Диний қўшиқ учун 5 йилга қамалган Сардор Раҳмонқулов ишига сенатор эътибор қаратди - Сардорни "аёвсиз" қийнашганми? Янгиликлар, Дин ва Дунё

Сардор Раҳмонқулов Facebookда Sardor Usmon номида саҳифа юритган

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Сардор Раҳмонқулов Facebookда Sardor Usmon номида саҳифа юритган

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди 21 яшар Сардор Раҳмонқуловни 5 йилга қамади. Унинг яқинлари 15 кунлик қамоқ давомида Сардор "аёвсиз" қийноқларга тутилганини айтмоқда. Сўнгги вақтларда диний айбловлар билан қамаш яна кўпайдими?

Раҳмонқулов иши ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлгач унга сенатор Алишер Саъдуллаев эътибор қаратди.

Қарийб 7 ойдан бери ҳибсда тутиб турилган Сардор Раҳмонқуловга 30 январ куни Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида 5 йил қамоқ жазоси берилди.

У Жиноят кодексининг 244 прим 1 моддаси "Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш"да айбдор деб топилган.

Яқинларининг айтишича, АйТи соҳасида ишлаган Сардорнинг Telegram ҳисобида 2020 йилда эшитган нашид (диний қўшиқ) топилгани учун прокурор 3 йил қамоқ жазоси сўраган бўлса-да, бироқ судя 5 йил берган.

Видео тагсўзи, Мирзиёев: "Қийноқ қўллашга ўрганган кўнгил, ўлганда қолади"

Би-би-си ҳолат юзасидан изоҳ сўраб Олий Судга мурожаат қилди. Матбуот хизмати вазиятни ўрганиб, муносабат билдиришини айтди.

Қандай қамашганди?

Сардор Раҳмонқуловнинг онаси Саида Саидалиеванинг Би-би-сига айтишича, ўғлини 2022 йилнинг 5 июл куни Шайхонтоҳурдаги бувисининг уйидан ДХХ ва ИИВ ходимлари олиб кетган. Онасининг таъкидлашича, қамоқда вақти безорилик қилди деган, айб билан 15 суткага қамашган.

"Эрталаб 7:30 да орган ходимлари эшикни тақиллатиб келишган. Машина ҳайдаган экан, ичидан психотропик модда топилди, олиб кетамиз деб, уйни тинтув қилишган. Телефон, комютерлари, сумкасини олиб кетишган. Ўғлим ҳам ҳаётда бунақа дори ичмаганман, деб ўзига ишониб улар билан бирга кетган", дейди Саида Саидалиева.

Унинг ўғлига таяниб айтишича, орган ходимлари Сардорни терроризмга қарши курашиш бўлимига олиб киришган ва телефон ҳамда компьютер паролларини сўрашган.

Сардор рад қилгач, уни тепалашгани айтилмоқда.

Сардор

"Мажбур бўлганимдан очиб бердим, компьютеримни ковлашди, ичидан ҳеч нарса топишолмади. Кейин телефонимни очиб, уни ковлашди, деди. Охири 2020 йилда битта нашид эшитган эканман, ўзимнинг ҳам эсимдан чиқиб кетган экан. Ўшани опиб, ана энди қўлга тушдинг, дейишибди".

Саидалиева кўра, ўғли уни ўша вақти яна бир танишига юборган бўлган ва бу Телеграм ёзишмаларида сақланиб қолган.

Уйдан олиб кетилган куннинг эртасига эрталаб соат 7:30 да Олмазор туман суди уни тонгги соат 4 да "каналга ахлат ташлади", дея майда безориликда айблаб 15 суткага қамайди.

Онасига кўра, судда айблаган вақтда Сардор қамоқхона ётган бўлган ва очиқликда безорилик содир қилиши мантиқан мумкин эмас.

"3 кун панелнийда ётганидан сўнг уни Тошкент ГУВД (шаҳар ички ишлар бошқармаси, таҳр. Би-би-си) га олиб келишган. Ўғлимнинг айтишича, кейин уни 20 июлгача қийнашган. Бошига полиэтилен пакет кийдириб, нафаси қайтгунча ушлаб тураркан, яна кўкармасин деб қорин соҳаларига 4 формасиз ходим навбат билан тепиб урган", дейди Саида Саидалиева.

Саидалиеванинг айтишича, қийноққа тутган шахслар Сардор Раҳмонқулов содир этмаган жиноятларни бўйнига олишни талаб қилишган. Уларнинг ичида Facebookда экстремистик постлар қолдирган профил эгасини эканлигини тан олиш ва беш киши билан биргаликда эктремистик диний адабиётлар ўқиш айблари ҳам бўлган.

Онасига кўра, қийноқларга чидай олмаган ўғли ушбу айбловларни тан олиб, орган ходимлари тутган қоғозга қўл қўйиб берган.

Бироқ адвокат тергов давомида ушбу айблар қийноқлар ёрдамида қўйилганини айтиб, уларнинг бир қисмини айблов қоғозидан олиб ташлатишга эришган.

Саида Саидалиеванинг айтишича, Олмазор туман судяси қийноқлар борасидаги даъволарни эътиборга олмаган.

"Судя ўғлимдан қийноққа тутганларнинг исм-шарифларини биласанми, деб сўради. Ўғлим "йўқ" деди. Ваҳоланки, ўша куни навбатчи бўлганларни суриштириб, уларни топиш судя учун қийин иш эмасди", дейди у.

Сардорнинг яқинлари суд қарорини қўлига олиши билан унинг устидан шикоят ёзишини айтмоқда.

SMM ёки ижтимоий тармоқ мэнежери бўлиб ишлаган Сардор Раҳмонқулов Facebookда Sardor Usmon номи билан профил юритган.

Қамалганидан сўнг унинг иши ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлди.

Ёшлар ишлари атентлиги раҳбари, сенатор Алишер Саъдуллаев қўл остидагиларга ҳолатни ўрганишни топширди.

"Агар ижобий хулоса бўлса ва кечикмаган бўлса, албатта ёрдам берамиз", деб ёзди у.

Саида Саидалиеванинг айтишича, муддан олдин Сардор ҳақида маҳалла ва масжид имомларидан ижобий хулосалар олиб, маҳкамага тақдим қилишган. Бироқ судя уларни эътиборга олмаган ва прокурор 3 йил қамоқ жазоси сўраса ҳам 5 йил қамоқ тайинлаган.

Яқинларининг айтишича, Сардор Раҳмонқулов контрак пулини тўлолмагани учун олийгоҳдаги ўқишини вақтинча тўхтатган ва касб ўрганиб, оиласига "бир-икки сўм" пул топиб кела бошлаган бўлган.

"Соқол қўйгани учун кўзга тушиб қолиб, қамашдими, деб ўйлайман. Сабабини ўғлим ҳам, мен ҳам билмай ўтирибмиз", дейди онаси.

Блогер Musannif Adham диний айбловлар билан судлаш ҳолатларини Қорақалпоғистондаги воқеалар суди билан солиштирган.

"Кимгадир хусуматим, адоватим йўқ, хусусан, бугун озодликка чиққан қорақалпоқ биродарларга. Лекин Ўзбекистоннинг "одил судлари" вазиятга қараб ўйнаши энсамни қотиради.

Яқинда бир 18 ёшли қиз телефонидан "диний-экстремистик нашид" чиққанлиги учун 5 йилга қамалгани эсингиздами? (ЖК 244-модда билан). Бугун яна бир "иш" тафсилотини эшитдим: ўтган йили ёзда 15 суткага қамалган 21 ёшли йигит телефонидан 2 та "диний-экстремистик нашид" чиққани учун узоқ вақт тергов қилинган ва шу кунларда суд ҳукми билан 5 йилга қамалган (яна ўша 244-модда билан).

Бу ерда ёки менинг фаҳмим етмаяпти, ёки судларимизда бефаҳм судялар ишлайди: бир жойда тўс-тўполон бўлиб, одамлар ўлишига сабаб бўлган воқеаларда айбланганлар суддан кейин озодликка чиқиши мумкин-у, аммо ҳеч кимнинг бурнини қонатмаган одамлар қамалиб кетавериши оддий ҳол. Бу ерда калит сўз Ислом Каримов даврида ёзилиб, кўпчиликка нон, унвон ва лавозим олиб берган ЖКдаги "диний-экстремистик" деган атамами? Яъни, кимдир пашшага зиён бермаса ҳам, телефони ёки компютеридан кимлиги номаълум "эксперт"лар "диний-экстремистик" деб топган "материал" чиққани учун қамалиши адолатли-ю, "диний-экстремизм"дан узоқ юрган киши одамлар ўлимига сабаб бўлган воқеаларда қатнашган бўлса ҳам озодликка чиқиши табиий ҳолми?", дейди у.

Журналист Санжар Саид ҳам нашид эшитгани учун тайёр мутахассис қамалганини қоралаган.

"21 ёшли СММчи Sardor Usmon телефонида нашид топилгани учун 5 йилга қамалди.

Бу ёқда эса ҳақиқий жиноятчилар куппа-кундузи соллана-соллана жиноят қилишмоқда.

Ҳурматсиз погонлилар! Ўзбекистоннинг душмани унинг иқтидорли, малакали ёшлари эмас! Давлатимиз битта яхши СММчини етиштириш учун қанча маблағ сарфлаётганини биласизми? Умуман, нега сал эътиқодли бўлган ҳаммани ашаддий душман деб кўрасизлар?

Ундан кўра ҳақиқий жиноятчиликка қарши курашинглар, бу нима аҳвол? Сизларнинг ношудликларинг, шахсий амбицияларингни деб кўчага бемалол чиқолмайдиган, фарзандларимизни бирор жойга юбора олмайдиган бўламиз чоғи!", деб ёзди у.

"Жин урсин! Сардоба сув омбори бузилиб халқни хонавайрон қилгани учун жавобгарлар неча йилга қамалганди? Метро қурилишида ОДАМЛАР ҲАЛОК БЎЛДИ, бунинг айбдорлари-чи? Яқиндагина битта доридан ЙИГИРМА НАФАР гўдак нобуд бўлди, бунинг айдборлари-чи? Шулар қанча вақтга қамалган?", дея саволлар ёғдирган Hamidbek Yusupov.

Кўпайётган ҳолатлар

6,5 ярим ой Зангиотадаги ҳибсхонага ўғлининг ортидан қатнаган Саида Саидалиеванинг айтишича, сўнгги вақтларда диний айбловлар билан, яъни диний адабиёт тарқатиш айби билан 3 йилдан 5 йилгача қамалаётганлар сони ортган.

"Зангиотада ўғлимни кутиб камида ўшандай оилаларнинг 6 таси билан танишдим. Ҳаммасига ўғлимникига ўхшаш айблар қўйилган", дейди у.

У ушбу оналар учун ҳам охиригача курашишга қасд қилганини таъкидлади.

Би-би-сига келаётган шахсий мактублар ичида ҳам диний айбловлар билан қамаш ҳолатларидан шикоятлар кўпайганини кузатиш мумкин.

20 декабр куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаат қилган Президент Шавкат Мирзиёев нутқида олдинги йилларда кузатилмаган нуқта кузатувчиларнинг эътиборини тортди.

"Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз", деди давлат раҳбари..

Афтидан, Шавкат Мирзиёевнинг радикаллашувга йўл қўймаймиз деган гапини айримлар диндорларга нисбатан сигнал дея талқин қилган кўринади.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek