Украина уруши: Россия ва Эрон яқинлашуви дунёга янги таҳдидми? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Кўп йиллар давомида дунё оммавий ахборот воситалари Эронга юборилган илғор Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бўйича тортишувларни ёритиб келади. Аммо ҳозир қурол савдоси бутунлай бошқача йўналишда кетмоқда, деб ёзади Эксетер университети қошидаги Стратегия ва хавфсизлик институти ходими Жонатан Маркус.
Эрон томонидан етказиб берилган дронлардан Москва Украина фуқароларини қўрқитиш ва мамлакатнинг энергия ишлаб чиқариш ва тақсимлаш тизимига зарба бериш учун фойдаланмоқда.
Россия Украинадаги мураккаб аҳволи сабабли аниқ бошқариладиган қуролларни олиш учун Теҳронга мурожаат қилди. Ўзининг арсеналлари тез тугамоқда.
Алоқадор мавзулар:
Руслар Украинадаги қуруқлик нишонларига зарба бериш учун қирғоқ мудофааси ва ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарини қўллаган бир қатор ҳолатлар кузатилди, бу улар учун хос ҳаракат эмас эди.
Эрондан Россияга транспорт рейслари кузатилди. АҚШ манбаларига кўра, ИИҚК (Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси)нинг инструкторлари Россия ҳарбийларига тизимдан фойдаланишни ўргатиш учун Қримдаги базага юборилган.
Уриб туширилган дронларнинг қолдиқлари ўрганилди - Эроннинг Шаҳид-131 дронлари (ҳалқ тилида камикадзе дронлари деб номланади) ва каттароқ Шаҳид-136. Шубҳа йўқки, Теҳрон гарчи буни инкор этса ҳам, улар Россия арсеналидаги сезиларли камчиликни тўлдирмоқда.
Бу Украина учун яхши янгилик эмаслиги аниқ. Эрон томонидан етказиб берилган кўплаб дронлар уриб туширилганига қарамай, вазият бундан ҳам баттар бўлиши мумкин.
Эрон ўз арсеналида янада кучли ўқ-дориларга эга. Ва бундан ҳам хавфлироқ Эрон қуроллари - баллистик ракеталар тез орада Россияга йўл олиши мумкин деган хавотирлар бор.
Улар дронларга қараганда анча катта жанговар каллакларни олиб учади, Украинанинг ракетага қарши мудофаа имкониятлари эса чекланган. Бу Ғарбнинг Украинанинг ҳаво ва ракета ҳужумига қарши мудофаасини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини янада мураккаблаштириши мумкин.
Янги тарангликлар
Аммо Москва ва Теҳрон ўртасидаги чуқурлашиб бораётган муносабатларнинг кенгроқ оқибатлари ҳақида нима дейиш мумкин?
Бу халқаро ҳамжамият ва Теҳрон ўртасидаги тўхтаб қолган ядровий келишув келажагига таъсир қилиши мумкин. Қолаверса, Суриядаги кучларнинг нозик мувозанати ўзгариши, бу эса Исроил ва ўз навбатида унинг Москва билан муносабатлари учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шубҳасиз, Россия ҳам, Эрон ҳам дўстларга муҳтож. Уларнинг иккаласи ҳам ажралиб қолган ва ҳолдан тойган.

Сурат манбаси, Reuters
Россия Украинага қарши тажовузкорлиги сабабли иқтисодий санкцияларга дуч келмоқда, бу уруш Москва учун яхши кетмайди. Эрон режими ҳам ядро дастури ва инсон ҳуқуқларини поймол қилгани учун санкциялар остида ва мамлакат ичкарисида кенг тарқалган норозиликларга дуч келмоқда.
Уларнинг иккаласи ҳам Хитой билан бирга авторитар давлатлардан ташкил топган кичик "клуб"нинг бир қисми бўлиб, улар нафақат ўзларининг минтақавий стратегик мақсадларини амалга оширишга, балки кенгроқ айтганда, ўзлари АҚШ ҳукмронлигидаги глобал тартиб деб кўрадиган ҳолатга жавоб қайтаришга интилишади.
Эронда хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши аллақачон Ғарб томонидан қўшимча иқтисодий санкцияларга олиб келган. Эндиликда унинг Россияга қурол сотгани Британия ва Франция томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2015 йилги ядровий келишувдан кейин қабул қилинган 2231-резолюциясининг бузилиши сифатида баҳоланмоқда.
Бу ядровий дастур билан боғлиқ айрим санкцияларнинг тикланишига сабаб бўлиши мумкин. Ушбу янги кескинлик Трамп маъмурияти 2018 йил май ойида тарк этган Эроннинг ядровий фаолиятини чеклаш учун мўлжалланган халқаро шартнома бўлмиш Биргаликдаги ҳаракатлар режасига қайтиш ҳаракатларини янада барбод қилади.
8 ноябрдаги АҚШдаги оралиқ сайловларгача келишувни тиклаш кечиктирилган. Айни пайтда, Эрон ўзининг уранни бойитиш ишларини илдамлатмоқда.
Эроннинг ядровий ишлари Ғарб устидаги кўланка бўлиб қолмоқда, чунки унинг диққати Украинага қаратилган. Дастлабки келишувнинг асосий томонларидан бири бўлган Россия ўзининг янги қурол таъминотчисига босим ўтказиши даргумон.
Сурия омили
Шунга қарамай, Москва ва Теҳрон муносабатларини чуқур мафкуравий алоқалар эмас, балки шароит белгилайди.
Россиянинг Эрон билан муносабатлари узоқ вақтдан бери зиддиятлидир; яхши мисол, уларнинг Суриядаги амбициялари турличалигидир.
Россиянинг ҳарбий аралашуви Асад режимини сақлаб қолди. Эроннинг ишчи кучи, қуроллари ва жангарилари ҳам унинг омон қолиши учун жуда муҳим эди.
Аммо Сурияда ҳамон ўз ўрнини сақлаб келаётган Россия ҳеч қачон Теҳроннинг минтақавий амбицияларига хайрихоҳлик билан қарамаган. Бироқ у Эрон таъсирини Исроил хоҳлаган шаклда тийиб туришга ҳам ҳаракат қилмаган. Аммо бу Эроннинг Суриядаги ҳарбий кучини кучсизлантиришга қаратилган Исроил ҳаво ҳужумлари олдини олиш учун тайинли иш бермади.
Россия-Эрон муносабатларидаги янги динамика буни ўзгартира оладими? Россия ҳаво ҳужумига қарши мудофаа воситалари ва қўшинларининг бир қисми Суриядан олиб чиқиб кетилган бўлса-да, Москва Исроил амалиётларига аралашиш имкониятига эга.
Бу Исроилнинг Украинани эҳтимолий қўллаб-қувватлови асосий сабабларидан бири эди.
Аммо келажак ҳақида нима дейиш мумкин? Масалан, Россия Эронга ёрдами эвазига ундан ҳам илғор қуролларни беришга қарор қилди, дейлик, унда нима бўлади? Бу Исроилнинг Киевга муносабатини ўзгартиришга олиб келиши мумкинми?
Айни пайтда, Исроилдаги парламент сайлови манзарасида бу эҳтимолдан йироқ кўринади. Аммо Россия ва Эрон ўртасидаги янги муносабатлар таъсири Украинадаги уруш билангина чекланмаслиги мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













