Иқлим ўзгариши йиғинлари бефойда ва сафсатами? Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
COP28 2023 йилдаги дунё раҳбарлари тўпланадиган энг йирик анжуман.
Дубайдаги иқлим ўзгаришига бағишланган саммитда 70000 иштирокчи қатнашиши кутилади.
Нефть чиқарувчи давлатда иқлим бўйича конференцияни ўтказиш аллақачон баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Алоқадор мавзулар:
Аммо Бирлашган Араб Амирликлари нефть ва газ келишувларига эришиш учун COP28 саммитигача бўлган иқлим музокараларидан фойдаланишни режалаштиргани ҳақидаги Би-би-си далиллари хавотирни кучайтирди.
Хўш, дунёнинг энг бой нефть давлатларидан бирида бўлиб ўтадиган саммит иқлим ўзгариши бўйича арзирли натижа бериши мумкинми?
Иқлим фаоли Грета Тунберг айтганидек, БМТнинг иқлим саммитлари шунчаки "гап сотиш" - қуруқ гап, иш йўқми?
Аммо агар COP28 жараёни мавжуд бўлмаганида, биз барибир шунга ўхшаш нарса бўлишини хоҳлаган бўлар эдик.
Бир лаҳза тасаввур қилинг-а, Ерга келган ўзга сайёраликсиз.
Сайёра аҳли ўз ҳаракатлари туфайли юзага келиши мумкин бўлган фалокатга дуч келаётганини билиб қолдингиз.

Сурат манбаси, .
Ўзга сайёралик ерликларга берадиган энг асосий маслаҳат: "Ҳаммангиз йиғилиб, бир ечим топишинглар керак."
Аммо бу соҳада илгарилаш осон эмас.
Дунё атиги саккиз йил олдин, Париждаги COP21 да иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга биринчи марта келишганини билиб ҳайрон бўлишингиз мумкин.
200 га яқин давлат глобал ҳарорат кўтарилишини 2 даражадан "пастроқ" ушлаб туришга ва уни 1,5С гача чеклашга "ҳаракат қилиш"га ваъда берди, дейди БМТ олимлари, бу иқлимнинг энг ёмон таъсири олдини олиш учун жуда муҳимдир.
2015 йилги Париж келишуви олдинга катта қадам бўлди ва "иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича деярли универсал ҳаракатларга" туртки берди, дейди БМТ. Бу кутилаётган исиш миқдорини камайтиришга ёрдам берди.
Аммо дунё ҳали ҳам Парижда қўйилган мақсадларга эришиш учун зарур тезликда ҳаракат қилмаяпти, дейилади БМТнинг охирги ҳисоботида.
Ушбу муаммони ҳал қилишга уриниш Дубайдаги саммитнинг энг катта муаммоларидан бири бўлади.
Кун тартибида ҳукуматлар берган ваъдаларни янада батафсил қилиш масаласи турибди.
Ғоя шундан иборатки, вақт ўтиши билан ҳукуматларнинг мажбурияти янада қатъийлашиб бориши керак.
COP28 анжуманидан кўзланаётган умид шуки, ҳукуматлар зиммасига юкланаётган мажбуриятлар барча иқтисодий фаолиятларда, жумладан, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалигида иссиқхона газларини камайтиришни ҳам қамраб олиши керак.
Шунингдек, давлатларни ўзлари берган ваъдаларга нисбатан масъулиятини ошириш ҳам кун тартибида.
Ҳозирги мавжуд Париж келишуви мамлакатларни ҳеч нарсага мажбур қила олмайди - БМТ жараёнига кўра, барча тадбирлар ихтиёрийдир.
Яна бир муҳим масала маблағ билан боғлиқ.
Ким кимга ва нима учун тўлаши ҳақида кўп гап бўлади бу анжуманда.
Хушхабар шундаки, шамол ва қуёш энергияси каби қайта тикланадиган энергия технологиялари анча арзонлашди ва улар ишлаб чиқарадиган электр энергияси кўп ҳолларда қазилма ёқилғиларига қараганда арзонроқ.

Сурат манбаси, Getty Images
БААнинг мақсадларидан бири дунёни қайта тикланадиган энергия манбаларининг глобал қувватини 2030 йилгача уч баравар оширишга имзо чектиришдир, бунга АҚШ, Хитой ва бошқа G20 давлатлари рози бўлган. Шунингдек, у 2030 йилгача энергия самарадорлигини ошириш суръатларини икки баравар ошириш бўйича ҳам келишувга эришмоқчи.
Ушбу чора-тадбирлар узоқ муддатда тежашга олиб келиши мумкин, аммо ҳозир катта миқдорда бошланғич сармояни талаб қилади.
Ҳозирги иқлим ўзгариши оқибатларига тайёргарлик кўриш ва унга қарши курашиш триллионлаб долларга тушмоқда.
Бу баҳслар замирида дунёни иккига бўлувчи чуқур тенгсизлик ётибди.
Кўплаб бой давлатлар қазилма ёқилғини ёқиш орқали бойиди.
Қашшоқроқ давлатлар айтишича, бойроқ мамлакатлар энди бу пулнинг бир қисмини улар билан баҳам кўриши, ўзлари вужудга келтирган иқлим ўзгаришини юмшатиш учун дунёга кўпроқ ёрдам бериши керак.
Ривожланган давлатларнинг ривожланаётган давлатларга иқлим ўзгаришига қарши курашда ёрдам бериши учун йилига 100 миллиард доллар ажратиш ҳақидаги ваъдаси 2020 йилга келиб амалга ошган кўринади.
Шунингдек, Жаҳон банки ва Халқаро Валюта жамғармаси каби йирик глобал институтлар пул оқимини равонлаштириш учун кредит бериш қоидаларини ўзгартириш талабларига ҳам дучор бўлаётганига эътибор беринг.
Лекин буларнинг бари ҳам силлиқ кетавермайди.

Сурат манбаси, Getty Images
2022 йилда Мисрда бўлиб ўтган COP27 эришган катта муваффақият энг қашшоқ давлатларда иқлим офатларига қарши курашда ёрдам бериш учун "Йўқотишлар ва зарарлар" фондини яратиш тўғрисидаги келишув бўлди.
Аммо қайси давлатлар ушбу фондга сармоя киритади? Европа Иттифоқи ўз ҳамёнини очмоқчи эканини аниқ айтди, аммо АҚШ ва бошқа йирик иқтисодиётлар нима қилмоқчи?
Айтганча, Хитой, Саудия Арабистони ва Форс кўрфази мамлакатлари ҳали ҳам ривожланаётган давлатлар сифатида белгиланган ва шунинг учун улардан бундай маблағларни тўлаш талаб этилмайди - бу катта тортишувдир.
Ниҳоят, биз эски севимли COP тизимига қайтиш бўлишини кутишимиз ҳам мумкин.
Гап дунёнинг узоқ муддатли "тўхтовсиз" қазиб олинаётган ёқилғилар - кўмир, нефть ва газга бўлган интилиш ҳақида кетмоқда. Улар чиқиндини тутиб қоладиган технологиясиз ёқилмоқда.
Бошқача айтганда, дунё вақт ўтиши билан ифлослантирувчи ёқилғини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни босқичма-босқич камайтиришни ёки тўлиқ тугатиш санасини белгилашни мақсад қилиши керак. Аммо бу қачон бўлади?
Бу савол, айниқса, жорий йилда долзарб, чунки конференция нефть ишлаб чиқариш қувватини оширишни кўзлаётган давлатда ўтказилмоқда.
COP28 президенти Султон Ал-Жобир "босқичма-босқич камайтириш"ни истайди, бироқ кўплаб давлатлар, жумладан, Европа Иттифоқи давлатлари "тўлиқ тугатиш"га интилишлари кутилмоқда.
Ажабланарлиси шундаки, дунё ҳали ҳам расман иккаласини ҳам қабул қилмаган.
Бошқа томондан, давлатлар глобал исишни 1,5 ° С гача чекламоқчи, аммо ёндирилиши мумкин бўлгандан кўра кўпроқ қазилма ёқилғи ишлаб чиқарилмоқда.
Шундай экан, келинг муҳокамани энди бошлайлик!
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














