Ўзбекистон хижолат: Қозоғистон Сардоба учун товонни муҳокама қилмоқда - O'zbekiston

Official

Сурат манбаси, Official

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Қозоғистон ўзининг жанубий Туркистон вилоятидаги сув тошқини сабаб Ўзбекистонга дипломатик нота юбормайди.

Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Ойбек Смадиёров маълум қилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Унинг айтишича, барча масалалар икки давлат ўртасидаги абадий дўстлик шартномаси нормаларидан келиб чиққан ҳолда ҳал этилади.

Аввалроқ Қозоғистон Экология, геология ва табиий заҳиралар вазирининг ўринбосари Сергей Громов Қозоғистон "Сардоба" сув омборининг ёрилиши натижасида қозоқ томонига зарарни қоплаш талаби билан дипломатик нота тайёрланаётганини айтган эди.

У ўзбек томонидан Сардоба сув омбори ҳақида батафсил маълумот ва уни қайта тикламаслик ёки қисман тиклашни талаб қилишларини ҳам айтган.

Ўзбекистон хижолат

Президент Шавкат Мирзиёев "Сардоба" сув омборидаги авариядан сўнг, Ўзбекистондаги қатор гидроиншоотларда текширув ўтказишга буйруқ берганини айтган.

Унинг 5 май куни ўтган йиғилишда айтишича, ушбу текширувларга чет эллик экспертлар жалб қилинган.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Social Media

"Бу сув тошқини биз учун аччиқ сабоқ бўлди. Шу сабабли сув омбори масаласида биз халқаро экспертларни жалб этган ҳолда тўғоннинг барча дамбаларини чуқур экспертизадан ўтказамиз. Фақат шундан кейингина якуний хулосага келамиз", деган Мирзиёев.

Коррупция ва 'ура-урачилик'

Президент гидроиншоот фожиасига қурилиш соҳасида кенг тарқалган коррупция сабабчи эканини айтган.

"Қаерда сифат бўлган бўлса, натижаси кўриниб турибди. Қаерда сифат бўлмаган бўлса, коррупция, ўғрилик, тендерларни «ура-ура» қилган ташкилотлар... бош вазир ўринбосарлари, «бажарамиз», «есть» қиламиз, деган одамлар энди ишлолмайди. Бу ишнинг якуни бошқача бўлади. Жуда катта таҳлил қиламан, мажбурман таҳлил қилишга. Кўп одамлар билан хайрлашишга мажбур бўламан. Энди бундай ишлаш бўлмайди", деган президент.

Давлат раҳбарининг коррупция ҳақидаги сўзларини йиғилишда қатнашган Kun.uz мухбири келтирган.

Президент матбуот хизматининг расмий хабарида коррупция ҳақидаги танқидлар йўқ.

Аввалроқ сув тошқини юзасидан жиноят иши очилган ва тергов ДХХга топширилганди.

Ҳодисада 4 киши, жумладан, камида бир Миллий Гвардия зобити ҳалок бўлган, қидирув ишлари давом этаётгани айтилмоқда.

Талофатлар ва етказилган моддий зарар ҳақида тўлиқ расмий маълумот йўқ.

Мирзиёев техноген офат қўшни Қозоғистон халқига ҳам зиён етказганидан "хижолатда" эканини айтган.

"Ушбу кутилмаган техноген офат нафақат аҳолимизга, балки қўшни қозоқ биродарларимизга ҳам ортиқча ташвиш ва зиён етказганидан жудаям хижолатдамиз. Уларнинг аҳоли яшаш жойлари ва экин майдонлари зарар кўрганидан, албатта, биз жуда афсусдамиз.Ҳукуматимиз, тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, бошқа мутасадди ва мутахассислар қозоғистонлик ҳамкасблари билан биргаликда табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича, албатта, яқиндан ҳамкорлик қилади", деган у.

"Сардоба" сув омборининг ёрилиши оқибатида Қозоғистон жанубидаги 14 та аҳоли пункти сув остида қолган, 31 минг одам уйларида кўчирилган.

Қозоғистон

Сурат манбаси, KIRILL PAVLOV/FACEBOOK

Қозоғистоннинг Ўзбекистонга дипломатик нота юбормаслик қарори расмий Нур-Cултон Тошкентдан тошқин учун товон пули талаб қилмаслигини англатадими, йўқми, маълум эмас.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги вакили бу масалага аниқлик киритмаган. Аммо қозоқ томони ўзига етказилган зарарни аллақачон ҳисоблаб чиққан.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу 404 миллион танга ёки қарийб 1 миллион долларга тенг.

Хўш, Қозоғистон томони зарарни қандай ҳисоблаган?

Икки қўшни давлат орасида юзага келган бу каби фавқулодда ҳолат қайси келишувлар асосида ечилади?

Би-би-си Қозоғистондаги Евросиё университети доценти, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев билан суҳбатлашди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek