Сирдарё вилоятидаги ҳарбий омборда юз берган портлаш Тошкентда ҳам сезилди O'zbekiston Yangiliklar

Телеграм фойдаланувчилардан бири тарқатган видеода касалхона биносининг ичкариси акс этгани айтилади.

Сурат манбаси, Telegram

Сурат тагсўзи, Телеграм фойдаланувчилардан бири тарқатган видеода касалхона биносининг ичкариси акс этгани айтилади.

22 октябрь, шанба куни тонгда Сирдарё вилоятида катта портлаш юз берган. Портлаш кучини ҳатто камида 70 километрлик масофадаги Тошкент шаҳрида яшовчилар сезганларини айтишмоқда. 20 чақиримлик масофадаги Чиноз тумани аҳолиси ҳам кучли гумбурлаган овоз ва деразалар титраганидан уйғониб кетган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг билдиришича, соат 04:55да Сирдарё вилояти Малик аҳоли пунктидаги Мудофаа вазирлиги омборида якка тартибда портлаш содир бўлган. Вазирлик аввалига талафот кўрганлар ва жабрланганлар йўқлигини хабар қилди.

Хавфсизлик камераларидан олингани айтилган видеода портлаш юз бериб осмон қизил рангга ўзгарганини кўриш мумкин.

Сурат манбаси, Telegram

Сурат тагсўзи, Хавфсизлик камераларидан олингани айтилган видеода портлаш юз бериб осмон қизил рангга ўзгарганини кўриш мумкин.

«Дастлабки маълумотларга кўра, аҳоли ва ҳарбий хизматчилар орасида қурбонлар ҳамда оғир жароҳат олганлар йўқ. Портлаш оқибатида ҳарбий қисм атрофидаги айрим маҳаллалардаги енгил конструкциялар, ойналарга шикаст етган», дейилади расмий хабарда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра эса, «шикастланганларнинг 11 нафари Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасига жўнатилган, шикастланганларга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилган. Олти нафар беморга амбулатор ёрдам кўрсатилиб жавоб берилган.»

Ушбу ҳарбий омбор Қозоғистон чегарасига яқин жойлашган.

Ҳарбий омбор аҳоли яшаш жойларига яқин жойлашган.

Сурат манбаси, Google Earth

Сурат тагсўзи, Ҳарбий омбор аҳоли яшаш жойларига яқин жойлашган.

Маҳаллий аҳоли тарқатган видеоларда савдо мажмуалари, банклар, гўзаллик салони каби биноларнинг деразалари чилпарчин бўлгани ва жиҳозлар шикастланганини кўриш мумкин.

Шунингдек, хавфсизлик камераларидан олинган кадрларда ҳам афтидан портлаш акс этган. Портлашдан бир неча сониялар ўтиб кучли тўлқин натижасида чанг-тўзон кўтарилгани кўринади.

Мудофаа вазирлигининг билдиришича, ҳозирда «портлаш бўйича ҳарбий мутахассислар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.»

Бир Телеграм фойдаланувчиси тарқатган видеода деразалари синган гўзаллик салони акс этган.

Сурат манбаси, Telegram

Сурат тагсўзи, Бир Телеграм фойдаланувчиси тарқатган видеода деразалари синган гўзаллик салони акс этган.

«Таъкидлаш керакки, ҳарбий қисмдаги ўқ-дори захираси хавфсизлик талабларига жавоб берадиган, Давлат стандартларига мос равишда, замонавий махсус омборларда сақланмоқда. Уларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган», дейилади вазирлик хабарида.

Вазирликка кўра, айни вақтда мутасадди ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ҳолда, ҳарбий қисм атрофида жойлашган маҳаллалар қамраб олиниб, етказилган зарарни аниқлаш ҳамда уларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан «зарур чоралар кўрилмоқдa.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek