Ўзбекистон: Сардоба сув омборини ўзи ким назорат қилган? O'zbekiston

Gazeta.uz

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Бош прокуратура Сардоба сув омбори ўпирилиши юзасидан «Мансабга совуққонлик билан қараш», ҳамда «Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш» айбловлари билан жиноий иш очди ва терговни Давлат хавфсизлик хизмати олиб боришини билдирди.

Фожиа юз бериши ортидан «Ўзбекгидроэнерго» ва «Ўзбекистон темир йўллари» кўп тилга олина бошлади, аммо уларнинг бу иншоотга нисбатан масъулияти ва аниқ роли кўламини аниқлаш осон эмас, чунки Сардоба сув омбори қурилиши тўғрисидаги ҳужжатлар жамоатчилик учун очиқ эмас.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Сув хўжалиги вазирлигидаги манбамиз бизга бу объектдан фойдаланиш ишларига «Ўзбекгидроэнерго» масъул эканини айтди, аммо «Ўзбекгидроэнерго», ўз навбатида, бу объект қурилишини «Ўзбекистон темир йўллари» олиб боргани, Сардоба сув омборидан фойдаланиш бўйича назорат эса Давсувхўжаликназорат томонидан амалга оширилишини билдиряпти.

Дунёнинг деярли барча давлатларида сув иншоотларининг хавфсизлиги бўйича асосий жавобгарлик уни юритувчи ташкилот зиммасида бўлади, аммо айни дамда уларнинг устидан назоратни ҳукумат инспекцияси амалга оширади. Ўзбекистонда «Давсувхўжаликназорат» - қоғозда айнан шундай ташкилот.

Каримов инспекцияси

Каримов

Сурат манбаси, official

Бу ташкилотни 1999 йилда марҳум президент Ислом Каримов тузган. «Давсувхўжаликназорат» инспекциясини ташкил этиш номли Вазирлар Маҳкамаси қарорида бу ташкилот «катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиши объектларининг техник ҳолатини пухта хатловдан ўтказсин» дея буюрилган.

Қарорга биноан у, жумладан, қуйидаги вазифаларни бажаради:

катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларидан фойдаланишда уларнинг ишончли техник ҳолатини таъминлаш устидан назоратни амалга ошириш ҳамда бехатар ишлашини таъминлаш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектлари техник ҳолатининг ишончлилиги ҳамда бехатар ишлашини экспертизадан ўтказиш;

катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларини қуриш ҳамда қайта қуриш лойиҳаларини экспертизадан ўтказишни ташкил этиш, уларни барпо этиш сифати ва фойдаланишга қабул қилиниши устидан назоратни амалга ошириш;

Ташкилот тузилганидан бери бир неча ҳукумат идораларига бирлаштирилган - 2011-2017 йилларда у Вазирлар маҳкамасига қараган, 2017-2018 йилларда - Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, сўнг Сув хўжалиги вазирлигига ўтган.

Маълумот йўқ

Инспекция сайтида бу ташкилот гидротехника иншоотлари хавфсизлиги устидан давлат назорати соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқарув органи ҳисобланади. Тўққиз йилдан бери унга Нозимжон Эрназаров раҳбарлик қилади.

Би-би-си Сардоба сув омборидаги техник ҳолат охирги марта қачон текширилгани, текширилганми ё текширилмагани, қандай хулосага келингани бўйича маълумот олишга уринди.

«Давсувхўжаликназорат» сайтида бундай маълумот йўқ. Матбуот котибининг тавсияси билан биз жаноб Эрназаров билан бир неча бор боғланишга уриндик, аммо унга уланишнинг имкони бўлмади. Унинг ўринбосари Зафар Ирисбоевга боғланганимизда, жаноб Ирисбоев бизга сув омбори «доимий текшириб борилган»и, ҳамда ташкилотда ҳамма ҳозир Сирдарёга «чиқиб кетган»и туфайли ҳеч қандай ҳисоботларни бизга тақдим эта олмаслигини айтди. Қачон тақдим эта олишини сўраганимизда, у алоқани узиб қўйди.

Жамият хавфсизлигига, хусусан инсон ҳаётига хавф солувчи объектлар қандай ва қачон текширилгани бўйича маълумот жамоатчилик учун очиқ бўлиши керакми? Хусусан, бу каби объектлар атрофида яшайдиган оддий фуқаролар бу каби маълумотни олишга ҳақлими? Улар кимга мурожаат қилиши керак?

Айни саволларга тегишли ташкилот ва идораларнинг жавоблари ва муносабатларига очиқ эканини BBC News O'zbek яна бир бор таъкидлайди.

Британия тажрибаси

Мисол тариқасида биз Британия тажрибасига юзландик.

Ҳукуматга тегишли Environment Agency, яъни Атроф-муҳит агентлиги Англиядаги барча сув иншоотлари, хусусан сув омборлари, тўғонлар ва ГЭСларни юритувчи ташкилотлар устидан мунтазам назорат олиб боради ва ҳар икки йилда мана бундай ҳисоботни жамоатчиликка тақдим этади.

Агентлик сув иншооти эгаси ё юритувчисидан ҳукумат томонидан тайинланган муҳандислар комиссия гуруҳини ёллашни талаб қилади, текширувлар ўтказилмаган тақдирда ўз ташаббуси билан иншоотга кириб мажбурий ишларни олиб бориш ваколатига эга.

2017-2018 йиллар учун чиқарган ҳисоботида агентлик аввалги ҳисоботга қараганда кўпроқ қатъий огоҳлантиришлар бергани, ва бўйсунмаган ташкилотлар терговга тортилганини хабар қилган. «Икки ҳолатда биз омборлар хавфсизлигини таъминлаш учун ўз фавқулодда ваколатларимиздан фойдаланиб аралашишга мажбур бўлдик» дейилади ҳужжатда. Бир ҳолатда эса агентлик сув омборини буткул бўшатишга буйруқ берган ва бу амалга оширилгани ҳам айтилади.

Агентликка бўйсунган ва бўйсунмаган, ҳамда терговга тортилган иншоотлар рўйхати ҳам унда бор.

Агентлик ўз сайтида, шунингдек, сув омборлари ва тўғонларни юритувчилар учун махсус трейнинг машғулотларини тақдим қилади. Унда сув иншоотларининг турлари ва рўйхати билан бир қаторда, уларни юритишда қандай хавфсилик чораларига эътибор берилиши кераклиги, нега муайян муаммолар юз бериши ва қандай ечилиши кейс тадқиқотлари билан изоҳлаб берилган.

Қизиқ жиҳати, унда қўлланилган тил ва иборалар нафақат бу соҳа муҳандислари, балки оддий одамлар учун ҳам тушунарли тарзда тақдим этилган. Мақсад - бирон сув иншооти ўпирилиши ё бошқа фожиа сабаб инсон ҳаётига хавф пайдо бўлган тақдирда оддий аҳоли вакиллари ўз хавфсизликлари кафолати давлат идоралари томонидан қандай назорат қилинганини кўра билиш имконини яратиш.

Бу каби маълумотлар Ўзбекистон ҳукумати идораларида ҳам очиқ бўлиши керакми?

«Давсувхўжаликназорат» ҳам сув иншоотлари хавфсизлигини қандай назорат қилганини очиқлаши муҳимми?

«Ўзбекгидроэнерго» ва «Ўзбекистон темир йўллари»-чи? Инсонлар ҳаётига хавф солувчи объектларни ким юритиши, ким ва қандай текшириши, текширув хулосаларини Ўзбекистон фуқаролари ҳам билишга хақлими?

Фикр ва муносабатлар учун [email protected] ёки BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek