Германия афғонларни Ўзбекистон орқали Кобулга депортация қилмоқчи – Тошкент шартлари маълум

Германияда ноқонуний миграцияга қарши кураш кучайган.

Сурат манбаси, Interpol

Сурат тагсўзи, Германияда ноқонуний миграцияга қарши кураш кучайган.

Германия матбуотидаги хабарларга кўра, расмий Берлин қочқин мақоми бўлмаган афғонларни ватанига депортация қилиш бўйича Ўзбекистон билан музокаралар олиб бормоқда. Der Spiegel журнали ёзишича, бу Толибон ҳукумати билан бевосита келишувларсиз қилинади.

Нашрга кўра, май охирида Германия Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Тошкентга сафар қилишган ва режани муҳокама қилишган.

Алоқадор мавзулар:

Режага биноан, Германия афғонистонликларни чартер рейслари билан Тошкентга юборади, Тошкентдан эса улар KamAir хусусий ҳаво йўллари компанияси билан Кобулга учирилади.

Бу маршрутдан мақсад, мақолага кўра, Толиблар ҳукумати билан тўғридан-тўғри мулоқот қилмаслик.

BBC

Der Spiegel ёзишича, Тошкентдан қайтгач, Германия Ташқи ишлар вазирлиги музокаралар яхши ўтгани ва ўзбек ҳукумати ёрдам беришни ваъда қилганини айтишган. KamAir ҳам бу йўл орқали афғонларни ватанга қайтариш имконли эканини билдирган.

Айтилишича, KamAir авваллари Швецияга бу каби депортация ишларида ёрдам берган ва у Афғонистондаги Толиблар ҳукумати билан ишончли алоқаларга эга.

Мақолада Германия бу маршрут учун Ўзбекистонга молиявий тўлов ваъда қилгани ё қилмагани ҳақида маълумот йўқ.

Айни дамда, Ўзбекистон тарафи бунинг эвазига бир шарт қўйгани, у ҳам бўлса, ўзбекистонлик малакали мутахассисларнинг Германияга киришига йўл очувчи расмий миграцион келишувни имзолашни сўрагани айтилади.

Нашрга биноан, бу келишув бир неча ойдирки тайёрланмоқда. Келгуси ҳафта Германия ҳукуматининг миграцион келишувлар бўйича махсус вакили Йоахим Штамп буни муҳокама қилиш учун Тошкентга сафар қилиши кутилади.

Германия матбуотига кўра, қочқинлик мақомига эга бўлган мигрантларни депортация қилиш чақириқлари май охирида Мангейм шаҳрида афғонистонлик киши норозилик намойиши иштирокчиларига ҳужум қилиши ортидан кучайган.

Германияда яшаётган афғонларнинг 13 минг нафарига мамлакатни тарк этиш айтилган.

Сурат манбаси, REUTERS/Stefanie Loos

Сурат тагсўзи, Германияда яшаётган афғонларнинг 13 минг нафарига мамлакатни тарк этиш айтилган.

Pax Europa намойиши иштирокчилари Исломни танқид қилаётган бўлишган. 25 ёшли афғонистонлик кишининг пичоқ ҳужуми оқибатида ёш немис полициячиси ҳалок бўлган. Беш киши яраланган.

Полиция ҳужумчи 2014 йилдан бери Германияда яшаб келаётганини билдирган. Германияга келганида у 15 ёшида бўлган.

"Бу ерда ҳимоя билан таъминланган одам энг оғир жиноятни содир этиши мени ғазаблантиради. Бундай жиноятчиларни, улар ҳатто Сурия ё Афғонистондан бўлса ҳам, зудлик билан депортация қилиш керак", - деб айтган Германия канцлери Олаф Шолц ҳужум ортидан парламентда сўзлаган нутқида.

Der Spiegel бу депортация тўлқини ҳозирда Германияда яшаётган қанча афғонистонликка таъсир қилиши номаълум, дейди.. Аммо, Германияда яшаётган афғонларнинг 13 минг нафарига мамлакатни тарк этиш айтилган.

Айни дамда, нашр ёзишича, бу 13 минг кишининг аксарида қочқин мақоми бор.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek