Газли газ омбори эгаси "Озодлик" суриштирувига раддия эълон қилди

Сурат манбаси, Getty Images
Икки хориж нашри Ўзбекистон ва Россия газига бағишланган мақолалар эълон қилди. Бизнес янгиликларига ихтисослашган bne IntelliNews веб-сайтининг мақоласи Газли газ омборининг эгаси ҳақида. The Diplomat нашри Украина уруши боис Европадаги табиий газ истеъмолчиларидан айрилган Россиянинг Марказий Осиё ва Хитой билан газ ҳамкорлиги мавзусини таҳлил этган.
IntelliNews ҳам, The Diplomat ҳам Газли газ омборини кенгайтириш хабарини тилга оладилар.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Келаси ҳафтадан кун исиши мумкин, магистрал қувурлардаги газ босими ҳамон паст
- Ўзбек элчиси Қудратхўжа сўзлари ортидан Россия ТИВга чақиртирилди - норози Москва "умумий Ватан - СССР"даги рус тили аҳамиятини эслатди, Ўзбекистон "босиб олинмаган"ига ишора қилди
- Россия уруш учун Ўзбекистон пахтасидан қурол ясамоқда
- Ўзбекистон: Кунлар совиб яна энергетика долзарб мавзуга айландими?
"Gazli Gaz Ўзбекистон лойиҳаси ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди, санкцияларга тушган шахсларга алоқадорлик тахминларини рад этди" деб сарлавҳаланади IntelliNews мақоласи.
Бундан олдин "Озодлик" радиоси ўз журналистик суриштирувига асосланган "Путиннинг бир қўлидан иккинчи қўлига. "Газли" омбори Фозиловга ўтди" мақоласини эълон этган эди.
IntelliNews "Озодлик"нинг мақоласи юзасидан Gazli Gas Storage" МЧЖга мурожаат этган, масъулияти чекланган жамият электрон мактуб орқали раддия берди.
Раддияда, "Озодлик" радиосининг суриштируви "асоссиз ва туҳмат маъносидаги чиқиш" деб таърифланади:
"2023 йил октябрь ойида корпоратив реструктуризация натижасида ташкилотнинг илгари Россиянинг "Форус" АЖ га тегишли бўлган улуши Гонконгда рўйхатдан ўтган Daxon Holdings Limited компаниясига ўтди. Бахтиёр Фазылов реструктуризациядан олдин ҳам, кейин ҳам асосий бенефициар сифатида қолмоқда. "Gazli Gas Storage" МЧЖ санкциялар остида бўлган шахсларга ҳеч қачон тегишли бўлмаган."

Сурат манбаси, .
Охирги йиллардаги совуқ қиш ўзи газ экспортчиси бўлган Ўзбекистонни Россиядан газ олишга ундади.
2023 йил 7 октябридан Ўзбекистон Қозоғистон орқали Россия газини ола бошлади.
Бу газни омборда сақлаш талаб этилади, Ўзбекистон ҳукумати 850 миллион долларлик лойиҳа бошлаб, Бухоронинг Газли омборидаги газ сақлаш ҳажмини бошида 3 миллиарддан 6 миллиард кубометрга, якунида эса 10 миллиард кубометрга етказишни режалаган.
Ўзбекистон расмийларига кўра, Россия билан газ олиш бўйича икки йиллик шартнома имзоланган, бу шартномада Ўзбекистон Россиядан кунига 9 миллион кубометр, йилига тахминан 2,8 миллиард куб метр газ сотиб олишга қарор қилган.
"Ўзбекистонга Россия газ таъминоти ўсиш кайфиятида" деб мақоласига ном берди The Diplomat.
Нашр Ўзбекистонинг ўтган йил октябрида бошланган Россия газ импорти салмоқли ўсадиганга ўхшайди, деб ёзади, Россиянинг ТАСС ахборот агентлигининг Қозоғистон Энергетика вазирлиги баёнотидан иқтибос беради.
Қозоғистон вазирлиги магистрал газ қувури ҳажми 2026 йилга бориб 11 миллиард кубометрга етиши мумкинлигини билдирган.
The Diplomat Россия "Газпром"и раҳбари Алексей Миллер ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Малгиновнинг Марказий Осиёга 15 йилга мўлжалланган "узоқ муддатли" газ етказиб бериш борасидаги музокаралар давом этаётгани баёнотларини тилга олган, бунда минтақа мамлакатларидан Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон номлари аталган.
The Diplomat Жаҳон Банкининг минтақа газ таъминотига бағишланган таҳлилидан иқтибос келтиради.
Унда айтилишича, минтақа мамлакатлари Россия билан "Марказий Осиё газ иттифоқи"ни тузиш ёки Хитойга газ экспортини камайтиришдек қийин танлов остида қолганлар.
"Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги газ иттифоқи қисқа муддатда Марказий Осиёдаги таъминотдаги бўшлиқни тўлдиришга ва Марказий Осиёдан Хитойга газ оқимининг соғлом даражасини таъминлашга ёрдам бериши мумкин, аммо бу муаммолардан холи эмас", дейилади Жаҳон Банки ҳисоботида.
Банкка кўра, кўзда тутилган "юқори оқимларни қондириш учун қўшимча инфратузилмани янгилаш талаб қилиниши мумкин".
"Жаҳон Банкининг ҳисоботи Россия билан Марказий Осиё ўртасидаги газ савдосининг кўпайтирилишига алоқадор сиёсий ва коррупциявий рискларни тилга олмайди", деб ёзади The Diplomat.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














