HRW: "Экстремист деб қамашни бас қилинг, қамалганлар озод қилинсин", Ўзбекистонда диний аҳвол бўйича ҳисобот чиқди O'zbekiston Yangiliklar

Жаҳонгир Улуғмуродов ва Сардор Раҳмонқуловлар ҳам "экстремизм"да айбланган

Сурат манбаси, Taqdim

Сурат тагсўзи, Жаҳонгир Улуғмуродов ва Сардор Раҳмонқуловлар ҳам "экстремизм"да айбланган

Human Rights Watch Ўзбекистон ҳукуматини "экстремизм" атамасига қонунчиликда аниқ таъриф беришга чақирди ва бу модда билан қамалганларни озод қилиш тавсияларини берди. Расмийлар Мирзиёев даврида қанча одам ушбу айб билан қамалганини айтмаган.

Инсон ҳақлари ташкилотининг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати дин эркинлигини таъминлашга ваъда берганига қарамасдан, кўплаб чекловлар сақланиб қолмоқда.

Ҳукумат диний ташкилотларни рўйхатга олишга тўсқинлик қилмоқда, собиқ диний маҳкумларни ўзбошимчалик билан назорат қилмоқда ва мусулмонларни қарши ҳаддан зиёд кенг кўламда экстремизмда ноаниқ айбловлар билан айблаб жиноий жавобгарликка тортмоқда.

Ташкилот чоп қилган ҳисоботда айтилишича, 2021 йили қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунда ҳамон инсон ҳуқуқларини чекловчи ва бузувчи меъёрлар бор. Бу вақтда расмийлар қамоқлардаги ваколатни суиистеъмол қилиш ҳақидаги даъволарни эътиборсиз қолдириб, Ўзбекистон жиноят кодексининг диний экстремизм билан боғлиқ бандлари бўйича одамларни жавобгарликка тортмоқда.

Алоқадор мавзулар

"Ўзбекистонда диний эркинликларни кенгайтириш бўйича ислоҳотлар бошлаган президент Мирзиёев обрў қозонди, аммо бугун биз жиддий қонунбузарликлар давом этса-да, ҳеч ким жавобгарликка тортилмаётган ноаниқ вазиятга нувоҳ бўляпмиз", дейди Human Rights Watchнинг Марказий Осиёдаги катта тадқиқотчиси Мира Ритман.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳукумати ҳануз диний қарашлар ва эътиқоднинг қонуний ифодасини "экстремизм" деб ҳисоблайди. "Бундан тинч диний жамоалар билан бирга оддий диндорлар ҳам азият чекмоқда".

HRW

Инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш ташкилотига кўра, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Ислом Каримов даврида кенг ёйилган мусулмонларни оммавий ҳибсга олишларга чек қўйди. Тинч диний амалларини бажаргани учун жиноий жавобгарликка тортилган юзлаб инсон озодликка чиқди, минглаб инсон хавфсизлик хизматларининг "қора рўйхати"дан ўчирилгани айтилди.

"Шунга қарамасдан, ҳукумат динда ҳамон таҳдид кўрмоқда ва шунинг учун ҳам тинч диний жамоалар ва диндорларга нисбатан асоссиз чекловларни сақлаб қолмоқда", дейилади ҳисоботда.

Ташкилотнинг мусулмон фаоллардан иқтибос келтиришича, Ўзбекистонда "дин расман давлатдан ажратилган бўлса-да, диндорлар, диний ташкилотлар доим муфтият ва Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари қўмитаси назорати остида туради. "

Ташкилот шу йилнинг март ойида Тошкент ва Фарғона вилоятларида 20 нафар ҳуқуқ ҳимоячилари, блогер, адвокат ва диний эркинлиги ва ҳуқуқи бузилишидан жабр кўрганлар билан гаплашган. "Диний" мотивда очилган 9 та жиноий ишга оид суд материалларини ўрганган. Бундан ташқари масофадан интервьюлар уюштирган.

Апрел ойининг охирида Human Rights Watch Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатда диний эркинлик чекловларига оид дастлабки хулосалари ва бу борада маълумот сўраб мурожаат қилган.

Ташкилотнинг айтишича, ҳукумат ўзининг ёзма жавобида ҳеч қандай чекловларни тан олмаган ва "(Ўзбекистоннинг) қонунчилик базаси халқаро стандартларга тўлиқ жавоб бериши ва ҳар кимнинг виждон ҳамда эътиқод эркинлиги ҳуқуқини таъминлайди" деган.

Human Rights Watch бундан ташқари Ислом Каримов даврида диний эътиқоди туфайли мамлакатдан қочишга мажбур бўлганлар Ўзбекистонга қайтганида ҳибсга олингани ва диний экстремизмда айбланиб судга тортилган ҳолатлар ҳақида ёзган.

Айрим ҳолатларда ички ишлар идоралари уларни ва яқинларини ватанга қайтса, жиноий жавобгарликка тортилиш борасида хавотирланишга асос йўқлигига ишонтиришган.

"БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг "экстремизм"нинг ҳаддан зиёд кенг ва ноаниқ таърифини кўриб чиқиш зарурати ҳақида берган кўплаб тавсияларига қарамасдан, Ўзбекистон қонунчилиги ҳануз зўравонликка асосланган ва зўравонликдан ҳоли экстремизмни ажратмайди", дейилади ҳисоботда.

Раббимов

Ташкилотнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Жиноят кодексидаги экстремизмга оид моддалар одамларнинг тинч диний фаолияти ва ўзини намоён қилгани учунгина қўлланилмоқда.

"Бу инсон ҳуқуқлари бўйича меъёрлар, жумладан, дин ва сўз эркинлиги, уюшиш эркинлиги каби ҳуқуқларни бузиши мумкин", деб таъкидлайди ташкилот.

Ҳисоботда Тошкентдаги маҳалласида ижтимоий-иқтисодий аҳвол ҳақида ижтимоий тармоққа пост жойлаган Солиҳа С. (исми ўзгартирилган бўлиши мумкин) орган ходимлари томонидан ушлангани ёзилган.

"Унинг телефонини олиб қўйишган ва бир неча соат сўроқ қилишган. Жумладан, қачон ҳижоб ўрай бошлагани, неча маҳал намоз ўқиши ҳақида сўрашган. Унинг айтишича, якунда қўйиб юборишган ва телефонни милиция идорасида қолдиришни сўрашган", дейилади ташкилот ҳисоботида.

Ташкилотга кўра, 2023 йилнинг январ ойида Тошкент жиноят суди Солиҳага Жиноят кодексининг 244-1 моддаси, 3-банди бўйича тақиқланган диний материал чоп қилиш айбини қўйиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини берган. Ушбу материаллар унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига бир неча йил олдин қўйилган бўлган, дейди HRW.

Ҳисоботда ички ишлар органи ходимлари диний экстремизмда айбланиб ҳибсга олинганларга нисбатан "шафқатсиз муносабат"да бўлгани ва қийноқ қўллагани ҳақида бир неча ҳолат қайд қилинган. Расмийлар ушбу ҳолатлар бўйича суриштирув олиб бормаган, ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган.

Ҳисоботда айтилишича, 2021 йил қабул қилинган янги қонун бўйича диний ташкилотларни рўйхатга олиш осонлаштирилган. Бироқ, шунга қарамасддан, "Иегова шоҳидлари" ташкилотининг 2021 йилдан бери Тошкент ва Самарқандда рўйхатдан ўтишга қилган ҳаракатлари бесамар кетган. Одамлар маҳалласидаги масжидларни рўйхатдан ўтказиб, намоз ўқиш учун очишда тўсиқларга дуч келаётганидан шикоят қилган.

Human Rights Watch айни дамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси бўлган Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари расмий Тошкентни дин ва виждон эркинлиги ҳуқуқларига риоя қилишга чақириши кераклигини таъкидлаган. .

Ташкилот АҚШнинг халқаро диний эркинлик комиссияси тавсияларини ва 2023 йилги ҳисоботида Давлат департаментига Ўзбекистонни махсус кузатув остидаги давлатлар рўйхатига қайтариш таклифини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Human Rights Watch Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларига зид Жиноят кодексининг моддалари ва 2021 йили қабул қилинган дин ва виждон эркинлиги тўрисидаги қонун инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро меъёрларга мослаштирилишини таъминлаши керак деган.

"Ҳукумат мусулмонларга диний қарашларини тинч йўллар билан ифода этиш, жумладан, расмийлар радикал деб ҳисобласа ҳам, диний материалларни сақлаш ва тарқатиш кафолатини бериши керак. Шунингдек, расмийлар барча жиноий ишларни тўхтатиши ва зўравонлик ҳаракатини қўзғаш ё содир этишда ишлатиш ёки ишлатишни ният қилиш белгилари бўлмаса, "экстремистик" материалларни сақлаш бўйича чиқарилган ҳукмларни бекор қилишга қадамлар ташлаши керак", дейилади ҳисоботда.

"Расмийлар Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш ва ҳурмат қилишни тўлиқ кафолатлаши учун ҳали кўп иш қилиши кераклиги кўриниб турибди. Тошкентнинг ҳамкорлари ҳукуматни тўхтаб қолган ислоҳотларни янгилаш ва тинч диний жамоалар ва диндорларнинг ҳар қандай ҳуқуқларини топташ ва таъқиб қилиш амалиётига чек қўйишга чақириши керак", дейди Мира Ритман.

Human Rights Watchнинг таъкидлашича, Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши ортидан 2016 йилдан бошлаб динга амал қилиши давлат белгилаб берган доиралардан ташқарида бўлган мусулмонларни оммавий ҳибсга олишлар тўхтатилган.

"Бироқ ҳукумат мусулмонларни "жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш"да ёки ижтимоий тармоқдаги саҳифаси ё қўл телефонида "диний-экстремистик" мазмундаги материаллар учун Жиноят Кодексининг 244-1 моддаси, 3-бандини тез-тез қўллай бошлади, деган тасаввур бор. Булар сирасига мусулмонларнинг диний қўшиғи - нашидларни ҳам киритса бўлади", дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистон расмийлари инсон ҳақлари ташкилотининг 2017-2023 йиллар давомида қанча одам юқоридаги айблар билан жиноий жавобгарликка тортилди, деган саволига жавоб бермаган.

"1937 йиллардаги НКВД стили"

Ўзбекистонда сўнгги вақтларда диндорларни "экстремизм"да айблаш ҳолатлари кўпайиб кетгани мамлакат ичидаги фаоллар ҳам хавотир билдирган.

"Фикри ожизимча, ҳукумат мутаассибликка мойил шахсларни қамаб тугатаман деса, янглишади. Муқобил чоралар ўйлаш керак. Экстремизмга қарши кураш стратегиясини ишлаб чиқиш зарур. Акс ҳолда, бизни келажакда ўнглаш мушкул бўлган вазият кутади", дейди инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов энди "жума муборак" мазмунидаги табрик ва хабарларни юборишда "эҳтиёт бўлиш"га чақиради.

"Чунки, олинаётган маълумотлар шуни кўрсатаяптики, оддий, элементар саволлар ва жавоблар ҳам "экстремистик мазмундаги материал" сифатида талқин қилиниб, реал одамлар реал йилларга қамалиб кетаяпти".

Таҳлилчи Ўзбекистондаги ҳолатни 1937-йиллардаги НКВД услубига тенглаштирган.

"Уларнинг болалари кўчада қолаяпти. Оилалар бузилаяпти. Тақдирлар синаяпти. Бу худди 1937-йиллардаги НКВД стилини эслатади. Ягона фарқ, улар отиб ташлар эди, ҳозирда қамашмоқда. Мисол учун, виждон ва дин эркинлиги тамойилларига кўра, мусулмонлар "8-мартни нишонлаш мумкинми?" ёки "Янги йилни нишонлаш ҳаром", деган саволлар, қарашлар - энг банал, оддий масалалар. Бундай саволлар қўйилишини Ислом дини талаб қилади ва бошқа дин ёки қарашдаги шахсларнинг қадр-қиммати, хавфсизлигига ҳеч қандай таҳдид солмайди. Лекин, шу кунларда айнан шу саволлар учун қамалган одамлар бор. Бу даҳшат! Просто даҳшат! Кичкина қадамлар билан қатта ишлар бўлиб кетаяпти, тарих бу вазиятни жуда қаттиқ қоралайди. Лекин, буни тушунган бор, тушунмаган бор", дейди Камолиддин Раббимов.

Ижтимоий тармоқлардаги бу каби даъволарга расмийлар ҳозирча муносабат билдирмаган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002