Ўзбекистон: Деновда портлаш, қурбонлар ва яраланганлар бор - янгиликлар O'zbekiston Surxondaryo yangiliklar

Сурат манбаси, official
Портлаш савдо мажмуасида юз берган. Ҳодиса сабаби ҳозирча маълум эмас. Сатҳга ҳукумат ҳайъати етиб борган. Унга Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилик қилаётгани айтилмоқда.
Юз берган воқеа масъуллар томонидан расман тасдиқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам маълумот берган.
Алоқадор мавзулар:
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўзининг расмий ахборотида ҳодисани чақнаш, деб атаган.
Бу ҳақда хабар бераётган Ўзбекистондаги етакчи интернет нашрлари эса, Деновдаги савдо мажмуасида портлаш юз бергани ҳақида ёзишмоқда.
Вазирлик дастлаб чақнашда бир кишининг қурбон бўлиб, яна 9 нафарининг яраланганини маълум қилган.
Аммо шу соатларда вайроналар остида олиб борилаётган қутқарув-қидирув ишлари натижасида яна бир фуқаронинг жасади топилганини расман хабар берган.
Бу билан Деновдаги чақнаш қурбонларининг сони иккитага чиққан.
Имконли бўлган расмий хабарларда қурбонлар ва жабрланганларнинг шахслари ҳалича очиқланмаган.
Ораларида аёллар ва болалар бор-йўқлиги айтилмаган, савдо мажмуаси қай тартибда иш олиб боргани тафсилотлари ҳам ҳалича номаълум.
Сатҳга нега ҳукумат ҳайъатининг сафарбар этилгани сабаби ҳам ҳозирча маълум эмас.
Аммо ҳукумат комиссиясининг ИИВ, ФВВ, Миллий Гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар вакилларидан иборат экани айтилган.
Чақнаш қанчалик кучли бўлгани ва унинг оқибатида "Инденим" савдо маркази биносига қанчалик жиддий зиён етгани тафсилотлари ҳам ҳалича эълон қилинмаган.
Маҳаллий нашрлар ижтимоий тармоқлардан олинганини айтиб, илова қилаётган суратларда эса, савдо марказининг деярли вайрон бўлгани ва ўт ичида қолгани аксланган.
Расмий хабарларда фақат мажмуанинг икки қаватли бўлгани, чақнашнинг маҳаллий вақт билан эрта тонгга яқин, соат 00:04 лар атрофида юз бергани айтилган.
Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида яраланганлар шаҳар шифохонасига ётқизилган, уларнинг жароҳати қанчалик жиддий экани, ораларида аҳволлари оғирлари бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам ҳалича имконли эмас.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтилади.
Расмий хабарларга кўра, чақнаш оқибатида келиб чиққан ёнғин ярим соатга қолмай ўчирилган.
"Инденим" савдо мажмуасида қанча дўкон бўлгани, у ерда қанча одам савдо-сотиқ билан шуғуллангани ва чақнаш оқибатида етказилган зиён оқибати қандай ҳамда ким томонидан қопланиши тафсилотлари ҳам ҳозирча очиқланмаган.
Чақнаш натижасида етказилган моддий зиён кўлами ҳалича айтилмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












