Ўзбекистон Олий Суди: Сардоба ишида давлат сирлари бор O'zbekiston Sardoba

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Ўзбекистон Олий Суди тўрт кун олдин бошланган овозали Сардоба тўғони ёрилиши билан боғлиқ жиноят ишининг суди нега ёпиқ тарзда ўтаётгани борасида изоҳ берди.
Олий Судга кўра, жиноят иши давлат сирлари билан боғлиқ бўлгани учун ёпиқ кўринишда ўтказишга қарор қилинган.
- Метро қурилишида 6 киши ўлимига сабаб бўлган жиноий иш 9 ой олдин ёпилгани маълум бўлди
- Сардоба, шифокор ҳикояси: Биз борган қишлоққа ҳали ёрдам етиб келмаган эди... (Видео)
- Сардоба қурбонлари: Расмий рақамлар гувоҳларникидан фарқ қиляптими?
- Мирзиёев Алишер Усмоновнинг пулларини тарқатишни бошлади
- Ўзбекистон: Сардоба сув омборини ўзи ким назорат қилган?
- Ҳукумат одамларга уй қуриб бермоқчи, лекин муаммо нимада?
Бундан олдин Сардоба сув омбори девори бузилишига оид жиноят иши Олий Судда 21 декабрь куни бошлангани, суд жараёнини ёпиқ ўтказишга қарор қилингани ҳақидаги хабар тарқалганди.
"21 декабрь куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан судланувчилар М. Холматов ("Ўзбекистон темир йўллари" АЖ "Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси" бошлиғи лавозимида ишлаган) ва бошқалар (жами 17 киши) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни бошланди", дейилади Олий Суд матбуот хизмати тарқатган хабарда.
"Ушбу жиноят иши бевосита давлат сирлари билан боғлиқ бўлганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси 1-қисми талабларига мувофиқ ёпиқ тарзда кўрилаяпти".
"Судланувчилар Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 203-моддаси (сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 258-моддаси (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.
Суд жараёни давом этмоқда.
Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича алоҳида баёнот берилади", дейди Олий Суд матбуот хизмати.

Сурат манбаси, Social media
Сардоба сув омборининг тўғони шу йил 1 май тонгида ёрилиб кетган, оқибатда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг аҳоли яшайдиган масканлари ва деҳқончилик далаларини сув босган, катта моддий зарар етган эди.
Ўзбекистон расмийлари Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 2570 уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келгани, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарлангани ҳақида ҳисобот берганлар.
Ўзбекистонда янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов Сардоба сув омбори ёрилиши бўйича 17 шахс тергов қилинаётганини билдирган.
Акмал Бурҳоновга кўра, жиноят ишида тўғон лойиҳаланиши, қурилиши, эксплуатация қилиниши, давлат комиссияси томонидан қабул қилинмаган ҳажмда сув тўпланиши жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатлари ўрганилган.
Сардоба иши бўйича суд мажлисининг 28 декабрга мўлжаллангани хабар қилинган.
24 декабрь куни Тошкентдаги метро қурилишидаги ҳалокат юзасидан қўзғатилган жиноят иши март ойида ёпилгани жамоатчиликка маълум бўлди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














