Тожик, ўзбек, қирғиз... – Россия босим қилмоқчими ёки Кремль нимани кўзлаяпти? Rossiya Putin Yangiliklar

Rossiya politsiyasi

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Масъуллар ҳозирча Crocus City Hall даги ҳужумга кутилганидек - полиция ва маъмурий чораларни ишга солиб жавоб беришди. Бунинг оқибатлари Россияга келаётган хорижликлар учун қанчалик жиддий бўлиши ва узоқ давом этиши ҳалича маълум эмас.
    • Author, Олег Болдирев
    • Role, Би-би-си

Мигрантлар "кучайтириш" ва "чеклаш" чақирувлари қандай якунланишини кутмоқда...

Алоқадор мавзулар:

Нима гап?

"Крокус Сити Ҳолл"даги ҳужумдан ўн кун ўтди, аммо Россия пойтахти ва бошқа йирик шаҳарларда меҳнат муҳожирлари ҳаёти ноодатийлигича қолмоқда. Уларга қарши полициянинг ва маъмуриятнинг чоралари келгиндилар иштирокидаги бошқа шов-шувли воқеалардан кейинги чораларни ёдга солади. Аммо "пастдан" - ўта миллатчи гуруҳлар ёки алоҳида радикаллар томонидан оммавий зўравонликлар кузатилмади. Мутахассислар таъкидлашича, 22 март куни содир бўлган воқеа муҳожирлар учун қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида аниқ хулоса чиқаришга ҳали эрта, аммо бу Россияга меҳнат миграцияси ҳажмига таъсир қилмаслиги мумкин.

"Ҳар бир терактдан сўнг, биринчи навбатда, қурбонларга ҳамдардлик билдириш, ҳар хил ҳамдардликлар ва содир бўлган воқеадан даҳшатга тушишлар кузатилади. Сўнг хаёлга: "Энди муҳожирларни овлаш бошланади" деган ўй келади, дейди ҳуқуқ фаоли, Россияда бир неча ўн йиллардан бери муҳожирлар ва қочқинларга ёрдам бериб келаётган "Фуқаролик ёрдами" қўмитаси раиси Светлана Ганнушкина.

Буни муҳожирлар яхши тушунади. 22 март куни содир бўлган ҳужумдан бир кун ўтиб, меҳнат муҳожирларини ёллаган фабрикаларда иш секинлашди ёки бутунлай тўхтади. "Ишдан қўнғироқ қилишди ва ҳозир келмасликни айтишди", дейди Москвада ҳаммол бўлиб ишлаётган тожикистонлик Шариф (исми ўзгартирилган). "Уйда ўтирганимизда, етарлича егулик сотиб олдик, кутяпмиз." «Крокус»га қилинган ҳужумдан сўнг биринчи кунларда тожикистонлик ишчиларнинг оммавий ишдан бўшатилиши Москванинг "Фуд Сити" улгуржи озиқ-овқат бозорида хабар қилинган эди.

Айрим компаниялар тожикистонлик ишчиларни зудлик билан ишдан бўшата бошлади. Босим бор эди. "Қурилиш майдончасида мен таниган уста қўнғироқ қилиб, ФСО (федерал қўриқлаш хизмати)дан қўнғироқ қилишгани, барча тожикистонликларни ишдан бўшатиш буюрилганини айтди, - дейди тожик диаспораси билан ишлайдиган москвалик ҳуқуқшунослардан бири. - Тожиклар бошқа нима ҳам қилишарди? Рози бўлишди, лекин қолган иш ҳақларини сўрашди. Прорабнинг эса бир-икки миллиони бор, бундай пулни дарров топиб бўлмайди, кутишлари кераклигини айтди". Москвада бундай кутишнинг бир куни ҳозир минг рублдан кам эмас, ишсиз қолиш қандай бўлишини ҳеч ким билмайди, келгуси ҳафталарда янгисини топиш жуда қийин бўлади.

Iqtibos

Хавфсизлик кучлари муҳожирлар меҳнатидан кенг фойдаланадиган корхоналарда рейдлар ўтказди. 27 март куни Москва яқинидаги Электростал шаҳридаги Wildberries омборига бир неча ўнлаб полиция ходимлари ва Миллий гвардия етиб келди. Рейддан кейин улар 38 кишини ҳужжатларини текшириш учун олиб кетишган.

Кўча-кўйда ўтказилган текширув ва рейдлар натижасида бўлимлар ҳибсга олинганлар, судлар эса миграция қоидаларини бузганлар билан тўлди. «Крокус»га қилинган ҳужумдан кейинги биринчи ҳафтада Москва туман судларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 18.8-моддасига асосан хорижликлар томонидан Россия Федерациясига кириш ёки бўлиш қоидаларини бузганлик бўйича 1493 та иш рўйхатга олинган. Бу ҳужумдан бир ҳафта олдингидан 30% га ошган. Ойнинг охирги ҳафтаси март ойида қайд этилган ушбу турдаги барча ҳолатларнинг тахминан учдан бир қисмини ташкил этди.

Эълон қилинган суд қарорлари деярли ҳамма айбланувчини Россиядан чиқариб юборишни буюради. Ҳуқуқбузарларнинг фуқаролигини батафсил таҳлил қилиш мумкин эмас, чунки судлар паспорт маълумотларини ўчириб ташлайди. Аммо билвосита далилларга асосланиб (ушланганларнинг исм-шарифлари, серия ва паспорт рақамларини расмийлаштириш хусусияти) уларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари бўлган, деб тахмин қилишга асос бор.

Санкт-Петербург ҳокимияти миграция режимини бузганларга қаттиқроқ чора кўрмоқда. 25 мартдан бир ҳафтада шаҳар судлари томонидан рўйхатга олинган ишлар сони (584 та) бутун март ойидаги бундай ишлар умумий сонининг 40 фоизини (1376 та) ташкил этган бўлса, бир ҳафта олдин бундай ишлар уч баравар кам бўлган. Суд статистикаси кўрсатишича, ўтган ҳафтада Санкт-Петербургнинг баъзи ҳудудларида полиция миграция режимини бузиш бўйича олти ва ҳатто 10 баробар кўпроқ иш очган.

Rossiyadagi reyd

Сурат манбаси, EPA

Чет эллик ҳуқуқбузарларни ушлаб туриш тизими тўлган. Санкт-Петербургдаги "Первый отдел" инсон ҳуқуқлари лойиҳаси вакили шундай дейди: "Чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказларига яқинлаша олмайсиз. Аэропортга бориш учун кўплаб махсус жиҳозлар ва автобуслар бор. Шунингдек, ётоқхона ва хонадонларда ҳам рейдлар ўтказилмоқда. Барча махсус ҳибсхоналар гавжум". Бир кун аввал, адвокатнинг айтишича, биргина Виборг вилоятида депортация бўйича 64 та қарор қабул қилинган, пайшанба куни эса чет эл фуқаролари Пулководан иккита рейсда жўнатилган.

Бошқа минтақаларда расмийлар муҳожирлар учун янги чекловларни эълон қилди. Аммо, Светлана Ганнушкинанинг "Живой Гвоздь" лойиҳасига берган интервьюсида айтишича, реакциянинг жиддийлиги минтақадан минтақага фарқ қилади ва бу муҳожирларни таъқиб қилиш бўйича бирон бир умумий кўрсатма йўқлигини кўрсатади. "Ҳар доим шундай бўлган, - дейди у маъмурий чоралар кучайиши ҳақида. - Ҳаттоки, ҳозир бу озроқ [намоён бўляпти] деб айтган бўлардим. Балки бунда ҳаммада даҳшатли таассурот қолдирган [гумонланувчиларнинг] ҳибсга олиниши ҳақидаги кадрлар роль ўйнагандир".

Россиядаги муҳожирларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик Ганнушкинанинг нисбатан хотиржам муносабатига қўшилмайди. Унинг айтишича, сўнгги бир ҳафта ичида ноҳақ таъқибдан шикоят қилганлар томонидан унга қўнғироқлар сони бир неча баробар кўпайган. Ёрдам излаётганлар асосан тожиклар, дейди у.

"Статистик маълумотларга кўра, ўзбек қурбонлари тожикларга қараганда икки баробар, қирғизлар эса тожикларга қараганда бир оз кўп мурожаат қилмоқда, ваҳоланки, Россиядаги қирғиз муҳожирлари сони тожикларга қараганда бир ярим баравар кам. Яъни, қирғизлар тожикларга қараганда 1,6-1,7 баробар кўп бу таъқиблардан азият чекмоқда. Бизга келган жабрланганлар орасида қалмоқлар, туркманлар, аварлар, арманлар ва бурятлар ҳам бор", дейди Чупик.

Чупик гапираётган қонунбузарликлар рўйхати жуда катта. Булар Россиядан ҳеч қандай апелляция имкониятисиз депортация қилиш ҳолатлари конвейер қилиб кўриб чиқилаётгани, муҳожирлар ётоқхоналарига рейдлар ўтказилгани (Миллий гвардия Балашиха шаҳрида ўтказган рейд натижасида бир нафар ўзбекистонлик кўзидан оғир жароҳат олгани маълум бўлган), маҳбусларнинг полиция бўлимларида ва йўлларда таланаётгани, йўл полицияси такси ҳайдовчиларини кенг кўламли текширувдан ўтказаётгани ва ҳк.

Қулай босим воситасими?

Rossiyadagi reyd

Сурат манбаси, TASS

Сурат тагсўзи, Оммавий рейдлар ва муҳожирларни Россиядан чиқариб юбориш - бу Россия расмийларининг фавқулодда ҳодисаларга одатий муносабати. Рейдлар сўнгги йилларда бир нечта шов-шувли жанжаллар давомида ҳам кузатилди.

Тожикистон ўз фуқароларининг Россиядан икки марта кенг кўламли депортациясига дуч келди. 2010 йилда бунга Душанбенинг Россия самолётини ҳибсга олиш ва унинг учувчисини судга бериш тўғрисидаги қарори сабаб бўлган, у Литвалик учувчи билан бирга самолётдаги муаммолар туфайли рухсатсиз қўнган эди. Россия расмийлари жавоб чоралари билан таҳдид қилишганди.

"Буни биринчи бўлиб муҳожирлар ҳис қилишди. Тожик муҳожирларига қарши рейдлар ҳам бўлган. Бу бир ҳафта, икки ёки уч ҳафта давом этганди. Кейин Тожикистон Бош прокурори у ерда ҳеч қандай айб топилмаганини ва учувчилар қўйиб юборилганини маълум қилганди. Ваҳоланки, сал аввал улар камида 10 йил қамалиши мумкинлигини айтишганди. Шундан кейин муҳожирларга қарши рейдлар камайганди", дейди мухолифатдаги Миллий альянс коалициясининг сургундаги раҳбари, Тожикистон парламентининг собиқ депутати Муҳиддин Кабирий.

Рейдлар ва депортацияларнинг иккинчи тўлқини 2012 йилда бўлди, ўшанда Тожикистон ҳукумати Россиянинг 201-ҳарбий базаси ўз ҳудудида жойлашгани учун Россиядан бир неча юз миллион доллар тўлашни сўраганди. Бунгача Москва ҳарбий база ҳудудидан текин фойдаланган ва бу шартларни сақлаб қолишга умид қилган. "Сўнг репрессияларнинг иккинчи тўлқини, муҳожирларга қарши рейдлар бошланди. Яна ўша босим тутқичи мавжуд. Муҳожирлар қийнала бошлади ва улар гуруҳ бўлиб ҳайдаб чиқарилди. Тожикистон эса ён бериб, ҳарбий база фаолиятини текинга 49 йилга узайтирди", дейди Кабирий.

Тожиклар меҳнат муҳожирлари орасида учинчи йирик миллий гуруҳ (биринчи ўринда Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари). Тожикистон Меҳнат, миграция ва бандлик вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йили Россияга ишлаш учун 652 минг киши кетган. Ҳуқуқшунос Валентина Чупикнинг таъкидлашича, тожикистонликлар учун Россияда ишлаш тез пул топиш учун амалда ягона имкониятдир. Бошқа бозорлар анча мураккаб: Туркияда легаллаштириш жараёни бир неча ой давом этади, БААда эса амалда қонунийлаштирилган қулликка тушиб қолиш эҳтимоли юқори. "Бу миграция бўйича Россиядан ёмонроқ бўлган ягона давлат", дейди Чупик БАА ҳақида гапирар экан.

Rossiyadagi migrantlar

Сурат манбаси, NOZIM KALANDAROV/TASS

Сурат тагсўзи, Тожикистонга муҳожирларнинг оммавий қайтиши бу давлат ҳукумати учун жиддий муаммо бўлади ва Россия бундан босим воситаси сифатида фойдаланиши мумкин.

Ўтган ҳафта Россия қонунчилари ва шарҳловчилари меҳнат миграцияси ва Марказий Осиё давлатларидан келаётганлар оқимини чеклаш ҳақида чақириқлар билан чиқа бошлади. Бу чақириқ ва ташаббуслар қанчалик жиддий, хали аниқ эмас. Душанба куни Ички ишлар вазирлиги Россия ҳукуматига Россия билан визасиз режим бўлган мамлакатлардан келган хорижий фуқароларнинг бўлиш муддатини йилига 90 кунгача қисқартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини юборганини маълум қилди (ҳозирда чет эл фуқароси 90 кун бўлганидан кейин Россияни тарк этиши керак, аммо уч ойдан кейин яна 90 кунга келиши мумкин).

Ушбу лойиҳанинг таклифлари орасида бармоқ изларини мажбурий олиш, Россияда хорижлик шахсини тасдиқловчи ягона ҳужжатни жорий этиш ва Россияга содиқ бўлиш учун ёзма мажбурият юклаш киради. Таклифнинг қонунга айланиши қанчалик мумкинлиги номаълум.

Россиядан тожикларнинг чинакам оммавий чиқиши Тожикистон президенти Имомали Раҳмон учун инқироздир, дея таъкидлайди мухолифатчи Муҳиддин Кабирий. "Агар уларнинг камида ярми уйга қайтса, қўшимча иш ўринларисиз, таълим муассасаларисиз, умуман, ижтимоий ва тиббий инфратузилмасиз, мамлакат бу юкка бардош бера олмайди. Буларнинг барчаси, албатта, Раҳмон учун соатли бомба, ҳатто жуда секин ҳам эмас. Менимча, Раҳмон муҳожирларнинг Россияда қолиши учун ҳамма нарсани қилади. Агар бу янги муросани талаб қилса, у янги муросага ҳам тайёр".

Россия энди Душанбедан яна нимани "қаттиқ сўраши" мумкин? Кабирий оддий тожикистонликларни Россия армиясида хизмат қилиш учун шартнома имзолашга мажбурлашлари ҳам мумкин дейди.

"Ҳозир Тожикистон ва Россия ўртасида, Путин ва Раҳмон ўртасида ўткир ҳал қилинмаган масалалар деярли йўқ. Бу ерда Россия нафақат ички талабни [миграцияни чеклаш] қаноатлантирмоқда, балки бошқа бир муаммони - мигрантлар ҳисобидан мобилизацияни ҳам ҳал қилмоқда. Ким қийин танловларга дуч келади. Тожик муҳожири Россия фуқаролигига эгами ёки йўқ, Россияга содиқлик кўрсатишга мажбур".

Пастдан талаб

Rossiyadagi migrantlar

Сурат манбаси, ANDREI LYUBIMOV/TASS

Сурат тагсўзи, Россия иқтисодиёти хорижий ишчи кучига муҳтож ва айниқса, маҳаллий аҳолининг фронтга кетиши шароитида...

Москвада келгиндиларга (ва улар билан бирга Россия Кавказидан келганларга ҳам) кенг миқёсли ҳужум 2013 йил кузида, Ғарбий Бирюлевда яшовчи Егор Шербаковнинг ўлимига жавобан бир неча юз кишидан иборат ғазабланган оломон томонидан содир этилган. Улар аввал маҳаллий полиция бўлимини қамал қилган, сўнг қўшни катта сабзавот омборини йўқ қилганди.

Уларга қарши полиция юборилди, аммо воқеа сабзавот омборининг ёпилиши, унинг эгалари ва раҳбарларига қарши жиноят ишлари, ётоқхоналарга рейд ва юзлаб чет эллик ишчиларни депортация қилиш билан давом этди. Ҳозир бўлгани каби, виза режимини жорий этиш ва ҳаммасини "тартибга солиш" ҳақида таҳдидлар янгради. Аммо бу воқеа меҳнат миграцияси ҳажмига жиддий таъсир кўрсатмади ва 2014 йилда меҳнат патенти тизими жорий этилгандан сўнг, ишга келган одамлар оқими бироз ошди.

Ўшандан бери меҳнат миграцияси ҳажми кўтарилиб, пастлаб турди. Украинага бостириб кириш бу графикка дарҳол таъсир кўрсатмади, аммо 2023 йилда меҳнат муҳожирлари камайгани кўринди - рус рубли қийматини йўқотди ва Россия расмийларининг урушлар сафини чет элликлар билан (кўпинча уларнинг хоҳишига қарши) тўлдиришга уринишлари бозорлар ва масжидларда ўтказилган рейдлар натижасида ишга кетаётганлар учун хавфларни жиддий оширади.

Аммо Россия ишчи кучининг рекорд даражада танқислиги шароитида чет эллик ишчиларга эҳтиёж йўқолмайди ва хорижликларнинг таъқиб қилинишини кузатувчилар фундаментал ўзгаришларни кутмаслик керак деб ҳисоблашмоқда.

"Ўйлайманки, ҳамма аввалгидек бўлади - улар бир неча минг одамлар ҳаётини бузади ва шу билан тинчланадилар", дейди Валентина Чупик.

Ксенофобия ва миллатчилик соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни кузатувчи "Сова" ахборот-таҳлил маркази (бу марказ 2016 йилдан бери Россиянинг "хорижий агентлар" реестрида тургани ажабланарли эмас) директори Александр Верховскийнинг эслашича, бесаранжонлик 2013 йилда Москва билан чекланмаган эди.

"Давлат ҳеч қандай сабабсиз муҳожирларга қарши бошлаган кампания йил давомида турли шаҳарларда бир нечта йирик тартибсизликларга олиб келди. Яъни, давлатнинг ўзи бу оловга ёғ қуя бошлаган заҳотиёқ у ерда-бу ерда алангалана бошлади. Ҳозир, эҳтимол, расмийлар бундан камроқ қўрқса керак, чунки мамлакатда фаоллик даражаси - ҳар қандай, жумладан, миллатчилик ҳам - 2013 йилга қараганда анча паст.

"Аммо бу ерда, умуман олганда, ҳисобни нотўғри олиш ҳеч гап эмас, чунки, афсуски, қачон ва қаерда тартибсизликлар содир бўлишини ва қачон содир бўлмаслигини ҳеч ким ҳисоблай олмайди", дейди у хорижликларга нисбатан нафратнинг пайдо бўлиши эҳтимоли ҳақида.

2010 йиллар бошида мафкуравий миллатчилар авлоди полиция кўрган чоралар натижасида бостирилди ва Украинадаги уруш туфайли улар ҳам иккига бўлинди. Бироқ, экспертнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда икки жараён бир-бирига қараб кетмоқда: давлат аппарати тарқатаётган мафкурада миллатчилик жиҳати кучайиши ва 2000-йилларнинг бошларидаги рус скинхедлари маданиятини эслатувчи оммавий зўравонлик жонланиши. Бу кўпинча ўсмирлар томонидан славян бўлмаган одамларга қилинган ҳужумлардир. Сўнгги бир йил ичида "Сова" маълумотлар базасида 100 дан ортиқ бундай жиддий ҳодисалар - калтаклаш ва пичоқлашлар қайд этилган.

Rossiyadagi millatchilar

Сурат манбаси, ANTON NOVODEREZHKIN/TASS

Сурат тагсўзи, 2010-йиллардаги уюшган ўта миллатчилик йўқолган, бироқ экспертлар фикрича, ёшлар ўртасида ирқчилик хуружлари қайта кучаймоқда.

"Булар асосан жуда ёшлар, ўсмирлар, кўпинча ҳатто ундан ҳам ёшроқ болалар бўлиб, улар 2000-йиллардаги нацист скинхедлари услубига тақлид қилишади. Ҳозир биз субмаданий маънода бундай жонланишни кўрмоқдамиз. Айтганча, нисбатан эҳтиёткор ҳужумлар кўп. Яъни, улар ҳужумлари ҳақида видеоларни интернетга жойлаштиришни ёқтиришади, лекин нафақат шахслари, балки иложи бўлса, ҳатто воқеа содир бўлган шаҳарни ҳам яширишади. Шу билан бирга, қотилликлар деярли йўқ, бу улар учун эҳтиёткорлик масаласи, чунки қотилликлар анча жиддийроқ текширилади", дейди "Сова" директори.

Крокус Сити Ҳоллдаги ҳужумдан сўнг ўтган 10 кун ичида славян бўлмаган кўринишдаги одамларга ҳужумлар содир этилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди: Москва метросида ирқчилик шиорлари билан бир неча йигит бир якутияликни таъқиб қилишган, куръер ва шаурма сотувчи калтаклангани видеолари чиқди. Бироқ, бу ҳодисалар муҳожирларга қарши зўравонликнинг жиддий ўсишини кўрсатиш учун етарли эмас. Аммо гувоҳлар ёки полиция барча ҳужумлар ҳақида гапиравермайди. Бундай ҳодисаларни кузатаётганлар, видеоларнинг эълон қилинишига қараб, бундай жиноятлар кўпайиши мумкинлигини истисно қилишмайди.

Ҳозирча Верховский зўравонликнинг бундай кучайиши муқаррар эканлигини аниқ таъкидлагани йўқ. Меҳнат миграцияси ва муҳожирларга нисбатан қаттиқроқ муносабат амалда қанчалик узоққа бориши ҳам аниқ эмас. Россия давлатида, худди беш-ўн йил олдинги каби, иқтисодий манфаат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш чекловлари вазиятни турли томонга тортмоқда. Мафкурада, дейди эксперт, миллатчилик қаноти кучаяди. Аммо амалда нимани кутиш керак?

"Давлат "агентликлар" тўпламидир. Уларнинг бу масалада турлича қизиқишлари бор. Мисол учун, жаноб Бастрикин мигрантлар таҳдиди ҳақида мунтазам гапиради. Бу унинг учун кампания эмас, фақат доимий мавзу. Тергов қўмитаси раҳбари сифатида эса мамлакатда мигрантлар бўлишидан манфаатдор эмаслиги аниқ. Иқтисодий ривожланиш вазирлигида ҳам ўзининг манфаати бор. Бу вазиятда улардан қай бири ютиб чиқишини билмаймиз. Катта эҳтимол билан, ҳеч ким ҳеч кимни тўлиқ мағлуб эта олмайди", деб ҳисоблайди Верховский.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002