Ўзбекистон: Термиз халқаро савдо марказида афғонистонликлар оқими фавқулодда кучаймоқда

Афғонистонликларнинг жаҳон бозорига ташрифи оқими сўнгги бир ҳафта ичида тубдан кучайди.
Сурат тагсўзи, Афғонистонликларнинг жаҳон бозорига ташрифи оқими сўнгги бир ҳафта ичида тубдан кучайди.
    • Author, Баxтиёр Турсунов
    • Role, Журналист, Сурхондарё
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Бундан бир ой олдин Термиз халқаро савдо маркази тантанали равишда очилиб, ишга туширилгани маълум қилинганди.

Ўзбекистон-Афғонистон чегараси Ҳайратон кўпригидан 500 метр наридаги ушбу йирик савдо мажмуаси замонавий меъморчилик лойиҳаси асосида, шу кунга зарур шароитлар билан таъминланган ҳолда барпо этилгани билан эътиборни тортган.

Алоқадор мавзулар:

Бироқ ўтган бир ой мобайнида унда олдинга қўйилган мақсадни оқлайдиган, "жаҳон бозори" ўз вазифасини бажараётганини кўрсатадиган жараёнлар кўзга ташланмаган.

Яъни Афғонистон тарафидан тадбиркорлар ва бошқалар келиши суръати паст мақомда бўлиб, айни ҳолат вақт давомида ўзгармасдан, бу айрим маънода кузатувчиларда тушкунлик кайфиятини ҳам уйғотган.

Аммо айнан сўнгги бир ҳафта ичида вазият буткул ўзгарди. Афғонистонликларнинг жаҳон бозорига ташрифи оқими тубдан кучайди.

Бозор маъмурияти бизга буни Толибон ҳукумати деярли кутилмаганда чегарани ўз фуқароларига бемалол ва кенг очиб юборгани билан изоҳламоқда.

BBC

Уларга кўра, айни ўзгаришлар миқёси кўтарилиб, айнан жума кунлари учун бунга алоҳида тадорик кўрилмоқда. Зотан ушбу кун Афғонистонда дам олиш-ҳордиқ куни ҳисобланиб, чегара оша бозор-ўчарга жуда қулайдир.

Бир неча кун илгари ижтимоий тармоқда бир видеолавҳа эълон қилиниб, унда савдо маркази ёнида афғонлар тўплангани, бу ердаги дўконлар пештахтаси бўшаб қолгани акс эттирилганди.

Ҳақиқатда ҳам Афғонистон томонидан ҳозирда орасида тадбиркорлар аксариятни ташкил этаётган, асосан сайёҳлик, танишиб ўрганиш мазмунидаги ташрифлар суръати кескин ошган.

Айнан пештахталар бўшаб,"ажиотаж" бўлгани манзараси эса ўша куни меҳмонлар келганида фақат бир неча дўкон очиқ бўлгани билан изоҳланди.

Янги иқтисодий дебоча ёхуд бир қадар "сюрреалистик" манзара

Чегара яқинидаги 31 гектардан иборат Термиз савдо эркин зонасининг биринчи дарвозаси маҳаллий фуқаролар кириб чиқиши учун мўлжалланган.

BBC

Биргина паспорт ёки ID карта билан хоҳлаган киши чегарачилар расмий қайдидан ўтиб, бозор ҳудудига кира олади, шунингдек, божхона кўригидан ҳам ўтилади.

Айни назорат пункти ўзбек тарафидан ҳозирда бозор ичидаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида фаолият олиб бораётган ходимлардан иборат турнақатор навбатни ҳосил қилган.

Айнан бошқа йўсиндаги меҳмонлар ҳали унчалик кўп сонни ташкил этмайди.

Зотан Термиз шаҳри марказидан Ҳайратон кўприги яқинидаги мазкур ҳудудгача бепул автобус қатнови йўлга қўйилган, лекин аҳоли тарафидан барибир шу ҳолда ҳам мазкур янгиликка нисбатан оммавий қизиқиш етарлича уйғонмаган.

Бозор майдонига қадам хатлаш ҳамоно, унинг ҳудудида маҳаллий халқдан кўра афғонистонликларнинг кўплаб сонда айланиб юрганининг гувоҳи бўласиз.

Агарда Толибон ҳукумати мавқеси ва мақоми назарда тутилса, оммавий равишда унинг бошқаруви остидаги фуқаролари Термизга эмин-эркин йўлланиши сюрреалистик маъно ҳам бағишлайди, чунки бундай ҳол тасаввурга, онгга сиғдириш мушкул масала сифатида қабул этилиб, мазкур шаклланган фикрни тафаккурда ўзгартиришга келгусидаги ўзгаришлар яна ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Бозор павильонларидаги барча бўлинмалар ҳали тўлиқ банд этилиб, ишга тушмаган. Шундай бўлса-да, дўконларни кўздан кечириб, керакли буюмларни сотиб олаётганлар кўпчиликдир.

"Кеча 5 млн сўмга мол сотдим. Бир метр квадрати ойига 3 долларлик дўконни ижарага олганман. Жами 30 кв.м. Бундан буёғи янада ривожланиб, керакли фойдани кўрамиз, деб умид қиляпман,"- дейди озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилаётган термизлик дўкончи.

"Бозор бизга жуда маъқул тушди.,"- дейди Худоёр.
Сурат тагсўзи, "Бозор бизга жуда маъқул тушди.,"- дейди Худоёр.

Афғонистоннинг Шўртепа туманидан келган Худоёр асал ва мурабболар сотилаётган дўкондан ўз юртидаги дўконига улгуржи тарзда харид қилиш ниятида экан.

"Бозор бизга жуда маъқул тушди. Турли давлатлардан келган тадбиркорлар билан мулоқот юритиш имкони туғиляпти. Айримлари билан шахсан танишдим. Ўзим ҳам бу ерда омбор очмоқчиман, бунинг учун ҳужжатлар билан танишяпман,"- дейди Худоёр.

Ҳужжатлар тахланадиган бозор маъмурияти идораси ёнида кўплаб афғонистонлик ва маҳаллий тадбиркорларнинг ёнма-ён дўкон олиш иштиёқида навбат кутаётганликларини кўриш мумкин.

"Толибон хоҳлаганларингча бориб, сармоя юритиб, иқтисодиётимизга ҳисса қўшинглар деб бизга имкон бермоқда. Улар илм олишни ҳам тижорат билан бирга бизга ташвиқ этмоқда. Шу маънода бизга бу ерга келишимиз қийин кечмади. Қанчадан қанча юртдошларимиз бу ерга келишни ният қилиб кутишяпти. Ҳали бу ердаги дўконлар ҳам унчалик кўп эмас. Вақти билан ҳаммаси юқори чўққига етади,"- дейди жовузжонлик талаба Муҳаммад Анвар.

"Биз ўзбекистонликлардан мамнунмиз. Тижоратга бўлмаса ҳам дам олишга келинг дея юртдошларимизни бу ерга чорлаймиз,"- дейди яна бир жовузжонлик, ҳозирда Мозори Шарифдаги университетда иқтисоддан таълим олаётган талаба Аҳмад Ризо.

Унинг ҳамроҳи, Фарёб вилоятидан Насрулло ҳам илм олишдан ташқари келажакда дўкон очиш истаги борлигини айтади.

"Бизга бу ерда таълим олиш борасида йўл-йўриқлар ҳам айтилди. Шахсан ўзим илм билан бирга тижоратни ҳам тенг олиб бормоқчиман. Дўкон ижарага олиш ниятим бор. Нисбатан бу унчалик қиммат эмас экан. Ҳозирги ташрифимиз биз ва юртдошларимиз учун сайёҳлик, танишув маъносидадир. Бу изчил давом этади деб ишонаман," - дейди Насрулло.

Бошқа бир афғонистонликлар ҳам дўкон очиш нияти борлигини билдирарканлар, унда қуритилган ҳўл мева сотмоқчи эканликларини айтдилар. "Сизларда қолин гиламга қизиқишадими?" - дея бизни саволга тутади маъмурият қаршисида дўкон учун ҳужжат ҳозирлаётган мозори шарифлик тадбиркорлардан бири.

Афғонистонликлар янги жаҳон бозорида ўзларига маъқул тушмаётган жиҳатлар, тузатилиши лозим бўлган хатоликлар борасида ҳам тўхталдилар.

"Бу ерда турли егулик маҳсулотлар сотиляпти, лекин уларнинг бирортасида "ҳалол" деган ёзувли ёрлиқ қўйилмаган. Масалан, гўшт сотувга қўйилганига гувоҳ бўлдим, бироқ у қайси жониворнинг эти эканлиги ҳақида билиб бўлмайди. Балким у хўк, чўчқанинг гўштидир. Бунга аҳамият қаратиш ўта муҳим. Яна азон овози ҳам йўқ, намоз вақтини билиш қийин. Шунингдек, яна бир қулайлик яратилса - афғоний пулларни шу ерда ўзбек сўмига алмаштириш шохобчалари очилса яхши иш бўларди. Ҳозирда Ҳайратонда қимматига долларга алмаштириб ўтяпмиз,"- дейди афғон суҳбатдошимиз.

Товуслар ва хизматлар

Савдо мажмуаси ҳудудида гулу роғлардан ташқари ўтлоқлар оралаб юрган товусга кўз тушади.

BBC

Дарахтлар тагида афғонистонликлар чордона қуриб ўтириб олишган.

Кимдир қандайдир егуликни ковшаниб тушлик қилмоқда, яна кимдир бир-бирини эсдаликка суратга олиш билан банд.

Уларнинг айтишича, оқшомга яқин вақтда улар ўз юртларига қайтишади. Мабодо бу ерда бажарилиши лозим ишлар қолган бўлса, эрта-индин яна қайтиб келишлари ҳам мумкин, чунки бу ердаги меҳмонхона баҳоси юқорилиги уларни шундай режа тутишга мажбур қилган.

"Биз нархларни келгусида ҳам арзонлаштира олмаймиз. Бир кунга 54 долларни ташкил қилади. Бизда деярли бўш жой қолмаган. Аслида" Хилтон" меҳмонхоналар тармоғи дунё миқёсида қиммат туради. Агарда booking сайти орқали жаҳон меҳмонхоналари баҳосига қизиқсангиз, бизникини нисбатан арзон нархда эканлигининг шоҳиди бўласиз. Агарда меҳмонлар оқими кучайса, бизда жой қолмаса, унда визаси борлар Термиз шаҳридаги арзонроқ меҳмонхоналарни банд этиши мумкин, "-дейди бизга муҳташам "Хилтон " меҳмонхонаси ходими.

Жаҳон бозори ҳудудида шунингдек "Акфа-Медлайн" тиббий клиникаси ҳам фаолият юритмоқда. Унда биз саноқли Афғонистон фуқаролари борлигининг гувоҳи бўлдик. Ундаги маҳаллий шифокор форс тилида меҳмонларга тартиб борасида тушунтириш бераётганди.

"Бизда барча турдаги касалликларга муолажа хизматлари кўрсатилади. Нархлар борасида кассадан маълумот олиш мумкин,"-дейди бу шифокор.

Мазкур эркин савдо зонаси ҳудудида бир неча ишлаб чиқариш корхоналари ҳам фаолият юритиши кўзда тутилган.

Муҳаммад Анвар: "Толибон хоҳлаганларингча бориб, сармоя юритиб, иқтисодиётимизга ҳисса қўшинглар деб бизга имкон бермоқда."
Сурат тагсўзи, Муҳаммад Анвар: "Толибон хоҳлаганларингча бориб, сармоя юритиб, иқтисодиётимизга ҳисса қўшинглар деб бизга имкон бермоқда."

Шу қатордаги "Акфа-лайт" лампочкалар тайёрлашга мўлжалланган корхона ўз ишчиларига ҳисобсиз таътил бериб, ишини тўхтатган.

Унинг раҳбарияти чегарада хом ашё, зарур деталлар ушланиб қолгани билан буни изоҳлаб, янги ойда ишлар яна давом этишини маълум қилган.

Ўзбек тадбиркорлари нигоҳидан

"Аслида биз бозор очилмасдан дўкон фаолиятини бошлаганмиз. Бироқ ўзимиздаги бухгалтерия масалалари ҳалиям жўяли ҳал бўлмаган. Пойтахт Тошкент шаҳридан келиб, фаолият юритяпмиз. Шунингдек, афғон тарафидан ҳам зарур логистик чора ва тартиблар йўлга қўйилмаган. Бу эса жадал улгуржи савдони оқсатади," - дейди озиқ-овқат дўкони эгаларидан бири.

"Мен канцелярия моллари учун дўкон очишга югуриб юрибман. Бу ҳам ушбу бозор учун унумли бизнес бўлади," - дейди термиздан бошқа бир тадбиркор.

Ҳозирда турли кундалик моллари савдоси билан машғул дўконларни бармоқ билан санаш мумкин. Бироқ бўш дўконларни эгаллашга иштиёқ кучлилиги бозор маъмурияти биноси олдида афғон ва ўзбек ишбилармонлари кўп сонда тирбанд йиғилганидан билинади.

"Бу бозор чақалоқ кабидир. Уни соғлом оёққа турғазиш учун алоҳида эътибор, парвариш усуллари лозим. Мен ҳамкорим билан Тошкент шаҳридан келиб вазиятни ўрганяпман. Ун ва гўшт маҳсулотлари сотмоқчимиз. Бизга эшиги ҳовлига очилган дўкон қулайроқ," - дейди бўш омбор ва дўконлар расталарини оралаётган тадбиркор.

Айни лойиҳа ҳозирда янгилик мазмунидалиги ва у ҳали тўлиқ ишлаб чиқилишга муҳтожлигини бошқа тадбиркорлар ҳам урғулайдилар.

Хилтон
Сурат тагсўзи, Хилтон

"Ушбу ғоя бир томондан қараганда ўта асрий лойиҳадир, азалдан бундай тижорий алоқалар мавжуд бўлган. Кўп йиллик сиёсий қараш бундай тараққиётга хизмат қиладиган қарорларни кечиктириб келди. Муҳими умумий маънода иш бошланди. Вақт ўта бориб ҳар ким ўз талаб ва истагини билдира бориб, буни бажариш жараёнида кемтикликлар, бўш жойлар тўлдирилади. Биринчи навбатда чет эллик ҳамкорлар шароитларини, уларнинг чўнтагини хомчўт қилиб, буни инобатга олиш зарур. Чунки уларнинг молиявий ҳисоб-китоби муштарак тушмаслиги мумкин. Хорижлик дегани албатта шартли бадавлат дегани эмас. Ўрталиқ ҳисоб-китоб муносабатларни равшанлаштиради,"- дейди самарқандлик тадбиркор Бахтиёр Умрзоқов.

Мазкур тадбиркор ўз корхонасида ясалиб, терилаётган уч ғилдиракли мотор аравани Афғонистон орқали жаҳон бозорига чиқармоқчи, у шу нияти йўлида шу бугун хорижлик ҳамкорлар топишга улгурганини ҳам билдирди. Унинг фикрича, ишлар унумини бир текис ва шиддатлироқ бориши учун ҳозирдаги айрим тартибларни қайта кўриб чиқиш лозим.

"Менимча ҳозирда бошланган давлатлар миқёсидаги мазкур иқтисодий жараёндан инсон омилини сиқиб чиқариш керак. Яъни замонавий воситалар, ишлар тез ҳал бўладиган онлайн тизимни ишга солиш зарур. Акс ҳолда қандайдир ғовлар пайдо бўлиб, масалан, таниш-билишчилик ва ҳоказолар мақсаддан бездиради. Шунингдек, ходимлар ҳам автоматик тайинланган шахс бўлмай, ўз ишига малакали ва лаёқатли бўлмоғи даркор. Эрталабдан кузатганим шуки, ҳужжат тўғирлаётган афғонлар ёнида ўзбек тилини биладиган юртдошини етаклаб юрибди. Ушбу масалалар ҳам вазият шаклланиши баробарида ихчам ҳал бўлади деб ишонаман, "- дейди у.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002