Ўзбекистон. Янгиликлар: Мирзиёев кескин геосиёсий зиддият ҳақида гапирди, унга бас келишга қодирликларини ҳам айтди O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон президенти "ҳар қандай қийинчиликни дўстлик, ҳамкорлик ва бир-бирларини қўллаб-қувватлаш орқали енгиб ўтишга қодир"ликларини баён қилди. Самарқанд саммитида нутқ сўзлади. Туркий давлатлар ташкилотига раислик энди Туркиядан Ўзбекистонга ўтади. Ўзбекистон Туркия билан бирга дунёнинг энг йирик туркийзабон иккита давлатидан биттаси бўлади.

Сурат манбаси, .
Алоқадор мавзулар:
- Қозоғистон-Россия: Қозоқларга ерини ҳеч ким бермаган - Тоқаев ўз сўзини айтди
- Ўзбекистон: Депутатлар Захарованинг гапидан сўнг ўзбек тилига яна кўпроқ мақом бермоқчи, Ташқи ишлар вазирлиги сукут сақламоқда - O'zbekiston
- АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини барибир дастаклайди - Россия ва геосиёсат
- Захарова можароси: Ўзбекистон Россия билан тўқнашмаслиги, аммо суверенитетини урғулаши лозим
Бугунги синов

Сурат манбаси, official
Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг Ўзбекистон раислигидаги Самарқанд саммитида ўз нутқини якунлади.
Ўзбекистон президенти ўз чиқишида кескин геосиёсий зиддиятлар, глобал иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгаришини бирма-бир тилга олди.
Барчалари бунинг оқибатлари билан боғлиқ "мураккаб синовларни бошларидан кечираётганликлари"ни эътироф этди.
Марказий Осиё дунёнинг геостратегик жиҳатдан муҳим минтақаларидан бири бўлади.
Россия бўладими, Хитой ёки АҚШ - дунёнинг глобал ядровий, геосиёсий, геоиқтисодий ва ҳарбий қудратлари, йилларки, ўз манфаатларини парваришлаш ҳаракатида бўлган ҳудуд саналади.
Россия Украинага очган уруш ва Путиннинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари, энергияга чанқоқ қудратли Хитойнинг минтақа давлатларига янада яқинлашиш истаги эса, жорий пайтда Марказий Осиёдаги геосиёсий тангликни янада кучайтирган.
Россия айнан Марказий Осиё давлатларининг энг йирик савдо-иқтисодий шерикларидан биттаси, яна энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори, миллионлаб сондаги фуқароси учун, йилларки, энг катта меҳнат бозори ҳам бўлади. Хитой эса, яна энг йирик сармоячиси ва кредиторларидан бири саналади.

Сурат манбаси, official
Минтақанинг уч давлати - Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон тўлақонли аъзоси, Туркманистон эса, кузатувчи мақомида бўлган Туркий давлатлар ташкилоти 170 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган улкан минтақани қамраб олади.
Мазкур ташкилотга дунёнинг энг йирик туркийзабон ва НАТОнинг тўлақонли аъзоси бўлган Туркия ҳам киради.
Ҳам Европа Иттифоқи ва ҳам НАТОнинг тўлақонли аъзоси саналувчи Венгрия эса, мазкур ташкилотнинг иккита кузатувчисидан биттаси бўлади.
Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанддаги айни ном остидаги илк саммити ортидан унга раислик эса, Туркиядан айнан Ўзбекистонга ўтади.
Ўзбекистон президенти ўз чиқишида ҳозирги таҳликали вазиятда энг долзарб муаммолар ечимлари бўйича ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий ёндашувларини белгилаб олиши, саъй-ҳаракатларини уйғунлаштириши ниҳоятда муҳимлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев "ҳар қандай қийинчиликларни дўстлик, ҳамкорлик ва бир-бирларини қўллаб-қувватлаш орқали енгиб ўтишга қодир"ликларини айтди.
Ўзбекистон президенти айни ўринда ўзаро ҳамкорликларининг савдо-иқтисодий пойдеворини мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқлигини урғулади.
Шавкат Мирзиёев шундай деркан, ташкилотга аъзо давлатлар ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдоларининг атиги 4 фоизини ташкил этиши, унинг қолгани эса, учинчи давлатлар улушига тўғри келаётганига алоҳида тўхталиб ўтди.
Бундай ҳолат, албаттаки, ҳеч бирларини қониқтирмаслигини айтди.
Расмий маълумотларга кўра, 2020 йилда Кенгашга аъзо давлатларнинг жами импорти 420 миллиард долларга тенг бўлган, улар ўртасидаги ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажми эса 21 миллиард долларни ташкил этган.
Президент Мирзиёев "стратегик йўналишда вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун Туркий давлатлар ташкилоти доирасида "янги иқтисодий имкониятлар ҳудудини"ни барпо этиш ташаббусини илгари сурди.
Чуқур таҳлил

Сурат манбаси, official
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, Самарқанд саммитига тайёргарлик кўриш жараёнида Туркий давлатлар ташкилотининг фаолиятини чуқур таҳлил қилишган.
Ўзбекистон президенти аъзо давлатлар ўртасида кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш учун биргаликда салмоқли ишлар қилинганини эътироф этиш лозимлигини таъкидлаган ҳолда, ҳали катта салоҳият ва улкан имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани ҳам "айни ҳақиқат" эканлигини таъкидлаган.
Эътиборни энг аввало ўзаро савдони кескин ошириш ва учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш, қўшилган қиймат узлуксиз занжирларини яратиш, юқори технологик кластерлар ва венчур ширкатларни ташкил этишга қаратишнинг муҳимлигини урғулаган.
Президент Мирзиёев шу ўринда ўзларининг Қўшма инвестиция фондинини ишга тушириш таклифини ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлашларини билдирган.
Ўзбекистон президенти бунинг ортидан транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтиришни кун тартибидаги яна бир стратегик аҳамиятга эга бўлган долзарб масала сифатида тилга олган.
Транскаспий халқаро коридори ҳақида кўп гапиришса-да, сезиларли натижаларга эришиш учун ҳали анча ишлар қилиш кераклиги ҳақида гапирган.
Ўзбекистон президентига кўра, асосий эътиборни минтақадаги транзит коридорларининг рақобатбардошлигини ошириш, бизнес учун энг мақбул тарифларни жорий этиш ва замонавий транспорт инфратузилмасини яратишга қаратишлари лозим.
Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, Туркий давлатла ташкилотига аъзо мамлакатлар нафақат ўзлари, балки ташқи бозорларни ҳам қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлар билан таъминлаш имконияти бор.
Бу йўналишда ҳам амалий қадамларни янада кучайтириш ва аниқ лойиҳалар асосида ҳамкорликларини чуқурлаштиришлари лозим, деб айтган Ўзбекистон президенти.
Институционал ислоҳотлар

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон президенти ўз чиқишида Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятини янги сифат босқичига кўтариш, унинг нуфузини янада ошириш, ўзаро ҳамкорликлари салоҳиятини тўлиқ ишлатиш, қабул қилаётган қарор ва келишувлари ижросини таъминлашни энг долзарб вазифалари сифатида тилга олган.
Бу борада ҳали анча иш қилиниши, ташкилот келгусида мутлақо янги, самарали тизим асосида ишлаши учун умумий саъй-ҳаракатларини бирлаштиришлари зарурлигини айтган.
Шавкат Мирзиёев шу мақсадда Ташкилотда институционал ислоҳотлар ўтказишни таклиф қилган.
Бунда, энг аввало, устувор йўналишлари бўлган сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестиция, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, ахборот технологиялари, туризм, инновация ва таълим, тиббиёт, ёшлар ва бошқа соҳалар бўйича вазирлар даражасида алоҳида қўмиталар тузишни таклиф қилган.
Уларнинг фаолиятига эксперт ва олимларни, жамоатчилик ва хусусий сектор вакилларини фаол жалб этилиши катта самара бериши шубҳасизлигини айтган.
Ўзбекистон президенти, ўз ўрнида, Туркий давлатлар ташкилоти Котибиятининг ўрни ва таъсирини кескин оширишни даврнинг ўзи тақозо этаётганлигини таъкидлаган.
Котибият ҳар бир йўналиш бўйича ишни самарали ташкил қилиши, кўп томонлама сермаҳсул ҳамкорликларининг таъсирчан кучига айланиши кераклигини урғулаган.
Ташкилотга аъзо давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинаётган барча қарор ва ҳужжатларнинг қатъий назорат тизимини кучайтириш лозимлиги масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.
Геосиёсий танглик

Сурат манбаси, official
Самарқанд саммити геосиёсий кескинлик тобора кучайиб бораётган бир шароитда ўтаётганини Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида Владимир Норов ҳам расман ва ошкора эътироф этган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири саммит арафасида кеча, 10 ноябрь кунги чиқишида янги дунё тартиби учун курашнинг янада ортаётгани минтақа барқарорлиги, хавфсизлиги ва узлуксиз тараққиёти учун кўплаб таҳдидларни пайдо қилиб, глобал миқёсда чуқур тафовутларни келтириб чиқараётганлигини айтган.
У ана шундай мураккаб шароитда Туркий давлатлар ташкилоти ўз тараққиётида янги ва янада масъулиятли босқичга қадам қўяётганлигини таъкидлаган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири шу боис ҳам, ўзлари учун ўзаро ҳамкорликлари доирасида олдларига қўйилган стратегик мақсад ва вазифаларга эришиш йўлида бирлик, ҳамжиҳатлик ва умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни намоён этишларининг жуда муҳим эканини айтган.
"Авваламбор, очиқлик, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига қатъий содиқлик асосида суверенитет, ҳудудий яхлитлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишга бўлган таҳдидларни енгиш учун кўп қиррали муносабатларимизни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш ҳамда умумий имкониятларимизни оширишимиз зарур", - дея баён қилган Владимир Норов.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг айтишича, ташкилот давлатларининг ушбу ва бошқа асосий йўналишлар бўйича қўшма ёндашувлари Туркий давлатлар ташкилотининг 2022-2026-йилларга мўлжалланган Стратегиясида ўз аксини топган.
Владимир Норов ушбу ҳужжатни худди ўша куни ўзлари ҳам тасдиқлашларини маълум қилган.
Хавфсизлик масаласи

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон президенти ўз чиқишида минтақавий хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Шавкат Мирзиёев минтақада хавфсизликни ишончли таъминлашни - Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятидаги устувор йўналишлардан бири сифатида тилга олди.
Ўзбекистон раҳбарининг таъкидлашича, сўнгги пайтларда жаҳоннинг турли нуқталаридаги зиддиятли воқеалар туркий дунёнинг умумий хавфсизлигига ҳам таъсир ўтказмоқда.
Президент Мирзиёев буни "мураккаб вазият" сифатида баҳолаган.
Мазкур шароитда терроризм, экстремизм, ёшларнинг радикаллашуви, одам савдоси, наркотрафикка қарши курашиш, жамоат ва кибер-хавфсизликни таъминлаш соҳаларида ташкилотга аъзо давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус хизматларининг доимий алоқада бўлиши ҳамда ўзаро ҳамкорлигини кучайтириши лозимлигини айтган.
Шундай деркан, Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти Хавфсизлик кенгаши котибларининг навбатдаги йиғилишига мезбонлик қилишга тайёр эканликларини ҳам билдирган.
Ўзбекистон президенти мазкур саммитда ҳам "ён қўшнилари" Афғонистондаги вазиятга эътиборни тортган.
Шавкат Мирзиёев буни "яна бир долзарб масала" сифатида тилга олган.
Ўзбекистон раҳбари бугунги кунда Афғонистондаги мураккаб вазият барчаларини, албатта, жиддий ташвишга солишини таъкидлаган.
Афғонистондаги мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартириш масаласи ҳеч қачон назаримиздан четда қолмаслиги керак, деб айтган.
Туркий давлатлар ташкилотининг айни ном остидаги Самарқанд саммити Афғонистонда Толибон яна қудратга қайтган, асос солган муваққат ҳукуматини, бир йилдирки, халқаро ҳамжамият тан олмаган бир манзарада бўлиб ўтган.
Мазкур ташкилотга тўлақонли аъзо Ўзбекистон ва кузатувчиси бўлган Туркманистон минтақанинг Афғонистонга чегарадош икки давлати бўлишади.
Афғонистонда катта сонда қатор туркийзабон халқлар вакиллари - ўзбеклар, қирғизлар, туркманлар, уйғурлар ва бошқа этник миллий озчиликлар ҳам яшашади.
Айнан Афғонистон дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.
Узоқ йиллик урушлар боис, Афғонистон аҳолиси бу яқин ўн йилликларда расман рўйхатга олинмаган эса-да, у ердаги этник ўзбекларнинг сони миллионларга нисбат берилади.
Ўзбекистон президенти афғон масаласи бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқиш мақсадида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари мулоқотларини мунтазам ўтказиб бориш тарафдори эканликларини айтган.
Афғонистондаги бугунги вазият Владимир Норов Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирларининг Самарқанд саммити арафасидаги йиғилишида хосан тўхталиб ўтган мавзулардан бири бўлган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўз чиқишида Афғонистонда барқарор тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдек муҳим масалани алоҳида айтиб ўтиш зарур, деб ўйлашини айтган.
Владимир Норов "туркий халқларни бу юрт билан муштарак тарихий, маданий ришталар, маънавий яқинлик боғлаб туриши"ни таъкидлаган.
Ташқи ишлар вазирининг баён қилишича, Ўзбекистон халқаро ҳамжамият Афғонистоннинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тикланишига фаол ёрдам кўрсатиши зарурлиги борасида қатъий ва принципиал позицияга содиқдир.
У ҳам Афғонистон Муваққат ҳукуматига нисбатан умумий ва яхлит ёндашувларни ишлаб чиқишлари лозимлигини урғулаган.

Сурат манбаси, official
Афғонистондаги бугунги вазият Ўзбекистон президенти сўнгги йилларда ҳар қандай олиймақом йиғин минбарларидан ўз хавотирларини ошкора ва расман изҳор этиб келаётган мавзулардан бири бўлади.
Шавкат Мирзиёев ўтган ой Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитида Афғонистон бўйича яна бир янги ташаббусни илгари сурган.
Ўзбекистон президенти Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро музокаралар гуруҳини тузиш ташаббуси билан чиққанди.
Афғонистон Ўзбекистоннинг янги маъмурияти сўнгги йилларда ўзаро алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлган минтақа давлати бўлади.
Афғонистон Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлаши мумкин бўлган транзит давлати экани билан жозибали.
Жаҳон бозорига денгиз орқали чиқиш йўллари бўлмаган Ўзбекистон учун янги имкониятлар эшигини очиши мумкин бўлган мамлакат.
Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи бозорларидан биттаси.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Шавкат Мирзиёев "аср лойиҳаси", деб атаган Термиз - Мозори-Шариф - Кобул -Пешовар йўналишлари бўйлаб темир йўлларнинг барпо этилиши ва бошқа лойиҳаларнинг амалга оширилиши умумий туркий транспорт маконининг жозибадорлигини кучайтириши шубҳасиз эканини алоҳида таъкидлаган.
Ўзбекистон аввалига Афғонистон Толибон ҳаракатининг сиёсий қаноти ва ҳозирда муваққат ҳукумати билан ҳам расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган, инсонпарварлик ёрдами кўрсатаётган дунёнинг саноқли давлатларидан бири бўлади
Толибон Афғонистонни айнан қуролли йўл билан эгаллагани боис, йирик донорлар Афғонистонга бериб келган катта миқдордаги молиявий ёрдамларини кесишган, мамлакатнинг четдаги миллиардлаб долларлик активларини музлатишган.
Худди шу манзарада толибларнинг иқтисоди абгор бир мамлакатни қайта оёққа қўйишга қанчалик қодир бўлишларига оид саволлар, жиддий хавотирлар ўртага чиққан.
Ўзбекистонга чегарадош Афғонистон дунёнинг энг йирик ўзбек жангари гуруҳлари бошпана топиб келган давлати ҳам бўлади.
Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон президентининг баён қилишича, Самарқанд саммити туркий дунё цивилизациясининг замонавий тарихида янги юксалиш босқичини бошлаб беради.
"Бугун ана шундай эзгу ғояни ўзида ифода этган Самарқанд декларацияси ҳам қабул қилинган", ҳужжат шу соатларда имзоланган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг чиқишидан маълум бўлишича, 2023 йил ташкилот доирасида Туркий цивилизациянинг юксалиш йили, деб эълон қилинади.
Худди ўша йили ташкилотнинг 30 йиллиги муносабати билан Туркий халқлар маданияти фестивалини ўтказиш таклифини Ўзбекистон ҳам қўллаб-қувватлайди.
Шавкат Мирзиёев шу ўринда йиғилиш доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотнинг биринчи марта тантанали топширилишидан барчаларининг қувонч туйишларини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган.
Алишер Навоийни туркий дунё бирлигини мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшган буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби сифатида тилга олган.

Сурат манбаси, official
Шу соатларда Самарқанддан олинаётган хабарларга кўра, Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг раиси сифатида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга Туркий дунёнинг олий орденини топширган.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров эса, буюк адиб Чингиз Айтматовга берилган Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни қабул қилиб олган.
Қисқача маълумот ўрнида
Мустақил Ўзбекистон ҳозирда марҳум Ислом Каримов бошқаруви даврида туркий давлатлар иштирокидаги тузилмаларда иштирок этмаган, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига қўшилмаган.
Ўзбекистон 2019 йилнинг сентябрь ойида, Ислом Каримовнинг кутилмаган вафотидан уч йил ўтиб, бу кенгашга қўшилишини маълум қилган.
Ўзбекистон минтақанинг энг йирик туркийзабон давлати бўлади.
Кенгашнинг ўтган йил ноябрь ойидаги саммитида ташкилот номи ўзгартирилган, у Туркий давлатлар ташкилоти, деб аталган.
Марказий Осиёнинг тўртта туркийзабон давлатидан биттаси бўлган нейтрал мавқеъдаги Туркманистон ташкилот қошида кузатувчилик мақомини олган.
Самарқанддаги саммит ортидан унга раислик Туркиядан Ўзбекистонга ўтган.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг ўзига 2009 йилда "Нахичеван" шартномаси асосида Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркия иштирокида асос солинган.
Таҳлил:
Ўзбекистон. Кун саволи: Россия ва Хитой гегемонлиги қаршисида бугун Туркий давлатлар нима қила олади?

Сурат манбаси, official
Россия ва Хитой гегемонлиги қаршисида бугун Туркий давлатлар нима қила олади? Туркий давлатлар ташкилотининг кечаётган ҳафтада Ўзбекистон мезбонлик қилиши кутилаётган илк саммити худди шу каби саволларни пайдо қилмай қўймаган. Бунга мазкур саммитнинг Россия Украинага очган уруш ҳануз давом этаётган ва айни шу уруш боис, минтақада геосиёсий танглик янада кучайган бир пайтга тўғри келаётгани сабаб бўлган. Украинадан кейинги нишон мазкур ташкилотнинг тўлақонли аъзоси Қозоғистон бўлиши мумкин, деган қўрқув ва хавотирлар ҳам айни мазмундаги саволларга замин яратмай қолмаган. Туркий давлатлар ташкилотига кирувчи Туркия ва кузатувчиси бўлган Венгрия эса, НАТОнинг тўлақонли аъзолари саналишади. Туркия, бундан ташқари, дунёнинг энг йирик туркийзабон давлати бўлади. Ҳозир минтақада Россия ҳамда Хитойнинг зиддига янги бир геосиёсий, геоиқтисодий ва ҳарбий қудратга айланиш потенциалига эга ўйинчи сифатида ҳам кўрилади. Худди шу омиллар назарда тутилганда, бўлажак саммитнинг вазни, салмоғи, ўрни ва аҳамияти нимада бўлади?

Сурат манбаси, facebook
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















