Ўзбекистон: Терговдаги қийноқ учун зарарни давлат қоплаб беради ва товус думини юлганлик учун жазо – янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar

mining

Сурат манбаси, Videograb/DXX

  • ДХХ Сирдарёда йирик майнинг ферма аниқланганини билдирди;
  • Терговдаги қийноқ учун зарарни давлат қоплаб бериши белгиланди;
  • Товус думини юлган қизнинг онаси жазоланди;
  • Хитойда Афғонистон бўйича учрашув бошланди;

Миллионлаб долларлик криптовалюта

ДХХ фаолияти давомида $7,7 миллионга тенг криптовалюта ишлаб чиқаргани тахмин қилинаётган майнинг фермасини босган.

Хабар қилинишича, хорижий корхона Сирдарёнинг Боёвут туманида икки йилга ижарага олинган бинода "1,491 комплект қурилма ва 9,280 дона видеокарта"дан фойдаланган ҳолда майнинг ферма ташкил этган.

Алоқадор мавзулар:

"Натижада, 2020 йилнинг август ойидан буён $7,7 миллионга тенг криптовалюта ишлаб чиқарилган.

Бунинг учун масъулияти чекланган жамият ва хорижий корхона раҳбарлари ўзаро тил бириктириб, электр тармоғига уланиш учун туман электр тармоқлари корхонаси билан тузилган шартномада фаолият турига қуёнчилик фермаси ташкил этиш мазмунида сохта маълумотлар киритишган," дейилади расмий хабарда.

ДХХ ферма ташкил этганларни ишлатилган электр учун паст нархда ҳақ тўлаб, давлатга "кўп миқдорда" зарар етказганликда айблаган.

Қийноқ учун зарар

investigation

Сурат манбаси, iibb.uz

Ўзбекистонда, эндиликда, тергов жараёнида шахс қадр-қиммати камситилса, унга етказилган зарарни давлат тўлаб беради.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 март куни имзолаган қонун билан Фуқаролик кодексига шундай қўшимча киритилган.

"Терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суд томонидан шахсга нисбатан ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарар давлат томонидан тўла ҳажмда қоплаб берилади", қўшимчани изоҳлаган Адлия вазирлиги.

Думни юлганлик учун жазо

peacock

Сурат манбаси, Videograb/social media

Бухорода товус думи патларини юлиб олган қизнинг онасига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

27 март куни ижтимоий тармоқда Ситораи Моҳи хосса мажмуасига келган қиз ҳовлида юрган товуслардан бири думидан мажбуран пат юлиб олгани тасвирланган видео тарқалиб, танқидларга сабаб бўлган.

Бунинг ортидан Бухоро шаҳар ички ишлар ходимлари текширув ўтказгани ва товуснинг икки дона патини юлиб олган вояга етмаган қизнинг онасига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисми (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) бўйича баённома расмийлаштирилгани хабар қилинган.

Хитойдаги учрашув

taliban

Сурат манбаси, Reuters

Ўзбекистон дипломатлари Хитойда старт олган Афғонистон бўйича музокараларда иштирок этади.

Reuters'нинг ёзишича, 30 март куни мамлакатнинг шарқий Анҳуи вилоятида Хитой, Россия, Толибон, Ўзбекистон, Покистон, Эрон, Тожикистон, Туркманистон ва АҚШ вакиллари иштирокида музокаралар бошланган.

Хитой давлат нашрлари, ҳозирча, томонлар икки кун давом этувчи музокараларда Афғонистон бўйича айнан қандай масалаларни кўриб чиқишини маълум қилмаган.

Ўтган ҳафта Хитой Ташқи ишлар вазири Ванг Йи Афғонистонда бўлиб, Толибон билан иқтисодий ва сиёсий муносабатларни муҳокама қилгани шов-шувларга сабаб бўлган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek