Қора кийимли эркак ва у қийнаган аёллар Dunyo Yangiliklar

Рябов
Сурат тагсўзи, Полициячи Иван Рябов Братеево маҳкамасида қизларни хўрлаган. Уни топиш учун қизлар бир ойдан ошиқ вақт сарфлашди.
    • Author, Виктория Аракелян, Жейк Таччи,
    • Role, Би-би-си суриштирувлар бўлими.

Украина билан уруш бошланганидан бери минглаб одамлар норозилик намойишларига чиқишди, ҳибсга олинди, жаримага тортилди ёки маъмурий ҳибс қўлланилди. Март ойида Братеево ички ишлар бўлимига олиб келинган қизлар полиция ходими томонидан калтакланган ва масхараланган. Қизлар озодликка чиққач, уларни калтаклаганларни аниқлашга ва исмларини оммага ошкор қилишга қарор қилишди. Бунда уларга Би-би-си ёрдам берди.

Украинага босқиннинг биринчи куниданоқ Россиянинг турли шаҳарларида урушга қарши норозилик ҳаракатлари бўлиб ўтди. «ОВД-инфо» маълумотларига кўра, дастлабки икки ҳафтанинг ўзида 155 та шаҳарда камида 14 906 киши намойишларда қўлга олинган.

Юзлаб ҳолларда адвокатларга қўлга олинганлар билан учрашишга рухсат берилмаган, "Қалъа" режаси қўлланилган. Бу полиция биносига кириш ва чиқишни тақиқлайди ҳамда норматив ҳужжатларга кўра, бинони эгаллаш хавфи бўлганда қўлланилади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва кўнгиллилар мулоқотларидан анчадан бери билишадики, агар полиция бўлимида «Қалъа» режаси жорий этилса, бу фаол равишда қўнғироқ қилиш ва маҳбуслар билан нималар содир бўлаётганини сўраш кераклигини англатади, чунки бу вақтда у ерда ҳеч бир яхши нарса бўлмайди.

Мақоламиз қаҳрамонлари айнан шундай бўлимга тушиб қолишди.

Братеево полиция маҳкамасидаги "Қора кийимли одам"

22 ёшли Марина, 19 ёшли Настя ва 26 ёшли Александра 6 март куни Москва марказидаги урушга қарши намойишга келгунларига қадар бир-бирларини танишмаган. Аммо бир неча соатдан сўнг, улар 26 нафар бошқа қўлга олинганлар билан бир автозакка тушиб, танишдилар, суҳбатлашдилар, Алла Пугачеванинг "Мени ўзингга чақир" ва "Бремен мусиқачилари" қўшиқларини жўр бўлиб куйлашди, телефон рақамлар алмашишди, Телеграмда умумий чат ҳам яратишди.

Уларни Москванинг жануби-шарқий чеккасидаги Братеево полиция бўлимига олиб келишди. Бу ўша кунларда одатий ҳол эди, чунки шаҳар марказидаги полиция бўлимлари аллақачон тўлганди.

Братеево ИИБ
Сурат тагсўзи, Братеево полиция маҳкамасида намойишларда қўлга олинганларга қийноқлар қўлланилганини 2022 йилнинг мартида Россия ва ғарб ОАВ ёзиб чиқишди

Ва қўлга олинганларнинг кайфияти тезда ўзгарди. Уларнинг чатида 103-хонадаги "қора кийимдаги одам", фуқаро кийимидаги исмини ошкор этмаган офицер ҳақида огоҳлантирувчи хабарлар пайдо бўла бошлади.

Марина қора водолазка кийган, баланд бўйли, спортчилардек гавдали, ғилофда тўппончали эркак уни худди шу хонада чақирганида дарҳол асабийлашганини эслайди. У "қора кийимдаги одам" эканлигини тушунганди.

Бу киши икки эркак ва икки аёл ходимлар билан Маринани сўроқ қила бошлади. Уларнинг ҳеч бири Маринани чақирмасларидан олдин телефонидаги овоз ёзиш мосламасини ёққанини билмасдилар.

"Сиз билан қандай мулоқот қиламиз? Хурмат, маданиятли, тезкор? Ёки 51-бандни оламиз [бу сизга ўзингизга қарши гувоҳлик бермасликка имкон беради], бошингизга уриш, ифлос сув билан ювиш, камида сизда сигарет қолдиғини ўчириш. Ёки суҳбатимизни узоқ чўзамизми?" - дейди қора кийимли одам аудиоёзувда.

Марина 51-банддан фойдаланишни танлади. Бунинг учун қора кийимли эркак уни бир урди. Кейин эса туфлисини ечгунига қадар "барча саволларга тез жавоб беришни" буюриб, "***** [бошига урди]". Сўнг пистолетини олиб, уни отиб ташлаш билан таҳдид қила бошлаган.

Марина
Сурат тагсўзи, Полиция ходими 22 ёшли Маринани урган ва унга пистолет билан таҳдид қилган.

14 дақиқа давомида Марина таҳдид ва зарбалар остида қолди. Кейин у пистолет тираб турилгани босимида "жуда тез сингани" ва улар нимани хоҳлашса, шуни айтишга қарор қилганини гапириб берди.

Маринадан кейин офисга яна бир неча киши чақирилди. Ўз навбатини кутаётган Настя 103-хонадан "даҳшатли қичқириқлар ва зарба товушлари"ни эшитганини эслайди.

Сўроқ пайтида Настя полиция ходими билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди ва бунинг учун қора кийимли киши сув тўла шиша билан унинг бошига қайта-қайта урган. Кейин шу сувни Настянинг бошидан қуйди. Ундан кейин бошқа полициячи билан бирга «Пятерочка» полиетилен пакетини қизнинг бошига маҳкам қилиб кийдириб, ўраб қўйди. Настя пакет унинг бурни ва оғзига шунчалик қаттиқ сиқилганидан нафас ололмаганини эслайди.

"Улар шундай қилиб, бир неча марта 30-40 сониядан ушлаб туришди, орада беш сония танаффус қилишим мумкин эди", дейди Настя.

Александра 103-хонада бўлган учта қизнинг охиргиси эди, у ҳам калтакланган. Марина сингари у сўроқ пайтида диктофонга ёзиб олишга муваффақ бўлди.

Александранинг аудиоёзувида "қора кийимли одам" ўзининг тўлиқ жазосизлиги билан қандай мақтанаётганини эшитиш мумкин: Нима деб ўйлайсиз, бунинг учун биз нима оламиз? Путин бизга ****** уларнинг *****, ***деди. [кетма-кет уятли сўкинишлар, зўравонликка йўл берувчи, урушга қарши намойишлар иштирокчиларининг қадр-қимматини ерга урувчи сўзлар]. Путин биз томонда!"

Александранинг сўзларига кўра, у "Россияда барча даражаларда ҳукмронлик қилаётган" таҳқирлаш ва жисмоний зўравонлик асосида қурилган заҳарли эркакча патриархал ҳокимиятнинг тўлиқ кучини ҳис қилган.

"Улар мени одам ўрнида кўрмасликлари жуда қаттиқ сезилди. Уларнинг қаршисида ўтирган қизлар эмас, қандайдир даҳшатли жиноятчи душман тимсолини ҳис қилишди", дея эслайди у.

Калтакланганлар ва жаримага тортилганлар

Братеево полиция бўлимидаги 11 нафар тутқуннинг Би-би-сига айтишича, уларга "қора кийимли одам" томонидан жисмоний зўравонлик қилинган. Баъзи ҳолларда бу зўравонликлар жисмоний қийноқлар таърифига киради. Қўлга олинганларнинг кўзига антисептик қуйилган, полиэтилен пакет билан бўғилган, устидан сув қуйишган, сочларидан тортиб судрашган.

Қизлар қўйиб юборилгач, Александра ўз аудиоёзувини журналистлар билан бўлишди. Братееводаги қийноқлар ҳақида "Новая газета", "Медиазона", "Холод" ва бошқа мустақил нашрларда ҳикоя қилинди.

Қизларнинг сўроқ қилиниши акс этган аудиоёзув бутун дунёга тарқалди: стенограмманинг айрим парчалари The Guardian ва Radio Free Europe нашрлари томонидан чоп этилган. «Твиттер»да жабрланувчиларнинг ҳикоялари ёзилган тредлар пайдо бўлди ва change.orgвеб-сайтида Братееводаги қийноқлар бўйича тергов ўтказиш талаб қилинган петиция пайдо бўлди.

Москва шаҳар думаси депутати Евгений Ступин кейинроқ Тергов қўмитаси ва Бош прокуратурага аудиоёзувларни илова қилган ҳолда бир нечта мурожаатлар юборади. Жиноятни тасдиқловчи далиллар етарли эмаслиги сабаби билан мурожаатлар рад этилди.

Қўлга олинганлар 6 март куни оқшом пайти, баъзилари ярим тунга яқин қўйиб юборилди. Бир йигит эса тунни маҳкамада ўтказди ва такрорий қоидабузарлик учун 30 кунга жазони ўташга юборилди.

Норозилик намойишларида қўлга олинганларнинг аксарияти устидан биринчи суд жараёнлари 11 март куни бўлиб ўтди. Суд мажлиси бир неча дақиқа давом этди, ҳаммага 15 мингдан 20 минг рублгача жарима солинган. Баъзилар апелляция беришга қарор қилишди - барча ҳолатларда улар рад этилди.

Аммо уч қиз бошиданоқ расмийларнинг ёрдамига умид қилмади. Одамлар маҳкамадан чиқарилиши билан уларнинг чатдаги мулоқотлари янада жонланди. Эртаси куни тўлиқ суриштирув бошланди: улар чатда Братеево туман полицияси ходимларининг фотосуратларини алмашишди ва Ютубда топилган полиция бўлимининг мажлислар залидаги ёзувларни таҳлил қилишди.

"Агар биз шунчаки яшашда давом этганимизда, ёзувларни шунчаки чоп этиб, жимиб кетганимизда... Катта эҳтимол билан, улар [полициячилар] зўравонликларни яна қилишга қарор қилган ва улар бутунлай жазосиз қолишлари мумкин бўларди, - дейди Марина.

Шундай қилиб, бир гуруҳ қўлга олинганлар биргаликда ҳаракат қилиб, "қора кийимли одам"ни излашга киришдилар.

Овқат харидори ва автомобил сотувчиси

Унинг юзини ҳамма жуда яхши эслади, баъзилари ҳатто хотирларида қолганича қораламасини чиздилар. Аммо Ички ишлар вазирлиги сайтларини, жумладан, Братеево ИИБ веб-сайтини кўздан кечириб, унинг изини топа олмадилар. Ижтимоий тармоқларни қидиришдан ҳам маъно йўқ эди - қўлга олинганларнинг ҳеч бири "қора кийимдаги одам" исмини билмас эди. Икки ҳафтадан кўпроқ қидирувдан кейин ҳамма таслим бўлишга яқинлашганди.

Аммо кейин қизларнинг суриштируви муваффақият қозонди.

Март ойи охирида «Яндекс.Еда» иловасининг катта ҳажмдаги маълумотлари сизиб чиқиб кетиши юз берди. Аксарият фойдаланувчилар ўзларининг шахсий маълумотлари чиққанми- йўқлигини текширишга шошилишди. Аммо Настянинг бошқа бир фикри бор эди.

Настя
Сурат тагсўзи, 19 ёшли Настяни полиция ходими пластик пакет билан бўғган. Кейинчалик Настя уни қандай топишни ўйлаб топди.

У Братеево полиция бўлими ўтган йили бирон бир буюртма олганми ёки йўқлигини билиш учун маълумотларни кўздан кечира бошлади. Буюртмалар бор, уни тўққиз киши жойлаштирган экан. Маълумотларда уларнинг исмлари ва телефон рақамлари бор эди. Эҳтимол, улардан бири "қора кийимли одам" эди.

Настя бир нечта ижтимоий тармоқлардаги профилларни топди, аммо уларнинг ҳеч бири у излаётган профилга ўхшамади.

Рўйхат охиридаги исмлардан бири Иван бўлиб, фамилияси йўқ эди. Бу эса қидирувни янада қийинлаштирарди.

Би-би-си «Авито» эълонлар сайти архивига Иваннинг телефон рақамини ташлади. Маълум бўлишича, бу рақам олтита реклама эълонида ишлатилган. Масалан, бирида Братеево полиция бўлимининг компютер курсиси сотилади.

«Яндекс.Еда»дан бошқа ҳаммасида эълон эгасининг фақат исм ва телефон рақами кўринади.

Аммо 2018 йилда Братеево полиция бўлимидан 10 дақиқа узоқликдаги жойда Skoda Rapid автомобили сотилиши ҳақидаги эълонда сотувчининг тўлиқ исми билан жойлаштирилган: Иван Рябов.

эълон
Сурат тагсўзи, Иван Рябов ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ўчириб ташлаган, аммо бу ҳаракатлар унга интернетдан бутунлай ғойиб бўлиш учун камлик қилди.

Рябовнинг тўлиқ исми-шарифи билан у ҳақида хоҳлаганидан кўра кўпроқ маълумотни топиш мумкин: гарчи у "Твиттер" ва "ВКонтакте"даги саҳифаларини ўчириб ташлаган, Телеграмини ўчирган, "Инстаграм"ини обуначилардан тозалаб, профилни ёпиқ қилиб қўйган бўлса ҳам.

Би-би-си текшируви бошланганидан бир ой ўтиб, у ҳақидаги билгилар маълумотлар сизиб чиққан «Яндекс.Еда» сайтидан ҳам ғойиб бўлди. Бу одатда шахснинг ўзи ҳақидаги маълумотларни ўчириб ташлашни талаб қилиб, сайтга сўров юборганда содир бўлади.

Аммо уч қиз ва Би-би-си Рябовнинг шахсини аниқлаш учун интернетдан етарлича изларни топди. Туғилган шаҳрининг маҳаллий газеталарида ёшлар ўртасидаги кураш мусобақаларидаги муваффақиятлар ҳақидаги эски мақолалар ва ҳатто Рябов "бўғиш" техникаси билан ғалаба қозонгани учун табрикланган жанг мусобақалари видеолари - у энди буларнинг барчасини ўчира олмасди.

Настя Mamba танишув сайтидан Рябовнинг фотосуратини излади. Расм, исм ва фамилия бўйича қидирув бир зумда таниш юзни кўрсатиб берди.

"Мен бу суратни кўрганимда, ичим сиқилиб, ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Йиғлаб юбордим. Уни топишни ҳақиқатан ҳам уддалай олганимизга ишонолмадим", дейди у.

Настя суратни гуруҳ чатига юборди. Чат бир зумда изоҳлар билан (аксари сўкишли) тўлди. Марина, Александра ва унинг сўроғи пайтида зўравонликка учраган бошқалар Рябовнинг "қора кийимли одам" эканлигини тасдиқладилар.

Июл ойида эса депутат Ступин Бош прокуратурадан бироз батафсилроқ жавоб олди: унда воқеа юзасидан беш нафар полициячи сўроқ қилингани айтилганди. Гарчи бироз хато чоп этилган бўлса ҳам, рўйхатда келтирилган исмлар орасида Иван Рябов ҳам бор (ҳужжатда у Рябова И.А. сифатида кўрсатилган). Худди шу хатда Тергов қўмитасининг хулосаси такрорланади: апелляция процессуал текширувни талаб қилмайди, чунки унда "содир этилган ёки тайёрланаётган жиноятлар тўғрисида" маълумотлар мавжуд эмас.

"Қаймоқранг кийимли одам". "Қора кийимли"нинг бошлиғи

Настя ўша оқшом полиция бўлимида бошлиқ қизлар "қаймоқрангдаги одам" деб атайдиган бошқа эркак бўлгани ҳақидаги ҳис уни тарк этмаганини эслайди. Гарчи у киши 103-хонада шахсан бўлмаса-да, "барча мулоқотлар у киши орқали бўлганди", дейди у.

"Қаймоқранг кийимли одам" ҳам ўзини таништиришдан бош тортди, бироқ тутқунлардан бири уни яширинча тасвирга олишга муваффақ бўлди.

Рябовни бошлиғи
Сурат тагсўзи, Намойишларда қўлга олинганлардан бири ўша куни Братеево ИИБда "қаймоқрангли кийимдаги одам"ни яширинча тасвирга олишга муваффақ бўлди.

Братеево полиция бўлимининг веб-сайтидаги ходимларнинг фотосуратлари орасида улар излаган таниш юз йўқ эди.

Бироқ Би-би-сига келиб тушган 6 мартдаги ҳибсга олиш баённомаларидан бири полиция бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи, подполковник Федоринов А.Г. томонидан имзоланган.

Бу исм-шарифни излаш 2012 йилда "Мичуринская правда" газетасида (Рязан вилоятида нашр этилган) чоп этилган маҳаллий тезкор ходимлар ҳақида мақолага олиб борди. Унда видеодаги одамга жуда ўхшаш эркакнинг сурати бор. Бундан ташқари, мақолада унинг тўлиқ исми кўрсатилган: Александр Георгиевич Федоринов.

Барча шубҳаларни бартараф қилиш учун биз юзни аниқлаш дастуридан фойдаландик. Бунинг учун биз полиция бўлимида суратга олинган видеодан скриншот олдик. Қидирув давомида янги фотосуратлар топилди, уларда юз хусусиятлари юқори аниқлик коэффициенти билан ёзувдаги юзга мос келади. Суратлар шаҳар четидаги спорт клубининг профилига жойлаштирилган, унда Федоринов томоша залида ўтирган.

Федоринов
Сурат тагсўзи, Би-би-си Иван Рябовнинг раҳбари шахсини аниқлаштирди: Алексей Федоринов, Братеево ИИБ да раҳбар вазифасини бажарувчи.

Би-би-си ушбу сурат ёрдамида Александр Федориновнинг "ВКонтакте" ижтимоий тармоғидаги ёпиқ аккаунтини топди. Худди шу аккаунт "Братеево" газетасининг нашрларидан бирида қайд этилган - у ерда Федоринов маҳаллий полиция бўлимида очиқ бўш иш ўринлари ҳақида маълумот алмашган.

Би-би-си полиция ходими Иван Рябов Братеево полиция бўлимида урушга қарши намойишчиларни қийноққа солгани ва бошлиқ вазифасини бажарувчи Александр Федоринов уни тўхтата олмаганига оид далилларни Тергов қўмитаси ва полициячиларнинг ўзига тақдим этди. Ҳеч қандай реакция бўлмади.

Қизлар ҳеч бўлмаганда Рябов ва Федориновнинг шахсини очиш билан ҳеч бўлмаса озгина бўлсаям, адолат ва одил судловга умид қилишади.

Светлана, Марина ва Александра
Сурат тагсўзи, Светлана, Марина ва Александра уларга қийноқ қўллашда айбдорлар жазо олишини жуда исташади.

"Мен барибир, жиноий иш қўзғатилишини истардим. Ва унга нисбатан қандайдир чоралар кўрилишини истардим. Токи у қўлга олинганларга нисбатан бундай зўравонлик қила олмасин", - дейди Александра.

Марина унинг учун ҳамма нарса оддийроқ эканини тан олади:

"Биз улар қўрқишини хоҳладик ва хоҳлаймиз. Қонун уларга ҳам тааллуқли бўлсин, чунки ҳамманинг ҳуқуқлари бир хил. Ҳеч ким бошқа шахсга буни қила олмайди, айниқса, у ҳокимият вакили бўлса".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek