Янгиликлар. Ўзбекистон ва Дунё: Янгиликлар. Ўзбекистон ва Дунё: Ўзбекистон Россия телеканаллари таъсиридан қутулмоқчими? 20 эркакка ОИТС юқтирган ўзбекистонлик аёл ким? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot - UzDigital TV
- Ўзбекистон Россия телеканаллари таъсиридан қутулмоқчими?
- Бухоролик аёл 20 эркакка қасддан ОИТС юқтирди
- Россияда патент қимматлайди
- Қирғиз депутати Ўзбек мигрантлари ҳақида қайғурди
Ўзбекистон Россия телеканаллари таъсиридан қутулмоқчими?
Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари хабар қилишларича, мамлакат аҳолисида Россия телеканалларига муқобил танлов пайдо бўлган: Ўзбекистонда фаолият юритадиган UzDigital TV рақамли телевидениеси айрим вилоятларда истиқомат қиладиган ўз мижозларига дунёнинг етакчи телеканаллари кўрсатувларини томоша қилиш имкониятини яратди.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон ва Дунё: Ўзбекистонда нега қурол масаласи кун тартибига чиқди, Толибон аёлларни ёлламоқда. Хакерлар саломи - Сенат сайти ҳимояси заифми?
- Украина уруши: Россия Афғон ҳарбийларини ёллашга уринаяптими?
- Ўзбекистон. Янгиликлар: Ўзбекистонда Украина уруши мавзуси тақиқланганми? Имомларга жумада нималарни гапирмаслик буюрилган? Россиядан яна шунча кўп пул келдими?
- Россия Украина урушига русларни эмас, бошқа миллатларни кўпроқ юборяптими? Тадқиқот
- Янгиликлар. Остона: Россияни қаттиқ жазолаган Европа Иттифоқи Марказий Осиёга яқинлашмоқчи, бунга Путин нима дейди?
UzDigital TVнинг Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Сирдарё вилоятида яшайдиган мижозлари энди бешта пакетга обуна бўлишлари мумкин.
Булар Буюк Британиянинг BBC, АҚШнинг CNN ва Bloomberg телеканаллари, Франциянинг France 24, Хитойнинг CGTN, Туркиянинг TRT Avaz ва "Беларусь 24" кўрсатувлари.
Шунингдек, UzDigital TV расмий веб-сайтида Fox News, CNBC, SkyNews ва бошқа халқаро телеканалларни томоша қилиш имконияти мавжудлиги хабар қилинган.
Ўзбекистонда Россия телеканаллари ўзбекистонликларнинг онгига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида жамиятда бир неча йилдан гапириб келинади, айниқса, Россия Украина урушини бошлаганидан кейин бу мамлакат мустақиллигига ҳам таҳдидни юзага келтириши мумкинлиги айтилмоқда.
Бир аёл 20 эркакка ОИТС юқтирган

Сурат манбаси, Getty Images
Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармасининг Телеграм канали хабар тарқатишича, 2002 йилда туғилган ғиждувонлик аёл 20 дан ортиқ эркакка ОИТС хасталигини қасддан юқтиришда айбдор деб топилиб, уч йилга озодликдан маҳрум этилган.
Бухоро ИИБ хабарига кўра, 11 синфни битирганидан кейин қиз оиласи билан келишолмай қолган ва уйдан чиқиб кетиб, тунги клубдан иш топган. Ишдан бўш вақтида фоҳишалик билан шуғулланган.
2021 йили саломатлиги ёмонлашиб, Ғиждувон туман шифохонасида текширилганида ОИТСни юқтиргани аниқланган.
"Қиз шу заҳотиёқ рўйхатга олинган ва мажбуриятлари ҳақида тушунтирилган. Ўзидаги инфекцияни бошқаларга юқтирса, Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган", деб хабар қилади Бухоро милицияси.
Бироқ аёл ОИТСга чалинганини яширган ҳолда эркаклар билан жинсий алоқада бўлишда давом этган. Тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, 20 нафардан ортиқ эркакка ОИТС касаллигини қасддан юқтирган, деб хабар қилади Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси.
Москвада патент қимматлайди

Сурат манбаси, OFFICIAL
Fergana.ru веб нашрининг Москва шаҳар Думасига таяниб хабар қилишича, 2023 йилдан Москва шаҳрида меҳнат муҳожирлари патенти 6600 Россия рублига кўтарилади.
"2022 йили меҳнат мигрантлари учун одатий ҳисобланган соҳаларда расмий маошлар 11,5 фоиз ошди. Шу муносабат билан мос равишда патент баҳосини ойига 6600 рублга ошириш таклиф қилинмоқда", деб айтган Москва шаҳар иқтисодий сиёсат тараққиёт департаменти раҳбари ўринбосари, Солиқ таҳлили бошқармаси бошлиғи Дарья Мурченко.
2022 йили Москвада ойлик патент 5900 рубль этиб белгиланган.
Россиянинг бошқа ҳудудлари: Санкт-Петербург шаҳри, Ленинград вилояти, Самара вилоятида ҳам янги йилдан ойлик патент тўловлари оширилиши хабар қилинган.
Қирғизистонда ўзбек мигрантлари
Қирғиз депутати ҳам ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари шароити билан қизиққан.
Қирғизистон оммавий ахборот воситалари Қирғиз депутати Аманкан Кенжебаевнинг ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг бу мамлакатда ишлаши билан боғлиқ шарт-шароит мавзусини кўтаргани ҳақида ёздилар.
"Бизнинг фуқароларимиз пул ишлаб топиш учун хорижга кетишаяпти. Лекин Қирғизистон худудларида ишчи кучига талаблар бор. Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари қишлоқ хўжалигида ишлашга тайёр. Лекин уларда фақат 60 кунга рухсат бор. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига рухсатни қандай қилиб 1 йилгача чўзиш мумкин? Бу билан ким шуғулланади?, деб сўради депутат Кенжебаев Ташқи ишлар вазирлиги вакилидан.
ТИВ вакиллари бу масалани Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлиги ҳал қилиши лозимлигини билдиришган."Ҳозирги вақтда Ўзбекистон фуқароларида 60 кунга рухсат бор. Бу муддат тугаганидан кейин улар чиқиб кетиб, яна қайтиб киришлари мумкин. Агар бир йилга ишга жалб этиш зарур бўлса, Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлиги келишиши керак", деб айтган Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















