Сардоба, шифокор ҳикояси: Биз борган қишлоққа ҳали ёрдам етиб келмаган эди... (Видео)O'zbekiston, Sardoba

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Бундан бир неча кун аввал инсонпарварлик ёрдами ортилган карвон билан Тошкентдан Сирдарё вилояти, Мирзабод туманининг Дўстлик қишлоғи томон йўлга чиқдик.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Мақсад Сардоба сув омбори ўпирилишидан зарар кўрганларга ёрдам бериш эди. Бу пайтга келиб бир неча ташкилотлар ёрдамни бошлаб юборишган ва бизнинг клиникамиз ҳам четда қолишни истамасдан керакли дори-дармонлар билан бу хайрли ишга бош қўшишни истади. Тиббий ёрдам қаторига биз ҳамкасбларимиз билан кийим-кечак, озиқ-овқат ва рўзғор эҳтиёжлари учун асқотадиган нарсаларни йиғдик. Ҳар ким ёрдам беришни истар эди.
8 май куни учта "Тез Ёрдам" машинаси ва йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари кўмагида йўлга чиқдик. Биз борадиган минтақага ҳали ёрдам етиб келмаган ва у анча узоқда жойлашган эди.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Фалокат рўй берган минтақага яқинлашар эканмиз... худди денгиз ўртасига тушиб қолгандай эдик. Ҳаммаёқ сув. Биз юрган асосий йўл омон қолганди, аммо айрим жойларни сув босган ва шикастлаган эди. Сув ичида қандайдир оролчалар кўзга ташланарди, яхшироқ қарагандим улар омон қолган уйларнинг томлари эканини тушундим. Лойдан бино бўлган аксарият уйлар эса вайрон бўлган, янги, ғиштдан қурилганлари ҳали ҳам тик турарди. Бу қадар йирик вайроналарни кўриш оғир эди.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Биз боришимиз керак бўлган қишлоқни узоқ изладик... Одамлар деярли кўринмасди, фақат ҳарбийлар ва маҳаллий эркаклар тозалаш билан банд эди. Баъзан уйини йўқотган уй ҳайвонлари, чорва молу қўйларига кўзимиз тушарди. Ҳаво исиб кетганидан биз машина деразаларини очдик, шу заҳотиёқ кўнгилни айнитадиган қўланса ҳид таралди. Зотан, коронавирус туфайли ниқоб тақиб олгандик. Жониворлар жасади сасиб кетганди. Йўлда бир итга кўзим тушди, аввалига у ухлаб қолган бўлса керак, деб ўйладим, яқинлашгач эса... бу итнинг жасади эканига ишонч ҳосил қилдим.
Кейин биз ўлик молу қўйларни сув остидан чиқараётган ҳарбийларни кўрдик. Биз шифокормиз ва ҳаво исиши, ифлос сув ва жасадларнинг сасиши туфайли юқумли касалликлар авж олиб кетишидан хавотирда эдик.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Биз йўлда ичи сувга тўла, аммо бузилмаган уйларни ҳам кўрдик. Одамлар бузилган уйларининг атрофида кўрпалар, ёстиқлар, кийим-кечакларини ёйиб қўйишганди. Бир автобус бекати остида жон сақлаётган оилани кўриб, кўнглимиз бузилди. Бир аёл сув тошқинидан омон қолган нарсаларига қараганча хаёл суриб ўтирарди...
Тўрт соатча қидириб, ниҳоят биз қишлоқни топдик. Бизни бир гуруҳ одамлар хурсандчилик билан кутиб олишди, қишлоқ раисаси, туман ҳокими... Ҳамма ниқоб тақиб олганди. Биз жабрланганлар ҳақида сўрадик. Аҳолининг асосий қисмини мактабга жойлаштиришибди. Яқинда тушлик учун бу ерга келиб, кейин яна мактабга кетишганини айтишди. Улар учун уч маҳал иссиқ овқат тайёрланар экан. Атрофга қарасам... битта катта қозон, атроф озода эмас... Шу ернинг ўзида қўлбола ошхона тиклашган. Сал нарироқда битта ҳожатхона.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Қишлоқ раисаси биздан жуда миннатдор эди, чунки уларга ҳали ёрдам етиб келмаган экан. Уларнинг қишлоғи шундоққина сув омбори ёнида жойлашган. Ҳоким барча ёрдамни ҳокимлик биносига олиб боришни сўради, ўша ердан тарқатишларини айтди. Қишлоқ раиси, "йўқ, қолдиришсин бизга, ўзимиз кимга нима керак бўлса берамиз", деди.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Бошларидан кечга воқеалардан ҳамон шокда бўлишса ҳам одамлар бизни қадрдонлари каби қарши олишди, доим "раҳмат" деб туришди. Чойга таклиф қилишди, аммо дастурхон очишга қўймадик, вақтимиз зиқ эди. Қишлоқ раиси бўлган опахон яна дуо қилди бизни. Хайрлашдик, менинг ўпкам тўлиб борарди, шунча одам...бир неча дақиқа ичида уйидан, мол-мулкидан жудо бўлди... Баъзан биз борига шукр қилмаслигимизни тушундим. Бир лаҳзада ҳамма нарсадан айрилиши мумкин экан одамзод...
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












