юз йил алоҳида бўшлиқ яратган ва оқибатда бу воқеликнинг яна жонланишини ақлга сиғдириб бўлмайдиган бир ғайриоддий ҳолдек тасаввур пайдо қилган.

"Бундан 150-200 йил муқаддам Амударё ўртасидаги Пайғамбар оролида ажнабий мамлакатлар иқтисодий алоқалар ўрнатишган. Бир-бирлари билан мол айирбошлашган. У замонавий йўсинда, албатта, шиддаткор манзара касб этиб, ривожланишга ҳиссаси янада салмоқли бўлиши тайин. Тасаввур қилинг, Карачи бандаргоҳидан ортилган юк Термизга икки кун ичида етиб келади. Айни шу юкни Россияга етказиш учун Тинч океани орқали икки ой муҳлат зарур бўлади. Бу дегани жаҳон мамлакатлари ўз муаммоларини Ўзбекистон орқали жудаям самарали ҳал этиш имконини қўлга киритадилар"- дейди Аннақул Жабборов.

Афғонлар орзуси

Термиз халқаро савдо марказининг очилиши Ўзбекистондаги афғонистонлик ишбилармонларнинг қизиқишини оширмоқда.

"Лойиҳа жараёнини бошидан кузатмоқдаман. Унинг ҳудудидаги омборлар, дўконлар, музлаткичлар МДҲ мамлакатларидаги тадбиркорлардан ташқари узоқ хориж ўлкалардаги ишбилармонлар томонидан ҳам қизиқиш билан ўрганилиб, ишлатишга мўлжалланган" - дейди Термиздаги Афғонлар жамоаси вакилларидан бўлган Муҳаммад Қосим.

"Бозор ишга тушгач, чет элликлар ўн кун мобайнида Термизда визасиз бўлиш ҳуқуқини қўлга киритиб, солиқ тўламай ва божхона бадалларисиз савдо-сотиқ юритиш имконига эга бўладилар".

Муҳаммад Қосим бир вақтнинг ўзида Ўзбекистондаги афғон тадбиркорлари уюшмаси раиси муовини ҳам ҳисобланади.

"Уюшмамизда афғон тадбиркорлари иштирокида 500 та корхона йиғилган. Уларнинг нияти тубида Ҳайратон яқинидаги жаҳон бозори ишга тушиши ётибди. Айни вақтда Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари Афғонистоннинг Толибон ҳукумати вакиллари билан кўп бора музокаралар олиб бораётгани гувоҳи бўлдик. Ниҳоят, ушбу масала кутилганидек ижобий ҳал этилишига чуқур ишончдамиз. Негаки, бу ўзаро манфаатларни замонавий ҳаёт оқимида тўла-тўкис оқлайди" давом этади афғонистонлик ишбилармон.

"Ҳозирги кунда ҳам Афғонистон билан савдо алоқалари тўхтамаган. Шахсан ўзим кўп йиллардан бери ловия, нўхат, мош каби дуккакли маҳсулотлар савдоси билан машғулман. Бундан ўн беш кунча бурун ҳам юк машинасида Афғонистонга маҳсулотлар жўнатдик. Истаган киши виза билан мазкур мамлакатга кира оляпти. Яъни кўзга яққол ташланадиган таранглик мавжуд эмас. Бу эса жаҳон бозорининг силлиқ ишлаб кетишига замин яратади"- дейди Муҳаммад Қосим.

Афғон тадбиркори хавфсизлик борасидаги хавотир ва таҳдидлар юзасидан ҳам мулоҳазасини билдириб ўтди.

"Ҳеч ким қўлига автомат кўтариб, қўпорувчилик ниятида чегарани босиб ўтиш ниятида эмас. Бунинг устига ўзбек ҳукумати бунга йўл қўймайдиган назорат чораларини кўрган. Жаҳон тажрибасида бундай бозорлар мавжуд, масалан, Дубай савдо марказини мисол тариқасида айтиш мумкин. Бари барқарор кечишига узоқ йиллар кечган руҳий тайёргарлик ҳам таъсир кўрсатади деган ишончдаман"- дейди Муҳаммад Қосим.

Амударёнинг ҳар икки тарафида ҳам янги халқаро савдо мажмуаси очилиши юзасидан умидлар ё хавотирлар қандай бўлмасин, айни савдо нуқтасининг иш бошлаб, режадаги каби фаолият юритиб кетиши, нафақат Ўзбекистон ва Афғонистон, балки бутун Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари учун янги имкониятлар ҳамда бозорларни очиши мумкин.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002