Янгиликлар: Россияда йўқолаётган мигрантлар. Паспорт қаерда арзон? Аскарлар ўрнига муҳожирларми? Толибон аёлларни нима қилмоқчи? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Куннинг муҳим хабарлари тафсилоти:
- Афғонистон аёлларни ҳаётдан буткул узмоқчими?
- Йўқолаётган мигрантлар бўйича мурожаатлар бор;
- Россия нашри қаерда паспорт олиш арзонлигини айтди;
- Санкт-Петербургда мигрантлар сони ортиб бормоқда;
Ҳозирча фақат Кобулда

Сурат манбаси, AFP
Толибон аёлларга Кобулдаги барча хиёбон ва истироҳат боғларига киришни тақиқлаб қўйди.
Бу қарор хотин-қизларни Афғонистоннинг ижтимоий ҳаётидан янада узоқлаштириши айтилмоқда.
Толибон масъулларининг Би-би-сига айтишича, пойтахтдаги боғларнинг бошқарувчиларига аёлларни киритмаслик буюрилган.
Толибон 2021 йил августида ҳокимиятни эгаллаб олганидан бери аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кескин чекланди.
Улар аёл-эркакни ажратиш қоидаларини жорий этди.
Толибон масъулларига кўра, аёллар ҳафтада уч кун - якшанба, душанба, сешанба кунлари боғларга кира олишади.
Ҳафтанинг қолган тўрт куни эса эркаклар истироҳат боғларига ташриф буюриши мумкин эди.
Энди аёлларга ҳатто эркак қариндошлари ҳамроҳлигида паркка боришга ҳам рухсат берилмайди.
Алоқадор мавзулар:
«Биз буни жорий қилдик, чунки сўнгги 15 ой давомида бизнинг саъй-ҳаракатларимизга қарамай, одамлар паркларга бориб, шариат қонунларига риоя қилмадилар. Чеклов ёнида маҳрами борми ёки йўқми, аҳамиятсиз, барча аёлларга тегишли», - деди Фазилатни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлигининг вакили Муҳаммад Акиф Би-Би-Cига.
Аёлларга нисбатан тақиқ одатда бамперли автомобиллар ёки чархпалак ўрнатилган ҳамда оилалар ўз фарзандлари билан бирга борадиган боғларга тааллуқлидир.
Бу тартиб ҳозирча фақат пойтахтда амал қилина бошлаганга ўхшайди, аммо бундай қоидалар бутун мамлакат бўйлаб қўлланила бошланиши мумкин.
Мигрантлар қаерда?

Сурат манбаси, Getty Images
Россияда қисман сафарбарлик бошланганидан сўнг, мамлакатда ишлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг ғойиб бўлиб қолаётгани ҳақида хабарлар кўпая бошлаган. Бу ҳақда «Озоди» радиосига таяниб хабар берди «Мигрант.моби» портали.
Нашрга кўра, йўқолганларнинг қариндошлари ва дўстларининг маълум қилишича, бедарак йўқолган мигрантлар 20-30 ёшлар орасида бўлган.
«Озоди» радиоси яқинлари билан алоқа узилган бир неча тожикистонликлар ҳақида ёзган. Улар йўқолган мигрантлар бўйича полицияга мурожаат қилингани, аммо натижа бермаганлигини билдирган. Мигрантнинг яқинлари у Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун Россия Қуролли кучларида хизмат қилишга мажбур бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишаётгани айтилмоқда.
Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси бедарак йўқолган айрим муҳожирларнинг яқинлари уларни топишда ёрдам сўраб мурожаат қилганини маълум қилган.
Россиядаги мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Юрист Каримжон Ёров ҳамкасблари билан биргаликда Тожикистон фуқароларининг ғойиб бўлиш фактларини ўрганмоқда.
«Баъзи муҳожирлар ўз ихтиёри билан ёки қандайдир тарзда Украинада жанг қилаётган Россия бўлинмалари сафига қўшилиб қолишмоқда. Россиядаги қурилиш компаниялари ишғол қилинган ҳудудларни, жумладан Мариупол шаҳрини тиклаш учун яна бир гуруҳ муҳожирларни юборди», - дейди юрист нашрга берган интервьюсида.
Шунингдек, ҳуқуқшунос Россияда ғойиб бўлган мигрантларнинг айримлари мамлакатда бўлган ҳолда яқинлари билан алоқа узилган бўлганлигини ҳам таъкидлаган.
Арманистонда 150 минг доллар

МДҲ давлатлари паспортларининг нархи ошаяпти. «Новая газета» нашри Ўзбекистоннинг 1 млн долларга фуқаролик бермоқчи бўлаётганилиги хабари ортидан собиқ иттифоқнинг бошқа мамлакатларига ҳам назар ташлаган.
Нашрга кўра, МДҲ мамлакатларида паспорт нархининг ошиши Россияда қисман мобилизация эълон қилинганидан сўнг юз минглаб россияликларнинг мамлакатни тарк этиши билан боғлиқ.
Россиялик қочқинлар қўшни мамлакатларда 90 кундан ортиқ қола олмаслиги, шу боис иккинчи паспортни (Россия қонунчилигида қўшпаспортлиликка рухсат берилган) олишга ҳаракат қилишлари эҳтимоли кўрилади.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон мисолида россияликларнинг узоқроқ муддат қолишлари учун зарур хужжатлар келтирилади.
Хабарга кўра, Арманистонда паспорт олиш учун 150 минг доллар инвестиция киритиш лозим бўлади.
Аммо у ерда фақат сармоядорлар эмас, балки тиббиёт ходимлари ва олимлар ҳам енгиллаштирилган тартибда фуқаролик олишлари мумкинлиги айтилади.
Мақолада россияликлар учун оммабопроқ бўлган Туркия, Кипр, Вануату, Португалия, Греция ва Мальта мисоллари саналган.
Куни-кеча 1 млн долларлик сармоя эвазига Ўзбекистон фуқаролигини олиш имконияти яратилаётгани айтилганди.
Мигрантлар кимнинг ўрнини босаяпти?

Сурат манбаси, BBC/ILLYUSTRATIV
Санкт-Петербургда меҳнат муҳожирлари сони сезиларли даражада ошди. Айни пайтда гап фақат расмий рақамлар ҳақида кетмоқда, дея хабар беради АиФ-Санкт-Петербург.
Нашрга кўра, айни пайтда ташриф буюрувчи мигрантлар урушга сафарбар қилинган фуқароларнинг ўрнини босмоқда.
Шунингдек, меҳнат муҳожирлари шаҳардаги ободонлаштириш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида бўшаган жойларни ҳам тўлдиришмоқда. Ишчилар учун энг кўп талаб қилинадиган соҳалар сифатида қурилиш ва савдо хизмати хам келтирилган.
Россия Ички ишлар вазирлиги Бош бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг кузида Санкт-Петербургда 300 мингдан ортиқ мигрант қонуний асосда меҳнат қилмоқда. Бу ўтган йиллардагига нисбатан ошган кўрсатгичдир. Масалан, 2019 йилнинг шу даврида шаҳарда 260 мингга яқин чет эл фуқаролари ишлаган эди.
Нашр муҳожирларнинг катта қисми Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари эканлигини таъкидлаган.
Нашр бу йилги бундай кескин оқимни Россиянинг миграция сиёсати, рублнинг қулай курси ва Марказий Осиё мамлакатлари билан визасиз режим билан боғлиқ. деб билади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















