Дайжест: "Озодлик" суриштируви ижтимоий тармоқ муҳокамасида, тожикистонликлар Россияга киролмаяптилар

"Озодлик" веб саҳифаси

Сурат манбаси, .

Ўқилиш вақти: 2 дақ

"Озодлик" радиоси Ўзбекистон табиий гази олибсотарлигига бағишланган янги журналистик суриштирув эълон қилди.

"Озодлик суриштируви: Отабек Умаровга алоқадор компания қандай қилиб газ чайқовчисига айланди?" деб сарлавҳаланади.

Алоқадор мавзулар:

Журналистик суриштирувда Ўзбекистонда ташкил этилганига кўп бўлмаган устав жамғармасида 9000 АҚШ долларидан зиёд маблағи бор Ultimo Group масъулияти чекланган жамияти "ЎзТрансгаз" давлат ташкилотидан табиий газни арзон баҳода сотиб олиб "Қизилқум" цемент заводига қимматига сотган, бу МЧЖ ва таъсисчилари Лондон, Дубай ва Шаржа шаҳарларида расман рўйхатдан ўтган ширкатлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаровга боғлиқ деган даъво илгари сурилади.

26 апрель кечгача Ўзбекистон расмийлари ёки мансабдорларидан ушбу журналистик суриштирувга бирор бир реакция билдирилгани хабари тарқалгани йўқ.

"Озодлик" радиосининг янги журналистик суриштируви ўзбекистонлик ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўртасида кенг баҳсу мунозараларни келтириб чиқарди.

"Ўзбекистон ҳукумати бу суриштирувга жавоб ва аниқлик киритишини кутиб қоламан…" деб ёзди мухолиф сиёсатчи Пўлат Охунов Фейсбукдаги саҳифасида.

Пўлат Охуновнинг ФБдаги саҳифасидан скриншот

Сурат манбаси, .

"бунака гапларга ишониш керемас, гарб оавлари азалдан шунака бухтон гапларни гапириб келади", деб ёзди ФБдаги "Келажак ёшлари".

"Хурматли троллар шу неча пулга изох ёзасилар ?аккаунтларинг хам суратлар сохтаку", деб ёзди яна бир Фейсбук фойдаланувчиси.

"Озодлик" видеоси Youtube да бир кунда қарийб ярим миллион марта томоша қилинди.

Тожикистонликлар Қозоғистондан Россияга ўтказилмаяпти

Россиядаги мигрантлар

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek

Сурат тагсўзи, "Крокус Сити Холл" ҳужумидан кейин Россиядаги мигрантларнинг аҳволи оғирлашган

Тожикистондаги Asia-Plus веб нашри хабар қилишича, Россиянинг Оренбург вилояти чегарасида қарийб 1000 тожикистонликни Россияга киритишмаяпти.

Қозоғистон ҳудудида очиқ далада айрим Тожикистон ватандошлари 22 апрелдан буён Россия чегарачиларининг мамлакатга киритишини кутиб туриптилар.

Давлат рақами Тожикистоннники бўлган 180 тача автомобиль тўпланиб қолган.

Asia-Plus га ўзлари оғир аҳволда қолаётганлари ҳақида хабар берган ва видеолар йўллаган тожикистонликлар айтишича, Россия чегарачилари дастлаб ҳужжатларни расмийлаштирадиган тизимларидаги носозликни рўкач қилишган.

Орадан бир неча кун ўтганидан кейин Тожикистон ватандошлари бўлган эркакларни "киритиш бўйича ички буйруқ бўлмагунча" Россияга киритмасликларини айтишган.

Россияда ишлайдиган кўплаб МДҲ мамлакатлари ватандошлари ўз паспортидаги Россияда бўлиш муддати муҳрини Қозоғистон ҳудудига бир ўтиб келиш билан "янгилайдилар".

Чегарада қолаётган тожикистонликлар айтишича, Россия чегарачилари нега киритилмаётганлари сабабини март ойи охиридаги Москва яқинидаги "Крокус Сити Холл"га ҳалокатли ҳужумга боғламаётган бўлсалар ҳам, муҳожирлар асл сабаб шунда деб тахмин қилишаяпти.

Чунки чегарадан тожикистонлик болалар, аёллар ва кексалар ўтказилаяпти.

Шу куни Душанбеда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига Россиянинг элчиси чақиртирилган, Тожикистон ватандошлари Россияга киритилмаётганидан "ташвиш билдирилган".

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002