Қийноқлардан бохабар бўлиб, чора кўрмаган расмий қамалади

Сурат манбаси, Getty Images
4 апрель куни Ўзбекистон Президенти томонидан имзо чекилган қонунда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомалага нисбатан жавобгарлик оширилди. Бироқ бу чоралар Ўзбекистон ҳибсхоналарида қийноқларга барҳам берадими?
Norma.uzнинг ёзишича, Жиноят кодексининг 235-моддасига киритилган ўзгартириш киритилгунга қадар қийноқларга аралашган масъул ходимни бир неча ҳолатларда жавобгарликка тортишга расман тўсиқлар бор эди. Энди уларга барҳам берилди.
Янги ўзгартиришга кўра, эҳтимолли жабрланувчилар доираси кенгайди.
Олдин гумондор, айбланувчи, гувоҳ, жабрланувчи ва жиноий ишнинг бошқа иштирокчилари ёки уларнинг яқинларига нисбатан ишлатилган ноқонуний ҳаракатлар қийноқ сифатида тан олинган.
235-моддада маъмурий қамоққа олинган, судланган, судланувчи ва уларнинг яқинлари ҳисобга олинмаган эди, деб ёзади норма.уз.
Ўзгартирилган моддада ушбу шахслар ҳам қийноқ объектлари бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Энди ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органининг ёки бошқа давлат органининг ходими томонидан ёхуд унинг далолатчилигида ёки хабардорлигида ёхуд индамай берган розилиги билан бошқа шахслар томонидан қўрқитиш, уриш, дўппослаш, қийнаш амаллари учун жиноий жавобгарлик кўрсатилган.
"Бу шуни англатадики, қийноқ фактларидан бохабар бўлган ва унга нисбатан чора кўрмаган ёки хабар бермаган барча давлат хизматчиси жиноятчи саналади", - деб таъкидлайди норма.уз.
Жиноят Кодексининг 22- моддаси далилларни тўплашда рухсат берилмаган усуллардан фойдаланганлиги тўғрисида шикоят бўлган тақдирда мажбурий текшириш ўтказилиши кераклиги кўрсатилган.
"Далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган усуллар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд-тиббий экспертизаси ёки бошқа экспертиза ўтказилган ҳолда мажбурий текширилиши лозим", дейилади янги қўшимчада.
Қўшимчалардан яна бири сифатида ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган зўравонликни қўллаган ҳолда ёхуд шундай зўрликни қўллаш таҳдиди билан олинган кўрсатмалар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Бундай ҳаракатга 5 йилдан 7 йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.
Энди дўппослаш, қийноқ қўллаш, руҳий босим орқали олинган иқрорлар учун 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.
Олдин бу жазо тури кўпи билан 3 йилгача эди.
Қийноқлар натижасида оғир тана жароҳатлари етказилса ёки оғир оқибатларга олиб келса 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин эди. Олдин кўпи билан 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин эди.
Бундан ташқари бу каби жиноятларда айбдор деб топилган шахс бундан сўнг ҳуқуқ тартибот органи тизимларида фаолият юрита олмаслиги ҳам қўшимча сифатида киритилган.
Кузатувчилар қонун қийноқларнинг олдини олишга қаратилган бўлса-да, унинг ишлаш мехинизмлари тўлиқ ишлаб чиқилмаганини айтишади.
Журналист Бобомурод Абдуллаев маҳкамада ўзига нисбатан МХХ ҳибсхонасида қийноқ қўлланилганини айтди.
Суд-тиббий экспертизаси тайинлаш тўғрисидаги мажбурият 4 апрелда кучга кирган қонунда кўрсатилган бўлса-да, судья қонун қабул қилинишидан олдинроқ суд-тиббий экспертизаси тайинлади.
Бироқ суд-тиббий экспертизаси журналистга нисбатан қийноқ қўлланилмаган деб топди. Журналистнинг судда айтишича, мутахассислар уни юзаки текширишган. Танасига берилган зарбаларни аниқлаш учун махсус ускуна ва технологиядан фойдаланмаган.
Судланувчи ва гумондорлар дастлабки тергов давомида ёки маъмурий қамоққа олинган вақтда қийноқларга дуч келгани ҳақида гапиришига қарамасдан, ўтказилган махсус текширувлар ушбу даъволарни қабул қилмаганини кўриш мумкин.
Навоийда диний экстремизмда айбланган Ҳасан Арзиевнинг онаси Инобат Арзиеванинг айтишича, тезкор ходимлар ўғлини калтаклаб юролмайдиган қилиб қўйган.
Қамоқ жазосини ўтаётган Ҳасан Арзиев айни дамда қўлтиқтаёқсиз ва бошқа кишининг кўмагисиз юролмайдиган даражада мажруҳ бўлиб қолган.
Махсус прокурор М. Қоххоров қийноққа гувоҳ бўлган маҳкумларнинг кўрсатмаларини олган. Гувоҳлар Ҳасан Арзиевга нисбатан қийноқ қўлланилганига гувоҳ бўлгани ҳақида гапирган.
Бироқ тайинланган тиббий экспертиза Ҳасан Арзиев калтаклар зарбидан эмас, балки бел чурраси чиққанлиги учун юролмай қолган деган хулосани берган.
Шу билан қийноқ қўлланилганлиги тўғрисидаги даъво рад этилган.
Ҳасан Арзиев билан бирга бир гуруҳда деб айбланган бошқа маҳкумлар ҳам даҳшатли қийноқлар ҳақида гапирган. Лекин уларнинг даъволари ўз исботини топмади, деган важ билан бекор қилинган.
Кузатувчилар қийноқлар борасидаги чоралар кучайтирилган тақдирда ҳам қонунларнинг ишлаш механизми яратилмагунча бу ўзгартиришлар фойда бермаслиги мумкинлигини айтишади.
- BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













