Ўзбекистон: "Етимларни зўрлаган амалдорга уй жазоси, нашид юборганга 3 йил қамоқ" - адолат тарозиси савол остига олинмоқда O‘zbekiston Yangiliklar

Жаҳонгир Улуғмуродовнинг ота-онаси суд биноси олдида

Сурат манбаси, Jamoliddin Muhammadjon

Сурат тагсўзи, Жаҳонгир Улуғмуродовнинг ота-онаси суд биноси олдида

21 ёшли талабанинг нашид юборгани учун 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилиниши ижтимоий тармоқда саволлар пайдо қилди ва норозилик келтириб чиқарди.

Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон тумани суди Тошкент давлат Иқтисод унирверситетининг 2-курс талабаси Жаҳонгир Улуғмуродовни Жиноят Кодексининг 244¹-модда, 3-қисм, "г" банди бўйича айбдор деб топиб, 3 йил озодликдан маҳрум қилди.

Бу ҳақда суд жараёнини бевосита кузатган блогерлар Жамолиддин Муҳаммаджон ва Олимжон Ҳайдаровлар хабар берган.

Маълум бўлишича, Жаҳонгир Улуғмуродов YouTube да нашид - диний қўшиқни 10 кишидан иборат Телеграм гуруҳга юборгани учун "Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш" бўйича айбдор деб топилган.

Суд жараёнларини бевосита кузатган блогер Олимжон Ҳайдаровнинг айтишича, суд мажлисида Жаҳонгирга нисбатан айтилган ижобий фикрларни эшитганларнинг кўзига ёш келган.

"Талаба бўлишига қарамай оилада асосий боқувчи бўлган, Тошкент давлат иқтисодиёт Университети(НарХоз)да давлат гранти асосида 2-босқични тугатаётган судланувчи ҳақида ўқитувчисининг таърифини эшитиб, беихтиёр кўзимга ёш келди (суд залидагиларнинг аксарининг кўзи намланди)", дейди у.

Олимжон Ҳайдаровнинг судланувчи устозига таяниб ёзишича, Улуғмуродов қисқа қилиб айтганда "олтин бошлар"дан бири.

"НарХозга ўз билими билан давлат грантига кирган (аввалги йили НарХозга контрактга кириш 1 та жойга 30 нафар талабгор бўлган), математикадан ноёб қобилиятли вундеркиндлардан бири. Бундай ноёб ёшлар 3-5 фоизни ташкил қилар экан, математика билимдонлари орасида ҳам. Камига инглиз тилини IELTS 6,5 даражасида билади", дейди у.

"Бу миллатнинг, халқнинг "олтин бошлари" ҳукуматга керак эмасми?" дея авол қўяди блогер.

2-курс талабаси Жаҳонгир Улуғмуродов

Сурат манбаси, Courtesy

Сурат тагсўзи, 2-курс талабаси Жаҳонгир Улуғмуродов

Жаҳонгир Улуғмуродовнинг 3 йилга қамалиши Ўзбекистонда адолат тарозиси қандай ишлаяпти, деган саволларни яна кун тартибига чиқарган.

"Ўзбекистонда шаклланган адолатсиз тизимнинг рамзи: миллатдан миллионлаб доллар ўмарган ёки етимларни зўрлаган амалдорлар шартли жазоланаётган бир пайтда, оддий диний қўшиқ деб 3 йилга қамалиб кетган талабанинг ота-онасиниг ҳолати", деб ёзди Сардор Салим Улуғмуродов ота-онаси акс этган суратни келтириб.

"3 йилга қамашибди. Битта нашид жўнатиб қўйгани учун. Буни зулм деб биламан ва бу зулмда иштирок этган барча золимлар Аллоҳнинг қаҳрига учрашини, бола чақасидан топишини тилайман", дейди блогер Farukh Samarkandi.

"Газимиз олтинимиз уранимиз мисимиз, қўйинг бутун ер ости усти бойликларни талаётганлар ялло қилиб яшаб юришибди

«Адолатли судимиз» нақадар жирканч эканлигини яна исботлади", дейди Usmon Usmon.

Ижтимоий тармоқдагиларнинг кўпчилиги Хоразмда амалдорлар томонидан 10 ой давомида меҳрибонлик уйидаги вояга етмаган етим қизларни зўрлаб, суд томонидан шартли уй қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳолатни эслаган.

ota ona

"Вояга етмаган қизларни зўрлаганга уй қамоғи, нашид эшитганга 3 йил! Яшаворларин! Эээ ўлганларин яхши бунақа қарорни чиқарганлар", деб ёзади Feruze Begumkhan

Фикр билдирганларнинг кўпчилиги талабанинг қамоқ жазосига сабабчи бўлганларни дуоибад қилган.

Сардор Раҳмонқулов иши

Шу йилнинг 2 март куни нашид юборган Сардор Раҳмонқулов Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан 2 йил синов муддати билан суд залидан озодликкка чиқарилганди.

Олдинроқ жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди 21 яшар Сардор Раҳмонқуловни 30 январь куни 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилганди.

Яқинлари Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда унинг 15 кунлик қамоқ давомида "аёвсиз қийноқлар"га тутилганини иддао қилишган.

Раҳмонқулов иши ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлгач, унга сенатор Алишер Саъдуллаев ҳам эътибор қаратганди.

Кўпайётган ҳолатлар

6,5 ярим ой Зангиотадаги ҳибсхонага ўғлининг ортидан қатнаган Саида Саидалиеванинг айтишича, сўнгги вақтларда диний айбловлар билан, яъни диний адабиёт тарқатиш айби билан 3 йилдан 5 йилгача қамалаётганлар сони ортган.

"Зангиотада ўғлимни кутиб камида ўшандай оилаларнинг 6 таси билан танишдим. Ҳаммасига ўғлимникига ўхшаш айблар қўйилган", дейди у.

У ушбу оналар учун ҳам охиригача курашишга қасд қилганини таъкидлади.

Би-би-сига келаётган шахсий мактублар ичида ҳам диний айбловлар билан қамаш ҳолатларидан шикоятлар кўпайганини кузатиш мумкин.

20 декабр куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаат қилган Президент Шавкат Мирзиёев нутқида олдинги йилларда кузатилмаган нуқта кузатувчиларнинг эътиборини тортди.

"Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз", деди давлат раҳбари..

Афтидан, Шавкат Мирзиёевнинг радикаллашувга йўл қўймаймиз деган гапини айримлар диндорларга нисбатан сигнал дея талқин қилган кўринади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002