Ўзбекистон: Сардоба қурбонлари: Расмий рақамлар гувоҳларникидан фарқ қиляптими? - O'zbekiston

sardoba

Сурат манбаси, kun.uz

Ўзбекистон расмийлари Сардоба фожиасидан 16 кун ўтиб қурбонлар борасидаги тўлиқроқ маълумот берди. Бироқ рақамлар гувоҳларнинг сўзларига тўғри келмаяпти.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Комилжон Арипов Сардоба техноген фалокати оқибатида ҳалок бўлган фуқаролар сонини маълум қилди.

Расмийнинг айтишича, "Сардоба" сув омборидаги фалокат оқибатида жами 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган (2 нафар аёл, 4 нафар эркак). Бир нафар фуқаро бедарак йўқолган. Хабарда жароҳатланганлар ҳақида айтилмаган.

Ўзбекистон расмийлари илк маротаба Сардобадаги фожиада ҳалок бўлганларнинг жинси борасида маълумот берган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъули Комилжон Ариповга таяниб келтирилган хабарларда ҳалок бўлганларнинг ёши ва қайси аҳоли яшаш пунктларидан эканлиги ҳақида батафсил маълумот берилмаган.

Сардоба сув тошқини гувоҳларининг берган маълумотлари солиштирилганда расмийлар бераётган рақамлар билан тўғри келмаётганини кузатиш мумкин.

Илк гувоҳ 7 май куни azon.uz сайтига гапирган Сардоба тумани "Юсуф" жоме масжиди имом-хатиби Абдисалим домла Азимов сув омбори ўпирилган жойдан бир чақирим узоқликдаги "Қўрғонтепа" маҳалласида яшаган.

Масжид имом-хатиби "Қўрғонтепада" 3 аёл сувда оқиб кетиб ҳалок бўлганини айтган.

Azon.uz да чоп қилинган мақоладан парча

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Azon.uz да чоп қилинган мақоладан парча

"Бир бемор кампир, бир она икки қизи билан сувда оқиб кетди. Улар эшитмай қолишганми ёки бошқа сабабми, билмадик. Она сувда қолиб кетган, икки қизини анча нарироқда сувдан чиқариб олишган. Аммо қизларнинг бири вафот этган, иккинчи қизча ҳам оғир аҳволда касалхонада экан. Уларни Аллоҳ раҳматига олсин, беморларига шифо берсин, деб дуодамиз", деган у.

Абдисалим Азимов "Қўрғонтепа" қабристонини сув ювиб кетгани учун бу аёллар туман марказида жаноза ўқилиб, дафн қилинганини айтган.

"Уларни ўзимизнинг қабристон йўли ювилиб кетгани сабабли туман марказида жаноза ўқилиб, дафн қилинган", деган масжид имом-хатиби.

"Қўрғонтепа" маҳалласи тўғоннинг ғарб томонида жойлашган.

Би-би-си билан гаплашган гувоҳлар тўғоннинг шимол томонидаги аҳоли яшаш пунктларидан бирида яқинларидан бир аёлнинг ўлгани ҳақида айтган.

Ушбу аҳоли яшаш пункти бизга маълум, аммо гувоҳларнинг хавфсизлиги учун уни ошкор қилмаймиз.

"Бизнинг совхоздан 3-4 фалокат бор. Энди ухлаб қолганлар орасида ҳам йўқолганлар ҳам оз бўлмаса керак. Нариги маҳалладан бир синглимиз ўлди… Икки боласини томга чиқарган, ўзини сув тортиб кетганини эшитдик", дейди сув остида қолган аҳоли пунктларида яшовчилардан бири.

Матбуотга гапирган гувоҳлар камида 4 аёлнинг ҳалок бўлгани ҳақида айтмоқда.

Бироқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган маълумотда 2 аёлнинг ўлгани ҳақида айтилган.

Жамоатчилик ушбу фожиада ҳалок бўлганлар борасида илк маротаба Президент Шавкат Мирзиёевнинг 5 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида хабардор бўлганди.

Мирзиёев Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши натижасида юзага келган сув тошқинида 4 кишининг вафот этгани, 1 кишининг бедарак йўқолганини маълум қилган эди.

Фалокат бўйича маҳаллий хабар бериш тизими ишламаган

Халқаро Пресс клубдаги матбуот анжуманида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Комилжон Арипов Сардоба фожиаси бўйича аҳолини хабардор қилиш тизими нима учун ишламаганини айтган.

Маълум бўлишича, 2017 йилда корхона томонидан аҳолини техноген фалокатдан хабардор қилиш бўйича техник топшириқ ишлаб чиқилган. 6 километр узунликда Навбаҳор, Чўлқувват, Қўрғонтепа, Янги Қишлоқ, Гулистон, Тоҳаристон, Чаманзор ҳудудларига хабар берувчи товушли воситалар ўрнатиш белгиланган.

Расмийнинг айтишича, хабар бериш тизими 3та босқичдан иборат. Биринчиси - марказлашган бўлиб, республика даражасида бўлади. Иккинчиси - маҳаллий миқёсда хабар бериш. Бунда сув омборига яқин ўша ҳудудлар киради ва охирги босқич объектнинг ички қисмида рўй берган фалокатдан хабар қилиш.

Ариповнинг гапларидан фалокат бўйича маҳаллий хабар бериш тиўими ишлаб чиқилмагани ойдинлашади.

"Сардоба техноген фалокати бўйича маҳаллий хабар бериш тизими ишлаб чиқилиши керак эди. «Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунга кўра, фалокат ҳақида хабар бериш объект раҳбарияти зиммасига юклатилган. Аҳолига хабар бериш тизими жуда қиммат туради. Омборда сув маълум сатҳга кўтарилганда 1 соат ичида автоматик тарзда хабар бериши керак», деган Комилжон Арипов.

Би-би-сига гапирган гувоҳлар тонгда рўй берган фожиа ҳақида улар яшайдиган қишлоқ аҳолисини маҳаллий чўпонлардан бири огоҳлантирганини айтганди.

"У чўпон қўй-қўзисини ҳам ташлаб совхозга югуриб келибди. Қий-чув бошланиб кетди. Яхши ҳам аёлларнинг кўпи подага чиқаришдан олдин сигир соғгани турган… Саҳарликка турганлар ҳам бор эди…", деган гувоҳ.

Azon.uz сайтига гапирган масжид имом-хатиби илк сув остида қолган "Қўрғонтепа" аҳлини беда овловчилар тошқиндан огоҳ қилганини айтган.

"Ўша сув омбори яқинида бир ҳамқишлоғимиз яшайди, яна икки киши тонгда ўша томонга бедана овига боришган экан. Ўшалар офатни энг биринчи бўлиб кўриб қишлоққа шошилишган, одамларни қутқаришга сабаб бўлганлар. Отини чоптириб келиб, қишлоқни уйғотди, дарров Фавқулодда вазиятлар бошқармасига қўнғироқ қилиб, хабар берган", деган Абдисалим домла Азимов.

Гувоҳларнинг тахмин қилишича, улар яшайдиган ҳудуд сув омборга яқин бўлгани ва сув шиддат билан оққани туфайли ҳам маҳаллий мутассаддилар илк зарбага учраган қишлоқлар аҳлини келаётган хавфдан ўз вақтида огоҳлантира олмаган бўлиши мумкин.

"Бизни ҳеч ким огоҳлантирмади лекин. МЧС, мелиса мошиналарни совхоздан анча узоқлашиб кетганимиздан кейин катта йўлда кўрдик. Бу вақтда кун ёришиб бўлган, биз етиб борган совхозлар одамларини кўчиришни бошлаб юборишган экан. Бизни огоҳлантиришга улгуришмади шекилли…" дейди Би-би-сига гапирган гувоҳ.

170 зиёд шахс сўроқ қилинди

Сардобадаги фожиа бўйича жиноий иш очилган ва уни ДХХ олиб бораётгани ҳақида хабар берилганди.

16 май куни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ДХХ ва ИИВ томонидан олиб борилаётган тергов бўйича маълумот берди.

Жиноят иши доирасида фожиа сабаби юзасидан асосий 4 та тергов версияси бўйича тергов олиб борилмоқда:

1. Лойиҳалашдаги хатоликлар;

2. Қурилиш меъёрларига риоя этмаслик;

3. Эксплуатация жараёнидаги хатоликлар;

4. Табиий офат.

Ҳозирда 4 та версияни текшириш юзасидан тегишли экспертизалар, тафтиш ва текширишлар тайинлангани маълум қилинди.

"Тергов тахминларини текшириш мақсадида дастлабки тергов давомида жами 170 нафардан зиёд шахс тергов гуруҳи аъзолари томонидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилиниб, сув омборини лойиҳалаштириш, қурилиши ва эксплуатация қилиш жараёнлари тўғрисида кўрсатмалар олинди. Жиноят иши доирасида 10 тадан ортиқ экспертиза ва лаборатория таҳлилий тадқиқотлар тайинланди", — дейди Ҳаёт Шамсутдинов

Шамсутдинов Сардобадаги объект буюртмачиси — "Сирдарё қурилиш инвест" ДУК. Бу собиқ Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги 15-сонли қурилаётган объектлар бирлашган дирекцияси бўла туриб, бош пудратчи сифатида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга қарашли "Ўзтемирйўлқурилишмонтаж" УК қатнашганини таъкидлаган.

Қурилиш ишларига 28 та субпудратчи жалб этилган.

Лойиҳачи сифатида "УЗГИП" МЧЖ иштирок этган, лойиҳаси қиймати 1,2 триллион сўмни ташкил қилган.

Молиялаштириш манбаси бюджет маблағлари ҳисобидан бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek