Янгиликлар: 2023 йилда дунё қайнади, 2024 йилда баттар бўлади – Ўзбекистон ва дунё O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

- Author, Марк Пойнтинг ва Эрван Риво
- Role, BBC News нинг Иқлим ва маълумотлар журналистикаси жамоаси
"Мени [2023] нафақат рекорд йил бўлгани, балки аввалги рекордларни қанчалик янгилагани ҳам ҳайратда қолдирди", дейди Техас А&М университетининг атмосфера илмлари профессори Эндрю Десслер...
Алоқадор мавзулар:
Нима гап?
2023 йил рекорд даражадаги энг иссиқ йил бўлди, бу инсон омили сабабли вужудга келган иқлим ўзгариши ва Эл-Ниньо табиий об-ҳаво ҳодисаси туфайли рўй берди.
Европа Иттифоқи иқлим хизмати маълумотига кўра, 2023 йил одамлар кўп миқдорда қазилма ёқилғи ёқишидан аввалги ўртача кўрсаткичдан 1,48 даража иссиқроқ келди.
Би-би-си таҳлили кўрсатишича, июль ойидан бери деярли ҳар куни йилнинг айни шу даври учун янги глобал максимал ҳарорат кузатилмоқда.
Денгиз юзаси ҳарорати ҳам аввалги энг юқори кўрсаткичлардан ўзиб кетди.
Ўтган ҳафта Британия Метеорология идораси 2023 йил Буюк Британияда рекорд даражадаги иккинчи энг иссиқ йил бўлганини маълум қилди.
Ушбу глобал рекордлар дунёни иқлим бўйича кўзланган халқаро режалар бузилишига яқинлаштиради.
"Мени [2023] нафақат рекорд йил бўлгани, балки аввалги рекордларни қанчалик янгилагани ҳам ҳайратда қолдирди", дейди Техас А&М университетининг атмосфера илмлари профессори Эндрю Десслер.
Профессор Десслернинг таъкидлашича, қуйидаги графикдаги ушбу ёзувларнинг баъзиларидаги фарқ, бутун дунё бўйлаб ўртача эканлигини ҳисобга олсак, "ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли".

Иссиқлик афсуни
Маълумки, ҳозир дунё 100 йил аввалгига қараганда анча иссиқроқ, чунки одамлар атмосферага карбонат ангидрид каби рекорд миқдордаги иссиқхона газлари чиқаришда давом этмоқда.
Аммо 12 ой олдин ҳеч бир йирик илмий ташкилот 2023 йил Ер иқлими мураккабликлари туфайли тарихдаги энг иссиқ йил бўлишини башорат қилмаган эди.
Йилнинг биринчи ойларида фақат оз сонли кунлар ҳарорат рекордини янгилади.
Аммо 2023 йилнинг иккинчи ярмида ҳарорат рекордлари мунтазам янгиланиб борди.
Қуйидаги тақвим жадвалига қаранг, бу ердаги ҳар бир блок 2023 йилда бир кунни ифодалайди. Қуюқ қизиллар рекорд янгиланган кунлардир. Июнь ойидан кейин янги рекордлар кўпайган.

Коперник иқлим ўзгариши хизмати маълумотларининг Би-би-си таҳлилига кўра, йилнинг шу даврида 200 кундан ортиқ янги кунлик глобал ҳарорат рекордлари ўрнатилди.
Ҳароратнинг охирги кўтарилиши, асосан, узоқ муддатли техноген исиш фонида содир бўлган Эл-Ниньо ҳодисаси билан ҳам боғлиқ.
Эл-Ниньо Тинч океанининг шарқий қисми юзаси атмосферага қўшимча иссиқлик чиқаришидир.
Бироқ, Эл-Ниньо фазасининг дастлабки босқичларида ҳаво ҳарорати ноодатий даражада кўтарилди, ваҳоланки тўлиқ кўтарилиш 2024 йил охиригача кутилмаган эди.
Бу кўплаб олимларни иқлим борасида иккилантириб қўйди.
"Бу [2023] йил нега жуда иссиқ бўлганлиги ҳақида жуда қизиқ саволлар туғдиради", дейди АҚШда жойлашган илмий ташкилот Berkeley Earth'нинг иқлимшуноси Зик Хаусфатер.
Оқибатлар бутун дунёда сезилди
2023 йилги жазирама тўлқинининг яна бир эътиборли томони шундаки, у дунёнинг деярли ҳамма жойида сезилди.
Қуйидаги харитадан кўриниб турибдики, ўтган йил бутун ер шарининг 1991-2020 йиллардаги ўртача даражаларидан иссиқроқ бўлган.

Ушбу рекорд даражадаги глобал исиш 2023 йилда дунёнинг аксар қисмида кўплаб экстремал иқлим ҳодисаларига сабаб бўлди - Канада ва Қўшма Штатлардаги кучли жазирама тўлқинлари ва ўрмон ёнғинларидан тортиб Шарқий Африканинг айрим қисмларида узоқ давом этган қурғоқчилик ва сув тошқинларигача.
Уларнинг аксарияти яқинда кузатилганидан анча каттароқ миқёсда ёки йилнинг ноодатий вақтларида содир бўлган.
2016 йилдан 2023 йилгача Бутунжаҳон метеорология ташкилоти Бош котиби профессор Петтери Таалас: "Бу шунчаки статистика масаласи эмас", дейди.
"Экстремал об-ҳаво шароити ҳаёт ва тирикчилик воситаларини йўқ қилади."

Сурат манбаси, Reuters
Ҳаво ҳарорати Ернинг тез ўзгарувчан иқлими бир кўрсаткичидир. Шунингдек, 2023 йилда:
- Антарктидадаги денгиз музлари сатҳи "ақл бовар қилмас" паст даражага етди, Арктикадаги денгиз музлари даражаси ҳам ўртача даражадан паст.
- Шимолий Американинг ғарбий қисмидаги ва Европа Алп тоғларидаги музликлар кескин эрий бошлади, бу эса денгиз сатҳи кўтарилишига олиб келди.
- Дунё окиеанлари юзаси ҳарорати кескин кўтарилди.
4 майдан бери дунё океани юзасида рекорд кунлар силсиласи кузатилмоқда, деб кўрсатади Би-би-сининг Коперник маълумотлари таҳлили. Қуйидаги жадвалдан кўриниб турибдики, рекордлар катта фарқлар билан янгиланган кунлар кўп бўлган.

2024 ва ундан кейинги йиллар учун огоҳлантириш
2024 йил 2023 йилдан иссиқроқ бўлиши мумкин, чунки океан юзасидаги рекорд даражадаги иссиқлик атмосферага чиқади, аммо ҳозирги Эл-Ниньонинг кутилмаган ўзгариши башорат қилишни қийинлаштиради, дейди доктор Хаусфатер.
Буюк Британия Метеорология идораси маълумотларига кўра, бу ҳолат 2024 йил учун ҳароратнинг 1,5 ° С чегарасидан ошиб кетиши эҳтимолини орттиради.
2015 йилда Парижда 200 га яқин давлат глобал исишни шу даражадан ошириб юбормасликка келишган эди.
Бу келишув 20 ёки 30 йил давомидаги узоқ муддатли ўртача кўрсаткичларни назарда тутади, шунинг учун 2024 йилда бир йиллик кўтарилиш Париж келишуви бузилганини англатмайди.
Аммо бу ҳар бир иссиқ йил узоқ муддатда 1,5С чегараси ошиб ўтилишига яқинлаштиради.
Эл-Ниньо каби табиий омиллар баъзи йилларда ҳароратни кўтариши ёки тушириши мумкин бўлса ҳам, ушбу узоқ муддатли глобал исиш ортида инсон фаолияти турибди. 2023 йилда содир бўлган ҳарорат ўзгариши табиий сабаблардан анча узоқ.
Қуйидаги диаграммага қаранг. 1998 ва 2016 йиллар рекорд йиллар бўлиб, уларга Эл-Ниньонинг кучли исиши сабаб бўлган. Аммо улар ҳам 2023 йил рекордларига яқинлашмайди.

Сўнгги огоҳлантириш COP28 иқлим саммитидан кўп ўтмай келди. Бу саммитда мамлакатлар ҳарорат кўтарилишининг асосий сабаби бўлмиш қазилма ёқилғиларга қарши курашишга биринчи марта келишиб олди.
Шартнома давлатларга мажбурият юкламаса ҳам, қайта тикланадиган энергия ва электр транспорт воситалари каби соҳалардаги ютуқларни мустаҳкамлашга ёрдам беради деб умид қилинмоқда.
Тадқиқотчилар фикрича, 1,5С мақсадига эришиш даргумон бўлса ҳам, бу шартнома иқлим ўзгариши таъсирини юмшатиш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
"Агар биз 1,6 ° С даражасига чиқсак ҳам, бунга яқинроқ бўлгандан кўра яхшироқ. Агар ҳозирги сиёсат ўзгармаса, 3 ° С га олиб боради", дейди Империал коллежида иқлим бўйича ўқитувчи доктор Фридерик Отто.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














