Алвидо ё салом Россия: Мирзиёев мигрантлар учун энди нима қилмоқчи?

Сурат манбаси, BBC uzbek
Ўзбекистон меҳнат миграциясини тартибга солиб, меҳнат муҳожирларини қўллаб қувватламоқчи. Бу борадаги таклифлар Президент Мирзиёевга ҳам тақдим этилган.
Ўзбекистондаги бир масала - меҳнат миграциясидан қайтганларни иш билан таъминлаш, бошқа мавзу - чет элларда қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларга ёрдам бериш ва ўзбекистонликларнинг хавфсиз тарзда хорижга ишга кетишларига эришиш.
Ўзбекистон давлат раҳбарига мигрантларга оид сўнгги тақдимот Россиядаги ҳужумлар боис у ердаги муҳожирларга қарши адоват кучайган манзарада амалга оширилди.
Юз минглаб ўзбеклар чет элларда ишлашади ва бу ўринда Россия жуда катта ўрин тутади. Кўпчилик Россияга ўз ҳолича кетиб, иш излайди.
Мирзиёев ва мигрантлар
Сўнги йилларда Ўзбекистон ўз фуқаролари бориб ишлайдиган мамлакатлар рўйхатини кенгайтиришга интилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистоннинг бир нечта дипломатик ваколатхоналарида меҳнат муҳожирлари билан ишлайдиган махсус атташелар иш бошлайди ва у ерларда муаммога дуч келган фуқаролар учун 24 соат ишлайдиган "колл-марказлар" ташкил этилади.
Ўзбекистоннинг ўзида эса четга ишга кетмоқчи бўлганларни қайта ўқитиш ва касб-ҳунарга йўналтириш каби ишларга аҳамият берилади.
Ҳозирча кўзда тутилган режалар қанчалик муваффақиятли амалга ошиши борасида ҳали аниқ гап айтиш қийин.
Расмий маълумотларга кўра эса, охирги икки йилда 70 минг нафар ўзбекистонлик ривожланган давлатларга ишга юборилган.
Шунга қарамай, ҳар йили меҳнат бозорига тахминан 700-800 минг атрофида ёш ишчи кучи кириб келадиган ва ишсизлик юқори мамлакат учун бу етарли бўлмаслиги мумкин. Бунчалик катта сондаги ишчи кучини ҳозир фақат Россия қабул қила олмоқда.

Сурат манбаси, Rasmiy
Аммо Москвадаги ҳужумни амалга оширишда Тожикистон фуқаролари иштирок этгани ҳақидаги хабар ортидан Россияда ишлаётган миллионлаб тожик, ўзбек ва қирғизларга қарши ёвқарашлар янада кучайиб, текширувлар ҳамда рейдлар кўпайгани ҳақида хабарлар тўхтамаяпти.
Ҳужумдан кейин
Ижтимоий тармоқда ҳужумлар ҳақида фикр билдирган баъзи одамларга қарши жиноий ишлар очилгани, мигрантлар ишловчи ҳудудларга миллатчи гуруҳлар вакиллари бориб, босимлар ўтказишаётгани, ҳатто ҳужумлар қилишгани ҳамда ҳуқуқ тартибот идораларининг рейд ва текширувлари кучайгани кузатилади.
Россиядаги ҳужумлар ортидан у ердаги мигрантларга қарши бошланган амаллар Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда ижтимоий тармоқлар ҳамда турли расмий ҳамда норасмий доираларда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда.
Бишкек вакиллари эса "Россия билан бирга мотам тутишаётганини" урғулаб, айни пайтда бу учун "бутун бошли халқни айблаш ноўрин" эканлигини таъкидлашди.
Қирғизистон расмийлари ўз фуқароларига Россияга бормай туришни ҳам маслаҳат беришган.
Душанбе вакиллари эса тожикистонлик мигрантлар қўрқувга тушиб, қайтиб кетишаётгани ҳақида ҳам айтишди.
"Тожикистонликларни маиший даражада" ҳам камситиш ҳолатлари борлиги таъкидланади, аммо буларнинг барчаси "вақтчинчалик" бўлар деган умидлар билдирилмоқда.
Бироқ айнан қанча тожик, ўзбек ё қирғиз муҳожири ўз ватанига қайтишгани ҳақида аниқ рақамлари берилгани йўқ.
Мигрантларнинг ўзлари нима қилишмоқчи ва улар ҳозирги вазият борасида қандай фикрдалар?

Сурат манбаси, Rasmiy/TMMA
Алоқадор мавзулар:

Сурат манбаси, Reuters
"Ҳозир ватанга кетолмайман. Яқинда қурилиш чиқиндиси ташувчи машина олиб, иш бошлаганман" - дейди ўзбекистонлик Жаҳонгир (исми ўзгартирилган).
"Ҳужжатларим ҳаммаси жойида, лекин ҳозир текширув кучли" - дейди у.
"Такси чақиришди ва кейин мендан агар тожикистонлик бўлсанг, таксини бекор қиламиз, дейишди" - ёзади қирғизистонлик такси ҳайдовчиси ижтимоий тармоқда.
Мигрантларга қарши чоралар
Сўнгги хабарларга кўра, Россия расмийлари мигрантларнинг мамлакатга кириши ва қанча муддат бўлишига оид қонун-қоидаларни ўзгартиришмоқчи.
Россия нашрларининг ёзишича, ИИВ ишлаб чиққан лойиҳага мувофиқ, муҳожирлар фақат 90 кун бу мамлакатда қолишлари мумкин.
Айни пайтда, Россиядаги қатор ҳудудларда мигрантларни такси ҳайдаш каби ишларда ишлаш ҳуқуқларини чеклашга тушишди, баъзи жойларда савдо марказларида ишлайдиган Марказий Осиё давлатларидан келган ходимлар ҳақидаги маълумотларни тайёрлаб, ҳуқуқ тартибот идораларига тақдим этиш сўралди.
Ҳужумларни ёқлаб, ижтимоий тармоқда ё жамоат жойида фикр билдиришда гумон қилинганларни эса жазолаш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Ҳатто асли тожикистонлик хонанда Манижа террор амалларини ёқлагани эҳтимолини текшириш керак, деб талаб қилинди.

Сурат манбаси, EPA
Манижа 2021 йили Евронигоҳ кўригида Россия вакили сифатида қатнашган.
Ҳужумлар ортидан ижтимоий тармоқда видео жойлаган Манижа айни воқеа ортидан Россияда тожикистонлик ва Марказий осиёлик муҳожирларга қийин бўлиши эҳтимолидан хавотир билдирган эди.
Ватанда нима иш бор?
Ўзбекистонлик Бахтиёр Турсун бир неча йил Россияда ишлагач, ватанга қайтган.
Собиқ муҳожир ҳозир Ўзбекистонда ишбилармонликка қўл урди.
"Тошкентда иш бошладик, электр ва сантехника хизматларини кўрсатувчи "Халоскор" номли компания очилди" - дейди Бахтиёр - "Ўзимизда ҳам иш топса бўларкан, малакали усталарга иш кўп ва эҳтиёж бор".

Бироқ Россиядаги бир неча миллионлик муҳожирлар орасида малака, ҳунар ва ё бирон сармояга эга бўлмаган муҳожирлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Бахтиёр Турсуннинг айтишича, малакасиз ёки касб-ҳунарсизлар ҳам Ўзбекистонда иш топиши мумкин, аммо меҳнат ҳақи Россиядагидан анча паст.
Мигрантларнинг ватанга қайтиши эҳтимоли борасида Ўзбекистонда ишлаётган собиқ муҳожир у қадар некбин эмас.
"Барибир миллион-миллион мигрантлар ҳаммаси баравар қайтса, яна ишсизлик авж олади. Фикримча, миграция ҳали узоқ давом этади".
"Москвада бўлиб ўтган воқеалар сабаб бир оз ваҳима бор, лекин биздан (Россияга) кетаётган одамлар ҳали ҳам кўп" - дейди ўз атрофидаги ҳолатдан келиб чиққан суҳбатдошимиз.
"Россия ўзи ҳам мигрантларга муҳтож, шу сабабли тез орада ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади, деб ўйлайман".

Сурат манбаси, Reuters
Шу кунларда Россияга қайтмоқчиман, дейди қашқадарёлик Умид (исми ўзгартирилган).
У қурилиш соҳасида ишлайди ва қишда таътилга қайтганди.
Текширувлар кўплигидан хабардор эканлигини айтса-да, барибир, кетмоқчи.
Сабаби - у яшайдиган қишлоқда ва яқин-атрофда иш кам.
Ўзаро эҳтиёж
Россияда турли манбаларга кўра, 10 миллион атрофида чет эллик мигрантлар борлиги айтилади. Уларнинг салмоқли қисмини эса Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ташкил этади.
Шу ҳолатда ҳам Россия ҳали яна юз минглаб ишчи кучига эҳтиёжманд.
Марказий Осиёдаги камбағал собиқ Совет республикалари бугун Россия меҳнат бозоридаги бўшлиқни тўлдиришмоқда.
Яъни эҳтиёж - бир тарафлама эмас.
Шунга қарамай, мигрантларга нисбатан адоват, зўравонлик ҳамда камситиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Сурат манбаси, РУССКАЯ ОБЩИНА ЕКАТЕРИНБУРГ
Бу ўринда нафақат миллатчи гуруҳлар ёки муайян шахслар, балки ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари амаллари ҳам танқид қилинади.
Россиядаги мигрантлар учун энг хавфли даврлар 2010-йилларга қадар давом этган. Фақатгина расман тан олинган рақамларга кўра ҳам ҳар йили юзлаб муҳожирлар ҳужумларга тутилар ва ҳатто ўлдириларди.
У пайтлари Россиядаги миллатчи гуруҳлар анчайин очиқ ҳаракат қилишар, турли юришлар ўтказишар ва кўча-кўйда муҳожирларга қарши зўравонлик тез-тез рўй берарди.
Москвадаги ҳужум ортидан энди яна Россиянинг айрим ҳудудларида айнан миллатчи кўнгилли гуруҳлар ва шахслар ҳаракатлари кўзга ташлана бошлагани ҳақида хабарлар чиқмоқда.
Эслатма: Би-би-си ташқи саҳифалардаги фикрлар учун масъул эмас.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














