Отасига видео юборгани учун айбланган қизнинг ҳукми ўзгармади

Тошкент вилояти суди отасига видео юборган Севара Шайдуллаевага белгиланган 30 ойлик озодликдан чеклаш жазосини ўз кучида қолдирди. Human Rights Watch суд ҳукмини фикр эркинлигининг қўпол равишда бузилиши, дея муносабат билдирди.
31 ёшли Севара Шайдуллаева отасига 1991 йилда Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг исломчиларга мурожаат қилаётган видеоролигини Youtube'дан юклаб, жўнатган эди.
Шу йилнинг 30 апрель куни туман суди Шайдуллаевани "Ўзбекистон конституциявий тузумини ағдариб ташлашга очиқ чақириқни ўз ичига олган материалларни қасддан сақлаш ва тарқатиш"да айбдор деб топган эди.
Жазо муддати доирасида унга комендантлик соатига риоя қилиш, Тошкент вилоятидан ташқарига рухсатсиз чиқмаслик ва жамоат тадбирларида қатнашмаслик мажбурияти юкланган.
"Ўзбекистон расмийлари Севара Шайдуллаевани собиқ президентнинг видеосини юборгани учун судга тортмаслиги керак эди. Ҳукумат учун видеонинг мазмуни қанчалик ёқимсиз бўлмасин, 33 йил олдинги видеода қайд этилган нутқ тарихий ҳужжатдир", дейди Human Rights Watch'нинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Михра Риттман.
Шайдуллаеванинг айблови Ўзбекистон Дин ишлар бўйича давлат қўмитасининг хулосаларига асосланган.
21 август куни бўлиб ўтган аппеляция суди ҳукмида Шайдуллаева зўравонликка чақириш ёки ҳукуматни ағдариб ташлаш учун бирор иш қилганлигига далил йўқлиги айтилади.
Human Rights Watch таъкидлашича, Ислом Каримов даврида дин ва сўз эркинлигига қўйилган жиддий чекловлар ҳозирги президент Шавкат Мирзиёев маъмурияти даврида ҳам кучда қолмоқда.
"30 йил олдин содир бўлган воқеаларни ҳужжатлаштирган видеони юбориш жиноят бўлмаслиги керак. Ўзбекистон расмийлари Шайдуллаеванинг айбловини бекор қилиб, унинг эркинлигига қўйилган барча чекловларни олиб ташлашлари керак," дейди Михра Риттман.
15 март: Отасига видео юборган қиз тузумга тажовузда айбланмоқда, ўзбекистонликларнинг руҳий ҳолати нега тушиб кетди?
Президент Ислом Каримов ва Тоҳир Йўлдош тасвирга олинган видеони отасига юборган Юқори чирчиқлик қиз конституцион тузумга тажовузда айбланмоқда. Сўровномага кўра, ўзбекистонликлар дунёда руҳий ҳолати энг паст давлат сифатида қайд қилинди. Ўзбек санъаткорларига нашид айтиш тақиқландими? Озоданинг "Кўк жигулиси" Ютуб рейтингида топ учликка кирди. Ҳафтанинг муҳим воқелари борасидаги подкастимизни тингланг.
Отасига видео юбориб, жиноят содир қилдими?
Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида яшовчи фуқаро С. Шайдуллаева отасига видео юборгани учун Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилишда айбланмоқда.
Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг ёзишича, фуқаро Шайдуллаева 1991 йили президент Ислом Каримов ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчиси Тоҳир Йўлдош тасвирга олинган видеони отасига юборгани учун конституцион тузумга тажовуз қилишда айбланиб жиноий иш очилган.
- HRW: "Экстремист деб қамашни бас қилинг, қамалганлар озод қилинсин", Ўзбекистонда диний аҳвол бўйича ҳисобот чиқди
- Ўзбекистон: "Етимларни зўрлаган амалдорга уй жазоси, нашид юборганга 3 йил қамоқ" - адолат тарозиси савол остига олинмоқда
- Янгиликлар: Диний қўшиқ учун 5 йилга қамалган Сардор Раҳмонқулов ишига сенатор эътибор қаратди - Сардорни "аёвсиз" қийнашганми?
Тергов материаллари билан танишган ҳуқуқбоннинг айтишича, бундан 10 йил аввал "Фергана" хабар агентлиги томонидан YouTubeга жойланган ва бугунги кунга келиб 6,5 миллиондан кўпроқ томошабин кўрган "Афсонавий тасвирлар: Тоҳир Йўлдош ва Ислом Каримов 1991 йили Наманганда" видеосини диншунослик экпертизаси "экстремистик ва тақиқланган" деган хулоса берган.

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани ИИБ терговчиси О. Ўктамов фуқаро Шайдуллаева шу видео ҳаволасини отасига улашгани учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз қилиш) билан айблаб жиноий иш очган.
"Айбловга оид тергов материаллари билан таниша туриб, бугун ҳар қандай инсонни ҳар қандай жиноятда айбласа бўлаверадиган замон келибди, деган хулосага келдим. Экспертиза ҳам киприк қоқмай ҳар қандай хулосани ёзавераркан, терговчи билганини қилаверади. Буни қарангки, бундай ишлар суддан ҳам ўтади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Агар бизнинг мамлакатимизда ҳам Адлия вазирлиги бўлганида... балки бу каби ишларда ҳуқуқий экспертиза берармиди, билмайман. Лекин шуни тушундимки, биз конституциявий тузумга тажовузкор юз минглаб кишилар билан бирга нафас олмоқда эканмиз.
Улар қачондир отаси ёки онасига бу видео линкини улашиб, конституциявий тузумни ағдаришга уринишади, чунки бу тарихий видео ютубда очиқ, таъқиқланган материаллар сафига киритилмаган" дейди Абдураҳмон Ташанов.
Ўзбекистон расмий идоралари ҳозирча ушбу ҳолатга муносабат билдирмаган.
Аммо экстремистик деб топилган бирор видеони яқинларига улашган ёки ёқди тугмасини босганлиги учун қамоқ жазоси бериш Ўзбекистонда учрайдиган амалиёт.
Ўзбекистонликларнинг руҳий ҳолати "чидаса бўлади"ми?

Сурат манбаси, bbc.com/uzbek
Ўзбекистонлик интернет фойдаланувчиларнинг руҳий ҳолати сўровнома ўтказилган 70 давлатнинг ичида энг ёмони бўлиб чиқди.
Америкада жойлашган Sapien Labs халқаро тадқиқот ташкилоти интернетдан фойдаландиган 70 давлат аҳолиси ўртасида ўтказган сўровномада Ўзбекистон руҳий қониқиши яхши бўлмаган энг пастдаги давлат бўлган.
Бу каби сўровнома тўртинчи марта ўтказиляпти ва 2023 йилги сўровномага Ўзбекистон илк маротаба киритилган. Энг охирги ўринни эгаллаган, Ўзбекистондан олдин Буюк Британияни кўриш мумкин.
Ҳисоботда Руҳий ҳолат 47 параметрни қамраб олувчи MHQ коэфиценти ёрдамида ўлчанади.
Унда респондентлар кундалик ҳаёт уларнинг ички ҳолатига қандай таъсир қилаётганини маълум қилишади.
Ўзбекистон максимум 200 баллик тизимдан 47 тўплаган 0 дан 50 баллгача бўлган "чидаб яшаяпти" тоифасига киритилган.
Бу рамазонда нега диний қўшиқлар чиқмаяпти?

Сурат манбаси, bbc.com/uzbek
Ўзбекистонда сўнгги йилларда рамазон арафасида хонандалар ўртасида урфга кирган диний мазмундаги қўшиқлар айтиш тенденцияси бу йил кузатилмаяпти.
Би-би-си манбаларининг айтишича, ўтган йиллар бу каби қўшиқларни куйлаган хонандалар тегишли идораларга чақиртириб огоҳлантирилган ва ижтимоий тармоқлардан уларнинг қўшиқларини олиб ташлаш буюрилган.
Би-би-си нашидлари билан танилган хонанда Иззат Шукуровнинг админстратори билан боғланди.
Ўзини Аваз деб таништирган маъмур Иззат Шукуровнинг Youtubedagi нашидлари ўчириб юборилганини тасдиқлади.
Аммо у Иззат Шукуровнинг нашид куйламай қўйганига сабаб қилиб, ўз йўналишини ўзгартиргани билан изоҳлади.
Аваз Ўзбекистон идоралари томонидан босим бўлганини рад қилди ва видеолар ҳам йўналиш ўзгартирилгани учун олиб ташланганини таъкидлади.
Ўзбекистонда айрим нашидлар тақиқланган адабиётлар рўйхатига киритилган ва уларни эшитган ёки тарқатган фаоллар қамалган ҳолатлар ҳам бўлган.
Озоданинг "Кўк Жигули"си дунё бўйлаб YouTubeда энг кўп кўрилган иккинчи мусиқали видео бўлди.

Сурат манбаси, Screenshot
Хонанда Озода Нурсаидованинг "Кўк жигули" қўшиғига олинган видеоси YouTube глобал мусиқа рейтингида бир ҳафта давомида энг кўп кўрилган иккинчи видео бўлди.
Материал тайёрланаётган вақтда Озоданинг клипи қарийб 59 миллион марта кўрилганди.
Уч ҳафта олдин жойланган ўзбек қўшиғи YouTubeга бундан бир ой олдин жойланган ҳиндларнинг "Тери Батун" қўшиғидан кейинги ўринда турибди.
Кузатувчилар ўзбек мусиқа клиплари илк маротаба YouTube рейтингида 2-ўринга чиқаётганини айтишмоқда.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












