Ўзбекистон: Сохта диний айбловлар қўйилган одамлар ҳали ҳам таъқибга учрамоқдами?

Сурат манбаси, courtesy
Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён диний экстремизмга алоқадорликда гумонланган ўн минглаб ўзбекистонликлар «қора рўйхат»дан чиқарилган. Бироқ ўзига нисбатан сохта диний айбловлар илгари сурилганини таъкидлаган ватандошларнинг, очилган ишлар расман ёпилганига қарамай, ҳамон ички ишлар ходимлари томонидан босимга учраётгани борасида бот-бот хабарлар чиқмоқда.
Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатлашган Сурхондарё вилояти, Ангор туманидан 34 яшар Ойбек Юсупов исмли йигит ўзини 2011 йилдан буён ички ишлар ходимлари тинч қўймаётганини маълум қилди ва 2019 йил июнь ойида Ўзбекистон сўрови билан Россиядан депортация бўлганини билдирди.
Юсуповнинг айтишича, у илк бор асоссиз хабар туфайли ички ишлар органлари назарига тушиб қолган.
«2011 йилда Россияда ишлаб, ортга қайтгандим. Миллий хавфсизлик хизмати диний китоблар тарқатиб юрибсан ва Муҳаммад Солиҳнинг китобларини ўқибсан экан, деган айблов билан паспортимни бир ойга олиб қўйган, лекин айбимни исботлаб бера олмаган,» сўзлайди Ойбек Юсупов.
«Уйимда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китоби бор эди. Уни қўшнимиз ўқигани олиб чиқиб кетган экан. Сўнг икки аёл номидан диний адабиётлар тарқатиб юрибди ва мухолифат фаоли Муҳаммад Солиҳ китобларини ўқийди мазмунидаги ариза тушганини айтишди. Мен фақат шайхнинг китобларини ўқиганман, аммо Муҳаммад Солиҳни танимайман. Ўйлашимча, шайх исмини Муҳаммад Солиҳ сифатида етказиб боришган.»
Ўзини мусулмон санасада, намоз ўқимаслигини айтган Ойбек Юсупов марҳум президент Ислом Каримов номига мажбуран «кечирим хати» ёзиб бергач, паспорти қайтариб берилгани ва уни кузатиш учун И. исмли ички ишлар ходими қўйилгани ҳақида сўзлайди.

Сурат манбаси, courtesy
"И. менинг айбим йўқлигига ишониши, ачинаётганини айтиб, "Ука, бундай айбловлар билан қамалиб кетсанг, умринг хазон бўлади. Шунинг учун, ичгинда, уларнинг кўзига маст бўлиб, маҳаллани бир айланиб чиқ," деди. Бироқ мен намозхон бўлмасам ҳам бундай қилмаслигимни айтдим," ҳикоя қилади Юсупов.
Ҳаммаси сал тинчиганидан кейин яна Россияга ишлашга кетган Юсупов турли орган ходимлари томонидан телефон қўнғироқлари олгани, улар мунтазам ундан "Сен ҳалиям намоз ўқиётган экансан," дея сўраб келишганини айтади.
Унга кўра, 2018 йилда ўзига нисбатан босимлар қайтадан авж олган ва бу ишлар Россияда яшовчи С.Б. исмли аёлнинг шикояти билан боғлиқ.
"Мен Москвада электромеханик бўлиб ишлардим, ҳайдовчилик ва электрикликка ўқирдим. 2018 йилда С.Б. Қумқўрғон тумани жиноят қидирув бўлимига "Ойбек Юсупов Санкт-Петербургда мени урди," дея арз қилгани тўғрисида хабар беришди. Мен у аёлни танимасдим, шунчаки унинг квартирасида ҳамкасбларим билан қисқа вақт яшаган эдим," дейди йигит.
Ўзбекистонлик ходимларга ўзининг умрида Санкт-Петербургда бўлмаганини билдирган Юсупов бир-икки кун ўтиб, С.Б. ёзган аризанинг янги жиҳатларидан воқиф бўлганини айтади.
"Ангор тумани жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бўлими Сурияга одам даъват қилган, намоз ўқийди, Туркияга қизларни жўнатади важлари билан менга айблов қўйди. Булар ҳам С.Б.нинг шикоятида келтирилган экан, аммо менга шикоят нусхасини беришмади."

Сурат манбаси, courtesy
Ойбек Юсупов С.нинг квартирасида яшаган меҳнат муҳожирларидан бу аёлнинг Ўзбекистон ва Тожикистон ички ишлар органларига ишлаши, уларнинг сўрови билан Россияда ишлаётган инсонлар устидан сохта иддаолар асосида шикоят аризалари ёзиш билан шуғулланиб келишини эшитгани ҳақида гапиради.
Бироқ Ойбек Юсуповнинг Президент виртуал қабулхонасига йўллаган мурожаатига жавобан 2018 йил 22 август куни келган расмий билдиришномада С.Б. ёзган ариза юзасидан Ангор тумани ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилгани ва "Ангор тумани Новшаҳар маҳалласида яшовчи Юсупов Ойбек Муродовичнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмагани сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишдан рад этиш тўғрисида қарор қабул қилингани аниқланган"и билдирилади.
Шунга қарамай, Ойбек Юсупов 2018 йилдан то 2019 йил май ойига қадар, ўзи Россияда бўлса ҳам, ички ишлар органлари ходимлари унга тинчлик бермагани, бир неча бор рақамини ўзгартирса ҳам, улар барибир топиб, унга қўнғироқ қилишда давом этаверганини таъкидлайди.
"Ҳали ҳам диний даъват қилаётган экансан, дейишар эди. Менинг ўзимга қўнғироқ қилишса ҳам майли, маҳалладан Сурхондарёда қолган оила аъзоларимни ҳам кўз очиришмади. Ўтган йилнинг кузида номаълум одамлар келиб, маҳаллада оила аъзоларим ва одамларни йиғибди. «Шу болани яхши йўлга бошлайлик энди, савоб бўлади,» дейишибди. Оиламдагилар ҳам бундай исноддан бош кўтара олмай қолди," билдиради Юсупов.

Сурат манбаси, courtesy
"Ёшлигимдан тирикчилик дардида тер тўкаман. Россияга кетишдан аввал Тошкентдаги Паркент бозорида мардикорчилик қилар эдим. Мелисалар қуварди, биз қочардик. Қандай қилиб Сурияга одам юборишим мумкин, тушуна олмайман. Очиғи, диндор одам эмасман."
Юсуповнинг ушбу иддаолари бўйича Би-би-си Ўзбек Хизмати Ангор тумани Новшаҳар маҳалласи раисига қўнғироқ қилди.
Маҳалла раиси Хўжамурод Раҳмонбердиев Ойбек Юсуповни таниши, аммо унга нисбатан ички ишлар органлари илгари сурган айбловлардан умуман хабари йўқлиги, ҳатто, унинг Россиядан депортация бўлиб келганини билмаслигини ҳам таъкидлади.
Юсупов истиқомат қиладиган ҳудуд участка нозири ва унинг ишини ўрганган Ангор туман жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бўлими вакили Умид Абдусаматов билан боғланишнинг имкони бўлмади.
Ойбек Юсупов С.Б. иддаолари бўйича жиноий иш очилмаганига қарамай, ўзига ва оиласига қарши босимларнинг охири кўринмагани сабабли Президент виртуал қабулхонасига ички ишлар органлари устидан шикоятлар ёзишда давом этганини айтади.
2019 йил февраль ойида келган шундай расмий жавоб хатларидан бирида унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 140-моддаси («Ҳақорат қилиш») 2-банди бўйича жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинади.

Сурат манбаси, courtesy
«Менга жиноий иш очилганини фақат шу хат келгандан кейин билдим. Диний айбловлар ўз исботини топмагандан кейин улар моддани шунчаки ўзгартириб қўйишибди,» дейди Юсупов.
Ойбек Юсупов шу йилнинг июнь ойида Россия ФСБ ходимлари уни чақиртиргани ва Ўзбекистон сўрови асосида уни 35 йилга (2054 йилга қадар) мамлакатдан депортация қилиш борасида қарор олинганини айтгани ҳақида гапиради.
«Мен тинчгина ҳалол меҳнат билан ишлаб юрган эдим. Охирги марта Россияга пул ишлаб, қайтиб келгандан кейин уйланаман, деган мақсадда кетган эдим. Диний тарғибот ўтказиш ҳаёлимга ҳам келмаган. Ишлардим, ўқирдим. Нега депортация қилинганим сабабини ҳам ҳеч ким айтмади. Киссамда битта телефон билан қайтишга мажбур бўлдим. Буларнинг дастидан 34 ёшимга қадар оилали бўла олмадим,» ёзғиради сурхондарёлик йигит.
Юсуповнинг фикрича, у фақат жиноий ишлар очиш планини тўлдириш мақсадида юрган ва сохта диний айбловлар орқали одамларни қамашга одатланиб қолган ходимлар қурбонига айланган.
«Уч ойдан бери ҳеч ким безовта қилмаяпти. Менга очилган охирги жиноий иш бўйича ҳам менга ҳеч ким ҳеч нарса, демаяпти. Бироқ мен ишимдан айрилганим қолди. Майли, айбим бўлса, очиқ юзимга айтиб, қамашсин - мен розиман, лекин бундай ўйинлар билан ҳаётимни барбод қилишмасин.»
"Биласизми, ҳозир нимадан қўрқаман. Матиз машинам бор. Ҳар куни унга ўтиришдан олдин атрофини етти марта айланиб, текшириб чиқаман. Бу ишларни овоза қилиб юборганимдан кейин машинамга нимадир ташлаб қўйишларидан чўчияпман," давом этади Ойбек Юсупов.

Сурат манбаси, courtesy
Ўзбекистонда янги ҳукумат қудратга келгандан бери диний эркинлик аҳволи сезиларли яхшилангани, махсус хизматлар таъқибига учраган диндорлар енгил нафас ола бошлагани айтилади.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Конституция қабул қилинганининг 26 йиллигида нутқ сўзлаган президент Мирзиёев: "Бир пайтлар диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро «махсус ҳисоблар»дан чиқарилди. Ман этилган ташкилотларга адашиб кириб қолган, қилмишига пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди," дея маълум қилган эди.
Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 1 сентябрида мамлакатда "диний-экстремист оқим аъзолари рўйхати"да бўлган 17 минг одамдан 16 минг нафари назоратдан чиқарилгани, улардан 9 минг 500 нафари иш билан таъминланганини айтган эди.
«Тўғрисини айтсам, агар ҳозир Каримов даври бўлганда, булар мени аллақачон қаматиб юборар эди, лекин ҳозир улар ўша даврларда менга қарши очиб қўйган сохта ишларини ёпа олмай, нима қиларини билмаяпти,» сўзлайди Ойбек Юсупов.
«Истагим - айбим бўлса, исботлаб қамашсин. Бўлмаса, мени шунчаки тинч қўйишсин.»
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












