Ўзбекистон: Келаси ҳафтадан кун исиши мумкин, магистрал қувурлардаги газ босими ҳамон паст, Аи-80 бензини қимматлади

Бундай шароитда Энергетика вазирлиги суюлтирилган газ шохобчаларига газ тарқатилишидаги чеклов сақланиб туришини айтди.
Февраль ойининг ўртасидан бутун Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин совиб кетди, айрим ҳудудларда - 20 даражага ҳам тушди.
Тунги ва кундузги ҳаво ҳароратининг кўтарилиши 4 мартдан кутилмоқда, унгача электр ва газ чекловлари сақланиб қолади.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Аёз баҳоргача қўйиб юбормайди, чекловлар давом этиши мумкин
- Ўзбекистон: Келаётган совуқ пиёз ҳосилини хавф остида қолдириши мумкин, аммо бозор бундан ютади - экспертлар
- 2023 йилда дунё қайнади, 2024 йилда баттар бўлади
- Ўзбекистон ва қиш: Биз ойма-ой тўлаётган иссиқлик учун пулларимиз қаерга кетяпти, тўлаётган солиқларимиз-чи?
- Ўзбекистон: Қаттиқ совуқ келмасдан электр энергияда узилишлар бошландими?
Бу кунларда энг азият чекаётганлар автомобили суюлтирилган газда юрадиган ҳайдовчилар бўлмоқдалар.
Энергетика вазирлиги маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда газ заправкаларининг иш соатлари чекланишини эълон қилганди, газ, авваламбор, аҳолига уй иситишга йўналтирилишини билдирди.
Вазирлик ҳаво ҳарорати сал кўтарилганидан кейин мамлакатдаги газ заправкаларининг учдан бири яна аҳолига газ сотишни бошлади, дейди.
Энергетика вазирлиги 25 февралда 1517 газ тўлдириш компрессор шохобчасидан 609 таси аҳоли ва ижтимоий соҳалар объектларига табиий газ етказиб берди, деди.
Вазирлик газ таъминотидаги асосий муаммо магистрал газ қувурларидаги босим тушиб кетгани демоқда, магистрал қувурда босимни меъёрда ушлаб туриш чоралари кўрилаяпти, деяпти.
Аммо Ўзбекистоннинг турли вилоятларида оддий одамлар ҳали ўтган кузнинг дастлабки совуқ кунларида метан заправкаларига жорий қилинган чеклов деярли бекор қилинмагани, аҳоли ўз автомобилларига суюлтирилган газ солишда ҳамон тақчилликка дуч келаётганларини айтмоқдалар, ижтимоий тармоқларда ёзмоқдалар.
"O'zbekneftgaz" автозаправкаларга 1073 тонна қўшимча бензин чиқарилганини айтди.
Аёзли кунларда Ўзбекистон Туркманистондан электр импорт қилган, Афғонистон Ўзбекистондан олаётган электри 50 фоиз пасайиб кетганини хабар қилди.
Энергетика вазирлиги эҳтиёж ортгани сабабли суткалик электр ишлаб чиқариш ҳам кўпайтирилди, дейди.
UNG Petro автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотилаётган Аи-80 бензини нархи 6800 сўмдан 7000 сўмга кўтарилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Россиядан бензин импорт қилаётган бир вақтда нега бензин арзонлашиши ўрнига қимматлашаяпти деган савол ижтимоий тармоқларда муҳокама этилаётганини кўриш мумкин.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














